Рабиъа ибн Каъб розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашуви ҳақида бундай ҳикоя қилади: «Қалбим имон нури билан чароғон бўлганида мен ёшгина йигитча эдим. Илк марта Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам кўришга мушарраф бўлганимдаёқ у Зотни қаттиқ яхши кўриб қолдим. Аллоҳнинг Пайғамбарига бўлган муҳаббат бутун фикри-зикримни эгаллаб олди. Бир куни хаёлимга бундай фикр келиб қолди: «Эй Рабиъа, Пайғамбар алайҳиссалом хизматларига кирмайсанми? Агар таклифингни қабул қилсалар, ҳамиша ёнларида юриб, суҳбатларидан баҳраманд бўлардинг, дунё ва охират яхшиликларини қўлга киритардинг». Шу заҳоти умид билан Фахри коинот ҳузурларига бордим, хизматларини қилмоқчилигимни айтдим. У Зот умидимни йўққа чиқармадилар, ходимликка олдилар. Шу кундан бошлаб Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломдан бир қадам ҳам узоққа кетмадим, қаерга борсалар, ҳамроҳ бўлардим. Нигоҳлари тушиши билан олдиларига чопиб бораман. Бирор нарсага эҳтиёжлари бўлса, бажаришга шошаман. Кун бўйи бирга бўлиб, хизматларини қиламан. Хуфтон намозидан сўнг уйларига кириб кетганларида мен ҳам қайтмоқчи бўлардим, аммо бир фикр кетишдан тўсиб турарди: «Қаёққа борасан, Рабиъа, мабодо тунда Расули акрамнинг ишлари чиқиб қолса-чи?» деб ўйлар ва эшик ёнида тонг оттирар эдим».
* * *
«Пайғамбарими алайҳиссаломнинг ажойиб одатлари бор эди: бир яхшилик қилган кишига яхшилигини ўн чандон қилиб қайтарар эдилар. У киши менинг хизматларимни ҳам тақдирламоқчи бўлиб ҳузурларига чорладилар. Борсам, у Зот: – Рабиъа, мендан бирор нарса сўра, – дедилар. Нима сўрашни билмай ўйланиб қолдим: – Эй Аллоҳнинг элчиси, менга бироз муҳлат беринг, олдин ўйлаб олай, кейин нима кераклигини айтаман. У киши кўндилар. Ўшанда на оилам, на мол-дунём, на уй-жойим бор эди. Ўзимга ўхшаган фақир мусулмонлар қатори масжид супасида кун кечирар эдим. Одамлар бизни «Ислом меҳмонлари», «супа эгалари» деб аташарди. Ким Пайғамбар алайҳиссаломга садақа-эҳсон олиб келса, барини бизга юборар, кимдан ҳадя олсалар, арзимаган қисмини олиб қолиб, қолганини «Ислом меҳмонлари»га тарқатар эдилар. Ўйлай-ўйлай: «Пайғамбаримиздан бойлик сўрасаммикин, қашшоқликдан қутулиб, бошқалар каби ҳовли-жой, бола-чақа қилардим», деган хаёлга ҳам бордим. Аммо дарров бу фикримдан қайтдим: «Нималар деяпсан, Каъбнинг ўғли, мол-дунё ўткинчи нарса, Аллоҳ азза ва жалла ризқингни бериб қўйибди, хоҳласангу хоҳламасанг келаверади. Расули акрам Парвардигор ҳузурида шундай мақомга эгаларки, нима сўрасалар, рад этилмайди. Шундан фойдаланиб, Аллоҳдан охират яхшилигини сўрамайсанми?» Бу фикрдан кўнглим равшан тортди. Хушнуд ҳолатда Сарвари олам жанобимизнинг олдиларига бордим. – Хўш, нима дейсан Рабиъа, – дедилар у Зот. – Эй Аллоҳнинг элчиси, дуо қилинг, Аллоҳ мени жаннатда сизга йўлдош қилсин, – дедим. – Буни сенга ким ўргатди? – деб сўрадилар. – Ҳеч ким. Олдинига бойлик сўрамоқчи ҳам бўлдим, аммо тезда ўткинчи яхшиликдан абадий неъматни афзал билиб, сиз билан жаннатда бирга бўлишни сўрашни Аллоҳ дилимга солди. Расули акрам узоқ вақт сукут қилиб қолдилар. Кейин: – Балки бошқа бирор нарса сўрарсан? – дедилар. – Йўқ, – дедим қатъий, – менга бошқа нарсанинг кераги йўқ! – У ҳолда менинг дуойим қабул, сенинг талабинг ҳосил бўлиши учун кўп сажда қил, – дедилар Сарвари олам. Шундан кейин янада кўпроқ ғайрат билан ибодат қиладиган бўлдим. Чунки Пайғамбаримизга алайҳиссаломга дунёда ходим ва суҳбатдош бўлганим каби охиратда ҳам ҳамроҳликка эришиш иштиёқида эдим».
* * *
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рабиъа ибн Каъбдан розияллоҳу анҳудан: «Уйланмайсанми?» деб сўраб қолдилар. У: «Хизматингиздан кетишни истамайман, кейин уйланишга маҳрни қаердан оламан, уни қандай боқаман», деб жавоб қилди. Орадан кўп ўтмай Фахри коинот яна таклифларини қайтардилар. Рабиъа: «Аҳволим ўзингизга маълум, менга ким ҳам қизини берарди?» деди. Шунда у Зот Рабиъани бир кишининг уйига қизини сўратиб жўнатдилар. Рабиъа ўша кишининг қизига унаштирилиб қайтди. Сўнг Пайғамбар алайҳиссалом Рабиъа мансуб бўлган бани Аслам қабиласи улуғларини чорлаб, келин маҳри учун данак вазнида тилла йиғиб беришни буюрдилар. Тўй қилиш муаммоси кўндаланг бўлганида йигитга яна Расули акрам ёрдамга келдилар. Қабиладошларини тўплаб, тўй харажатларини уларга юкладилар. Келинникида тўй зиёфати бўлди, энг азиз меҳмон Аллоҳнинг севимли элчиси бўлдилар.
* * *
Пайғамбар алайҳиссалом ёш келин-куёвга Абу Бакр Сиддиқ ери ёнидан жой ажратиб бердилар. Ҳаётига дунё кириб келган Рабиъа бир куни Абу Бакр Сиддиқ билан бир туп хурмо дарахти кимнинг ерида эканини билолмай тортишиб қолишди. Шунда Абу Бакр оғзиларидан йигит шаънига нолойиқ сўз чиқиб кетди. У киши шу заҳоти Рабиъадан жавоб қайтариб, қасосини олишни сўрадилар. Йигит кўнмади. Шунда Абу Бакр Сиддиқ Рабиъадан шикоят қилиш учун Расули акрам ҳузурларига кетдилар. Абу Бакр бўлган можарони Пайғамбаримизга оқизмай-томизмай айтиб бердилар. Аллоҳнинг элчиси Рабиъадан: – Ҳа Рабиъа, Сиддиқ билан ораларингда нима гап қочди? – деб сўрадилар. – Эй Аллоҳнинг элчиси, у киши мендан ўзларига ўхшаб номуносиб гап айтишимни талаб қилдилар, мен айтмадим… – Тўғри, у гапни айтма, ўрнига «Аллоҳ сени кечирсин, эй Абу Бакр», дегин, деб насиҳат қилдилар. Рабиъа Пайғамбар алайҳиссалом ўргатган сўзларини такрорлади: – Аллоҳ сизни кечирсин, эй Абу Бакр! Сиддиқнинг кўзлари ёшланди. Орқаларига ўгирилиб кетар эканлар: «Аллоҳ сенга менинг номимдан мукофот берсин, эй Рабиъа ибн Каъб, Аллоҳ сендан рози бўлсин», деб пичирладилар.
Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади. Саҳобийлар ҳаёти