Ҳазрат Фотима вафоти
Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан бери энди олти ой ўтган эди. Ҳазрат Фотима хасталаниб қолди… Ҳижратнинг ўн биринчи йили, рамазон ойининг иккинчи куни, душанба эди… Шу пайтгача ора-сира касал бўларди, аммо бу сафаргиси уларга ўхшамади. Яхши-ёмон кунларида уни ёлғиз қолдирмаган хўжайини яна ёнида эди. – Болаларни олиб ташқарига чиқсангиз, яхши бўларди… Паст овозда айтилган бу жумла ҳазрат Алининг юрагини тилкалади. Уни хафа қилмаслик учун ўзини тушунмаганликка олди. Болаларини онасига яқинлаштирди. Ҳазрат Фотима уларни бирма-бир қучиб эркалади. Сўнг ҳазрат Алига имо қилди. Юраги эзилиб, болаларини ташқарига чиқарди. Ҳазрат Асмо бинти Умайс билан ҳазрат Умму Рафиъ киришди. – Менинг ювинишим учун сув тайёрми, онажон? – Ҳа. Ҳазрат Фотима Умму Рафиъни «онажон» дерди. Чунки бу аёл унга доим оналик қилиб келганди. – Менга сув қуйиб турасизми, онажон? – Албатта, қизим. Ҳазрат Фотима яхшилаб ювинди, аёллар ёрдамида энг яхши либосни кийди. – Тўшагимни хонанинг ўртасига солинг. – Хўп. Аёллар ишларни бажаришаркан, нима юз бераётганини англаб, жуда ранжишарди. – Мени ётқизинглар. Юзимни қиблага қаратинг. – Хўп. – Энди мени ёлғиз қолдиринг! – Аммо… – Илтимос. – Аммо… – Роббимга дуо ва ниёз қилмоқчиман. – !.. Дуо ва ниёзга шунчалар берилиб кетдики, жони ҳам қандай чиқиб кетганини ҳам билмай қолди. Овоз чиқмай қолганидан хавотирланиб уйга кирганлар ҳазрат Фотиманинг вафот этганини кўришди. Шумхабар бир зумда бутун Мадинага тарқалди. Пайғамбар алайҳиссалом қизи ҳам бу ёлғон дунёни тарк этганди. Энди йигирма саккиз ёшга кирганди… Бир фарзанди гўдак чоғида вафот этганди. Ортида кўзлари ёш хўжайини ва беш фарзанди қолганди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенжа қизи, ҳазрат Алининг ягона завжаси ҳазрат Фотима вафот этганида Ҳасан саккиз, Ҳусайн етти, Умму Кулсум беш, Зайнаб уч, Руқайя икки ёшда эди. Ҳазрат Фотима қабрига боқаркан, ҳазрат Алининг ёдига аёлнинг вафотидан бироз олдин айтган гаплари ёдига тушди: – Эй Али, вафотимдан сўнг уйланинг. Акс ҳолда, сиз ҳам, болаларим ҳам қийналиб қоласизлар. Аммо уларни ўгай она қўлида ҳам қолдиргим келмаяпти. Шу боис опам Зайнабнинг қизи Умомага уйланинг. Гулларнинг гули бирма-бир дунёни тарк этишганди. Илоҳий тақдир шундай эди. Зотан, одамзотнинг қисмати шу эди. Бири келади, бири кетади… Қиёматгача давом этади бу ҳол… Аввал ҳазрат Руқайя… Сўнг ҳазрат Зайнаб… Ҳазрат Умму Кулсум… Ва охирида ҳазрат Фотима… Гулларнинг гуллари энди боқий дунёда яшаяжак эди. Ва севганларнинг кўнгилларида… Улар гулларнинг гуллари эди. Пайғамбар алайҳиссалом булбуллари эди. Буни билган, кўрган англар. Қурбон бўлсин унга жонлар.