22 жумадул аввал 1446
Ҳаббоб ибн Арат

Бир куни Хузоъа қабиласидан Умму Анмар исмли аёл Маккада хизматкор сотиладиган бозорга борди. Аёлнинг бирор ғулом сотиб олиш, уни ишлатиб пул топиш нияти бор эди. У бозорни айланар экан, миқти гавдали, ақллилиги ва туғма иқтидори сезилиб турган бир болага кўзи тушди. У ғуломни сотиб олди, бирга йўлга тушишди. Умму Анмар йўлда боладан сўради: – Исминг нима, болакай? – Ҳаббоб, – деб жавоб берди у. – Отангнинг исми нима? – Ал-Арат, – деди Ҳаббоб. – Қаердансан? – Нажддан. – Демак, ҳақиқий араб экансан-да, – қизиқсиниб сўради аёл. – Ҳа, бани Тамим қабиласиданман. – Қандай қилиб Маккадаги қул сотувчилар қўлига тушиб қолдинг? – Қишлоғимизга бадавий қабилалардан бири ҳужум уюштирди. Улар қўйларимизни ҳайдаб кетишди, аёлларни ва болаларни асир олишди. Мен ҳам асир олинган болалар ичида эдим. Қўлдан-қўлга ўтиб, охири Маккага олиб келишди. Шу тариқа сизга учраб қолдим.

* * * Умму Анмар ёш ходимига қилич ясашни ўргатиш учун уни маккалик аслаҳа ясайдиган темирчилардан бирига шогирд қилиб берди. Зийрак бола бу ҳунарнинг бор санъатини тезда эгаллади. Ҳаббобнинг ўзи ҳам улғайди,  чиниқди. Умму Анмар унга устахона очиб берди, керакли асбоб-ускуналар сотиб олди ва ходимининг қилич ясаш санъати фойдасини кўра бошлади. * * * Тез орада Маккада Ҳаббобнинг шуҳрати ортиб кетди. У моҳир уста бўлиб етишгани учун ҳамма у ясаган қиличларни қўлга киритишга ҳаракат қилар эди. Ўзи ёш бўлишига қарамай, Ҳаббоб мулоҳазакорлик ва кексаларга хос донолик билан ажралиб турарди. У кўпинча ишларини тугатар экан, бошидан оёғигача иллатга ботиб кетган қавмдошлари ҳақида хаёл сурар эди. Ўша пайтдаги араблар ҳаётини чулғаб олган жаҳолат уни даҳшатга соларди. У ўзига ўзи: «Қачонлардир бу зулматли тун охирига етади», деб қўяр эди. Ҳаббоб ўша кун тезроқ келишини интизор кутар, жоҳиллик зулмати ўрнини эътиқод нури эгаллашини ўз кўзи билан кўришни орзу қилар эди. Ҳаббоб узоқ кутмади. Ҳошимийлардан бири Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали бу нур етиб келганига гувоҳ бўлди. Аллоҳ элчисининг ҳузурига бориб, унинг дилларни забт этувчи ва нурга тўлдирувчи сўзларини эшитиб, ўзи кутган саодатли замон келганини тушунди. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қўлини узатиб, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва Расули эканига иймон келтирди. Шундай қилиб, Ҳаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу Ислом динини қабул қилган Ер юзидаги олтинчи киши бўлди. Ҳатто бу ҳақда: «Бирмунча вақт Ҳаббоб Исломнинг олтидан бир қисми бўлиб турди», ҳам дейишади. * * * Ҳаббоб мусулмон бўлганини ҳеч кимдан яшириб ўтирмади. Аммо Умму Анмар буни эшитган заҳоти қаттиқ ғазабга минди. Укаси Сибаъа ибн Абдулуззони ёнига олиб Ҳаббобнинг олдига жўнашди. Йўлда уларга Хузоъа қабиласининг бир гуруҳ ёшлари қўшилишди. Келиб қарашса, Ҳаббоб иш устида экан. Устахонага биринчи бўлиб кирган Сибаъа: – Сен ҳақингда бир хабар айтишди, бунга ҳатто ишонгимиз ҳам келмаяпти, – деди. – Қанақа хабар экан? – қизиқиб сўради Ҳаббоб. – Айтишларича, сен муртад бўлиб, ўз динингни рад этибсан, бани Ҳошим қабиласидан қандайдир одамга эргашган эмишсан. Бунга жавобан Ҳаббоб хотиржамлик билан бундай деди: – Мен асло муртад бўлганим йўқ. Мен мутлақо шериги бўлмаган ягона Аллоҳга иймон келтирдим. Мен сизларнинг бут-санамларингиздан воз кечдим, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг қули ва элчиси эканига шоҳидлик бердим… Бу сўзлар Сибаъа ва шериклари қулоғига етиб бориши билан ҳаммалари Ҳаббобга ташланишди ва қўлларига илинган нарса билан уни калтаклай бошлашди. Уста шўрлик калтаклар зарбидан охири ҳушини йўқотди. Умму Анмарнинг ғуломи бошига солган кўргиликлар ҳақидаги хабар яшин тезлигида бутун Маккага тарқади. Одамлар Ҳаббоб жасоратига қойил қолишди. Чунки бунгача Муҳаммад алайҳиссалом издошларидан ҳеч ким ўз Исломини очиқ эълон қилишга ботинмаган эди… * * * Ясриблик ансорлар Ҳаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳуни дўстона кайфиятда ва меҳмондўстлик билан қарши олишди. У ҳаётида биринчи марта узоқ йиллардан бери излаб юргани руҳий хотиржамликни қалбида туйди. У Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳеч қандай тўсиқ-қаршиликсиз мулоқот қилиш бахтига муяссар бўлганидан жуда мамнун эди. Ҳаббоб Сарвари коинот билан Бадр муҳорабасида қатнашди. Уҳудга қилинган юришда ҳам у Пайғамбаримиз ёнларида бўлди. Бу тўқнашувда ўзига қаттиқ зулм ўтказган Сибаъанинг «Аллоҳнинг арслони» Ҳамза ибн Абдулмутталиб қўлида ҳалок бўлганини кўрди. * * * Ҳаббоб Хулафои рошидин ҳукмронлиги даврини бошдан кечириб, узоқ яшади. Кўп йиллар фақирликда ҳаёт кечирган саҳобий умри охирида шунчалик кўп олтин-кумушга эга бўлдики, буни ҳатто орзу ҳам қилмаган эди. Аммо у бу бойликни жуда қизиқ йўл билан тасарруф қилар эди. Дирҳам-динорларини уйининг белгиланган маълум жойига ташлаб қўяр, буни билган муҳтожлар ва камбағаллар уйга эркин кириб, эҳтиёжларига яраша пулни бемалол олиб чиқиб кета олишар эди. Унинг дўстлари бундай ҳикоя қилишади :«Ҳаббоб қаттиқ бетоб бўлиб, ўлим тўшагида ётар эди. Олдига кирсак, «Манави ерда саксон минг дирҳам пулим бор, Аллоҳга қасамки, мен ҳеч қачон пул беркитмаганман ва уни ҳамиша муҳтож кишиларга берганман», деди-ю, йиғлаб юборди. Биз йиғиси сабабини сўрадик. Шунда у: «Кўпгина тенгдошларим дунёда ҳеч нарсага эришмай ўтиб кетишди, мен эса кўп нарсани қўлга киритдим, бунга жазо берилмасмикин», деб қўрқаман», деди . Ҳаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу бандаликни бажо келтирганида Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу унинг қабри устида бундай деди: «Аллоҳ Ҳаббобни раҳмат қилсин, у Исломни кўнгилли равишда қабул қилди, чин дилдан Ясрибга кўчди, саҳобийга хос умр кўрди… Тақво йўлидагиларга Аллоҳнинг мукофоти бўлсин!»

«Пайғамбар саҳобийлари тарихи» китоби асосида Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади.

19:54 / 26.06.2020
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...