Уммул мўъминин Ойиша ҳаж маросимларини тугатиб, Маккани ташлаб Мадина сари йўлга чиққан пайтларида Али ибни Абу Толибга байъат қилинганлигини эшитдилар. Бу хабарни эшитгач, Маккага қайтиб келдилар. Ойиша онамизнинг бу ишларидан одамлар ҳайрон қолиб нима учун йўлдан қайтиб келдилар экан, дейишиб турдилар. Ўзларидан Маккага қайтиб келганликларининг сабабини сўраганларидан кейин иш одамларга равшан бўлди.
Зеро, Ойиша онамиз мазлумона шаҳид учун адолат истаб ва ўчларини олмоқликни талаб этиб келган эканлар. Маккада эса ҳазрати Усмоннинг қариндош-уруғлари ҳамда у зотга қадрдон бўлган кимсалар жуда кўп эди. Шу сабабли Ойиша онамиз чақириқларига жавобан тездан барчалари жам бўлиб атрофларига тўплана бошладилар. Буларга Макканинг яна бошқа одамларидан ҳам кўпчилик келиб қўшилди. Ойиша онамиз Маккага қайтиб кирган пайтларида у жанобдан «Нима учун яна қайта йўлдан келдилар?» дейилганда, «Усмон мазлумона ўлдирилди, агар мана шу ғавғо тинчитилмас экан, ҳеч қачон ишни тўғри йўлга солиб бўлмайди. Сизлар Усмоннинг қонини талаб этинглар. Исломнинг шаънини буюклатинглар», дедилар. Ойиша онамизнинг мазкур чақириқлари баъзи бир табақалар томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Талха ҳамда Зубайр худди мана шундай фурсатни кутган эдилар. Бундай кишилар Ойиша онамиз олдиларига кириб ҳайбаракаллачилик қилишди. Бу икки буюк саҳоба ҳазрати Алига байъат этганларини унутиб ҳам қўйишди. Кейин Алидан рухсат олиб ҳажга келганликларини ҳам эсдан чиқардилар, сўраганларга «Биз Алига мажбурият остида байъат берганмиз», деб жавоб бера бошладилар. Буларнинг барчалари ҳозирги даврда мусулмонларнинг энг муҳим бўлган ишлари — Усмоннинг қотилларини жазолашлик, дея райъи этдилар. Улар ҳазрати Усмоннинг қонли кўйлакларини Дамашқ шаҳрига юбордилар. Одамларни жангга чорладилар ва Усмон ҳазратларини ўлдирган кимсаларни ҳамда мана шу ишда иштирок этган кишиларни ўлдиришликка чақира бошладилар. Муовия ибни Абу Суфён эса бундай фурсатни ғанимат билиб зарбасини нишонга тўғрилаб, вақтдан фойдаланишга киришди. У ҳазрати Алига «Муовия ибни Абу Суфёндан» деган жумлагина ёзилган мактубни жўнатди. Бу ҳазрати Алига очиқ-ойдин исён этилганлигига бир ишора эди. Муовиянинг мактубларини олиб келган киши ҳазрати Алидан рухсат бўлгач, хатни топширди. Ҳазрати Али хатни ўқиш учун очсалар, оппоқ саҳифага фақатгина «Муовия ибни Абу Суфёндан Алига» деган жумла бор, холос. Хатни олиб келган элчи бу ҳолни пайқаб қаттиқ қўрқди ва менга омонлик бериладими?» деди. Унга «Ҳа, элчига зулм йўқ, сени ўлдиришмайди» дейилди. Шундан кейин элчи айтди: «Дамашқда 60 мингдан ортиқ киши Усмоннинг кўйлакларига боқиб йиғлаб турмоқдалар. Улар қасос олишни талаб этмоқдалар. Дамашқ минбарига Усмоннинг қонли куйлаклари осиб қўйилгандур. Барчалари мана шу кўйлак остига тўпланиб Усмон учун қасос олишга бир-бирларини ундамоқдалар». Элчининг ушбу гапини тинглаган Али дедилар: «Мен Усмоннинг бунчалик хунхўрлари кўплигини сезиб турибман. Эй Аллоҳ, мен сендан Усмон қонларидан қутқармоғингни сўрайман». Демак, ҳеч қандай сир қолмади. Фақат шахсий тамаъ эгалари ўз орқаларидан Уммул мўъмининни эргаштира бошладилар. Охири уларга итоат этиб қолдилар. Мадинага Муовия уруш учун тайёргарлик кўраётганининг хабари келган эди. Шомга бориб итоат этишдан бўйин товлаганларга адаб беришликдан ўзга чора қолмади. Лекин шу вақтда Зубайр ва Талха ҳамда Уммул мўъминин тўпланиб Алига қарши ҳаракат қилаётганларининг хабари ҳам келиб қолди. Бироқ Али тезикмай сабр қилдилар ва дедилар: «Уларнинг тийилишларини кутиб тураман, агар тинчиб қолишса, ҳеч нарса қилмайман». Лекин яна улар урушга тайёргарлик кўраётганликларини ҳамда Басрага қараб юришлик ниятида эканликлари тўғрисида янги хабар келиб қолди. Ушбу машъум хабарини тинглаган Али: «Агар улар шундай ҳаракат қилсалар, албатта, мусулмонларнинг бирлиги қирқилади», дедилар. Уммул мўьминин қавмга бошчилик қилган ҳолда йўлга чиқдилар. У жаноб Зубайр ҳамда Талха ва жиянлари Абдуллоҳнинг маслаҳатига қулоқ солиб улар билан йўлга чиқдилар. Кундошлари Умму Салама бу хабарни эшитиб дарҳол Ойиша онамизни йўлдан қайтаришга киришган ҳолда одам юбордилар. Мактуб ёзиб унда шундай жумлалар билан гап бошлаган эдилар: «Расулуллоҳга нима деган эдингиз? Бугун эса Аллоҳ лозим қилган хижобни йиртиб ташладингаз. Агар мен сиз ихтиёр этаётган ишни қилган бўлсам-да, кейин ўлганимдан сўнг жаннатга киринг, дейилса, албатта, мен Расулуллоҳга йўлиқишдан ҳаё қилган бўлардим». Лекин Ойиша онамиз йўлларида давом этдилар. Бундай гапларга қулоқ солмадилар. Ойиша онамизнинг атрофларидагилар чақириқни умум манфаатларни кўзлаш деган ном билан атаб, одамларни алдашга киришдилар. Шунингдек, ўзларининг ҳаракатларига Абдуллоҳ ибни Умар ва шу киши каби бошқа Ислом муттақийларини ҳам тортмоқчи бўлдилар. Бироқ бунга эриша олмадилар ва ҳамда Мадинага юриш қилишга қодир бўлиша олмади. Зотан у ерда Али бор эканлар, юриш бошлашга юраклари дов бермади. Кейин улар «Шомга қараб юрамиз, чунки у ерда сизлар хунини талаб этаётган кишининг қариндоши бор», дедилар. Ушбу фалокатли ҳолатда Марвон ибни Ҳикам ҳам четда ҳолмади. Зеро, унинг Усмон даврларида қандай ишлар юритганлиги ва Усмоннинг фитналарига асосий сабабчи бўлганлиги ўтган бобларда айтилгандур. Ҳазрати Али уни қилмишига яраша мансабидан бўшатганлари сабабли тинчиб турмай, балки Алига қарши иш юритарди. Бутун йўл-йўриқларни, кўрсатмаларни бериб турди. Тортиша-тортиша улар Шомга боришликдан воз кечадиган бўлдилар. Чунки Шомга боришса, Муовия билан ўрталарида келишмовчилик чиқиши турган гап эди. Ичларидан битталари Басрага бориш керак, деган таклифни киритади. Уларнинг ҳаммалари шунга рози бўладилар. Ойиша онамизни ҳам мана шу таклифни қабул қилишга кўндирадилар. Ойиша онамиз ҳам уларнинг Басрага боришлик фикрига қўшиладилар. Талха билан Зубайр, Абдуллоҳ ибни Умарни ўзларига қўшиб олишга яна бир уриниб кўрадилар. Лекин Абдуллоҳ уларга қараб: «Эй шайхлар, Ойиша онамизнинг уйлари хавдажларидан кўра, ўзларига яхшироқ эканлигани, сизларга эса Мадина Басрадан кўра хайрлироқ эканлигани, бўйсинишлик қилич тутишингиздан кўра афзалроқ эканлигани билиб олинглар. Алига қарши курашганлар, албатта, яхши кишилар бўлаолмайдилар», дедилар. Шундан кейин жарчилар кишиларни Уммул мўъминин сафларига қўшилишга чақира бошладилар. Басра ҳамда Яман закот моли ёрдами билан тайёрланган каттагина қўшин ҳам Ойиша онамизга эргашди. Яман ва Басра закотини ибни Забат ва ибни Омир йиғдириб шаръий ҳукумат бойлигига юбортирмаган эди. Қўшин ҳали Маккадан Басрага томон йўл солмай туриб Мўғира ибни Шуъба ибни Саъд ибни Ос билан Талха ва Зубайра ўрталарида кескин тортишув келиб чиқди. Тортишувнинг асосий сабаби Алининг устиларидан ғалабага эришилган чоқда ким халифа бўлади, деган масала эди. Талха билан Зубайр «Иккимиздан биримиз бўламиз» дея жавоб берадилар. Унга қарши Саъд ибни Ос эса «Йўқ, сизлар эмас, балки Усмоннинг ўғилларидан бирига топширасизлар» деди. «Ундан кўра мухожирларни чақириб, уларнинг болаларига топшириб қўя қоламизда» дедилар. Шу пайт Саъд ибни Ос Ойиша онамизнинг олдиларига келади ва у кишидан мақсадлари нима эканлигини сўрайди. Ойиша онамиз «Мен Басрага Усмоннинг хунларини талаб этиб бормоқдаман» дейдилар. Шунда Саъд «Усмоннинг қотиллари сиз билан бирга-ку» дейди. Баъзи одамларга иш нимада эканлиги равшан бўлиб қолди. Бу ўч олиш талаби эмас, балки мансаб тамаъсида уюштирилган бир фитна эканлигини тушуниб қолдилар. Бу орада Алига фитна авж олаётганлиги хабари келиб туради. Ҳазрати Али ҳам нима иш қилиш, қандай чора кўриш тўғрисида ўйлай бошладилар. Агар индамай сабр этиб тураверсалар, улар ҳазрати Алини таҳқирлайдилар ва агар уларнинг ҳаракатларига яраша ҳаракат қилиб урушсалар, зеро ҳар икки фирқа ҳам омон топаолмайди, деб фикр юритадилар. Агар улар яхшилик-ла унаб қўяқолсалар эди, ҳазрати Али тинчлик йўлини тутиб улар устидан ғолиб келадилар. Ҳазрати Алининг сафдошлари эса уларга қарши қўшин билан чиқиб жанг қилишга қизиқтира бошладилар. Лекин Али ўзларининг маслакларида маҳкам турдилар. Яъни тинчлик билан масалани ҳал қилиш йўлини ушлашда давом этдилар. Абдуллоҳ ибни Садам Алига учрашиб Мадинадан ташқарига чиқмасликларини ўтиниб сўрадилар. «Агар четга чиқсангиз, кейин ҳаргаз Мадинага кираолмайсиз», дедилар. Ҳазрати Али ушбу раъйга мойил бўлдилар. Бироқ атрофларидаги жамоат у зотни мажбуран четга чиқардилар. Бироқ Али ҳануз уруш бошланмаслик қарорида маҳкам турдилар. Масалани тинчлик ва сулҳ йўли билан ҳал этишга ҳаракат этдилар. «Икки фирқа ўзаро тортишиб ҳар қайси томонда булсунлар. Кейин ўшани қабул қилсунлар, токи Ислом миллатининг бирлиги аввалда бўлган ҳолига қайтсун», деган рағбатда бўлдилар. Ҳазрати Али ўз қўшинлари сафига Усмоннинг ўлдиришликда иштирок этганлиги эҳтимоли бўлган кимсани ёки мана шу ишга кишиларни қизиқтирилганлиги эҳтимоли бўлган кимсаларни олмасликка ҳаракат этдилар. Ҳазрати Али қўшинни тайёрлаб турган пайтларида сафдошларидан бири: «Ҳазрати Али, бу билан нима истайсиз?» деб сўради. Ҳазрати Али унга: «Агар улар бизнинг таклифимизни қабул қилсалар ва бизга итоат этсалар, сулҳни хоҳламай ва агар бизга итоат этмоқни истамасалар, тақдир уларга нимани кўрсатса кўрсунлар, дея ўз ҳолларига ташлаб ҳўйиб сабр этиб турамиз, агар бунга ҳам рози бўлишмаса, бизларни ўз ҳолимизга тинч қўйинглар деймиз ва агар бизни ўз ҳолимизга тинч қўймоққа ҳам рози бўлмасалар, унда улардан, ўзимизни мудофаа этамиз», деб жавоб бердилар. Мақсадлари тинчлик ҳамда мусулмонларнинг умум бирликларини сақлашлик эканлигини такрор-такрор айтиб турдилар. Басра аҳолиси икки кимсага, Уммул мўъмининга ёрдам этувчи ҳамда ҳазрати Алига тарафдорлик қилувчиларга бўлиниб кетди. Ҳазрати Али қўшинлар Басра остоналарига етиб келмасдан бурун у ердагиларни сулҳга ва ҳамкорликка чақириш учун элчилар юбордилар. Ҳазрати Али қуролсиз юзма-юз туриб, ҳақиқий ниятларини нима эканлигиии билиб олишлари учун улар билан учрашишликни ихтиёр этдилар. Басраликлар қўшини олдида ҳазрати Зубайр уруш қилмоққа мойил эканликларини билдириб, қуролланган ҳодда адл қомат-ла турардилар. Ҳазрати Али Зубайр томонга қараб қилич ҳам тақмай, совут ҳам киймай, оддий киймда юрдилар. Бориб қарасалар, Талха ҳазратлари ҳам мукаммал қуролланган ҳолларида тайёр турибдилар. Ҳар иккалаларининг олдиларига бориб уларга қараб: «Умримга қасамки, сизлар отларни, одамларни жангга тайёр ҳолга келтириб қўйибсизлар. Бироқ қиёмат куни Аллоҳ субҳона олдига борганингизда унга айтадиган узрларингизни ҳам тайёрлаб қўйдингизми? Аллоҳдан қўрқинглар, бундай бемаъни урушга бел боғлашдан тийилинглар. Сизлар ўзи аввалда маҳкам этган арқонни ўзи чуваб ташлайдиган кимса каби бўлманглар. Зеро, мана шу буюк Ислом жамиятини барпо этишда ўзингизнинг бениҳоя хизматларингиз сингган. Эндиликда эса уни парчалаб ташловчи кишилардан бўлиб қолманглар. Сизларни тутаётган ушбу ишларингиз Ислом жамиятини қисматга қадар бирлаша олмаслик фитнасига гирифтор этмасун, ўзимиздаги ички адоватга барҳам бермасак, тезда бизни ташқи душманлар мағлуб этажак. Мана шундай мағлубият амалига учрамаслигимиз даркор. Акс ҳолда биз ички тортишувни бир ёқлик қилмай ўзаро биродаркушлик оловини ёқиб юборсак, келажак авлодларимиз учун ғоятда катта хиёнат қилган бўламиз. Куч фақат бирликдадур. Қайси миллат бирлигини йўқотса, ўша миллат келажаги учун қайғурмаган бўлади. Ўзига ҳалокатни лозим этиб олган бўлади. Ўртадаги келишмовчиликлари-мизни ўзаро келишиб Аллоҳнинг улуғ китобига ҳамда Аллоҳнинг муборак Пайғамбарининг кўрсатган йўлларига амал қилган ҳолда бартараф этмоғимиз даркор», дедилар. Ҳазрати Алининг гапларини тинглаб турган ҳазрати Талха Алига қараб: «Сиз Усмонга қаршилар томондасиз, Усмон қотилларига лаънат бўлсун!» — дедилар. Кейин ҳазрати Али Талхага қараб: «Менга байъат этган эдингиз-ку?» — дедилар. Бунга жавобан Талха: «Мен мажбуран байъат этган эдим»,— дедилар. Ҳазрати Али Зубайр қалбларини юмшатадиган нарсаларни эслатиб шундай дедилар: «Бир куни Расулуллоҳ ҳазратлари билан бани Ғанам маҳалласидан бирга ўтиб кетаётганимизда Расулуллоҳ менга табассум қилдилар. Шунда мен ҳам у Зотга қараб табассум этдим. Кейин сиз у жанобга «Абу Толибнинг ўғли гердайишни ташламайди-я», дедингиз. Расулуллоҳ ҳазратлари сўзингизни тинглаб туриб сизга, у асло гердайган эмас, албатта, сиз унга золим бўлмаган ҳолда қитол уруш этасиз» деганлари эсингиздами? Зубайр Алининг гапларидан кейин қалблари юмшаб аҳдларидан қайтдилар. У киши, мен Алига қарши уришмоқчи эмасман, деб қасамёд этардилар. Хусусан, Аммор ибни Ёсир ҳазрати Али билан бирга эканликларини билганликларидан сўнг бутунлай шаҳдларидан қайтдилар. Чунки Расулуллоҳ ҳазратлари Амморга қараб «Сизни золим гуруҳлар ўлдиради» дегандилар. Ҳазрати Зубайр бу хабардан огоҳ эдилар. Зубайр хато қилганликларини сезгандек бўлдилар. Зеро, у киши Аллоҳ учунгина амал қиладилар. Ҳар вақт Аллоҳ учун қилинган амал ҳақиқатга қайтувчироқ, тўғри йўлни топгувчироқ бўлади. Шундан кейин ҳаммалари бир-бирларини тушунган ҳолда ўз қавмларини олдига қайтиб кетдилар. Барчалари энди, албатта, сулҳга келинади деган ишонч билан тарқалишдилар. Лекин Алининг душманлари фурсатни ғанимат билиб тунда хоинона иш юритишга, қандай бўлмасун икки тоифа ўртасига нифоқ солиб уруштириб юбормоқлик ҳаракатини бошладилар. Бунда асосий ишни яманлик яҳудий ибни Сабоъ бажарди. Тунда бир неча кишиларга хоинона найза санчиб ўлдирилди. Бирдан тўс-тўполон кўтирилиб кетди. Ҳеч ким жангни ким бошлагани ва найза қаердан келиб санчилаётганини ҳам билолмасди. Тундаги тўполонда икки тоифа бир-бирига аралашиб кетишганидан ким-кимни ўлдираётгани, душманими ёки биродарини — билолмасди. Ҳазрати Али шовқин-суронни эшитиб олишув бўлаётган жойга бордилар ва одамларга қараб: «Эй одамлар, тинчланинглар, тинчланинглар!» деб қаттиқ овозда қичқирдилар. Йўлда учраган кимсадан нима бўлаяпти, деб сўрадилар. У одам «беҳосдан бизнинг устимизга улар ҳужум ясадилар. Биз уларни келган томонларига юбордик», деб жавоб берди. Ундан бу жавобни эшитган Али «Зубайр билан Талха қон тўкмагунларича тийилмасликларини билган эдим. Улар ҳаргиз бизга итоат этмаслар», деб ўйладилар. Кейин қўлларига Қуръонни кўтарган ҳолда аскарларини айланиб юриб, ким ушбу Қуръонни қўлига олиб уларни мана шу китоб ҳукмига қайтмоқликга даъват эта олади, деб қаттиқ овоз-ла қичқирдилар. Алининг чақириқларига қуфалик бир ёш йигитча «Мен олиб бораман!» деб ўрнидан туради. Ҳазрати Али йигитга қараб... «Эй йигит, агар ўнг қўлингни кесиб ташласалар, чап қўлинг билан маҳкам ушлайсан ва агар чап қўлингни ҳам кесиб ташласалар, унда тишинг билан маҳкам тишлаб оласан», дедилар. Йигит, албатта, шундай қиламан, деб сўз берди. Шундан кейин ҳазрати Али Қуръонни бердилар ва унга қараб: «Эй йигит, буни уларга рўбарў қил ва «Бу сиз билан бизнинг ўртамизни ҳал қилувчи нарсадур. Аллоҳ сизларни ҳам, бизларни ҳам қонимизни тўкмоқликни харом қилган», деб айт», дедилар. Йигит қўлига Қуръонни олиб боши узра баланд кўтарган ҳолда улар томонга жўнади. Бироқ улар йигитнинг чақириғига қулоқ ҳам солмадилар. Ўзини найза билан парчалаб ташладилар. Ишнинг бу тариқа тус олганини кўрган ҳазрати Али уруш қилишдан бошқа чора қолмаганини сездилар. «Эндиликда уларга қарши урушмоқлик ўз-ўзидан рухсатли бўлди», дедилар. Ҳарбий саркардаларни чақириб қўшинга тартиб беришликка амр этдилар. Каъб ибни Сувор жамал сафида туриб аҳволни кузатардилар. Ҳазрати Али томонларидаги қўшинларнинг сафга тизилиб жанговар ҳолга келтирилаётганини кўриб шошилинч равишда Уммул мўъминин Ойиша онамиз ҳузурига чопдилар. Олдиларига етиб келган заҳотиёқ Ойиша онамизга қараб: «Ё Уммул мўъминин, кишилар жангга қаттиқ ҳозирлик кўриб қолишди, ўртада беҳуда қон тўкиладиганга ўхшайди. Шояд, Аллоҳ сиз туфайли буларнинг ўртасини ислоҳга келтирса», дедилар. Ойиша онамиз Каъбдан бу сўзларни эшитган заҳотлариёқ ўринларидан туриб: «Эй Каъб, туядан туш ва уларга Аллоҳнинг Қуръонини рўпарў қилиб ҳаммаларини мана шу китоб ҳукмига итоат этишликка чақир», деб Каъбни қўлларига Қуръонни тутқаздилар. Каъб ҳануз китобни рўпарў қилишга ҳам улгурмай туриб ногаҳоний келиб теккан ўқдан аввалдаги зикри ўтган бола каби ер тишлаб қолдилар. Ойиша онамиз буни кўриб, ўринларидан туриб одамлар ўртасида: «Эй болаларим, Аллоҳдан ўзга ҳамма нарса ўткинчидур. Аллоҳни унутманглар, ҳисоб кунини ҳам эсадан чиқарманглар», дея қичқира бошладилар. Афсуски, бирон кимса ҳам у Зотнинг гапларига қулоқ солмади. Бирдан икки ўртасида жанг қизиб авжга чиқди. Ер бетини қонлар ила лолазор этди, кишилар жасади-ла мозор айлади. Ҳар икки тараф кишилари ҳеч қандай тўхтовсиз жангга кириб бир-бирларини аёвсиз равишда тиғдан ўтказдилар. Мана шундай тўполон авжига чиқиб, қир-пичоқ бўлиб турган пайтда, Алининг сафдошларидан бўлган Абдулқайс қабиласидан бир киши олдинга отилиб чиқди ва одамларга қараб ҳаяжонланмай: «Эй одамлар, мен сизларни Аллоҳнинг китобига итоат этишга чақираман», деди. Одамлар унинг гапини эшитишни ҳам хоҳламай унга қараб: «Аллоҳнинг ҳаддини бажармайдиган одам қандай қилиб Аллоҳнинг китобига кишиларни чақира олади? Аллоҳга чақираётган Каъб ибни Суворни ким ўлдирди?», деб шовқин-суронила қичқирдилар. Жанг авжига чиқиб ақлдан кўра вахшийлик ҳукмронлиги кишиларга таъсир кўрсата бошлади. Жамал сафида урушаётганлар бир-бирларини «Эй Усмоннинг ўч олувчилари» деб атай бошладилар. Улар Усмоннинг қотилларини баланд овоз ила лаънатлашар эдилар. Ҳазрати Али уларнинг гапларини эшитиб: «Аллоҳ Усмоннинг қотилларини лаънатласун», дедилар. Шу пайт ҳазрати Алининг ёнларига сафдошларидан бўлган ибни Хўжайн деган киши келиб: «Эй амирал мўъминин, бизнинг қаршимизда юз минг яланғоч қилич турибди. Ўнг қанот ҳамда чап қанот ҳимоячилари чекинишга бошлади. Сиз бўлсангаз, ҳали ҳам уйқусираб турибсиз», дедилар. Бу гапни у одам шунинг учун айтдики, ҳазрати Али қўшиннинг ўртасида жанг майдонига кириб қолганликларини сезмасдан бепарво турган эдилар. Бу гапдан кейин Али турган ўринларини тарк этиб, четга чиқиб Раббилларига ғоят дилгирлик ила ёлвориб мурожаат этишга киришдилар. Дуолари ушбудур: «Эй бутун борлиқни йўқдан барпо этган Зот, сен билурсанки, мен Усмоннинг орқаларини қора қилган эмасмен. Ўзинг бугун мадад айла.» Шундан кейин тезлик билан ўринларидан туриб уларнинг ҳужумларига қарши мудофаа уюштиришлик зарурлигини тушундилар. Жумодил ойининг охирги кунида бошланган жанг Басра ерида кун бўйи тўхтамай давом этди. Икки гуруҳ бир-бирига тинимсиз ҳужумлар уюштириб бир-бирларининг қонларини аёвсиз тўкдилар. Шунчалик жанг қаттиқ тус олдики, бир нафас дам олишга ҳам ҳеч илож тополмай қолди. Аввалда камондан ўқ узиш билан бошланган жанг бора-бора авжига миниб охири тўс-тўполонга айланиб кетди. Ҳазрати Али байроқни олиб ўғиллари Муҳаммад Ханафийга бериб: «олға юр!» дедилар. Муҳаммад у кишига боқиб: «олға юришга ҳеч илож йўқ, олдинда найза тишлари турубдур», дедилар. Ҳазрати Али ундан байроқни тортиб олдилар-да, қўлларига кўтариб ўнг қўлларида машҳур зулфиқорларини кўтариб якка ўзлари душман қўшинига ҳужумга ўтдилар. Тарих баҳодирлари эга бўлмаган бундай мардонаворликка ягона Али ибни Абу Толиб эга бўлдилар. Алининг сафдошлари ҳам баробар Алидан ўрнак олиб шижоат-ла ҳужумга ўтдилар. Жамал аскарлари ғалаба ила гердайиб туришарди. Улар бундай шижоат-ла уюштирилган ҳужумдан саросимага тушиб орқаларига қараб тум-тарақай қочдилар. Сафлари бутунлай бузилиб тартибсиз ҳолда сочилиб кетди. Зубайр ибни Авом ҳам жанг майдонини ташлаб қочдилар. Аввалроқ Талҳа ҳазратлари ғойиб бўлиб қолган, эдилар. Ҳазрати Алига бир туянинг ҳимояси туфайли одамларнинг бекордан бекорга фожеа ҳолатда ўлаётганлари жуда қаттиқ оғир ботди. Шу сабабли Али Аштар билан Аммор ибни Ёсирни чақириб мазкур туяни сафдан чиқариш тўғрисида уларга амр этдилар. Зеро, туя бир ёқли қилинмагунча ўртадаги беҳуда қон тўкилиши ҳам пасаймас. Улар туяни ўзларига қибла қилиб олиб унинг ҳимоясига ғоят жон-дилдан қаттиқ бел боғлагандилар. Бироқ туянинг олдига боришлик даҳшатдан-дахшатлироқ, қанчадан-қанча жасур атоқли кимсаларнинг, улуғ -кишиларнинг ўликлари қолиб кетди. Мана шу туяни йўқотиш учун етмишдан ортиқ қурайш баҳодирларининг оналари боласиз қолди. Хотинлари бева, болалари эса етим бўлдилар. Ҳазрати Али мазкур жангни тезроқ ҳал этиб тўхтатишни ўйлайдилар. Лекин ҳеч иложи йўқ каби эди. Чунки туя бошини кўтариб байроқ каби уларнинг ўрталарида қаққайиб турарди. Ҳимоячилар ҳамма нарсани бутунлай унутиб уни бениҳоя садоқат-ла ҳимоя этишарди. Бир гуруҳ туя ҳимоясида туриб жон берса, ўрнига бошқаси келиб яна ҳимояни давом эттирарди. Ҳазрати Али, одамлар мабодо туя тирик тураркан, асло тарқалмасликларини аниқ билардилар. Ёки Ойиша онамиз бирор дайди ўқдан шикаст топиб йиқилсаларгина уларнинг шидатлари пасайиши мумкин эди. Ҳазрати Али Ойиша онамизнинг мана шундай бирор дайди ўқдан ўлим топишларидан қаттиқ қўрқдилар. Агар шундай ҳол юз берса, Расулуллоҳ ҳазратларига қайси юз билан учрашаман, деб қаттиқ изтиробда қалдилар. Шу сабабли сафдошларига қараб «туяни сўйинглар, агар туя ўлдирилса, улар тарқаб кетадилар», дедилар. Кейин бани Сақфа қабиласидан бўлган . бир кишига ишора қилмб: «Эй Ибни Далжа, сен туянинг олдига бор», дедилар. Ибни Далжа ҳам бир ҳийла ишлатиб туянинг олдига етиб борди ва оёғини кесиб ташлади. Туя оғриқдан қаттиқ бўкирган ҳолда ерга ётиб қолди. Одамлар бу аҳволни бехосдан юз берганини кўриб, ҳушлари бошларидан учди. Туя ерга юмалаган дамда ҳазрати Али одамларга қараб: «Эй одамлар, сизлар, албатта, омонликдасиз», деб қаттиқ овоз билан қичқирдилар. Кутилгани каби ўртадаги можаро ҳам бирдан тўхтаб қолди.
Ризоуддин ибн Фаҳриддин «Хулофои рошидин» китобидан.