Робиъул-аввал ойининг 27-куни
- Ҳижрий 469-йил 27-робиъул-аввал куни (милодий 1076-йил 30-октябр) Андалуснинг энг буюк тарихчиси ва “Ал-муқтабис мин анба аҳлил-андалус”, “Ал-матин” китоби муаллифи Абу Марвон ибн Ҳайён ибн Халаф ибн Ҳусайн вафот этди.
- Ҳижрий 699-йил 27-робиъул-аввал куни (милодий 1299-йил 22-декабр) Илхония давлати султони Маҳмуд Ғозон билан Мамолик давлати султони Носир Қоловон ўртасида Ҳимснинг шарқий қисми “Маржул-муруж” деган жойда жанг бўлиб ўтди. Бу жангда Ғозон жангчиларининг қўли баланд келди ва сон жиҳатдан кўплиги сабаб, султон Носир жангчиларини ер тишлатди.
- Ҳижрий 1304-йил 27-робиъул-аввал куни (милодий 1886-йил 25-декабр) Мисрда катта ислоҳотлар олиб борган, хусусан аёлларнинг исломий таълим тарбиясига катта ҳисса қўшган ёзувчи адабиётшунос олима Малик Ҳафний Носиф хоним таваллуд топди.

Юқоридаги Иброҳим алайҳиссаломга фаришталар томонидан хушхабари берилган илмли фарзанд Исҳоқ эди.
Бу маънони «Вас-соффаат» сураси очиқ-ойдин баён қилади:
«Яна унга солиҳлардан бир Набий (бўлажак) Исҳоқнинг хушхабарини бердик» (112-оят).
Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло томонидан мукофотланишлари юқорида зикр этилган нарсалар билан кифояланиб қолмади. Аллоҳ таоло у зотга яна бир ўғил кўришлари, унинг исми Исҳоқ бўлиши, у ҳам солиҳлардан, пайғамбарлардан бўлишининг хушхабарини берди.
Аммо бу билан ҳам кифояланмади, яна зиёда қилди:
«Ва унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Икковларининг зурриётидан яхшилик қилгувчи ҳам, ўзига очиқ-ойдин зулм қилгувчи ҳам бўлур» («Вас-соффаат» сураси, 113-оят).
Яъни «Иброҳимга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Уларнинг наслидан пайғамбарлар чиқадиган қилиб қўйдик». Барака шундан иборат. Икковларининг зурриётидан ким ўша пайғамбарларга эргашса, гўзал иш қилган бўлади. Қайси бири эргашмаса, ўзига-ўзи зулм қилган бўлади.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан