21 жумадул аввал
1446
Ислом тарихидаги биринчи денгиз юриши
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳаром бинти Милҳоннинг ҳузурига кириб турардилар. У ул Зотга таом тақдим қилар эди. У Убода ибн Сомитнинг аёли эди.
Бас, у ул Зотга таом берди ва бошларини қарай бошлади. Ул Зот ухлаб қолдилар. Сўнгра кулиб уйғондилар».
Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг давоми қуйидагича:
«Сизни нима кулдирмоқда, ё Расулуллоҳ?»–деди Умму Ҳаром.
«Менга умматимдан баъзи одамлар Аллоҳнинг йўлида ушбу денгизнинг сувига сўриларга минган подшоҳлар бўлиб ёки сўрилар устидаги подшоҳларга ўхшаб ғазотга чиққанлари кўрсатилди»,–дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин!»–деди.
Ул Зот унинг ҳақига дуо қилдилар. Сўнгра у Зот бошларини қўйиб ухладилар. Сўнгра кулган ҳолларида уйғондилар.
«Сизни нима кулдирмоқда, ё Расулуллоҳ?»–деди.
«Менга умматимдан баъзи одамлар Аллоҳнинг йўлида ушбу денгизнинг сувига...»–деб аввалги гапни айтдилар.
«Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин!»–деди.
«Сен уларнинг биринчисисан»,–дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифнинг мўъжизаси қуйидагича:
«Шомнинг бош волийи Муовия ибн Абу Суфён халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан Қубрсни фатҳ қилишга изн сўради. У киши бундоқ изнни Умар розияллоҳу анҳудан ҳам сўраган эди. Аммо у киши мусулмонлар денгиз ишларини билмасликларини назарга олиб, изн бермаган эдилар.
Бунинг устига, у вақтда Рум давлати мусулмонларга ҳеч қандай таҳдид қилмас, аксинча, уларнинг подшоҳи ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга воситачилар орқали яхши алоқага сабаб бўладиган нарсаларни юбориб турар эди. Ҳатто унинг хотини ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг хотинларидан ҳадя олиб, жавоб ҳадяси юборган ҳам эди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эса Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга шарт билан изн берди. У кишининг шартлари шундай эди: «Хотинингни ҳам бирга олиб борасан ва у томонга фақат кўнгиллиларни олиб борасан, бировни боришга мажбур қилмайсан». Бу шартлар фотиҳларни асраш, уларнинг хавф-хатарга дучор бўлмасликлари учун кўрилган чоралар эди.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Акка шаҳри сув портидан ҳаракат қилишга киришди. У ерда Ислом давлатининг биринчи денгиз кучларига асос солинди. Ҳамма нарса фатҳ юришини бошлашга тайёр бўлди.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу билан Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишга муштоқ бўлган катта сондаги мужоҳидлар Ислом тарихидаги биринчи денгиз юришига чиқдилар. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўзи билан хотинини ва синглисини ҳам олиб жўнади.
Бу фотиҳлар лашкари ичида машҳур саҳобийлардан Абу Дардо розияллоҳу анҳу, Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу, Убода ибн Сомит ва у кишининг аёллари Умму Ҳаром бинти Милҳон розияллоҳу анҳо ҳам бор эди. Ҳамманинг эътибори Умму Ҳаром бинти Милҳон розияллоҳу анҳода эди. Чунки у кишининг бу жиҳодлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта бир мўъжизалари юзага чиқмоқда эди.
Кемалар Қубрсга етиб борганда Муовиянинг кемаси биринчи бўлиб лангар ташлади. Умму Ҳаром розияллоҳу анҳо биринчилардан бўлиб Қубрс тупроғига қадам қўйдилар. Сўнгра уловга минаётганларида ҳайвон олиб қочиб, йиқилиб, жон бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ила шаҳид бўлган зотни ўша ерга дафн қилдилар».
Умму Ҳаром бинти Милҳон розияллоҳу анҳо ровий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг холалари бўлади.
Умму Ҳаром бинти Милҳон розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маҳрам бўладилар. У кишининг эмизикли холаларидан бири ҳисобланадилар. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳаром бинти Милҳон розияллоҳу анҳонинг уйларига бемалол кирганлар ва сочларини қаратганлар.
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч қаратишлари бирор нуқсон ёки зарар туфайли эмас, балки оддий истироҳат учунлигини алоҳида таъкидлайдилар.
20:27 / 26.06.2020
5391
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар