Тонг отгач, Абраҳа Маккага киришга тайёргарлик кўриб, филини жиҳозлатди, сўнг аскарларини тайёрлади. Унинг филининг исми «Маҳмуд» эди. Абраҳанинг нияти Байтуллоҳни бузиб, Яманга қайтиб кетиш эди. Улар филни Макка томон бурганларида Нуфайл ибн Ҳабиб ал-Хасъамий унинг олдига келди-да, қулоғидан ушлаб: «Ерга чўк, эй Маҳмуд, ёки келган ерингга қайтиб кет, чунки сен Аллоҳнинг шаҳрида турибсан», деди ва қулоғини қўйиб юборди. Шунда Фил ерга ётиб олди. Нуфайл эса югурганича тоққа чиқиб кетди. Филни турғизиш учун роса калтакладилар, аммо фил турмади. Шунда бошига гурзи билан урдилар, фил пинагини бузмади, биқинига найза санчиб қонатдилар, фил шунда ҳам ўрнидан турмади. Уни Яман томонга бурган эдилар, у ўрнидан туриб югура кетди. Шом томонга буриб кўрдилар, унда ҳам шундай қилди. Машриқ томонга бурсалар, бу томонга ҳам югура кетди. Ана шу пайт Аллоҳ Абраҳа билан қўшини устига денгиздан қалдирғочга ўхшаган «Абобийл» деб аталган қушларни юборди. Ҳар бир қушда уч донадан тош бор эди. Бир дона тошни тумшуғида, иккитасини икки чангалида кўтариб келарди. Тошлар нўхотдек келарди. Тош Абраҳа аскарларидан қайси бирига тегса, уни ҳалок қиларди. Шундан сўнг Абраҳа қўшини келган томонларига қараб қоча бошладилар. Улар Нуфайлдан йўл сўраган эдилар, у Аллоҳнинг уларга туширган азобини кўриб, ушбу шеърни ўқиди.
Илоҳ ўзи талаб қилиб турганида, қочиш қаёққа энди?
Ашрам ғолиб эмас, мағлубдир энди.
Аскарлар йўлда битта-битта тўкилиб, ҳалок бўла бошладилар.
Абраҳага ҳам шу тошлардан теккан эди. Одамлари уни кўтариб олдилар. Абраҳа бўлак-бўлак бўлиб тўкила бошлади. Ундан бир бўлак узилиб тушса, кетидан йиринг оқарди. Уни шу тарзда Санъога олиб келдилар. Абраҳа қуш полапонидек бўлиб қолган эди. У юрагидан ажрамагунча ўлмай турди.