Қози Иёз айтадилар: «Билгингки, уммат уламолари Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни шайтондан мукаммал ҳимоя қилиб, ундан сақлаганига ижмоъ қилганлар. Ул Зот нафақат жисмларига турли хил азиятлар етиши ва фикру хотираларига турли хил васвасалар келишидан, балки барча ҳолатларида шайтондан ҳимояланган эдилар. ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا مِنْكُمْ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا وَقَدْ وُكِّلَ بِهِ قَرِينُهُ مِنْ الْجِنِّ وَقَرِينُهُ مِنْ الْمَلَائِكَةِ قَالُوا وَإِيَّاكَ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ وَإِيَّايَ لَكِنَّ اللَّهَ أَعَانَنِي عَلَيْهِ فَأَسْلَمَ Саҳиҳ ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар бирингизга жин ва фаришталардан биттадан йўлдошни вакил қилиб тайинлаган», дедилар. Шунда саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, сизга ҳам тайин қилинганми?» дейишди. Ул Зот: «Ҳа, менга ҳам тайин қилинган, фақат Аллоҳ таоло мени унинг (жиндан бўлган вакилнинг) устидан ғолиб қилди, натижада у мусулмон бўлди», дедилар. (Изоҳ: Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга жинлар тоифасидан бир йўлдошни ва фаришталар тоифасидан яна бир ҳамроҳни вакил қилиб тайинлаган. Буларнинг вазифаси шуки, жиндан бўлган йўлдош инсонни умри мобайнида ёмонликка чорласа, фариштадан бўлган ҳамроҳи эса доимо уни яхшиликка чақиради). Мансурдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда «Натижада у мусулмон бўлди» жумласининг ўрнига «Натижада, у мени фақат яхшиликларга чорлайдиган бўлди», деган жумла зикр қилинган. Оиша розияллоҳу анҳодан ҳам мазкур ҳадиснинг маъносидек бир ҳадис ривоят қилинган, фақат юқорида келган ҳадисидаги (فَأَسْلَمَ – фа аслама) калимасидаги мим ҳарфи даммалик яъни (фа асламу) шаклида келгандир. Шунда унинг маъноси қуйидагича бўлади: «Натижада, мен ундан омонда қолдим». Баъзилар мана шу ривоят саҳиҳ, деб таржиҳ қилганлар. Бошқа бир ривоятда (فَأَسْلَمَ – фа аслама) калимасининг мим ҳарфи фатҳалик келган. Шунда унинг маъноси юқорида энг аввал зикр қилинган маъно каби бўлади: «Натижада, жиндан бўлган ёмон йўлдош мусулмон бўлиб, фаришталардек фақат яхшиликка чорлайдиган бўлди». Бундай маъно бериш ҳадиснинг зоҳиридан олиб қарагандадир. Яна баъзилар эса (فَأَسْلَم – фа аслама) калимасининг ўрнига (استسلم – истаслама, яъни – «Натижада у менга таслим бўлди», маъносидаги калима билан ривоят қилгандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жиндан бўлган йўлдоши мусулмон бўлганини билдик. Ана энди саҳобаларга келсак, уларнинг жиндан бўлган йўлдошлари мусулмон бўлмаган эди. Лекин улар доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал суҳбатлари ва нурли юзларидан баҳраманд бўлганлари учун ҳам жин йўлдошлари уларни кўп бора ёмонликка чорлашга уринган-у, бироқ ҳафсаласи пир бўлар эди. Ана энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам каби жин йўлдоши мусулмон бўлмаган ва у Зотнинг суҳбатларига муяссар бўлиб, нурли юзларига боқа олмаган умматнинг ҳолати қандай кечар экан? Дарҳақиқат, кўплаб ривоят ва асарларда зикр қилинишича, шайтон кўп ўринларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурини ўчириш, у Зотни ўлдириш ва чалғитишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилгандир. Бироқ кўп бора шайтон ва унинг хизматчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни иғво қилишдан ноумид бўлган. Қуйида ривоятлардан мисоллар келтириб ўтамиз:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида шайтон рўпараларидан чиқиб чалғитмоқчи бўлди. Шунда Расулуллоҳ уни тутиб олиб, боғлаб қўйган эканлар.
- Саҳиҳ ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир куни шайтон рўпарамдан пайдо бўлиб, намозимни бузишга роса уринди. (Абдурраззоқнинг ривоятида шайтон мушук кўринишида эди, деб айтилган). Кейин Аллоҳ таоло менга уни ушлашга имкон берди. Уни тупроққа улоқтириб юбордим. Сўнг саҳобалар тонг отганда уни кўрсинлар, деб бир устунга бойлаб қўймоқчи бўлдим-у, бироқ биродарим Сулаймон соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
قال تعالى على لسان سليمان عليه السلام: قالَ رَبِّ اغْفِرْ لِي وَهَبْ لِي مُلْكاً لا يَنْبَغِي لِأَحَدٍ مِنْ بَعْدِي إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ [ص: 35] «Эй Рaббим, ўзинг мeни мaғфирaт қилгин вa мeнгa ўзимдaн кейин бирoр кишигa муяссaр бўлмaйдигaн бир мулк (ҳукмрoнлик) aтo eтгин. Сeнинг ўзинггинa (бaрчa яxшиликлaрни) aтo этувчисaн» (Сод: 35), деб қилган дуоси ёдимга тушиб қўйиб юбордим. Кейин Аллоҳ таоло шайтонни ноумид ҳолатида кетказди», дедилар”.
- Абу Дардо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир куни Аллоҳнинг душмани бўлмиш шайтон келиб, оловнинг бир шуъласини юзимга яқинлаштирди. (Абу Дардо гапларини давом эттиради) Ўшанда Расулуллоҳ намоз ўқиётган эдилар. Аллоҳ таолодан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, уни лаънатладилар ва «Мадинанинг ёш йигитлари ўйнаб юрсинлар, деб масжиднинг бир устунига боғлаб қўяй деб, ушлашга уриндим«, дедилар. Сўнг Абу Дардо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродарлари Сулаймон алайҳиссалом ҳақида айтган гапларини зикр қилди.
- Яна Абу Дардонинг Исро ҳақидаги ривоят қилган ҳадисида: «Ифрийт номли шайтон олов шуъласи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўрқитмоқчи бўлди. Шунда Жаброил соллаллоҳу алайҳи васаллам Расулуллоҳга ундан паноҳ сўрайдиган нарсаларни ўргатдилар», деб айтилган. Худди шу ҳадис Имом Моликнинг «Муватто» номли китобларида ҳам зикр қилингандир.
- Шайтон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзи бевосита азият бера олмагач, бошқача йўлга ўтди, яъни у Зотнинг душманлари воситасида қаршилик қилишга киришди. Масалан, Қурайш мушриклари бир мажлис ташкил қиладилар. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш муаммосини ўртага қўйилади. Ўшанда шайтон наждлик қария суратида келиб, мажлисга қатнашади ва Пайғамбарни қандай ўлдириш кераклиги ҳақида ўз фикрини билдиради.
- Бошқа бир сафар Бадр ғазотида Суроқа ибн Молик суратида кўриниб мушрикларни жонлантириб, далда берган. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти нозил бўлган:
وَإِذْ زَيَّنَ لَهُمُ الشَّيْطانُ أَعْمالَهُمْ [الأنفال: 48] الآية «Ўшaндa шaйтoн улaргa қилaётгaн ишлaрини зийнaтли қилиб кўрсaтиб: «Бу кунда oдaмлaр ичидa сизлaргa ғoлиб кeлaдигaни йўқ. Мaнa, мeн ёнингиздaдирмaн!» – дeди. (Анфол: 48).
- Яна «байъат ақабаси» куни ҳам инсон суратига кириб, одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишдан огоҳлантириб, уларни қўрқитади. Лекин шайтон ҳар гал нима қилмоқчи бўлганида ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни шайтоннинг зарари ва ёмонлигидан Ўзи кифоя қилиб, ҳифзи-ҳимоясида сақлаб келди.
- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин дардлари оғирлашади. Шунда саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга изнларисиз дори ичирадилар ва: «Сизда зотилжам бўлишидан хавотирланган эдик», дедилар. Шунда Расулуллоҳ: «Сизларнинг дори беришларингиз шайтоннинг васвасаси билан бўлган, лекин Аллоҳ таоло унга менинг устимдан ҳукмронлик қилишига йўл қўймади», дедилар.
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам комил инсон) китобидан таржима қилинди. Давоми бор....