5 рабиъус сони 1446
Набий алайҳиссаломнинг саховатлари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ноёб ва юксак фазилатлари билан бошқалардан алоҳида ажралиб турар эдилар. Сахийлик ва карам бобида ҳам шундай.

Қадрли, фойдаси кўп тегадиган нарсани хурсанд ва мамнун ҳолда инфоқ-эҳсон қилиш карамлилик дейилади. Карамлилик арабларда «озодлик» деган маънони беради. Чунки карамли киши мол-дунёга қуллик қилишдан ўзини халос этади. Бу сифат пасткашликнинг зиддидир. Сахийлик эса бахилликнинг зиддидир. Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида сахийликка тарғиб қилинган: «Кечаю кундуз молларини яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмайдилар»[1].

Пайғамбар алайҳиссалом сахийлик, бағрикенглик, мурувват борасида ҳам мусобақалашиб бўлмайдиган даражада беқиёс эдилар. «Бурда» қасидаси муаллифи Бусирий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:

 

Ахлоқда ҳам, хилқатда ҳам набийлардан ўздилар,

На илмда, на карамда у зотга тенг келдилар.

 

У зотни таниганларнинг барчаси таърифлаганда дунё ва унинг зебу зийнатларидан баландда турганликларига далолат қиладиган мана шундай чиройли хулқлар билан сифатлашган. Бунга имом Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятни мисол қилиш мумкин: «Расулуллоҳдан бирон нарса сўралган бўлса, асло «йўқ» демаганлар». Яъни кимки у зотдан дунё матоҳидан бирор нарсани сўраса, “бермайман” деган жавобни олмаган. Балки сўраганини дарҳол берганлар ёки беришни ваъда қилганлар. Чунки у зот Аллоҳ таолонинг «Агар улардан Роббингнинг раҳматини талаб қилган ҳолда юз ўгирадиган бўлсанг, бас, уларга мулойим сўз айтгин» деган амрига бўйсунардилар.

Икки шайх Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда одамларнинг энг сахийи эдилар. Рамазон ойида ва Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида жуда ҳам сахий бўлиб кетар эдилар. У зот яхшилик борасида эсувчи шамолдан-да сахийроқ эдилар», дейилган. Манфаатидан ҳамма баҳраманд бўлгани учун сахийликлари эсувчи шамолга ўхшатилмоқда.

Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда шундай дейилади: «Бир киши (Сафвон ибн Умайя) у зотдан (ҳадя) сўраганда икки тоғ орасидаги водий тўла бир сурув қўй бердилар. У юртига қайтиб борганда: «Исломни қабул қилинглар. Албатта Муҳаммад фақирликдан қўрқмайдиган кишидек тортиқ қилар экан»[2], деган». Яъни у зотнинг олийжаноблиги, саховатпешалиги ва Аллоҳнинг ризқ беришига таваккули шу даражада кучли эдики, камбағал бўлиб қолишдан қўрқмасдилар.

Имом Муслим ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпчиликка юзталаб туя берганлар. Бунга Абу Суфён ибн Ҳарб, унинг икки ўғли Муовия ва Язид, Ҳаким ибн Ҳизом, Ҳорис ибн Ҳишом ва бошқаларни мисол сифатида келтириш мумкин. У зот Сафвон ибн Умайяга юзта туя, сўнг юзта, сўнг яна юзта берганлар. Бу бир вақтда ёки алоҳида-алоҳида бўлганлик эҳтимоли бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам шундай қўли очиқ бўлганлар. Бу хулқлар у зотнинг асл фитратида мавжуд эди.

Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Хадижа бинт Хувайлид розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийнинг бошланишида: «Албатта сиз оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни қўллайсиз», деган эди. Яъни ўз қарамоғидагиларни боқишга қийналганларга, етимларга, қавми ичида заифҳол ва ожизларга ёрдам берасиз. Мол-давлати йўқ ночорларга ёрдам қўлини чўзасиз.

У зот Ҳавозин қабиласининг асирларини озод қилдилар. Улар олти минг аёл ва ёш болалардан иборат эди. Шунингдек, йигирма тўрт минг туя, қирқ мингдан ортиқ қўй, тўрт минг уқия кумушни ўзларига қайтариб берилгани сийрат китобларида қайд этилган.

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятга кўра, Аббос розияллоҳу анҳуга зўрға кўтарадиган даражада тилла ҳадя қилганлар. Расулуллоҳ ҳузурларига тўқсон минг дирҳам олиб келиниб, бўйра устига қўйилганда, буни ҳам тақсимлашга киришганлар. Бирорта ҳам сўровчини қайтармаганлар[3].

Имом Термизий «Шамоил»да келтиришича, бир киши Пайғамбаримиз ҳузурларига келиб бир нарса сўради. У зот: «Менда ҳеч нарса йўқ. Лекин менинг ҳисобимдан сотиб ол. Бизга бирор нарса келса, тўлаймиз», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ сизни қодир бўлмаган нарсага таклиф қилмаган-ку», деди. Пайғамбар алайҳиссаломга бу гап ёқмади. Ансорлардан бир киши: «Ё Аллоҳнинг расули, инфоқ қилаверинг, Арш эгасининг камайтиришидан қўрқманг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам табассум қилдилар. Юзларида мамнунлик аломатлари балқиган ҳолда: «Шунга буюрилганман», дедилар.

Муаввиз ибн Афро шундай ҳикоя қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир идишда хурмо ва майда бодринг олиб бордим. У зот майда бодрингни яхши кўришини билардим. Менга кафтлари тўла тақинчоқ ва тилла бердилар»[4].

Имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Расулуллоҳ эртани деб бирор нарсани заҳирага олиб қўймас эдилар». Яъни кўнгиллари кенглиги, қўллари очиқлиги ва Робблари ризқни беришига қатъий ишонганидан еб-ичиладиган бирон нарсани ғамлаб қўймасдилар.

У зотнинг олийжаноблиги ва саховатлари ҳақидаги хабарлар мутавотирдир. Қози Иёз Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтиради: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳожатини сўраб келди. Унга ярим васақ[5] қарз олиб бердилар. Бир куни қарз берган киши қарзини қистаб келди. У зот унга бир васақ бериб: «Ярми (қарзни) узиш учун, ярми ҳадя», дедилар.

Машҳур тасаввуф шайхлари ва атоқли алломалардан бири Абу Али Даққоқ қаддасаллоҳу сирраҳу шундай дейди: «Бошқаларни ўзидан устун қўйиш сифати мукаммал ва тўлиқ ҳолда Набий алайҳиссаломдан бошқада топилмайди. Чунки қиёмат кунида ҳамма «ўзим-ўзим» деса, у зот «умматим, умматим» дейдилар».

Тарих саҳифаларидан саховат борасида бу каби нодир мисолларга ўхшашини топиб бўлмайди. Аммо уларни фақатгина Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом сийратидагина учратиш мумкин. Зеро, у зот комилликда барчага намуна эдилар.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 



[1] Бақара сураси, 274-оят.

 [2] У зотнинг ахлоқлари, хусусан сахийликлари мўъжизадек эди.

 [3] Абу Ҳасан ибн Заҳҳок Ҳасан Басрийдан мурсал ҳолда ривоят қилган.

 [4] Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган. Имом Термизийнинг «Шамоил»ида ҳам санади билан келтирилган.

 [5] Бир васақ –195 кг.

 

21:31 / 05.01.2018
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Бағишлов
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...