Робиъул-аввал ойининг 2-куни
Ҳижрий 897-йил 2-робиъул-аввал куни (милодий 1492-йил 2-январ) мусулмонларнинг охирги қалъаси бўлган Гранада (Ғарната) насронийлар қўлида яксон қилинди.Ҳижрий 1367-йил 2- робиъул-аввал куни (милодий 1948-йил 18-январ) Муҳаммад Маъмун Шановий Азҳар университети шайхи деб сайланди. У киши Азҳар университети шайхлари силсиласининг 32-вакили ҳисобланади.

Агарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлсанг ва у Зот сени дўстларингдан иккитаси билан ўтирганингни кўрсалар, сўнгра дўстларинг сен эшитишингни истамаган ҳолда, пичир-пичир овоз билан гаплашишади.Бу ҳолатни кўрсанг, «Эҳтимол, мен ҳақимда гаплашаётгандирлар», деган гумон ва сиқилиш сени чулғаб олади. Агарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бу қилган ишларини кўрсалар, албатта, тезлик билан у иккисини қайтарадилар. Дарҳақиқат, бундай иш ҳақида у киши ўзларининг саҳобаларига сўзлаб, уларга: «Агарда уч киши бўлсангизлар, токи одамларга аралашиб кетмагунларингизча, икки кишингиз учинчи бир кишисиз пичир-пичир қилмасинлар. Чунки бунинг сабабидан учинчингиз ҳафа бўлади», деганлар.
Бир дўстни ёлғиз қолдириб, бошқа бири билан икки кишилашиб яширин суҳбатлашувчи кимса бўлмагин. Балки ёлғиз биродарингни одамлар жамоасига аралашиб кетгунича ёки у билан сўзлашиш учун бошқа бир инсон келмагунича иккинчи ҳамроҳинг билан суҳбатлашмай тургин. Акс ҳолда у ёмон гумонга бориб, ҳафа бўлиши мумкин.
Энди агар сен ўзинг дўстларинг тамонидан тарк этилсанг ва улар сендан узоқда гаплашсалар, у ҳолда улар ҳақида ёмон гумонга бормагин. Эҳтимол, улар сенга тегишли бўлмаган бошқа бир иш юзасидан суҳбатлашаётгандирлар.