Робиъул-аввал ойининг 15-куни
- Ҳижрий 322-йил 15-робиъул-аввал куни (милодий 934-йил 5-март) Фотимийлар давлати муассиси ва Мағриб араб давлатининг биринчи халифаси Убайдуллоҳ Маҳдий вафот этди.
- Ҳижрий 329-йил 15-робиъул-аввал куни (милодий 940-йил 8-декабр) Аббосийларнинг 20-халифаси Розий Биллаҳ Аббосий вафот этди. У Аббосийлар давлати тахтига 25 ёшида ўтириб, 7 йил ҳукмронлик қилди.
- Ҳижрий 773-йил 15-робиъул-аввал куни (милодий 1371-йил 26-сентябр) Усмонлилар қўшини “Гирмен” жангида балгар ва римликлар устидан ғалаба қозонди. Бу жангда Усмонлилар қўшини Андриатика денгиз соҳлига қадар ҳудудни эгаллади.
- Ҳижрий 1143-йил 15-робиъул-аввал куни (милодий 1730-йил 28-сентябр) Султон Маҳмуд I ибн Мустафо II Усмонлилар халифалиги тахтига ўтирди. У Усмонлилар халифаларининг 24-вакили ҳисобланади.

Самуднинг қолган кофирларини эса Аллоҳ таоло турли услубдаги ашаддий азоблар билан ҳалок қилди. Қуръони Карим ўша ҳалок қилиш қандай бўлганини ўзига хос услублар ила турли сураларда баён этган.
Азобнинг биринчи тури.
«Албатта, Биз уларга бир қичқириқ юбордик. Ва улар қўра қурувчининг қуруқ шох-шаббалари каби бўлиб қолдилар» («Қамар» сураси, 31-оят).
Яъни Аллоҳ таоло Самуд қавмини даҳшатли, кучли овоз билан ҳалок қилган. Улар ҳалок бўлганларидан сўнг қўйбоқарлар қўйхона қуриш учун ишлатадиган қуруқ шох-шаббаларга ўхшаб қолган эдилар. Ҳозирги пайтда ҳам сирли суратда ҳалок бўлганларни «Қаттиқ овоздан қўрқиб ўлган бўлса керак», деб тахмин қилишмоқда.
Азобнинг иккинчи тури.
«Бас, уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида мук тушиб қолдилар» («Аъроф» сураси, 78-оят).
Азобнинг учинчи тури.
«Аммо Самуд бўлса, бас, уларни ҳидоятга бошладик. Улар эса ҳидоятдан кўра кўрликни афзал кўрдилар. Бас, касб қилган нарсалари туфайли уларни хорлик азобининг чақмоғи урди» («Фуссилат» сураси, 17-оят).
Самуд қавми касб қилган куфри ва гуноҳлари туфайли чақмоққа учраб, ҳалок бўлди. Бу чақмоқ хорлик азоби чақмоғидир.
Барча қавм ҳалок бўлиб, Солиҳ алайҳиссалом билан бирга бир юз йигирмата мўмингина саломат қолдилар. Солиҳ алайҳиссалом умрларининг охиригача тинч-омон яшадилар. У зотнинг Фаластиннинг Рамла шаҳри яқинида дафн қилинганлари ҳақида ривоятлар бор.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан