Қуръони Карим Иброҳим алайҳиссаломнинг шахсларига, қиссаларига алоҳида эътибор қаратганини ўрганиб чиқмоқдамиз. Каломи илоҳийда у зотнинг қиссалари, фаолиятлари ва даъватларидан ташқари, шахсий фазилатлари ҳам батафсилроқ ёритилади. Келинг, ана шу масалага тегишли баъзи оятларни ўрганиб чиқайлик.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида Иброҳим алайҳиссаломнинг васфларида қуйидагиларни айтади:
«Албатта, Иброҳим Аллоҳга итоаткор, ҳаниф уммат эди. Мушриклардан бўлган эмас» (120-оят).
Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳиссаломни «уммат» деб атамоқда.
Бу оятдаги «уммат» сўзига «имом» ҳамда «миллат» маънолари берилган.
Иккинчи маънога келсак, «Иброҳим алайҳиссалом бир ўзлари бутун бир миллат – умматга тенг келган», деган маънони англаймиз.
Агар «уммат»дан «имом» маъносини олсак, «йўлбошчи»ни тушунамиз. Дарҳақиқат, бир умматни тўғри йўлга бошловчи имомга унга эргашганларнинг ҳам ажри берилади. Шунинг учун икки маъно бир-бирини тўлдириб келади, деган маънода ҳар иккисини ҳам олаверган маъқул.
Иброҳим алайҳиссаломнинг яна бир сифатлари
«Аллоҳга итоат қилгувчи», Унга бўйсуниб, ибодат қилувчи эканликлари бўлса, бошқа бир сифатлари:
«ҳаниф» (ҳаққа мойил) эканликларидир. Яъни ҳақ динга мойил бўлганлар, нотўғри йўлларга юрмаганлар.
Энг муҳим сифатлари
«мушриклардан бўлган эмас».
Шундай экан, у зотни ўз раҳнамолари деб даъво қилаётган араб мушрикларида Иброҳим алайҳиссаломнинг қайси сифатлари бор? Бирортаси ҳам йўқ-ку! Шунингдек, уларда Иброҳим алайҳиссаломнинг кейинги оятларда келадиган сифатлари ҳам йўқ:
«Унинг неъматларига шукр қилгувчи эди. У зот уни танлаб олди ва тўғри йўлга ҳидоят қилди» («Наҳл» сураси, 121-оят).
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг неъматларига ҳам сўзларида, ҳам амалларида шукр қилгувчи эдилар. Мушрикларга ўхшаб, оғизда тан олиб, амалда бошқача ибодат қилиб, куфр келтирмас эдилар. Ушбу сифатлари учун Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни танлаб олди ва тўғри йўлга ҳидоят қилди.
«Унга дунёда яхшилик бердик. Албатта у охиратда солиҳлардандир» («Наҳл» сураси, 122-оят).
Иймони ва шукр қилгани туфайли, мазкур гўзал сифатларга эга бўлгани туфайли бу дунёда у кўплаб яхшиликларга эришди. Охиратда эса албатта, аҳли солиҳлардан бўлади. Демак, икки дунёнинг саодатига эришиши муқаррар.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида Иброҳим алайҳиссаломни Ўзига дўст – халил қилиб олганини бутун оламга эълон қилади:
«Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди» (125-оят).
Ушбу оятдаги савол бир нарсани билиш учун берилаётган савол эмас. Балки бор нарсани иқрор қилиш учун айтилаётган тасдиқ саволидир.
«Юзини Аллоҳга таслим қилиш» мусулмон бўлишдир.
«Иброҳимнинг тўғри динига эргашиш» ҳам мусулмонликдир. «Аллоҳга юзини таслим қилиш» ибораси ҳар бир ишни иймон билан, Парвардигори Оламга ихлос қилган ҳолда бажаришга айтилади. Қилган яхши амалнинг қабул бўлишига иймон қанчалик шарт бўлса, ихлос ҳам (яъни, ишни Аллоҳнинг розилиги учун ихлос билан адо этиш) шунчалик шартдир.
Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати – Ислом дини эди. Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни бошқа оятларда ҳам баён этган. Демак, оятда «Исломдан ўзга ҳақиқий дин йўқ», дейилмоқда ва одамларни бу динга янада қизиқтириш учун Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни Ўзига дўст тутгани таъкидланмоқда.
«Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди».
Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом «Халилуллоҳ» лақабини олганлар.
Иброҳим алайҳиссалом «Ҳуд» сурасида ҳам ажойиб сифатлар ила васф қилинадилар:
«Албатта, Иброҳим ҳалийм, нолон ва (Аллоҳга) кўп тавба қилувчидир» (75-оят).
Ҳалимлик сифати ғазабга сабаб бўладиган ҳоллардан четланувчи, босиқ ва тез аччиқланмайдиган кишига нисбат берилади.
«Нолон» («тазарруъли») деб таржима қилган сўзимиз оятда «аввоҳ» деб келган бўлиб, «кўп оҳ урувчи» «жуда тақводор», «тазарруъ ила кўп дуо қилувчи» деган маъноларни англатади.
Оятдаги «мунийб» сифатини «кўп тавба қилувчи» деб таржима қилдик, бу ҳам «Ҳар бир нарсада Роббига тез қайтгувчи киши» деганидир.
Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг ушбу сифатлари бир неча бор такрорланган.
У зотнинг айни шу сифатлари доимо Аллоҳ таолога тазарруъ ила дуо қилишга етаклар эди. Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳалимлик, аввоҳлик ва мунийблик ила қилган дурдона дуоларидан гўзал намуналар келган.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан