Ибн Исҳоқ: у Ғатафон насабида, Мурра ибн Авф ибн Саъд ибн Зубён ибн Бағийд ибн Райс ибн Ғатафондир. Уларга мазкур насаб зикр қилинса, улар: «Биз бу насабни инкор этмаймиз, уни ёмон ҳам кўрмаймиз. Бу биз учун энг севимли насабдир», – дер эдилар.
Ҳорис ибн Золим ибн Жузайма ибн Ярбуъ (Ибн Ҳишомнинг айтишича, у Мурра ибн Авф авлодларидан биридир) Нўъмон ибн ал-Мунзирдан қочиб Қурайшга бориб қўшилганда шундай деган:
Менинг қавмим, Саълаба ибн Саъд ҳам эмас, қўрқоқ, серсоқол Физора қабиласи ҳам эмас,
Балки қавмим агар билмоқчи бўлсанг, Маккада Музор қабиласига жанг тушишни ўргатган Бану Луай жамоасидир.
Биз ўзимизнинг азалий уруғларимизни ташлаб, Зубён ибн Бағийд жамоасига қўшилиб хато қилдик.
Яъни мўл-кўл сув турганда саробга эргашган бир тентак туя мисоли (хато қилдик.)
Агар уларга йўлбошчи-раҳбар бўлиб турар экансан, мен ҳаргиз (сен турганда) бошқа серҳосил унумдор ер (бошлиқ)ни ахтариб юрмайман.
(Ахир) Қурайш қабиласидан бўлган Равоҳа қанча уловларни (ҳеч қандай ҳақ олмай) тузатиб (қорнини тўйғазиб) юборган.
Ибн Ҳишом: бу менга Абу Убайда айтиб берган шеърдир.
Ибн Исҳоқ: Саҳм ибн Мурра уруғидан бўлган Ҳусайн ибн Ҳумом ал-Муррий (у ўзи Ғатафонга мансуб эди) Ҳорис ибн Золимга жавобан шундай деган:
Огоҳ бўлингларки, сизлар биздан эмассиз! Биз ҳам, эй Луай ибн Ғолиб жамоаси, сизлардан эмасмиз.
Биз Ҳижоз юртининг иззатли кишиларимиз, сизлар эса Батҳодаги Қурайш орасида яшагансиз.