Шунда Нуҳ алайҳиссалом ўз ишларини, дарду ҳасратларини яна тўкиб солдилар.
«Нуҳ деди: «Роббим! Албатта, улар менга исён қилдилар ва моли, бола-чақаси унга зиёндан бошқани зиёда қилмаганга эргашдилар» («Нуҳ» сураси, 21-оят).
Яъни, бойларга эргашдилар.
«Ва ниҳоятда катта макр қилдилар» («Нуҳ» сураси, 22-оят).
Макр – махфий равишда ёмонлик тадбирини қилиш. Нуҳ алайҳиссалом қавмидаги мутакаббир бойларнинг қилган улкан макрлари қуйида келадиган оятда баён қилинади.
«Ва улар: «Илоҳларингизни ҳеч тарк қилманглар, ва, албатта, Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманг», дедилар» («Нуҳ» сураси, 23-оят).
Нуҳ алайҳиссалом қиссаларининг шарҳида эслатиб ўтганимиз – шайтон васвасаси туфайли кишиларнинг ҳайкалларга сиғинишлари баёни ушбу оятда нозил қилинганининг гувоҳи бўлдик.
Ривоятларда келишича, Вадд, Суваъ, Яғус, Яъуқ ва Насрлар аҳли солиҳ, тақводор кишилар бўлганлар. Кишилар уларни ниҳоятда яхши кўрганлар ва ҳурмат қилганлар. Вақти-соати етиб, улар вафот этганларидан сўнг шайтон васвасасига учиб, кишилар аввалига уларнинг суратларини чизганлар, сўнгра ҳайкалларини ясаганлар. Аввал бошда уларни зиёрат қилганлар. Аста-секин дардларини уларга айтадиган бўлишган. Оқибатда, вақт ўтиши билан, уларни худо деб эътиқод қилиб, ибодат қилганлар.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан