Катта Бадр ғазоти

3 йил аввал 4787 siyrat.uz

Воқеа шундай бўлган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Суфён ибн Ҳарб бошчилигида Шом шаҳридан келаётган тижорат карвони ҳақида хабар топгач, мусулмонларни Маккада қолдириб келган моллари эвазига олишлари учун ана ўша карвон қаршисига чиқишга чорладилар. Айримлари бунга қизиқдилар, баъзилар эса эриндилар. Чунки улар жанг бўлишини кутмаган эдилар. Абу Суфён мусулмонларнинг карвонни босиш мақсадида йўлга чиққанларидан хабар топди ва дарҳол Қурайшни хабардор қилиш ва ўз молларини ҳимоя қилишга чақириш учун Замзам ибн Амр Ал-Ғифорийни Маккага юборди. Курайшга хабар етиб келгач, тезлик билан тайёргарлик кўриб, тақрибан минг киши жанг килиш ниятида йўлга чиқдилар. Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз асҳоблари билан Рамазоннинг дастлабки кунларида йўлга чиқдилар. Уларнинг адади уч юз ўн тўрт киши, туялари эса тўқсонта бўлиб, бир туяга улардан икки ёки уч киши навбатлашиб минар эди. Улар қурайшликларнинг йўлга чиққанларидан мутлақо бехабар эдилар. Абу Суфён эса карвонини қутқариб қолишга эришди. Чунки у Бадрни чап томонда қолдириб, Маккага йўналишни соҳил томонга бурган ва юришни жуда жадаллаштирган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Курайшнинг мусулмонлар томон юриши хабари етиб келгач, атрофидаги саҳобаларга маслаҳат солдилар. Улар чиройли жавоб қилишди, улардан Миқдод ибн Амр шундай деди: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ сизни буюрган (иш) томон боринг, бас, биз Сиз билан биргамиз». Лекин Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом бунга қониқмай оммага қарадилар ва: «Эй одамлар, менга маслаҳат беринглар», дедилар. Шунда Саъд: «Бизни назарда тутяпсизми, эй Расулуллоҳ», деди. У Зот: «Ҳа», дедилар. Саъд: «Дарҳақиқат, биз Сизга иймон келтирганмиз, сизни тасдиқлаганмиз ва сиз келтирган нарса ҳақ эканлигига гувоҳлик бериб, бу тўғрида ўз хоҳиш ва иродамиз билан аҳду паймонимизни берганмиз. Бас, нима қилишни ирода қилсангиз, биз сиз билан биргамиз. Сизни Ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар биз билан мана бу денгизга бориб, унга шўнғисангиз, биз ҳам Сиз билан бирга шўнғиймиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг сўзларидан хурсанд бўлдилар, сўнгра: «Йўлга тушинглар ва шод бўлинглар. Аллоҳ таоло менга икки яхшиликдан бирини ваъда қилди.. Валлоҳи, ҳозир мен анави қавмнинг ҳалокатини қўриб тургандайман», дедилар. Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшнинг аҳволини ва ададини ўрганиш учун ўз одамларини юбордилар, натижада уларнинг сони тўққиз юз билан мингта атрофида экани ва уларнинг аксар қисмини мушрикларнинг катталари ташкил этиши маълум бўлди. Абу Суфён карвонни қутқаргандан кейин қурайшликларни орқага - Маккага қайтариш учун элчи жўнатди. Лекин Абу Жаҳл юришни давом эттиришга қарор қилди ва: «Бадрни эгаллаб, у ерда уч кун турмагунимизча, туялар сўйиб, зиёфатлар уюшириб, шаробхўрлик ва ўйин-кулгу қилмагунимизча, ҳаргиз ортга қайтмаймиз. Шунда араблар бизнинг бу юришимизни, жамланишимизни кўриб мангу қўрқувда қоладилар», деди. Шундай қилиб, улар Бадр яқинидаги водийга кўндилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр қудуқларидан энг яқин кудуқ олдига тушдилар. Шунда Ҳубоб ибн Мунзир: «Эй Расулуллоҳ, мана шу жойни маъкул кўрдингизми. Буни сизга Аллоҳ ваҳий қилган ва биз у жойдан бошқа жойга кўчишимиз мумкин бўлмаган бир маконми ёки ўз фикрингиз ва ҳарбий режами», деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, бу ўз фикрим ва ҳарбий режа», дедилар. Шунда Ҳубоб: «Ундай бўлса бу маъқул жой эмас. Одамларни қўзғатинг, душманга энг яқин бўлган сув олдига тушамиз. Бошқа қудуқларни кўмиб ташлаб, бир ҳовуз қилиб унга сув тўлдириб оламиз. Шунда уларга ичгани сув қолмайди. Биз эса ҳовуздаги сувдан ичиб жанг қилаверамиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, Ҳубоб маслаҳат берган жойга кўчдилар. Саъд ибн Муоз Пайғамбаримиз алайҳис-салоту вас-салом учун, токи у Зот омонликда бўлишлари ва Мадинада қолган мусулмонлар олдига саломат қайтишлари учун тепаликда бир бошқарув қароргоҳи - чодир қурилишини таклиф қилди. Бу таклиф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам маъқул бўлди. Сўнг асҳобларига Аллоҳнинг ёрдами ва ғалабаси борлигини билдириб, уларни хотиржам қилдилар. Ҳатто жуда аниқлик билан шундай дедилар: «Мана бу жой (мушриклардан фалончининг ҳалок қилинадиган жойи, мана бу эса фалончининг», деб у ер-бу ерга қўлларини қўйиб кўрсатар эдилар. Воқеан ана шу номи айтилганларнинг ҳар бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қўллари қўйилган, кўрсатган жойда ҳалок бўлишди. Рамазондан ўн етти кун ўтган эди. Жумъа кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигорга дуо билан муножот қила бошладилар: «Аллоҳим, мана бу Қурайш мутакаббирлик ва манманлик билан Сенга душманлик қилиб, Расулингни ёлғончи қилиб келишмоқда. Аллоҳим, менга ваъда қилган ёрдам-ғалабангдан умидворман, Аллоҳим, эртага уларни ҳалок қилгин», деб кафтларини самога чўзиб зорланиб ва хушуъ билан шундай ёлвордиларки, Абу Бакр розияллоҳу анхунинг раҳмлари келиб, у Зотнинг елкаларидан ушлаб: «Эй Расулуллоҳ, хурсанд бўлаверинг, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ сизга ваъда қилган нарсани, албатта, амалга оширади», дедилар. Мусулмонлар ҳам Аллоҳ таолодан астойдил мадад, ғалаба сўрадилар. Ҳижратнинг иккинчи йили, жума тонгида мусулмонлар билан мушриклар ўртасида жанг бошланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ховуч майда тош олиб, Қурайш томонга қараб: «Юзлар қурисин», дедилар. Сўнг уни улар томонга сочган эдилар, улардан кўзига тош тўлмаган бирон кимса қолмади. Аллоҳ таоло мусулмонларга уларнинг ёнларида бирга жанг қиладиган фаришталар билан мадад берди. Жанг мусулмонларнинг ғалабаси билан якунланди. Мушрик киборларидан етмиш киши ўлдирилиб, етмишаси асирга олинди. Мусулмонлардан эса ўн тўрт киши шаҳид бўлди. Мушрикларниг жасадлари (уларнинг аксариси зодагонлардан иборат эди) Бадр чуқурлигига ташланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша чуқурликнинг қирғоғига келиб уларга қараб ўзлари ва оталарининг исми билан чақириб, баланд овозда шундай дедилар: «Эй фалончи, эй фалончининг ўғли фалончи, Аллоҳ ва Расулига итоат этиш сизларни хурсанд қилар эканми?! Биз эса Парвардигоримизнинг бизга берган ваъдасини рост бўлганини топдик. Бас, сизлар ҳам парвардигорингизнинг сизларга берган ваъдасини ҳақлигини топдингизми?!» Умар розияллоҳу анҳу:«Жони йўқ жасадларга гапиряпсизми», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, менинг сўзимни улар сизлардан кўра яхшироқ эшитадилар», дедилар. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом асирларнинг иши ҳақида саҳобаларига маслаҳат солдилар. Абу Бакр розияллоҳу анху улардан молиявий фидя - тўлов олишни, ўзларини, шояд ҳидоят топсалар, деб қўйиб юборишни маслаҳат берди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эса улар кофирларнинг бошлиқ ва етакчилари бўлганлиги учун уларни ўлдиришни маслаҳат берди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фидя тўлаш ва уларга раҳм қилиш тўғрисидаги маслаҳатига мойил бўлиб, уларга мана шу асосда ҳукм чиқардилар. Аммо Қуръон оятлари бу тўғрида Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламга танбеҳ бериб, Умар розияллоҳу анҳунинг (асирларни ўлдириш ҳақидаги) фикрини эса қувватлаб нозил бўлди: «Ҳеч бир пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса Охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ Қудратли, Ҳикматлидир. И з о ҳ: Бу оят Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобаларга берилган танбеҳдир. Улар мушрикларнинг етмиш аскарини асир олиб, сўнг маълум товон-тўлов эвазига бўшатиб юборганларида мана шу оят нозил бўлди. Агар Аллоҳ томонидан (билмасдан қилган хатони кечиришлиги) ёзиб қўйилмаганида эди, албатта, сизларга (товон) олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлур эди. Энди ўлжа қилиб олган нарсаларингизни ҳалол-пок ҳолда еяверинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир»(Анфол сураси,67-69-оятлар).
Ибратли нукталар

Бадр ғазоти улуғ ибрат ва дарсларни ўз ичига олади. Шунингдек, у ўз динларининг вазифаларини бажаришда ихлосли бўлган, иймонларининг асосларини маҳкам тутган мўминлар учун Аллоҳ таолонинг ёрдами, мададига боғлиқ ажойиб мўъжизаларни ҳам ўз ичига олади. Биз ана шулар ҳақида қисқача айтиб ўтамиз: Биринчи: Бадр ғазотининг аввалги сабабига қарайдиган бўлсак, мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан чиқишларидан мақсад уруш, жанг қилиш бўлмаган, балки Абу Суфён бошчилигида Шом шаҳридан қайтаётган карвонни эгаллаб олиш бўлганлиги маълум бўлади. Лекин Аллоҳ таоло бу бандаларига каттароқ ўлжани, буюкроқ ғалабани ирода қилди - улар истаётган карвонни улардан узоқлатиб, ўрнига улар кутмаган Қурайш лашкарини юборди. Бунда икки ишга далил бор: Биринчи иш: кўпчилик олимларнинг иттифоқ қилишларича, душманнинг мулки мусулмонларга нисбатан босиб олиниши мумкин бўлган мол ҳисобланади. Лекин Маккадаги мол-мулклари, ҳовли-жойлари ва оилаларидан ажраб, қувиб чиқарилган муҳожирлар учун Абу Суфённинг карвонини босиб олишда бошқа узрлари ҳам бор эди, у Маккада қолган ва мушриклар эгаллаб олган мулкларининг эвазини олиш ҳаракати эди. Иккинчи иш: бу ҳаракатнинг машруълиги -қонунийлигига қарамасдан Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ундан кўра буюкроқ, зиммаларидаги бурчларига лойиқроқ мақсадни ирода қилди. Яъни у Аллоҳнинг Динига даъват қилиш ва бу йўлда жиҳод қилиш, Аллоҳнинг Сўзини олий қилиш йўлида жонни ҳам, молни ҳам фидо қилишдир. Шу сабабдан Абу Суфённинг карвони қутилиб кетди, унинг эвазига эса Қурайш жанг майдонида мағлуб бўлди. Мусулмонларни бундай тарбия қилиш қуйидаги оятда ёрқин намоён бўлади:«Ўшанда (эй мўминлар), Аллоҳ икки тоифадан (яъни карвон ва қўшиндан) бирини сизлар учун (ўлжа) қилишга ваъда берган эди. Сизлар қурол-яроғсиз тоифа (яъни карвон) ўзингиз учун бўлишини истаган эдингиз. Аллоҳ эса Ўз Сўзлари билан ҳақиқатни барқарор этишни ва кофирларнинг думини қирқишни (йўқ қилишни) ирода қилган эди» (Анфол сураси, 7-оят). Иккинчи: мусулмонлардан карвон қутилиб, ўрнига тўла қуролланган Қурайш лашкари бостириб келаётган ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу иш ҳақида саҳобалари билан қандай маслаҳатлашганлари ҳақида фикр юритсак, катта аҳамиятга эга бўлган шаръий бир далолатнинг гувоҳи бўламиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан маслаҳат қилиш асосини лозим тутдилар. У Зотнинг ҳаётларига назар ташлайдиган бўлсак, шаръий сиёсат ва тадбирларга алоқадор, Қуръонда зикр қилинмаган ишларда мазкур асосни лозим тутганликларини кўрамиз. Шунинг учун ҳам мусулмонлар Аллоҳнинг Китобида ва Расулининг суннатларида зикри собит бўлмаган ишларда маслаҳат қилишни муҳим, зарурий асос эканлигига ижмоъ қилганлар. Аммо Қуръон ва Ҳадисда аниқ белгилаб кўйилган ишларда маслаҳатга ҳеч қандай ўрин қолмайди. Учинчи: зийрак ўқувчи шундай савол бериши мумкин: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нега Абу Бакр, Умар ва Миқдод розияллоҳу анҳумларнинг жавоблари билан кифояланмай, қавмдан ҳам жавоб кутдилар ва Саъд ибн Муознинг сўзларини эшитгандан кейингина хотиржам бўлдилар, кўнгиллари кўтарилди? Жавоб: Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам бу борада ансорларнинг ҳам фикрларини билишни истадилар. Яъни ансорлар бу масалага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байъатул-ақабадаги аҳдлашувларининг бандларига чекланган ҳолларида ёндашадиларми (у ҳолда ахдлашувда қайд этилганидек Пайғамбар алайҳиссалом ансорларни жангга ва у Зотни фақат Мадинанинг ичкарисида ҳимоя қилишга чақиришлари, мажбур қилишлари мумкин, ташқарисида эмас) ёки исломий туйғулари ва Аллоҳга берган буюк аҳдлашувларидан келиб чиқиб ёндашадиларми, у ҳолда бу буюк ахдлашувнинг ҳақларини адо қилишлари, унинг масъулиятини зиммаларига олишлари лозим бўлади. Яъни Саъд ибн Муъоз берган жавобдан бизга маълум бўладики, ҳижратдан аввал Маккада ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берганлари байъат Аллоҳ таолога берган байъат экан. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинага ҳижрат қилганларида ҳимоя қилишга ваъда беришар экан, бу билан улар Аллоҳнинг Дини ва Шариатини ҳимоя қилишни ҳам назарда тутганлар. Улар аҳдлашувнинг ҳарфий матнини эмас, балки Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ўз ичига олган буюк битимни бўйинларига олганлар: «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар» (Тавба сураси. 111-оят). Шунинг учун ҳам Саъд бундай жавоб берди: «Дарҳақиқат, биз Сизга иймон келтирганмиз, Сизни тасдиқлаганмиз ва Сиз келтирган нарса ҳақ эканлигига гувоҳлик бериб, бу тўғрида ўз хоҳиш ва иродамиз билан аҳду паймонимизни берганмиз. Бас, нима қилишни ирода қилсангиз, биз Сиз билан биргамиз. Сизни Ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар биз билан мана бу денгизга бориб, унга шўнғисангиз, биз ҳам Сиз билан бирга шўнғиймиз». Тўртинчи: (Аллоҳ таолога ёлбориб дуо қилишнинг аҳамияти). Юқорида айтиб ўтганимиздек, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом саҳобаларига ғалаба хушхабарини берар, ҳатто ҳар хил ерларга ишора қилиб: «Бу фалончининг ўлиш жойи...», деб қўллари билан кўрсатар ҳам эдилар. Воқеъда ҳам худди шундай бўлди - ўшалардан ҳар бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган айни жойларда ўлишди. Шунга қарамасдан у Зот ўша жума куни кечаси ўзлари учун тиклаб берилган чодирда кафтларини самога чўзиб Аллоҳ таолога ваъда қилган ғалабасини беришини сўраб зорланиб дуолар қилдилар, ҳатто устларидан ридолари тушиб кетди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг раҳми келиб у Зотни ушлаб: «Кифоя қилар, эй Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло ваъдасини амалга оширгувчидир», деди. «Мен Қурайш қавмининг ҳалок бўлажак ўринларини кўриб турибман», дейиш даражасида хотиржам бўлган инсон нега бунчалар зорланиб дуо қилдилар? Жавоб: Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг хотиржам бўлишлари, ғалабага ишонишлари Аллоҳ таоло у кишига қилган ваъдани ҳамда Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилмаслигига сидқидилдан ишонганлари учундир. Аммо қўлларини самога чўзиб дуо-тазарруъга берилишлари Аллоҳга қуллик бурчи бўлиб, инсон айни ана шу нарса учун яритилгандир. Сабабу воситалар қанчалар бисёр бўлмасин, ғалаба фақат Аллоҳнинг ҳузуридан ва У Зотнинг иродаси биландир. Аллоҳ азза ва жалла бизни чин дилдан, ўз ихтиёримиз билан қуллик қилишимизни хоҳлайди. Аллоҳга қулликнинг энг яқин кўриниши у Зотга тазарруъли ва хокисор бўлишдадир. Инсоннинг бошига тушадиган қийинчиликлар, турли мусибатлар унга Аллоҳнинг қули эканини эслатиб турадиган, эътиборини Аллоҳнинг буюклиги ва қудратига қаратадиган омиллардир. Шунда у Аллоҳ таолодан паноҳ излайди, у Зотнинг олдида ўзининг заифлигига, қуллигига иқрор бўлади, ҳар қандай фитна-балолардан омонлик сўрайди. Агар инсон ўзининг ҳаётида мана шу ҳақиқатни англаб етган бўлса ва ҳаёт йўлини ана шу ҳақиқат билан давом эттирса, Аллоҳ таоло бандаларига буюрган йўлни топган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи в салламнинг узун дуоларида, Роббига ғалаба беришини сўраб зорланишларида ўз аксини топган қуллик сабабли ўша жангдаги буюк Илоҳий мададга лойиқ бўлдилар. Қуйидаги ояти карима шунга далолат қилади: «Ўшанда сизлар Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб:«Мен сизларга кетма-кет келадиган минг фаришта билан мадад берурман», деди(Анфол сураси, 9-оят). Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳолатларидаги қуллик, хокисорлик кўриниши билан Абу Жаҳлдаги туғён, мутакаббирлик кўринишини солиштириб кўринг. У шундай деган эди: «Бадрни эгаллаб, у ерда уч кун турмагунимизча, туялар сўйиб, зиёфатлар уюштириб, шаробхўрлик ва ўйин-кулгу қилмагунимизча ҳаргиз ортга қайтмаймиз. Шунда араблар бизнинг бу юришимизни, жамланишимизни кўриб мангу қўрқувда қоладилар». Натижа қандай бўлди - хокисорликнинг натижаси иззат, ғалаба бўлди. Мутакаббирликнинг натижаси эса мағлубият, хорлик, ўлим бўлди. Бу Аллоҳнинг абадий қонунидир. Бешинчи: (Фаришталар билан мадад бериш). Бадр мусулмонлар учун берилган энг катта мадад мўъжизасига гувоҳ бўлди. Аллоҳ таоло мусулмонларга улар билан бирга жанг қиладиган фаришталарни юборди. Бу Қуръон ва саҳиҳ ҳадислар далолати билан собит ҳақиқатдир. Ибн Ҳишом ривоят қилади: Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом чодирларида бироз мудрагандек бўлдилар-да, кейин сергакланиб: «Хушхабар, эй Абу Бакр, сизга Аллоҳнинг ёрдами-ғалабаси келди, ана Жаброил отининг тизгинидан ушлаб, елкаларига чанг қўнган ҳолда етаклаб келяпти», дедилар. Қуръонда айтилган фаришталар билан мадад беришдан мурод руҳий мадад, маънавий кўмак деб тушунадиганларнинг фикри нотўғрилигига далил Аллоҳ таоло уларни мингта деб чекланган адад билан зикр қилишидир: «У сизларга ижобат қилиб: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минг фаришта билан мадад берурман», деди» (Анфол сураси, 9-оят). Фаришталарнинг тушиши мусулмонларнинг қалбларини хотиржам қилиш учун ва адади ҳам, кучи ҳам ўзларига уч баробар бўлган душманларига қаршиАллоҳ йўлида биринчи бор жанг қилиш тажрибаси олдида турган ҳолларида қилган дуо-илтижоларига ҳиссий ижобат бўлиши учун эди. Зотан ғалаба-ёрдам фаришталарнинг мадади билан эмас, балки ёлғиз Аллоҳ таолонинг даргоҳидан бўлур. Қуйидаги оят айни шу ҳақиқатни баён қилади: «Аллоҳ фақат хушхабар бўлсин, деб ва кўнгилларингиз хотиржам бўлиши учун шундай қилди. Ғалаба (аслида фаришталар сабабли ё саноқларингизнинг кўплиги ёки қурол-аслаҳаларингизнинг қуввати билан эмас, балки) фақат Аллоҳнинг даргоҳидан бўлур. Ҳақиқатан, Аллоҳ Ғолиб ва Ҳикматлидир» (Анфол сураси 10- оят). Олтинчи: (Ўликларнинг қабрдаги ҳаёти). Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Бадрда ҳалок бўлган мушрикларнинг жасадлари чукурликка ташланган пайтда уларга қараб баланд овозда гапиришларида ва улар ҳақида Умар розияллоҳу анҳуга айтган сўзларида ўликлар учун ҳам ўзига хос, биз унинг моҳиятини билмайдиган руҳий ҳаёт мавжудлигига, қабрда азоб ва роҳат борлигига далолат бордир.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ