Дунёда байрамлар кўп. Аммо мусулмонлар учун қутлуғи Рамазон байрамидир. Кечагина Рамазоннинг остонасида нафсларимизнию қалбларимизни унинг ташрифига чоғлаб, буюк бир ибодатга, файёз кунлару муборак кечаларни кутишга шайлаган эдик. Мана, кўз юмиб очишга ҳам улгурмай, бу ойни кузатмоқдамиз. Алвидо, Рамазон! Алвидо, бизга раҳмат эшикларини очган ой. Алвидо, бизни мағфиратга чорлаган ой. Сен туфайли руҳимиз тиниқлашди, танамиз енгиллашди. Гуноҳларимиз камайиб, савобларимиз зиёдалашгани ҳам рост бўлсин. Кўнглимизнинг бир чети сендан ажрашишни истамаса-да, бир чети байрам нишонламоқ тусайди. Сенинг байрамингни... Бугун сенинг байраминг. Бугун бизнинг байрам. Бугун Аллоҳдан мукофот умид қилиб, рўза тутганларнинг байрами. Яна шаръий узрлар туфайли рўза тутолмай, кўнгилларига ўкинч кирган бандаларнинг ҳам байрами. Бугун барча мусулмонларнинг байрами. Аллоҳ муборак қилсин! siyrat.uz сайти ходимлари барча мусулмонлар қатори сайтимизга ихлос ила ташриф буюрадиган азиз меҳмонларимизни Ийдул фитр – Рамазон ҳайити билан самимий қутлайди, табриклайди, байрамингиз муборак бўлсин, омийн!