13 шаввол 1446
Ёзилган қарорномани бузуш учун ўзларидин чиқғон ҳаракат

Қурайш жамоасидин бир нечалариға бани Ҳошимға бўлган кулфату азиятлар, иқтисодий муҳосара ва муқотаа кўп оғир кўрулур эрди. Лекин қарорномага хилоф қила олмай паришон эрдилар. Шул жамоадин бирлари Ҳишом ибн Амр эрди. Бул одам ўзи мушрик бўлуб туруб, мусулмонларға марҳамати кўп бўлуб, тез-тез таом ва кийимлар юборуб турур эрди. Баъзи вақтлар туяға дон юклаб ҳайдаб борур эрди, мусулмонлар турган ерға яқин борганда туяни қамчин била шундоғ қаттиғ урар эрдики, калтакнинг зўридан бир чопганча ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар турган ерға боруб тўхтар эрди. Бечора Ҳишом бу қадар инсоният ила тўхтамади, балки Каъбаға осилган қарорномани бекор қилуб олуб ташламак, бани Ҳошим жамоасин муҳосарадин озод этмак учун ҳам ниҳоятда буюк чоралар кўрди ва шул йўлда ҳаммадин аввал Зуҳайр ибн Абу Умайя қошиға борди. Зуҳайрнинг онаси Отика Абдулмутталибнинг қизи эрди, бани Ҳошим Зуҳайрға тоға жамоа бўлур эрдилар. Ҳишом деди: «Эй Зуҳайр, сен бул ерда хоҳлаган таомни ерсан, либосни кийурсан, хотунни олурсан, тоғаларинг бани Ҳошим тоғ орасида халқдин алоҳида оч ва ялонғоч зулм ичинда ётурлар, на бир нарсани сота олурлар ва на ола олурлар, кўнглунг бу ҳолатға нечук рози бўлур? Худо номиға қасам ичиб дерманки, агар Абу Жаҳлнинг тоғалариға шул тариқа зулм қилунмакчи бўлса, ул ҳаргиз рози бўлмас эрди, сенгина бу беҳамиятликға рози бўлуб турубдурсан». Бу сўзни Зуҳайр эшитуб дедики:«Мен танҳо ўзум нечук кўпға муқобала қила олурман? Худо номиға қасамки, агар ёнимға бир одам тобсам, албатта, ул қарорномани бузушға ҳаракат қилур эрдим ва албатта, бузуб ором олур эрдим». Ҳишом деди: «Хотиржам бўлғил, бу ишда сенга ёр бўлғучи рафиқинг бордур.» Зуҳайр сўрди: «Ул кимдур?» Ҳишом деди: «Мен ўзум сенга ёрдурман». Зуҳайр деди:«Эмди учинчи бир ёр ҳам топайлук». Бу сўзни эшитуб Ҳишом Мутъим ибн Адий қошиғи борди. Анинг ила шул хусусда хўб гуфтгу қилуб, охир ани ҳам қаноатландурди. Ул ҳам тўртинчи бир одам бўлишини талаб этди. Бу тўртунчи ёр юқорида Абу жаҳлни ётқузуб урган Абул Бахтарий ибн Ҳишом бўлди. Бу ҳам бешинчи бир ёрдамчини бўлушин истади. Филҳол бешинчи ёр ҳам пайдо бўлди. Ул Замъа ибн Асвад эрди. Бу беш нафар Маккаи мукаррамада ҳажун ном бир мақомда кечқурун мажлис қилдилар. Ҳаммаларин раъйлари қарорномани Каъбадин чиқоруб йиртиб ташламоқға иттифоқ қилди.

Кеч ўтуб эртаси сабоҳда Зуҳайр ибн Абу Умайя масжидға борди. Одамлар мажмаъларида ўрнидин туруб деди:«Эй аҳли макка, бу раводурмики, бизлар ўзумиз тўқ ва либослик юрсак, бечора бани Ҳошим оч, ялонғоч ва халқдин алоҳида турсалар? Мен Худо номиға қасамки, то шул Каъбаға осилган золим қарорнома йиртилмаса, ўлтурмасман». Абу Жаҳл деди:«Қасам Худоғаки, ҳаргиз қарорнома йиртилмас, бекор сўзларсан». Замъа туруб: «Эй Абу Жаҳл, ўзунг бекор сўзларсан», деди. Кейин Абул Бахтарий деди: «Замъа рост сўзлади. Бизлар ул қарорномада бор нарсаға рози эмасдурмиз, анга иқрор этмасмиз». Мутъим деди:«Эй Замъа ва эй Абул Бахтарий, сизлар рост сўзладингизлар, бошқалар сўзи бекордур. Бизлар бу қарорномадин ва анда бор қарорлардин безордурмиз». Ҳишом ҳам булар сўзларин таъйид этди (қувватлади). Бул ҳолларни кўргандин кейин Абу Жаҳл ночор қолуб таслим бўлди, зиёда мухолафат қила олмади. Кейин Мутъим ибн Адий ўрнидин туруб қарорнома ёзилган саҳифани йиртмакчи бўлуб эрди, кўрдиларки, булардин илгари қурт еб қўйубдур.

Мана бу воқеадин сўнг Қурайш муҳосараси бани Ҳошим устларидин кўтарилди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўз таблиғлариға машғул бўлдилар.

11:33 / 30.05.2012
Аввалги мақола
“Йил ўқитувчиси – 2012”
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...