«Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам! Албатта, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?» – деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди» («Вас-соффаат» сураси, 102-оят).
Бу ояти каримадаги ота-бола ўртасидаги биргина савол ва биргина жавоб инсоният тарихида Аллоҳ йўлида кўрсатилган фидокорликнинг энг юксак намуналаридан биридир. Бу савол-жавоб Аллоҳ таолога нисбатан одобнинг энг юқори чўққиси, Аллоҳ таолонинг йўлида ҳеч нарсани аямасликнинг энг юксак намунаси саналади.
Умр бўйи жоҳил, мушрик, Аллоҳни тан олмаган, нобакор бир қавм томонидан турли жафолар чеккан, ҳатто катта гулханга отилган, яқинларини, уй-жойини, барча манфаатларини тарк этиб, бошқа юртга ҳижрат қилган Иброҳим алайҳиссаломга ёши улғайиб, фарзанд кўришдан умиди узилган бир пайтда Аллоҳ таоло у зотга ҳалим бир ўғил берди. Иброҳим ўғлини кўз қорачиғидек авайлаб-асраб ўстирди. Фарзанд ота-онасининг кўз қувончи бўлиб ўсиб борди. Ота боласини кўриб, қувонар эди.
«Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида...»
Ёлғиз ўғил Иброҳим алайҳиссалом билан бирга юрадиган бўлиб, отасининг ёнига кирган чоғда, тафсирчи уламоларнинг айтишларича, ўн уч ёшга тўлганида ота боласига қараб:
«Эй ўғилчам, Албатта, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?» – деди»
Кексайиб қолганда кўрган жигарбандини отанинг ўзи сўймоқчи! Аллоҳнинг йўлида сўймоқчи! Тушида шуни кўрибди. Ота тушини Аллоҳнинг амри деб қабул қилди. Чунки Пайғамбарларнинг туши ваҳийдир. Бир марта эмас, бир неча бор кўрибди, шунинг учун ҳам жигарбандига «Сени сўяётганимни кўрмоқдаман», деди, «Кўрдим», демади. Бу иш Аллоҳ учун ҳижрат қилган одамга катта синов эди. Умр бўйи дину диёнат йўлида турли синовлардан ўтиб келган кишига яна бир бор улкан синов рўпара бўлди. Қариганида топган гулдай жигаргўшасини эндигина ёнига кириб, ўзи билан бирга юрадиган бўлганида ўз қўли билан сўйиши керак эди.
Мўмин, мухлис банда Иброҳим алайҳиссалом бу ишни ўзига хос босиқлик, хотиржамлик ва ишонч билан қабул қилиб олди. Иккиланмади, «Қандай бўлар экан», деб ўйлаб ҳам ўтирмади, қутулиш учун бошқа чора ҳам изламади.
Лекин масаланинг иккинчи томони бор эди. Сўйилиши лозим бўлган қурбонлик одам эди. Жони, қони бор, эс-ҳуши, ақли бор эди. Иброҳим алайҳиссалом фарзандидаги шу жиҳатларни ҳисобга олиб, Исмоилнинг бу ишга қанчалик тайёрлигини синаб, унга маслаҳат солди.
«Эй ўғилчам, Албатта, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?» – деди»
Ҳа, бу нафақат отанинг ўзи, балки боласи учун ҳам синов эди. Ота узоқ умри давомида кўпгина синовлардан ўтган. Ўғил эса энди биринчи бор жиддий синовга рўпара бўлаётган эди. Шу билан бирга, ўғил Аллоҳ таоло у туғилишидан олдин хабар бериб қўйганидек, ҳалим ўғил эди. Ҳар қандай оғирликни ҳам чидам билан қарши олишга тайёр фарзанд эди. Шундай бўлди ҳам,
«У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди».
«Эй отажон! Сенга мени сўйиш амр қилинган бўлса, мени сўй, «Болажонимни сўйсам, у нима қилар экан», деб ўйлаб ўтирма. Мен Аллоҳ хоҳласа, сабр этаман, сабр қилувчи бандалардан бўлишга ҳаракат қиламан», деди.
Нақадар буюк жасорат! Нақадар улкан одоб! Аллоҳнинг амрига нақадар ажойиб итоат!
«Икковлари таслим бўлиб, уни чаккасига ётқизганида. Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, Биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз» («Вас-соффаат» сураси, 103–105-оятлар).
Ота-бола қуруқ гап билангина кифоялан-мадилар, фидокорликларини оғиздагина бажар-мадилар. Амалга ўтдилар. Ота-бола:
«Икковлари таслим бўлиб...»
Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, итоат қилиб, амрни адо этишга тайёр эканликларини тилда айтганларидан сўнг уни амалга оширишга ўтдилар ва ота:
«уни чаккасига ётқизганида...»
Сўйиш вақтида кўз кўзга тушмасин, деб болажонини ерга қаратиб ётқизиб, уни сўйишга шайланиб, бўйнига пичоқ тортаётган бир пайтда:
«Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг!»
«Сен тушингда кўрган амрни тасдиқлаб, амалга оширдинг. Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб, болангни сўйишга жазм қилдинг. Амрдан кўзланган мақсад ҳосил бўлди. У ҳам бўлса, бандаларнинг тамомила Аллоҳга таслим бўлишлари эди. Ҳар бир ишда Аллоҳнинг амрига итоат этишлари, фақат Унинг розилигини кўзлаб иш қилишлари эди. Ана ўша мақсад амалга ошди. Аллоҳга бандаларнинг жони керак эмас. Аллоҳга бандаларнинг қони ҳам керак эмас.
Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз», деб унга марҳамат қилди.
Ҳа, Аллоҳ таоло пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга нидо қилиб, деди:
«Эй Иброҳим, биз доимо гўзал иш қилган бандаларимизни сенга ўхшатиб мукофотлаймиз. Уларни турли синовлар учун танлаб олишимиз ҳам мукофотдир. Чунки шу синовлар орқали улар ажр-савобларга, олий мартабаларга эришадилар, бундан ортиқ мукофот борми? Сени ҳам ўғлингни қурбонлик учун сўйиш орқали синовга дучор қилдик. Юзаки қараганда, бу синов бало-офат ва мусибат бўлиб кўринади. Аммо, аслида эса мукофотдир. Олий мақомларга эришиш омилидир. Шу синов бўлмаганида, сен қиёматгача фидокорлик тимсоли бўлиб қолмас эдинг. Ҳаммага ўрнак бўлмас эдинг. Илоҳий китобларда зикр қилинмас эдинг. Номинг ибодатларда тиловат этилмас эди».
«Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир» («Вас-соффаат» сураси, 106-оят).
Яъни Иброҳимга ўғлини қурбонликка сўйиш амри синовнинг айни ўзидир, бошқа нарса эмасдир. Бу синовдан у яхши ўтди. Унинг ўғли саломат қолди.
«Унинг ўрнига катта қурбонлик фидо қилдик» («Вас-соффаат» сураси, 107-оят).
Яъни «Биз Исмоилнинг ўрнига жаннатдан чиқарилган катта бир қурбонликни фидо қилдик.
Иброҳим қурбонлик учун боласини сўйишга тайёрлигини билдирди. Уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тиради. Аммо Аллоҳнинг мақсади Исмоилнинг қонини оқизиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга юқоридаги нидони қилди ва Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига сўйиш учун жаннатдан катта бир қўчқорни ато этди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйди. Бу ишлар Минода – ҳозир мусулмон ҳожилар қурбонлик сўядиган жойда бўлиб ўтди.
Инсоният тарихидаги ўша буюк фидокорлик ҳодисаси ҳар йили такрорланадиган ибодатга айланди. Ҳар йили мусулмонлар дунёнинг турли томонларидан келиб, бу қиссани ёдга оладилар ва бу улуІ фидокорлик ибодатини шахсан адо этадилар.
Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссалом каби, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёр эканликларини тиллари, диллари ва амаллари билан изҳор этадилар. Фидокорлик аломати сифатида қурбонликлар сўядилар. Бу ҳаракатлари билан иймон байроғини янада юқори кўтарадилар. Аллоҳга бўлган итоатларининг энг гўзал томонларини намоён қиладилар. Аллоҳга таслим бўлишни тажрибаларидан ўтказадилар.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло яна айтадики:
«Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик» («Вас-соффаат» сураси, 108-оят).
Дунё тургунча келадиган авлодлар уни мақтаб-олқишлаб ўтадиган қилиб қўйдик.
«Иброҳимга салом бўлсин!» («Вас-соффаат» сураси, 109-оят).
Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳ салом айтмоқда! Саломини қиёматгача боқий мўъжизаси – Қуръони Карим орқали эълон қилмоқда! Бу ҳол у зот алайҳиссаломнинг қадрлари нақадар юксак эканлигини яна бир бор кўрсатади.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан