Ансори киром иккинчи сана ҳам одатлариға мутобиқ мавсумда ҳаж учун Маккаға келдилар. Бу дафъа келган азизлар етмиш уч нафар эр киши ва икки нафар хотун кишидин иборат эрдилар.
Булар Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ила кечқурун Ақаба қошида жамъ бўлушға қарор бердилар. Кечқурун ваъда қилунғон соатда Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббос ила етуб келдилар. Ул кунларда Аббос розияллоҳу анҳу Исломға дохил бўлмаган эрдилар. Ўз рағбатлари ила келуб, бўлган воқеани кўруб турдилар.
Мажлис бошланишдин муқаддам ҳазрат Аббос бу сўзни қилдилар:«Эй Хазраж жамоаси, сизларға маълумдурки, Муҳаммад алайҳиссалом ўз қариндошлари бани Ҳошим ўрталарида муҳтарам бир Зотдурлар. Бизлар агарчи динлариға дохил бўлмасак ҳам, душманлардин ўз паноҳимизда олуб келдук ва ҳамиша шул тариқа фидокор турурмиз. Иззатлариға, оромлариға ҳеч бир тарафдин ташвиш етгали қўймасмиз. Эмди бу Жаноб бизларни ташлаб, сизларға боруб қўшулмакчидурлар. Агар сизлар ваъдаларингизға вафо қилуб, бу Жанобни ўз ҳимояларингизда сақлаёлсангизлар ва мухолифларидин паноҳ бера олсангизлар, олуб боринглар, агар бу нарсанинг уддасидин чиқа олмай душманлар қўллариға тутуб берадурган бўлсангизлар қўюнгларки, ўз ватанида ўз ақраболари ила баробар турсун, саргардон этманглар.
Ансори киром дедилар: «Жаноб Аббос сўзларин эшитдук, эмди ё Расулуллоҳ, ўзлари сўз қилсунлар ва ўзлари учун бизлардин нима аҳду паймон олмоқчи бўлсалар, олсунлар».
Кейин Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз қилдилар, Қуръони каримдин тиловат қилдилар, Худо тарафиға даъват, Ислом дини учун тарғиб бердилар ва дедиларки: «Мен сизлардин шул нарсага байъат олурманки, сизлар ўз хотунларингиз ва авлодларингизни қандоғ ҳимоя қилсаларингиз, мени ҳам шундоғ ҳимоя этурсизлар».
Жанобдин бу сўзни эшиткан замонлари алардин ҳазрат Баро ибн Маърур розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларин тутуб туруб дедилар: «Оре, қасам ул Худо номиғаки, ўзларин ҳақ Набий қилуб юборубдур, биздин байъат олсунлар, бизлар, қасам Худоғаки, ҳарбий одамлардурмиз, бу сифат бизларға ота-боболаримиздин меросдур».
Ҳазрат Баро сўзлари тамом бўлғон замон ҳазрат Абул Ҳайсам ибн Тайяҳон дедилар:«Ё Расулуллоҳ, бизлар ила яҳудлар ўртамизда муоҳадамиз бордур. Биз боруб шул муоҳадани бузурмиз. Бу ишни қилсак, кейин Аллоҳ таоло ўзлариға карам қилуб, душманларға ғолиб келсалар, ул ҳолда бизларни ташлаб, яна ўз ватан ва ўз қавмлариға қайтуб келсалар, бизнинг ҳолимиз нечук бўлур?»
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни эшитуб табассум қилдилар ва марҳамат қилдиларки: «Ҳаргиз мундоғ бўлмас. Мен сизлардин бўлдум, сизлар мендин бўлдингизлар. Сизларнинг дўстларингиз менинг дўстум бўлур ва душманларингиз менинг душманим бўлур».
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аларға дедилар: «Ичларингиздин ўн икки нафар нақиб, яъни масъул зиммадорни менга сайлаб беринглар». Алар филҳол ўн икки адад нақиб сайлаб бердилар. Тўққуз нақиб Хазраж жамоасидин ва уч нақиб Авс жамоасидин бўлдилар.
Хазраждин бўлғон нақиблар бу ҳазаротдурлар:
1) Асъад ибн Зурора;
2) Саъд ибн Рабиъ;
3) Абдуллоҳ ибн Равоҳа;
4) Рофеъ ибн Молик ибн Ажлон;
5) Баро ибн Маърур;
6) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром;
7) Убода ибн Сомит;
8) Саъд ибн Убода;
9) Мунзир ибн Амр ибн Хунайс.
Авсдин бўлғон нақиблар бу ҳазаротдурлар:
1) Усайд ибн Ҳузайр;
2) Саъд ибн Хайсама;
3) Рифоа ибн Абдулмунзир.
Кейин Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки: “Нақиблар ҳаммалари ўз қавмларин тарафларидин кафилдур ва мен мусулмонлар тарафларидин кафилдурман».
Шул мажлисда ҳаммадин аввал қўл узатуб, Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллариға байъат берган Ҳазрат Баро ибн Маърур бўлдилар. Бул кишидин кейин қолғонлари байъат бердилар.
Кейин Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳаммаларингиз жой-жойларингизға қайтинглар».
Шул соатда алардин ҳазрат Аббос ибн Убода ибн Назла дедилар:«Ё Расулуллоҳ, сизни ҳақ Пайғамбар қилуб юборган Холиқ номиға қасамёд этуб дермизки, агар ижозат берсангиз, эрта Минодагиларға қиличларимиз ила ҳамла қилурмиз». Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Бу нарсаға маъмур бўлмадук. Ўз жойларингизға тарқалинглар».
Кейин ҳаммалари ўз ерлариға ёнуб кетдилар. Ўшал кеча ўтгандин кейин кундузи Қурайш катталари жамъ бўлуб, ансори киром манзиллариға боруб дедилар: «Эй Хазраж жамоаси, бизларға хабар етдики, сизлар бизнинг биродаримиз Муҳаммадни олғони ва унга мадад беруб, бизлар ила урушгали келубдурсизлар. Бизлар сизлар ила ўртамизда уруш бўлушни ниҳоятда ёмон кўрурмиз». Бу сўзни эшитган замон хазражийларнинг мушриклари туруб дедиларки:«Бизлар қасам ичиб дермизки, бу сўзнинг вужуди йўқдур. Бизлар бу нарсани билмадук». Мушрик хазражийларнинг бу сўзлари рост эрди. Чунки кечқурун бўлуб ўткан воқеадин буларнинг хабарлари йўқ эрди. Ҳар нарса қилган бўлсалар, мусулмонлар қилуб эрдилар.