Абу Талҳа Зайд ибн Саҳл ан-Нажжорий исмли бу киши Умму Сулайм деб куняланган Румайсо бинти Милҳоннинг эри вафот этиб, бева қолганини эшитди. Умму Сулайм ахлоқ-одобда ибрат, ақл-заковатда беназир, қўли гул аёллардан эди. Бундай аёл узоқ вақт эрсиз қолмаслигини билган Абу Талҳа унга совчи қўйишга шошилди. Абу Талҳа бева аёлнинг талабгорлари кўп бўлса ҳам, барибир, уни танлашига қаттиқ ишонар эди. Чунки Абу Талҳа Ясриб эркакларининг сараси, обрў-мартабаси улуғ, бой-бадавлат, бунинг устига Нажжор қабиласининг паҳлавони, шаҳарнинг атоқли мергани эди. Абу Талҳа Умму Сулайм розиялоҳу анҳонинг уйига йўл олди. Кетаётиб аёлнинг Маккадан келган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг гапига кириб, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиргани, унинг динига эргашганини эслаб қолди. Бироз иккиланиб тургач, ўзига ўзи тасалли берди: «Нима бўпти, ахир марҳум эри ҳам ота-боболари йўлини тутиб, Муҳаммад чақириғидан юз ўгирган эди-ку!»
* * * Абу Талҳа Умму Сулайм уйига келиб, киришга изн сўради. Остона ҳатлабоқ нима учун келганини очиқ айтиб қўяқолди. Аёлнинг жавоби эса бошқача бўлди: – Сен сўзини ерда қолдириб бўлмайдиган одамсан, Абу Талҳа, аммо мен сенга турмушга чиқолмайман. Чунки иймонга келмагансан… Абу Талҳа «Бу аёл мендан ҳам бойроқ ва обрўлироқ бошқа одам топганга ўхшайди, шунинг учун буни баҳона қиляпти», деган хаёлга борди ва: – Худо ҳаққи, менга тегишингга тўсиқ бўлаётган нарса бу эмас, – деди. – Унда нима экан? – қизиқсиниб сўради аёл. – Сариқ ва оқ тошлар, яъни тилла ва кумушлар… Бу сўзни эшитган аёл бундай деди: – Огоҳ бўл, эй Абу Талҳа, Аллоҳни ва Унинг элчисини гувоҳликка келтириб айтаманки, агар Исломга кирсанг, ҳеч қандай тилла-кумушсиз сенга тегаман. Исломингни маҳр сифатида қабул қиламан. Бу гапни эшитиб, Абу Талҳа ўйланиб қолди. Хаёли шу заҳоти қавмидаги бойлар одатига кўра қимматбаҳо ёғочдан ясалган бутига кетди. Ақлли аёл унинг кўп ўйлашига фурсат бермай темирни қизиғида босди: – Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсанг ердан униб чиққан бир ёғоч эканини билмайсанми? – Биламан, – жавоб берди Абу Талҳа. – Сен дарахтнинг бир шохидан илоҳ ясаб унга сиғиниб юрсанг-да, бошқа биров қолган шохларини қалаб овқат пишириб юрса…, уят эмасми? Яна такрор айтаман, агар иймон келтирсанг, никоҳингга ўтаман,маҳрга Исломдан бошқа нарсани талаб қилмайман. – Менга Исломни ким ўргатади? – Мана мен ўргатаман… Олдин шаҳодат калимасини айтасан, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг элчиси эканига гувоҳлик берасан. Кейин уйингдаги бутни синдириб, ахлатга ташлайсан. Абу Талҳанинг юзи ёришиб кетди ва аёл ортидан йимон калимасини қайтарди: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ». Сўнг Абу Талҳа розияллоҳу анҳу ақлли саҳобия Умму Сулаймга уйланди. Ясриб аёллари анча вақтгача «Биз Абу Талҳанинг Умму Сулаймга берган маҳридан афзалини кўрмадик, унинг маҳри Ислом бўлди-я!» деб гапириб юришди. * * * Ўша кундан бошлаб Абу Талҳа Ансорий розияллоҳу анҳу Ислом дини равнақи йўлидаги хизматини аямади. У Ақоба кечасида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган етмиш кишининг бири бўлди. Бу байъатда унинг хотини Умму Сулайм ҳам иштирок этди. Пайғамбар алайҳиссалом Ясриб мусулмонларига ўн икки нақиб (бошлиқ) тайинлаганларида бу вазифага Абу Талҳани ҳам муносиб кўрдилар. Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча маъракаларда иштирок этди. Айниқса, Уҳуд куни у кўксини қалқон қилиб Сарвари коинотни душман ҳамласидан ҳимоя қилди. Абу Талҳа фақат бу билан машҳур эмас эди. Саҳобалар ўртасида у молини аямайдиган, сахий, олийҳиммат киши сифатида ҳам танилган эди. Унинг хурмозор ва узумзор бир боғи бор эди. Ясриб шаҳар бўлиб бундай сердарахт, лазиз мевали, зилол сувли боғни кўрмаган эди. Бир куни каттагина дарахт соясида намоз ўқиётган Абу Талҳа эътиборини шохлар орасида сайраётган патлари яшил, тумшуғи қизил, оёқлари ҳам рангли бир қуш тортди. У шохдан шохга ўтиб рақс тушгандай сакраб-сакраб сайрарди. Бу манзарага маҳлиё бўлган Абу Талҳанинг хаёли қочди. Чалғиб неча ракат намоз ўқиганини унутди, ҳар қанча тиришса ҳам, эслолмади. Намозни тугатиб, тўғри Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига борди. Хаёлини ўғирлаган боғдаги серсоя дарахтлар, сайроқи қуш ҳақида шикоят қилди. Кейин: – Гувоҳ бўлинг, эй Аллоҳнинг элчиси, шу боғимни Аллоҳ таоло йўлида садақа қилдим, уни Аллоҳ ва Унинг Расули ёқтирган мақсадларга ишлатинг, – деди. * * * Абу Талҳа шундан кейинги бутун ҳаётини ибодатга, турли ўлкаларни Ислом билан шарафлантириш ишига бағишлади. Сарвари олам вафотларидан кейин ўттиз йил муттасил рўза тутди, фақат рўза тутиш ҳаром ҳисобланган ҳайит кунлари оғзи очиқ бўлди. Ҳатто кексайиб, мункиллаб қолганида ҳам сафарларга чиқишдан қолмади. Шунинг учун вафоти ҳам денгизнинг қоқ ўртасида бораётган кемада, оиласи ва ватанидан йироқда содир бўлди.
Аҳмад МУҲАММАД тайёрлади