Фазилатли хонадон қизи Бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суҳбатларидан баҳраманд бўлиш шарафига эришган, икки дунё саодатини қўлга киритган, Аллоҳга берган аҳдига умр бўйи содиқ қолган улуғ саҳобиялардан эди. Унинг насл-насаби машҳур, ўзи ансорийлардан эди. Ансорийлар маккалик муҳожирларни севиб қабул қилган, улар муҳтож бўлиб туришганида ўзларидаги бор нарсани улар билан баҳам кўрган, уйининг тўридан жой берган, оғзидаги луқмасини тутган, ҳатто касби-корига ўргатган мадиналик мусулмонлар эди. Иймон билан шарафланишганидан сўнг Аллоҳ таоло уларни қалбларига суюмли бир ном – «ансорийлар» (Аллоҳ йўлида ёрдам берувчилар) лақаби билан тақдирлади. Ансорийлар Маккада биринчи бўлиб Исломни таниган, бунинг орқасидан катта хўрлик-машаққатлар чеккан ҳамда она-шаҳарлари, яқинлари, мол-мулкларини ташлаб Мадинага ҳижрат қилган муҳожирлардан фазлда кейинда туришса-да, аммо уларнинг диндошларига кўрсатган фазлу карами, меҳр-шафқати, хайрихоҳлиги ва фидойилиги тилларда зарбулмасал бўлиб кетган эди. Муҳожирлар ҳам ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига биноан яхшилик ва карам булоғи бўлмиш ансорийларнинг ҳаққига дуолар қилиб, уларнинг хизматини мукофотлашни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола этишган эди. Бизнинг қаҳрамонимиз саҳобия Фурайҳа бинти Молик розияллоҳу анҳо ҳам ана шу мақтовга сазовор қавмга мансуб эди. Фурайҳа бинти Молик ибн Синон ал-Ансорий ал-Худрия розияллоҳу анҳо ҳамма ерда барча яхшиликни биринчи бўлиб бажарадиган машҳур хонадонлардан бирида улғайди. Ва Ислом тарихи мана шу аёлнинг баракотидан эзгулик тўлиб-тошган воқеа-ҳодисалар билан бойиди. Фурайра ўсган оиланинг Ислом динини ёйиш соҳасидаги хизматлари ўзи алоҳида китобларга мавзу бўлғусидир. Саҳобиянинг отаси Ҳазрати Молик ибн Синон ибн Убайд ал-Ансорий ал-Хазражий ал-Худрий розияллоҳу анҳу жаннат билан башоратланган буюк саҳобийлардан эдилар. Суюкли Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақида: «Ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўрмоқчи бўлса, мана бунга қарасин», деб Молик ибн Синонга ишора қилганлар. Унинг туғишган акаси мужоҳидлар имоми, Мадина муфтийси, Абу Саид Худрий куняси билан машҳур бўлиб кетган Саъд ибн Молик ибн Синон розияллоҳу анҳу эди. Абу Саид Ҳандақ ғазоти қаҳрамонларидан, Ризвон байъати ҳақида энг билимдонлардан, Пайғамбар алайҳиссаломдан 1170 та ҳадис ривоят қилган улуғ саҳобий, мужтаҳид фақиҳлардан эдилар. Фурайҳанинг она бир акаси эса мужоҳидлар амири, улуғ саҳобий Қатода ибн Нўъмон ал-Ансорий ал-Зафарий розияллоҳу анҳу эди. Бу зот Бадр ғазотининг энг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бўлган, Уҳуд куни жангда янгилик киритган, Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга барча ғазотларда қатнашган эди. У оз сонли камончилардан бўлиб, Уҳуд жангида бир кўзи оқиб тушди. У шу ҳолатда Расулуллоҳ ҳузурларига боради. Пайғамбаримиз муборак қўллари билан кўзини жойига қўйиб, силаб қўядилар. Унинг кўзи тузалиб, аввалгидан ҳам ўткир назар бўлиб қолган. Саҳобиянинг она бир опасига келсак, Умму Саҳл бинти Нўъмон ал-Ансория аз-Зафария розияллоҳу анҳо ҳеч иккиланмай иймонга келиб, Ҳазрати Расулуллоҳга байъат қилган саодатманд аёллардан эди. Хулласи, ҳикоямиз қаҳрамони Фурайҳа бинти Молик ана шундай улуғ ва шарафли бир хонадоннинг фарзанди бўлган. Молик ибн Синон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали Мадинага ҳижрат қилмасларидан туриб оила аъзоларига у Зот ҳақларида тўлқинланиб сўзлаб берарди. Чунки у киши ҳақларида мадиналик яҳудийлардан эшитган эди. Отасининг гапларидан оила аъзолари, хусусан Фурайҳа зеҳнида Аллоҳ Элчисининг муборак сиймолари гавдаланар эди. Набий алайҳиссалом Мадинага етиб келишлари билан Молик у Зот билан учрашувга ошиқди. Барча оила аъзолари, жумладан, қизи Фурайҳа ҳам, унга ҳамроҳлик қилишди. Айниқса, Фурайҳа Расули акрам билан учрашувни ўйлаб, ҳаяжонга тушар, нияти у Зотга байъат қилиш эди. Иймон билан шарафланган бу оила Расулуллоҳ наздларида баланд мақомга эришди ва у кишига энг яхши сафдош бўлди. Улар Аллоҳ ва Унинг Расули розилиги йўлида қўлларидан келганича, қодир бўлишганича кўп ишларни қила олишди. Бу муборак оиладан жасур жангчи, дин фидойиси, муҳаддис, тақволи обидлар етишиб чиқди.
Чиройли сабр Молик ибн Синон Бадр жангида қатнаша олмаган эди. Чунки Бадрда жанг бўлмайди, деган хаёлга борганди. Уҳуд куни у Аллоҳнинг розилиги йўлида олий мақомга эришиш учун фурсат келганини тушунди. Мушрикларга қарши жанг олдидан бўлган машваратда у олдинга чиқиб бундай деди: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, биз ҳозир икки яхшилик ўртасидамиз. Бири – Аллоҳ душман устидан биз истаган зафарни бериб, уни бизларга таслим қилади. Бунда худди Бадрдагидек бир жанг бўлиб, ундан фақат қочоқларгина тирик қолишади. Бошқаси эса – бизга чиройли ўлим неъматини бериб, жонимизни шу жангда олади. Бу иккисидан қай бирига йўлиқишимнинг менга аҳамияти йўқ. Албатта, уларнинг икковида ҳам яхшилик бордир». Ҳазрати Молик ўғли Абу Саидни ҳам бошлаб олган эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёши кичиклиги учун бир неча ёш болалар қатори унга ҳам урушда қатнашишга ижозат бермадилар. Абу Саид бундан афсусланиб, кўзида жиққа ёш билан ноилож уйига қайтди. Буни кўриб турган Фурайҳа укасининг кўз ёшларини артар экан, унга тинмай тасалли берар, ўзи эса жангга кетган отасидан хабар кутар эди. Молик ибн Синон уруш шиддатли тус олган таҳликали дамларда Набий алайҳиссалом ёнларида мардларча жанг қилди. У Зот яраланганларида муборак юзларидан қон оқаётганини кўриб, уни тезда артиб-тозалаб олган ҳам Молик эди. У ниятига эришди: улуғ муҳорабада қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Аллоҳ билан қовушаётганида унинг юзида табассум ўйнар, ҳолсиз қўллари буюк муҳаббат ила севгани Расули акрамнинг юзларини оҳистагина силар эди. Абу Саид Пайғамбар алайҳиссаломнинг Уҳуддан қайтаётганлари хабарини эшитгач, у Зотга пешвоз чиқди. Расулуллоҳ йигитчага қараб: «Сен Моликнинг ўғли Саидмисан?» дедилар. У: «Ҳа, Аллоҳнинг Расули», деб отда турган Набийнинг тиззаларидан ўпди ва: «Ота-онам сизга фидо бўлсин!», деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Отанг сабабидан Аллоҳ сенга ажр берсин!», дедилар. Фурайҳа эса жангда жуда кўп мусулмонлар, улар қаторида севикли оталари ҳам ҳалок бўлгани туфайли Аллоҳнинг Расулига катта азият етганидан қанчалик қайғурган бўлса, у Зотнинг саломат қайтганларидан шунчалик севинди, Аллоҳга ҳамдлар айтди. Икки фарзанд оталарининг ўлими туфайли етган мусибатга чиройли сабр қилишди… Оталари оила аъзоларига ҳеч нарса қолдирмай дунёни тарк этган эди. Гоҳо улар уйда ҳатто бирор егулик нарса ҳам топа олмай қолишарди. Эскириб-тўзиб кетган кийимларини янгилашга ҳам имконлари йўқ эди. Аммо улар Аллоҳнинг бу синовига ҳам сабр этишар, садақа сўрашдан ҳаё қилишар, ўзларини беҳожат кўрсатишар эди. Шундан сўнг Аллоҳ уларни бой-бадавлат қилди. Чиройли сабрлари ва Расулуллоҳга ихлос-садоқатлари баракотидан бошқа ансорларга қараганда ҳам кўпроқ мол-давлатга эга бўлишди. «Нима дединг?» Фурайҳа Саҳл ибн Рофеъ ибн Бишр ал-Хазражий деган кишига турмушга чиққан эди. У билан бир муддат яшагач, эридан ажраб қолди. Саҳл қочиб кетган қулларини излаб йўлга чиққанида қўлга тушиб қолишдан қўрққан қуллар уни Мадина яқинида ўлдириб кетишди. Унга эрининг ўлими ҳақида хабар келганида у эрига Аллоҳдан савоб умид қилиб сабр этди. Ёлғиз ва ёрдамчисиз қолган аёл уйига, яқинлари олдига қайтишни ўйлади. Аммо ўз режасидан кўнглида нохушлик сезиб, бу ҳақда Расулуллоҳдан маслаҳат сўрашни диллади. Имом Молик «Муватто»ларида бу воқеани Зайнаб бинти Каъб ибн Ужрадан санад билан бундай ривоят қиладилар: «Фурайҳа бинти Моликнинг Зайнаб бинти Каъбга сўзлаб беришича, у Расулуллоҳ ҳузурларига келиб, эри қочиб кетган қулларини қидириб, уларга Қодим тарафда етиб олганида қуллар эрини ўлдиришгани хабарини маълум қилади. Фурайҳа эри уйсиз-жойсиз, нафақасиз қолдириб кетганини туфайли бани Худрадаги ота хонадонига қайтсам бўладими, деб ижозат сўрайди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг қайтишига изн берадилар. Фурайҳа айтади: «Мен ортимга қайтиб, уйимга етай деганимда Расулуллоҳ чақираётганлари хабарини етказишди. Ҳузурларига борсам: «Боя нима дединг?» деб сўрадилар. У кишига эрим билан боғлиқ воқеаларни гапириб бердим. Шунда у Зот: «То идданг тугамагунича уйингда ўтиргин», дедилар. Уйимда тўрт ойу ўн кун иддада ўтирдим». Яна Фурайҳа бундай деган: «Усмон ибн Аффон халифалиги даврида мени чақиртирди ва бу ҳақда сўради. Унга Расулулллоҳ гапларини етказдим. У бу хабарга эргашди ва у билан ҳукм қилди». Фурайра Набий алайҳиссаломнинг амрига бўйсуниб, эрининг уйида тўрт ойу ўн кун идда сақлаб ўтирди. Иддаси тугагач, унга Саҳл ибн Бишр деган киши уйланди. У ансорийларнинг бани Зафар қабиласидан эди. Фурайра мурғак Исломнинг барча босқичларида эрига тобеъ бўлди, дин изн берган ҳамма ишларда унга шерик бўлди. Жаннат башорати Фурайҳа бинти Молик Расулуллоҳнинг мажлисларида иштирок этиб, нубувват мадрасасида таҳсил олган бахтиёр саҳобиялардан эди. Кучли ҳофиза ва соғлом тафаккур соҳибаси бўлган бу аёл Пайғамбар алайҳиссаломдан 80 та ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Зайнаб бинти Каъб ибн Ужра ривоят қилган. Эри ўлган аёлнинг иддаси ҳақидаги юқорида тилга олинган ҳадис ҳам ана шу икки саҳобия ривояти орқали бизгача етиб келган. Фурайҳа ривоят қилган ҳадисларни Миср, Ироқ, Шом, Ҳижоз ва Мадина фақиҳлари қабул қилиб, ундан ҳукм чиқаришган. Фурайҳа жаннат башорати ила шарафланган саҳобиялар сирасига киради. У ҳижратнинг олтинчи йилида Ҳудайбияда, дарахт остида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган бир гуруҳ саҳобиялар сафида бўлган. Бу воқеа мушриклар мусулмонларни Маккаи мукаррамага киришдан тўсиб қўйган пайтда содир бўлганди. Ана шу байъатда иштирок этганларнинг барчаси аҳли жаннатдан ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ояти каримаси бор: «(Эй Муҳаммад, алайҳиссалом), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди. У Зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат – ором туширди…» (Фатҳ, 18). Набий алайҳиссалом Фурайҳа ва у билан бирга байъатда ҳозир бўлган саҳобияларга жаннат башоратини бердилар. Умму Мубашшир ал-Ансориядан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳнинг Хафса ҳузурида бундай деганларини эшитган: «Иншааллоҳ, дарахт остида байъат қилганларнинг ҳеч бири дўзахга кирмайди».
Аҳмад Холид Жумаънинг «Жаннат ила башоратланган аёллар» китобидан Юлдуз Комил қизи таржимаси.