Ҳандақ
Ҳижратнинг бешинчи йили… Ислом асосларига биноан яшаётган муслимлар иймонининг тобора кучаяётгани мусулмонларнинг душманларни сергаклантирар, хавфга соларди. Уйқулари қочган, қўрқувга тушган мушриклар, яҳудийлар, насронийлар, бутпарастлар – ҳар хил олчоқлар тезда юриш бошлаб, мусулмонларни янчиб ташлашга, Пайғамбар алайҳиссаломни эса ўлдиришга қарор қилишди. Уларнинг йўлга чиққанларидан огоҳ бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан кенгашдилар. Ҳазрат Салмон таклифига биноан ҳандақ қазишга киришишди. Турли ваҳшат, йўқчилик, тазйиқларга бой бўлган бу жангда аёл-эркак, ёш-қари – барча мусулмонлар бирдай қатнашди. Кучлар нотенг эди – мушриклар жуда кўп, мўминлар озчилик эди. Аммо иймон, ишонч, эътиқод уларга ёр бўлди. Катта талофот, йўқотишлар эвазига мусулмонлар сафи кенгайди – илоҳий мададни кўрган мадиналикларнинг иймон келтирмаганлари ҳам Исломни қабул қилди бу жангдан сўнг. Ҳандақ янги саҳифа очган эди…
* * * Пайғамбар алайҳиссалом аммалари ҳазрат София бу жангда шундай қаҳрамонлик кўрсатдики, ҳатто эркаклар ҳам лол қолишди. Ҳар қандай эҳтимолни холи қилмаган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жангда ҳам аёллару болаларни қўриқлаш учун мустаҳкам бир уйга олиб бордилар ва шоир, жасур саҳоба ҳазрат Ҳасанни қўйиб кетдилар. Жанг пайтида яҳудийлар ҳийлага ўтишди. Аёллар ва болалар яширинган уйни қуршаб олишиб, ўққа тутишди. Шунчаликки, аёллар ва болаларнинг ўлими муқаррар бўлиб қолди. Аёллар фарёд чекиб, бурчакка биқинадиган заифалардан эмасди, аксинча, эркаклардай эди. Ҳазрат София қўлига илинган узун таёқни олиб, эшикка отилди. Аёллигини билдирмаслиги учун юз-кўзларини бекитиб олди. Эшикни очиб, рўпарасидан чиққан яҳудий бошига таёқ билан шундай туширдики, яҳудий ерга йиқилди. Бу билан қаноатланмаган аёл яҳудийнинг бошини олиб, ташқарига улоқтирди. Кесилган каллани кўрган яҳудийлар орқа-олдига қарамай қочиб қолишди.