(Рамазон ўтиб кетяпти) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонга кириб, сўнгра (ундан гуноҳлари) мағфират қилинмай чиққан кишининг бурни ерга ишқалансин», дедилар. Имом Термизий ривоят қилган. Айни кунлар гуноҳларимиз мағфират бўлиши учун катта имкониятли кунлар ҳисобланади. Баъзиларимиз ҳаётимизнинг энг қимматли кунлари бўлган рамазон кунларини беҳуда нарсаларга сарфлаш билан зое қилиб қўйяпмиз. Яъни ортиқча уйқу, Аллоҳнинг зикридан чалғиш, ноўрин тортишувлар, ғийбат ва бошқа бекорчи ишлар билан машғул бўлиб қоляпмиз. Солиҳ салафларимиз нафақат рамазон кунларини, балки бошқа кунларни ҳам беҳудага сарфламас эдилар. Обидлардан бири ўлими олдидан шундай деган экан:«Мен қайғули дунё учун афсус қилмайман. Мен уйқу билан ўтказган тунларим, рўза тутмаган кунларим ҳамда Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолган вақтларим учун афсус қиламан». Ҳа, ҳаётнинг қанчалар қадрли эканини яхши билмайдиган кишиларгина қимматли вақтларини зое қилишга журъат қила оладилар. Ундай кишилар нима иш қилиб бўлса ҳам, кунни кеч қилиб олганига хотиржамдирлар. Аслида машғул бўлишимиз муҳим эмас, муҳими нима билан машғул бўлишимиздир. Тақвимга қараб кунларнинг ўтишига алданиб қолмайлик! Чунки ундаги фойдаланган кунларгина бизнинг кунимиздир. Баъзи инсонлар бир йилдан фақат бир ҳафтанигина фойдали ишларга сарфлайдилар. Баъзилар ўттиз кун рамазоннинг фақатгина бир кунини манфаатли ишларга сарфлаб ўтказишади. Яна баъзилар … Ҳаётимизнинг энг қимматли лаҳзалари бўлган рамазон кунларида ноўрин тортишувлар ва ғийбатлар қайнаётган жойлардан худди маст қилувчи ичимликлар қўйилган дастурхон, беҳаё қўшиқлар ёки рақслар каби мункар ишлар бўлаётган жойлардан сақлангандек сақланишимиз лозим. Уламолар ғийбатни беҳаё куй ва қўшиқлардан ҳам ёмонроқдир, деганлар. Бу кунларда ўзгаларни қўйиб, кўпроқ ўзимизнинг гуноҳларимиз билан машғул бўлайлик. Қуръон тиловати, истиғфор, таҳлил ва шу каби зикрлар билан банд бўлайликки, беҳуда ишларга вақт қолмасин! Ибнул Қоййим раҳматуллоҳи алайҳ айтган эканлар: «Одамларнинг энг касодга учрагани Аллоҳни унутиб, ўзи билан ўзи овора бўлганидир. Ундан-да касодга учрагани эса ўзини ҳам унутиб, одамлар билан овора бўлиб қолганидир». Барчамизнинг мақсадимиз рамазон ойидан гуноҳлари мағфират қилинган бандалардан бўлиб чиқишдир. Чунки Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонга кириб, сўнгра (ундан гуноҳлари) мағфират қилинмай чиққан кишининг бурни ерга ишқалансин», деганлар. Аллоҳ таоло барчамизни рамазон ойидан гуноҳлари мағфират бўлган бандалардан бўлиб чиқишга муваффақ қилсин!
Қудратуллоҳ.