24 жумадул аввал 1446
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи кўринишларига қандай эътибор берардилар?
1. Баданларига эътибор беришлари 1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баданларининг тозалигига эътибор берардилар ва тоза тутишга буюрардилар. 2. Ҳар ҳафтада бир ғусл қилардилар. 3. Доимо таомланишдан олдин ва ундан кейин қўлларини ювишга риоя қилардилар. 4. Барча ҳолатларида мисвок ишлатишга интилардилар. 5. Доимо баданларининг барча жойини тозалашга риоя қилардилар. Масалан: мўйловни, тирноқларни қисқартириш, қўлтиқ ости тукларини юлиш, қовуқ тукларини олиш каби. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло яхшидир, яхшиликни ёқтиради. Покдир, покизаликни ёқтиради. Саховатлидир, саховатликни яхши кўради. Сахийдир, сахийликни ёқтиради,[1] деб, яна:«Ўзларингизни қодир бўлганингизча пок тутинглар. Чунки Аллоҳ таоло Исломни покизалик устига барпо қилди. Жаннатга ҳам фақат покизалар киради»,[2] дея покизаликка буюрар ва қизиқтирардилар, нопокликдан қайтарардилар. У Зот терларининг мушку-анбардан ҳам ширинроқ, ҳидларининг хушбўй бўлгани баданларининг доимий покиза бўлганига энг катта далилдир. Айниқса, ҳидларининг хушбўйлиги шу қадар эдики, бирор кўчадан ўтиб кетсалар, хушбўй ҳидлари ўша кўчага ўтиб қоларди. Қолаверса, бундай нарсалар Расулуллоҳнинг хусусиятларидан бўлганига ҳеч ким шак-шубҳа қилмайди. 2. Сочларига эътибор беришлари Пайғамбар алайҳиссалом сочларини покиза тутиш, тараш ҳамда ёйиб юриш билан парваришлардилар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўп ёғлардилар, соқолларини тарардилар ва кўпинча бошларига (ёғ суртганларидан кейин саллага тегмасин, деб) ёпинчиқ ўрардилар». 3. Кўзларига эътибор беришлари Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг сурмадонлари бор эди. Ҳар куни кечаси ундан бир кўзларига уч марта, яна бошқа кўзларига уч марта суртардилар». 4. Тишларига эътибор беришлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатланиб бўлганларидан кейин тишларини хилол қилишга эътибор берар ва «Умматимнинг хилол қилувчилари нақадар яхшидирлар», дер эдилар. Бир куни саҳобалар «Хилол қилувчилар кимлар, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашди. Ул Зот:«Улар таҳорат олишда ва таом тановул қилишда хилол қилувчилардир. Таҳоратда хилол қилиш бу оғизни чайқаш, бурунни ювиш ҳамда бармоқлар орасини тозалашдир. Аммо таомдаги хилол қилиш эса у таомнинг қолдиғидан тозалашдир. Чунки икки фариштага ўз соҳибининг намозда қоим бўлиб турган ҳолатида тишлари орасида таом қолдиғини кўришларидан кўра, уларга оғир келадиган нарса йўқ», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳолатларда: намоздан олдин, таҳорат пайтида, ухлашдан олдин, ухлаб тургандан кейин, уйга киришда, уйдан чиқишда мисвок ишлатишга доимий риоя қилишлари ул Зотнинг тишларига эътибор беришлари ҳамда шарафли оғизлари ҳидининг хушбўйлиги гаровидир. У Зот шундай тоза тутишга буюриб қизиқтирардилар ва «Мисвок оғизни тозаловчи, Аллоҳ таолони рози қилувчидир» ва яна: «Умматимга машаққат қилиб қўймаганимда, уларни барча намозда мисвок ишлатишларига буюрган бўлардим», дер эдилар. Баззор ва Табаронийларнинг ривоятида: «Умматимга машаққат қилиб қўймаганимда эди, уларга таҳорат қилишни қандай буюрган бўлсам, барча намоздан олдин мисвок ишлатишга ҳам буюрган бўлардим», деб айтганлар. 5. Кийим ва кўринишларига эътибор беришлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга:«Албатта, қиёфанинг кўркам, кўринишнинг гўзал бўлиши пайғамбарларнинг шамойиллари ва аслий хислатларидан» деб баён қилганлар[3]. Ваҳоланки, Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг саййиди эдилар ва шунинг учун ҳам у Зот Аллоҳ яратган махлуқотлари ичида бадани, кийими, уйи ҳамда мажлиси жиҳатидан энг покизаси эдилар. Ҳадисда бир саҳобий айтадилар: «Мен бу кишига (Расулуллоҳга) ўхшаган ва ундан кўра юзи чиройлироқ, кийими покизароқ бирор кишини кўрмадим»[4]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли, кўркам бўлиб юрардилар ва чиройли бўлишга ундаб: «Аллоҳ таоло гўзалдир. Гўзалликни ёқтиради», дер эдилар[5]. Ҳар қандай ҳолат ва муносабатларга риоя қилардилар. Агар бирор киши ёки одамлар ул Зот ҳузурларига ташриф буюриб келишса, уларни кутиб олиш учун махсус кийим, жубба[6] ёки келадиган меҳмонга қараб ўзларининг бирор кийимларини кийиб, чиройли бўлиб олардилар. Агар ҳайит кунлари келса, шу кунга хос либосларини киярдилар. Жума куни учун ҳам худди шундай қилардилар. Доимо шундай қилишга буюриб: «Либосларингизни гўзал қилинглар, уловларингизни (чиройли, покиза қилиш билан) яхшиланглар, ҳатто инсонларнинг (кўзга ташланадиган) холи[7] бўлинглар», дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ таоло бирор бандасига неъмат берган бўлса, унда шу неъматининг нишонаси кўринишини яхши кўради», ва яна «Мўмин банданинг кийимини тоза тутиши ва озликка рози бўлиши Роббисига нисбатан кўрсатган ҳурматидандир», деб айтардилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кийимларни ердаги ифлос нарсаларга тегишидан сақлаб, ердан юқорироқ қилиб юришга буюрардилар ва: «Изорингни юқорироқ кўтар. Шундай қилишинг покиза бўлишига ва кўпга етишига сабаб бўлади», дер эдилар. 6. Уй ва масжиднинг тозалигига эътибор беришлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларининг тозалигига ҳам эътибор берар ва уйнинг доимо тоза, покиза бўлишини ёқтирардилар ҳамда инсонларни ҳам бу нарсага ундаб:«Уйларингиз, ҳовлиларингизни тозаланглар», дер эдилар. Масжиднинг тозалигига ҳам эътибор бериб, бу нарсага қаттиқ аҳамият берардилар. Шундай қилганлардан хурсанд бўлардилар. Шунинг учун ҳам масжидни супуриб юрадиган аёл вафот этиб, хабарини саҳобалар аёлни дафн этганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказганларида, «Олдинроқ хабарини берганларингизда эди?» деб хафа бўлганлар ва дарҳол ўша аёл қабри устига бориб, жаноза ўқиганлар. Масжидда уни хушбўй, муаттар нарсалар билан тутатиб турадиган бир киши ҳам бор эди. Унинг номи Нуъайм Мужаммар[8] эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай эътиборли бўлишлари фақатгина масжидларга хос эмасди. Балки бундай нарсаларга умумий тарзда буюрардилар. Ҳадисда ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳовлиларимизда масжидлар қуриш ва уларни доимо тоза, покиза тутишга буюрардилар». Бошқа бир ривоятда эса «тоза, покиза тутишга» сўзининг ўрнига «хушбўйлаб туришимизга», деб келган. Шу билан бирга инсонлар масжидларни нопок қилмасликлари учун ҳожатхоналарни масжид эшикларининг олд томонига қуришга буюрардилар. Одамларни масжидга тупуришларидан қайтарардилар ва «Масжидни ҳатто бир хас чўпдан бўлса ҳам тозалашда улкан ажр бор», дер эдилар. «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) – комил инсон» китобидан таржима. Баратов Ғиёсиддин. [1] Имом Термизий ривояти. [2] Хофажий «Шифо» номли китобнинг шарҳида: «Бу ҳадис заиф, бошқа йўллар билан қувватланиб, ҳасан даражасига кўтарилган. Маъноси эса, саҳиҳдир», деб айтганлар. [3] Имом Термизий ривояти. Имом Моликнинг ривояти ҳам худди шундай бўлган. [4] Абу Қурсофа ривояти. Имом Табароний ўзининг «Мажмаъ»ида келтириб ўтган. [5] Ибн Синний ривояти. [6] Узун енгли устки кийим, чопон. [7] Инсон танасидаги қора хол. Одатда инсонларнинг кўзи биринчи бўлиб ўша холга тушади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни бошқалардан фарқли, кўзга ташланадиган кўркам бўлишларига буюриб, холга ўхшатмоқдалар. [8] Мужаммар деб тутатқилар билан шуғулланадиган кишига нисбатан айтиларди.
09:10 / 09.01.2016
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...