3 жумадис сони 1446
Ҳабиб ибн Зайд ал-Ансорий

Бу уйнинг ҳар бурчида иймон ва хотиржамлик ҳукм сурар эди. Хонадон соҳибларининг ҳар бири дин йўлида фидокорлик кўрсатадиган чин иймонли кишилар эди. Ҳабиб ибн Зайд ал-Ансорий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ҳам худди шу саодатманд хонадонда улғайди. Ҳабибнинг отаси Зайд ибн Осим Ясрибнинг илк мусулмонларидан эди. У хотини ва икки ўғли билан Ақобада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилди ва  Ақобада қатнашган  етмиш саҳобийнинг бири бўлди. Онаси Умму Амора Насиба ал-Мозиния Аллоҳ дини ва Пайғамбарини душманлардан ҳимоя этишда қатнашган жасур аёллардан эди. Укаси Абдуллоҳ Уҳуд куни Пайғамбар алайҳиссаломни қаттиқ ҳимоя қилган ўғлонлардан эди. Коинот фахри бу машҳур хонадон ҳаққига Аллоҳнинг раҳмати ва баракасини тилаб дуо қилган эдилар.

* * * Ҳабиб ибн Зайд қалбига тушган илоҳий нур унинг бутун ҳаётини чароғон қилиб юборди. У отаси, онаси, холаси ва акаси билан бирга Маккага бориб, Ислом тарихида чуқур из қолдирган муҳим воқеада иштирок этганини яхши эслайди. Ўшанда тун зулмати қўйнида жажжи қўлчасини Аллоҳ Расулига узатиб, у Зотга содиқ бўлишга байъат қилган эди. Ўша кундан бошлаб Пайғамбар алайҳиссалом Ҳабибга ота-онасидан ҳам суюкли, у Зот тарғиб қилаётган дин ҳаёти мазмуни бўлиб қолди. * * * Ҳабиб ёши кичиклиги учун Бадрда қатнашмади, ҳали бола бўлгани учун Уҳудда ҳам иштирок этолмади. Аммо шундан кейинги барча муҳорабаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлди, у Зотга содиқ ва фидокор эканини ҳар қадамда исботлади. Айниқса, унинг сохта пайғамбар Мусайлима Каззобга Пайғамбар алайҳиссалом мактубларини олиб боргани воқеаси тарих саҳифаларидан муносиб жой олган. …Ҳижрий тўққизинчи йили Ислом қаддини ростлаб, оёққа туриб олди, шон-шуҳрати атрофларга тарқади. Араб жазирасининг турли бурчакларида яшовчи қабилалар вакиллари Ясрибга бетўхтов қатнашар, Аллоҳнинг Пайғамбарига иймонларини изҳор этиб, у Зотга итоат қилишга байъат беришар эди. Нажд воҳасида яшовчи Бани Ҳанифа қабиласидан ҳам вакиллар келишди. Улар туяларини Мадина ташқарисида қолдириб, уларга қараб туришни Мусайлима ибн Ҳабиб ал-Ҳанафий исмли кишига тайинлашди. Ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, қабиладошларининг бари Исломга кирганини эълон қилишди. Пайғамбар алайҳиссалом Бани Ҳанифа вакилларини иззат-икром билан кутиб олдилар, ҳаммаларига ҳадя бердилар, ҳатто туяларга қараб қолган Мусайлимани ҳам эсдан чиқармадилар. * * * Вакиллар Наждга етиб улгурмасларидан Мусайлима ибн Ҳабиб Исломдан қайтди. Қайтибгина қолмай, ўзини Пайғамбар деб эълон қилди. Одамларга:«Мен ҳам пайғамбарман, Аллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳни Қурайш қабиласига Расул қилиб юборгани каби мени Бани Ҳанифага элчи қилди», деб гапира бошлади. Қавмдошларидан баъзилари унга эргашишди, бунинг асосий сабаби маҳаллийчиликка бориб тақалар эди… Мусайлима атрофидаги кишиларни ўзига бўйсундириб, анча куч тўплаб олгач, пайғамбарлик даъвоси билан ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб юборишга журъат қилди. * * * Мусайлиманинг бузғунчилиги ва ёлғончилиги кучайиб кетганидан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом уни залолатдан қайтариш учун мактуб тайёрлатдилар. Чопарлик вазифасига Ҳабиб ибн Зайдни танладилар. Ўша пайтда Ҳабиб бошидан оёғи учигача иймон билан тўлган бақувват ва тадбирли йигит эди. У Пайғамбаримиз мактубларини Бани Ҳанифа макон тутган Нажд ўлкасига олиб борди ва Мусайлимага топширди. Нома билан танишиб чиққан Мусайлиманинг дилидаги ғарази ва адовати янада кучайди, одамларига айтиб Ҳабибни кишанлашга буюрди. * * * Эртасига Мусайлима тўпланган оломон олдига Ҳабиб ибн Зайдни келтиришни буюрди. У ғазаб билан Ҳабибдан сўради: – Муҳаммаднинг Аллоҳ элчиси эканига гувоҳлик берасанми? – Албатта, – деди Ҳабиб, – Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ! – Менинг Аллоҳ элчиси эканимга-чи?! – Биласанми, қулоғим вазминроқ, нима деганингни эшитолмадим… Масхара оҳангида берилган жавобдан Мусайлима ғазабга миниб, илон каби тўлғона бошлади. Одамларига Ҳабибни қийнаб ҳалок қилишни буюрди. Ҳолсизланиб кучдан қолган чопарнинг лаблари орасидан чиққан охирги сўз «Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимаси бўлди. * * * Ўғлининг фожиали ўлими ҳақида онаси Насиба ал-Мозинияга хабар беришганида у бундай деди :«Мен уни шундай ўлим топишини сезгандим… Ажрини Аллоҳдан умид қиламан. Ўғлим кичиклигидаёқ Расулуллоҳга байъат берган эди, катта бўлганида унга вафо қилди… Агар Аллоҳ менга Мусайлима билан учрашиш имкониятини берса, унинг қасосини, албатта, оламан». Насиба орзу қилган кун ўзини кўп куттирмади. Мадинада Абу Бакр Сиддиқ Мусайлимага қарши курашга сафарбарлик эълон қилганида қўшин сафида Насиба ва унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Зайдлар ҳам бор эди. Аёл интилган нарсасига эришди, тўқнашув чоғида ҳалок этилган сохта пайғамбарнинг қонига беланиб ётган жасадини кўриб кўнгли таскин топди…

«Пайғамбар саҳобийлари тарихи» китоби асосида Аҳмад Муҳаммад тайёрлади.

21:14 / 06.08.2012
Аввалги мақола
Рабиъа ибн Каъб
Кейинги мақола
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...