Робиъул-аввал ойининг 2-куни
Ҳижрий 897-йил 2-робиъул-аввал куни (милодий 1492-йил 2-январ) мусулмонларнинг охирги қалъаси бўлган Гранада (Ғарната) насронийлар қўлида яксон қилинди.Ҳижрий 1367-йил 2- робиъул-аввал куни (милодий 1948-йил 18-январ) Муҳаммад Маъмун Шановий Азҳар университети шайхи деб сайланди. У киши Азҳар университети шайхлари силсиласининг 32-вакили ҳисобланади.

Абраҳа Ҳунота ал-Ҳимярий деган кишини Маккага юборди ва унга: «Ушбу шаҳарнинг саййиди ва улуғ кишисини сўра, подшоҳ сизларга қарши уруш қилиш учун эмас, балки ушбу уй (Каъба)ни бузиш учун келган. Агар қаршилик қилмасаларингиз, уруш қилинмайди, деб айт. Агар бизга қарши уруш қилиш нияти бўлмаса, уни ҳузуримга олиб кел», деди. Ҳунота Маккага келиб, Қурайшнинг саййиди ва улуғи кимлигини сўради. Унга Қурайшнинг саййиди Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай эканлигини айтишди. Ҳунота унинг олдига бориб, Абраҳанинг сўзларини етказди. Шунда Абдулмутталиб: «Аллоҳга қасамки, бизлар унга қарши урушни истамаймиз, бизда бунга куч ҳам йўқ. Бу уй Аллоҳнинг «Байт ал-ҳаром»и ва унинг дўсти Иброҳим алайҳиссаломнинг байтидир. Агар истаса, Аллоҳ ўз уйини ўзи ҳимоя қилиб олади, агар истамаса, бизда уни ҳимоя қилишга куч-қудрат йўқ», деди. Шунда Ҳунота унга: «Сиз мен билан бирга борасиз, чунки Абраҳа шуни буюрган», деди.