23 жумадул аввал
1446
Ҳижрат
Ҳижрат
Ҳижрат… Аллоҳ ризоси учун ота-она, ёр-дўст, бола-чақа, мол-дунё, ҳатто жондан кечишнинг ибратли қиссаси… Кин ва интиқом туйғуларидан халос бўлиш, севиш-севилиш, ишққа йўналиш… Коинот Сарвари учун ҳижрат ошиқ бўлиш, Яратганни ўзини қурбон қилар даражада севишдир… Ясрибни Мадинага айлантириш, унинг шарафли нури билан зиёлантиришдир…
* * * Ясриб Мадина бўлган эди… Энди Мадинаи мунаввара аталарди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳижратлари билан шарафланган Ясриб Мадинатун набий бўлди. Кейинчалик фақат Мадина дейила бошланди. Шу тарзда Ясриб Мадинага – Пайғамбар шаҳрига айлантирилди… Пайғамбар афандимизнинг Мадинада қилган биринчи ишлари масжид қуриш бўлди. Саҳобалар билан баробар меҳнат қилиб, Масжидул Набавийяни бунёд этишди. Муаззам иншоотнинг бир қанотига асҳоби суффа, иккинчи қанотига Пағамбар алайҳиссалом учун уй қурилди. Асҳоби суффа қатор хоналардан иборат бўлиб, уларда Ислом асослари ўргатилар, хоналар эса «ҳужурот» деб аталарди. Бу ишлар битгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яқин саҳобалари бўлмиш Зайд, Абу Рофий (Рофеъ эмасми?) ва Абдуллоҳ ҳазратларини Маккада қолган яқинларини олиб келишга жўнатдилар. Ниҳоятда эҳтиёткорлик билан Маккага етган бу уч саҳоба мушрикларни ғафлатда қолдирган ҳолда ҳазрат Оиша, ҳазрат Савдо онамиз, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари ҳазрат Умму Кулсум, ҳазрат Фотима ва ҳазрат Абу Бакр оила аъзоларини шаҳардан олиб чиқиб кетдилар. * * * Ҳазрат Руқайя бошқа қизлардан олдин Маккани тарк этган эди. Аммо ҳазрат Зайнаб Мадинага бора олмади – хўжайини рухсат бермади. Абул Осс шунча фазилати, қилган эзгу амалларига қарамай, Ислом динини қабул қилмаган, шу боис ҳам Маккада қолган эди, ҳазрат Зайнабни ҳам ёнидан кетказмади. Жигарлари кетганидан ҳазрат Зайнаб шунчалик тушкунликка тушиб қолган эдики, Абул Осс бундан хавотирланиб қолди. Хотини атрофида парвона бўлиб кўнглини олишга ҳаракат қилди. Аммо ҳазрат Зайнаб ҳеч енгил тортмасди – отаси ва сингиллари дийдоридан маҳрумлик дарди бутун вужудини эгаллаган эди. Товушсиз эзилиб йиғларкан, уларнинг бехавотирлигини тилаб дуо қиларди. * * * Кичик карвон йўлларида давом этарди… Қуёшнинг жизғанак нурлари остида, чўлнинг куйдирувчи қумлари устида кетишарди… Йўлга чиқишдан олдин ҳазрат Ҳадижа қабрларини зиёрат этиб видолашишди. Тупроқ остида оналари, мушриклар ичида опаларини ташлаб кетишарди… Оталарини кўриш қувончи, опаларидан айрилиш хасрати қийнарди уларни. Туғилиб ўсган юртларида кун бермаган мушрикларни зулмлари билан ташлаб кетишарди… Сафарга чиққанларига икки соат бўлмасидан ортларидан чанг булути кўтарилди. Таъқибчилар нияти яхшимаслиги кўриниб турарди. Яна мушриклар Маккани тарк этишса ҳам, ўз ҳолларига қўймайдиган жоҳиллар… Қанчалар тезлашмасин, мушриклардан қочиб қутулишнинг иложи йўқ. Улар билан жангга киришиш имконсиз – ҳижратчиларнинг учтаси эркак, қолганлари аёллар эди. Таслим бўлишни эса ўйларига ҳам келтиришмадилар. Мушриклар етиб келишлари замон ҳужумга ўтишди. Қиличлар шақиллар, ўқлар ғизиллаб отиларди. Жон-жаҳдлари билан қаршилик кўрсатишларига қарамай, муслимлар жуда озчилик эди. Бу ўлим жанги эди. Кучлар нотенглигини кўрган аёллар ҳам жангга кириб кетдилар. Мушрикларга бас келиб бўлмасликларини била туриб қўлларига қурол олган ҳазрат Умму Кулсум ва ҳазрат Фотима туядан йиқилиб тушдилар. Буни кўрган уч баҳодир шунчалар шиддат билан ҳимоя қилишардики, мушриклар чекинишга мажбур бўлдилар. Аммо сон жиҳатдан улар устун эди. Шу боис муслимлар қинини синдириб «Аллоҳу акбар», дея ҳайқирганча мушрикларга ташланишди. Қин синдириш нималигини жуда яхши билган мушриклар қоча бошлашди, зеро уларнинг ўлиш нияти йўқ эди. Қилич қинини синдириш эса бирор томоннинг ўлимигина жангни тўхташи мумкинлигини англатарди. Таслим бўлиш ёки сулҳ ҳақидаги гап бу ерда ортиқча эди. Шу тариқа мушрикларни тумтарақай этган муслимлар йўлларида яна давом этишди. Ҳазрат Умму Кулсум ва ҳазрат Фотима ҳеч ўзларига келишолмасди. Мушриклар қувиб ета олмайдиган манзилга келгунларича тинмай йўл босишди. Бехавотир деб ҳисобланган жойга чодир қуриб, уйқуга кетишди. Тунни учга бўлиб, дастлаб Абу Рофий, сўнг қолган икки муслим навбатчилик қилишди. Уч амин омонатни ҳимоя этишди. * * * Узун ҳоритувчи ва қийин сафардан сўнг ниҳоят Мадинага етиб келишди. Уларни Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ саҳобалар кутиб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оилаларининг зиён-заҳматсиз етиб келгани муслимларни қанчалик қувонтирган бўлса, мушрикларни шунча қайғуга солди. Маккада ҳазрат Зайнаб қолганди…
15:29 / 26.06.2020
2395
Аввалги мақола
Гулнинг гуллари
Мақолалар
2917
Кейинги мақола
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар