16 ражаб 1446
НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҲИДЛАРИНИНГ ХУШБЎЙЛИГИ
  Аллома Тантовий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг бир мақолаларида шундай дейдилар: «Маҳкамада қозилик қилиб юрганимда чиройли ёш келинчак ажрим аризасини ёзиш учун келганини айтди. Қарасам, олдида навқирон, келишган эри ҳам бор экан. Эрини алоҳида суҳбатга чақириб унинг касби ҳақида сўрадим. У қассоб экан. Шунинг учун бўлса керак, ундан гўштнинг ҳиди келарди. Бунинг устига - касби сабаб бўлгандир – сочи тўзиган экан. Мен унга сартарошга боришини ва сочини чиройли қилиб олдиргач, яхшилаб чўмилиб хушбўйларни суриб аёлининг олдига киришини маслаҳат бердим. Аёлига эса бугунги аризани кўриб чиқиб эртага хулосасини айтишимни таъкидлаб, эртага келишларини айтдим. Эртасига яна иккала ёш олдимга келишди. Маслаҳатимга амал қилган куёв болани янада очилиб чиройли бўлгани ва муаттар ҳид таратаётганини кўриб хурсанд бўлдим. Ҳали сўз бошламасимдан олдин, келинчак: «Биз кеча берган аризамизни қайтариб олмоқчимиз. Биз фикримизни ўзгартирдик. Ажрашмаймиз», деди». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча соҳада бошқаларга намуна эдилар. Худди шунингдек, хушбўйланиш борасида ҳам саҳобалар у Зотдан ўрнак олишган. Аслида у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баданларидан чиқадиган тер мушк-анбарнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқдир, шундай бўлишига қарамай, ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига дарс бериш учун хушбўйлик суриб юрганлар. Хушбўйлик суриш ва биров хушбўйлик берганда уни қайтармаслик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга суннат бўлиб қолган. Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хушбўйликлари ва умматларини хушбўйликка тарғиб қилганлари ҳақида келган ҳадислар билан танишиб чиқамиз. Зеро қанчадан-қанча одамлар айнан мана шу суннатни тарк қилгани учун оилавий муаммоларга учрамоқда, ҳатто баъзи оилаларнинг ажрашувига ҳам сабаб бўлмоқда:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْه، قَالَ: مَا شَمَمْتُ عَنْبَرًا قَطُّ وَلَا مِسْكًا وَلَا شَيْئًا أَطْيَبَ مِنْ رِيحِ رَسُولِ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَلَا مَسِسْتُ شَيْئًا قَطُّ دِيبَاجًا وَلَا حَرِيرًا أَلْيَنَ مَسًّا مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан хушбўйроқ анбарни ҳам, мушкни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ҳеч қачон ҳидлаган эмасман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра юмшоқроқ дебожни ҳам, ипакни ҳам ва бошқа нарсани ҳам ҳеч қачон ушлаган эмасман». Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидлари дунёдаги барча нарсадан хушбўй бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юмшоқликлари дунёдаги барча нарсадан юмшоқ бўлган.

عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: خَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِالْهَاجِرَةِ إِلَى الْبَطْحَاءِ فَتَوَضَّأَ وَصَلَّى، فَقَامَ النَّاسُ فَجَعَلُوا يَأْخُذُونَ يَدَيْهِ فَيَمْسَحُونَ بِهَا وُجُوهَهُمْ، فَأَخَذْتُ بِيَدِهِ فَوَضَعْتُهَا عَلَى وَجْهِي، فَإِذَا هِيَ أَبْرَدُ مِنَ الثَّلْجِ، وَأَطْيَبُ رَائِحَةً مِنَ الْمِسْكِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаво исиган пайтда Батҳога чиқдилар ва таҳорат қилиб, намоз ўқидилар. Сўнгра одамлар туриб, у Зотнинг қўлларини ушлаб, юзларига сурта бошладилар. Мен ҳам у Зотнинг қўлларини тутиб, юзимга босдим. Қўллари муздан ҳам совуқ, ҳидлари мискдан ҳам хушбўй экан».  Бухорий ривоят қилган.

وَقَالَ جَابِرُ بْنُ سَمُرَة رَضِيَ اللهُ عَنْهُ صَلَّيْتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  صَلَاةَ الْأُولَى، ثُمَّ خَرَجَ إِلَى أَهْلِهِ فَخَرَجْتُ مَعَهُ، فَاسْتَقْبَلَهُ وِلْدَانٌ فَجَعَلَ يَمْسَحُ خَدَّيْ أَحَدِهِمْ وَاحِدًا وَاحِدًا، وَأَمَّا أَنَا فَمَسَحَ خَدِّي قَالَ: فَوَجَدْتُ لِيَدِهِ بَرْدًا وَرِيحًا كَأَنَّمَا أَخْرَجَهَا مِنْ جُؤْنَةِ عَطَّارٍ.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешин намозини ўқидим. Сўнгра у Зот ўз аҳлларига чиқдилар. Мен ҳам бирга чиқдим. У Зотни болалар қаршилаб чиқдилар. Бас, у Зот бирма-бир уларнинг яноқларини силай бошладилар. Менинг ҳам яноғимни силадилар. Қўлларида совуқликни ва хушбўйликни топдим, уларни атторнинг халтасидан чиқаргандек эдилар».

عَنْ أَنَسِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلَ عَلَيْنَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  فَقَالَ عِنْدَنَا فَعَرِقَ، وَجَاءَتْ أُمِّي بِقَارُورَةٍ فَجَعَلَتْ تَسْلُتُ الْعَرَقَ فِيهَا، فَاسْتَيْقَظَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا أُمَّ سُلَيْمٍ، مَا هَذَا الَّذِي تَصْنَعِينَ؟ قَالَتْ: هَذَا عَرَقُكَ نَجْعَلُهُ فِي طِيبِنَا، وَهُوَ مِنْ أَطْيَبِ الطِّيبِ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига кирдилар. Ҳузуримизда қайлула қилиб, терладилар. Шунда онам бир шиша идиш олиб келиб, терни қўли билан сидириб, унга тўплай бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб: «Эй Умму Сулайм, бу нима қилганинг?» дедилар. Умму Сулайм: «Бу сизнинг терингиз. Биз уни ўз хушбўйимизга қўшамиз. У энг яхши хушбўйдир», деди».    Иккисини Муслим ривоят қилган. Аллоҳ барчаларимизга суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни насиб айласин! Мулла Раим номли масжид имом-хатиби Худоёров Сардор.    
09:51 / 24.08.2016
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...