24 жумадул аввал
1446
«Қалбимиз, ҳаётимиз Сиз ила, ё Расулаллоҳ!» (Фото)
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башарият ичидан Ўзига ҳабиб этиб танлаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Умматлари учун маҳбуб ва мушфиқ Муҳаммад Мустафога дуруду салавотлар бўлсин!
Аллоҳ таолога шукрки, бизларни Ўзининг энг афзал дини – Ислом динида яратиб, мусулмон қилди, бизларга энг афзал Китоб – Қуръони Каримни нозил этиб, аҳли Қуръон қилди, бизларни набийларнинг энг афзали – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат қилиб, аҳли иймон қилди.
«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси меҳнат жамоаси, Ислом.уз портали бутун Ўзбекистон халқини, бутун дунё мусулмонларини кириб келган Рабиъул аввал ойи – мавлиди шариф ойи билан, бу дунёда ҳидоятчимиз, охиратда шафоатчимиз, хотамул анбиё, Расули акрам, Набийи муҳтарам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой билан муборакбод этади.
Бизнинг жамоамиз халқимизнинг фахри, барчамизнинг устозимиз, алломаи замон, ушбу нашриёт-матбаа мажмуасининг, ушбу зиё-маърифат масканининг асосчиси, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошлаб берган гўзал анъанани давом эттириш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиб, у зотнинг муборак суннатларига эргашиб, Роббимизга қурбат ҳосил қилиш, у зотга кўпроқ дуруду салавот айтиб, у зоти бобаракотга садоқат, муҳаббат изҳор қилиш ниятида бу йилги Рабиъул аввал ойини ҳам муносиб кутиб олишни, бу ойда «Қалбимиз ва ҳаётимиз Сиз ила, ё Расулаллоҳ» деган шиор остида қатор илмий-маърифий тадбирлар ўтказишни режалаштирган.
Диёримиз мустақилликка эришгач, миллий истиқлол ҳақидаги азалий орзу-умидларимиз амалга ошди, асрий қадриятларимиз тикланиб, ривожланиб бормоқда. Маънавий мероснинг ўрганилиши, аждодларимиз қолдириб кетган турли соҳалардаги асарларнинг оммалаштирилиши, буюк алломалар, улуғ аждодларимизнинг муборак номлари ва ижодининг халққа қайтариб берилиши, она тилимиз ва динимизнинг ривожланиши учун кенг шароитлар яратилгани ўзбек халқи, хусусан, мусулмонлар учун, миллатнинг келажак тараққиёти учун қудратли куч-омил бўлди. Бу хайрли ишларнинг пойдевори – мустақил республикамизнинг бош қонуни бўлмиш Конституциямиздир. Ушбу асосий низом қабул қилингани нишонланаётган бугунги кунда мавлид тадбирларимизнинг биринчиси, мавлидга бағишланган илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
Мавлид мажлисига юртимизнинг кўзга кўринган имомлари, устозлар, аҳли илмлар ва яна кўплаб азиз меҳмонлар ҳозир бўлишди.
Илмий-маърифий анжуманни Тошкент вилояти Қибрай тумани "Яланғоч ота" жоме масжиди имом ноиби Мирҳамидов Акмал олиб борди.
Анъанага кўра, «Ислом ота» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё илмий анжуманни Қуръони Карим тиловати билан бошлаб бердилар.
Тиловатдан сўнг «Мирза Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддин дуо қилиб, анжуманни очиб бердилар.
Ислом умматининг икки дастури борки, ким уларни маҳкам ушласа, икки дунё саодатига эришади ва ҳаргиз адашмайди. Зеро, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга икки нарсани қолдирдим. Уларни маҳкам тутсангиз, ҳаргиз адашмайсиз. Бу – Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг суннатидир», деганлар.
Анжумандаги дастлабки маъруза шу мавзуга бағишланди. Мажлис иштирокчиларидан Аброр домла «Суннатнинг ҳужжатлиги» деган мавзуда суҳбат қилиб берди.
Шундан сўнг Ҳасанхон Яҳё бошчилигидаги қориларимиз саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган нашидлар билан анжуман иштирокчиларининг қалбини хушнуд қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат мусулмон учун берилган улуғ неъматлардан ҳисобланади. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш иймон комиллигидандир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отасию боласидан ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча, ҳеч бирингиз мўмин бўла олмайсиз», дедилар. Ушбу ҳадисга амал қилишда саҳобалар ва тобеъинлар бизларга ўрнак бўлишган.
Ҳаммамизга маълумки, нашриётимиз ўтган йилги мавлид ойидаги мавлид тадбирларини «Муқтадолар саййиди» деган шиор остида ўтказган эди. Ушбу тадбирларда эътиборингизга ҳавола қилинган маърузалар жамланиб, бир тўплам шаклига келтирилмоқда. Анжуман дастурига киритилган навбатдаги маъруза ушбу тўпламга киритилган мақолалардан бири асосида тайёрланган бўлиб, унинг муаллифи Одинахон Муҳаммад Юсуфдир. Мақоланинг мухтасар матни билан иштирокчиларни Озод Мунаввар таништириб ўтди.
Анжуман давомида мазкур суҳбатларда кўтарилган мавзулар муҳокама қилиниб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шундан сўнг «Мунаввар қори» жомеъ масжиди имом-хатиби Собиржон домла Рустамов дуо қилиб, «Қалбимиз ва ҳаётимиз Сиз ила, ё Расулаллоҳ» шиори остидаги дастлабки илмий-маърифий анжуманга якун ясаб бердилар.
Шунинг билан мавлид ойи муносабати билан ташкил қилинган биринчи илмий-маърифий анжуманимиз ниҳоясига етди. Аллоҳ таоло бугунги анжуманимизни, унда тингланган маърузалар ва айтилган фикрларни барчаларимиз учун манфаатли қилсин.
Анжуман ҳақида видеолавҳани яқин кунларда томоша қилишингиз мумкин.
21:58 / 26.06.2020
3382
Аввалги мақола
Мавлид шариф ҳақида уламолар фикри
Мавлид
4823
Кейинги мақола
Жамланган қисқа салавот
19
Саловотлар
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар