20 жумадул аввал 1446
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаёлари  ва ёқтирмаган нарсаларига кўз юмишлари

Ҳаё улуғ исломий фазилат бўлиб, фахр-ифтихор этиладиган хулқдир. Пайғамбар алайҳиссаломга ҳаё борасида ҳам тенг келадиган бирор кимса топилмайди. У зотнинг ҳаёларига ўхшаш ҳаё инсон зотининг ҳеч бирида учрамайди.

Ҳаё – комил ҳаёт эгасида юз берадиган ҳолатдир. Ибн Дақиқул Ийд: «Ҳаё – айб саналган нарса туфайли хавотирга тушганда юз берадиган ўзгариш ва синиқликдир», деган таърифни келтиради. Ҳаё киши юзида пайдо бўладиган мулойимликдир. Яъни номаъқул бир ишни қилиб қўйганда ички ҳолатнинг ташқарида зоҳир бўлишидир. Ҳаё сифати билан Қуръон ва суннатда Аллоҳ таоло сифатланган. Бунда тарк этиш маъноси назарда тутилади.

«Кўз юмиш» деганда луғатда қовоқни ёпилиш даражасигача тушириш тушунилади. Истилоҳда: «Инсон табиатан ўзи ёқтирмаган нарсани билмасликка олишидир», дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта ҳаёли, айбларни беркитиш ва кўрмаганга олиш борасида тенгсиз эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганда, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берур. У эса сизлардан ҳаё қиладир. Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмайдир»[1]. Яъни Аллоҳ таоло ҳақни юзага чиқариш ва пайғамбарининг қалбидаги яширин сирларни баён қилишдан ҳаё қилмайди.

Имом Бухорий ва бошқалар Абу Саъид Худрийдан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳнинг ҳаёлари чимилдиқдаги келинчакникидан ҳам кучлироқ эди. Бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик. У зотнинг терилари латиф ва зоҳирлари юмшоқ эди, ҳаё қилганлари ва олийжанобликлари туфайли ҳеч кимга ёқмайдиган муомала қилмас эдилар».

Имом Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳга кимдир томонидан ёқмайдиган нарса (хабари) келса: «Фалончига нима бўлдики, бундай дейди», демасдилар. Лекин: «Қавмларга нима бўлдики, бундай дейдилар ёки қиладилар» деб ундан қайтарар, аммо қилувчисининг номини айтмас эдилар». Яъни бирлик эмас, кўплик шаклида мурожаат қилиб, шахсан айбламас эдилар.

Имом Абу Довуд Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши кирди. Унда (заъфаронга ўхшаш хушбўйликдан қолган) сариқ из бор эди. Ўзига ҳеч нарса демадилар. Ҳеч кимга ёқтирмаган нарсасини айтиб мурожаат қилмас эдилар. У чиққач: «Унга айтсангизлар, анавини ювиб ташласа», дедилар. Бошқа ривоятда «уни кетказса» дейилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом эркак кишида аёлларга хос зийнат ва безак аломати бўлишини ёқтирмасдилар.

Имом Термизийнинг «Сунан»и ва «Шамоил»ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёсиз, ўзини бешарм кўрсатувчи ва бозорларда бақириб юрувчи бўлмаганлар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, лекин афв этар ва кечирар эдилар». У зот Аллоҳ таолонинг «Сен ёмонликни гўзал нарса ила даф қил» деган сўзига кўра ёмонликка ёмонлик қайтармас, ёмонлик қилганга фақат яхшилик қилар, ёмонликни қалбдан ўчириб юборар ва унинг эгасига нисбатан асло кек-адоват сақламас эдилар. Аллоҳ таолонинг «Бас, уларни афв эт ва (айбларини) ўтиб юбор. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севар» деган сўзига асосан бировга тегишли ҳақ бўлмаса, катта ва кичик гуноҳларни кечиб юборар эдилар.

Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан: «Ҳеч қачон Расулуллоҳнинг фаржларини кўрмаганман», деган ривоятни келтиради. Бундан у икки зотнинг ҳам комил ҳаё эгалари бўлишгани маълум бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Оиша онамиз ҳаёни мусаффоликда беназир зот Пайғамбаримиздан ўрганганлар. Бошқа ривоятда: «Мен у зотнинг авратини кўрмаганман, у зот мендан кўрмаганлар», дейилган.

Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид-дин» китобида «У зот ҳаё қилганидан бирор кишининг юзига тик қараб турмас, ўзларига ёқмаган нарсани айтишга мажбур бўлсалар, ишора билан айтар эдилар» деб келтирилган. Шундай экан, ҳаё пайғамбарларнинг ажралмас ва доимий сифатларидан биридир. У зотлар олиб борган ваъз-насиҳатлар ва ташвиқотларда ҳаё сифати билан хулқланиш муҳим ўрин тутган. Ҳаёси йўқ кимса маънавият ва одоб-ахлоқдан бутунлай маҳрум деб қаралган.

Имом Бухорий Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер» деган ҳикмат одамларга етказилган пайғамбарликнинг биринчи каломидир», – дедилар. Бунинг маъноси шуки, агар бир ишни қилмоқчи бўлсанг, ўша иш Аллоҳ таоло ва одамлар наздида хижолатга қўймайдиган бўлса, бемалол қилавер. Аксинча бўлса, тийил. Имом Нававий айтганидек, бу ҳадиси шариф Ислом динининг мадори бўлган ҳадислардандир. Ундаги «истаганингни қилавер» деган сўз таҳдид учун айтилган бўлиб, рухсат учун эмас. Бу Аллоҳ таолонинг «Нимани хоҳласангиз қилаверинг. Албатта, У Зот нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир»[2] деган сўзига ўхшайди.

Хулоса шуки, инсон тийилиши зарур ёки қилиши нодуруст ўринларда ҳаёли бўлиши яхши, вожибни ёки суннатни тарк қилишга олиб борадиган ҳолатларда уялиш эса ёмон ҳисобланади.

Ҳаё Пайғамбаримизнинг гўзал сифатлари ва чиройли хулқларидан биридир. Чунки у зотнинг барча сифатлари туғма ва табиий эди. Ҳаё билан хулқланиш барча оқиллар ва ҳукамолар наздида яхши деб маъқулланган фитратий зарурий сифатдир. Шунингдек, ҳаё иймони бутлик, кўплаб одоблар мавжудлиги, савия юқорилиги ва ярашмайдиган тубан ва бачкана ишлардан юксакда туришнинг аломатидир.

 

«Шамоилу мустафо» китобидан


[1] Аҳзоб сураси, 53-оят.

 [2] Фуссилат сураси, 40-оят.

 

03:51 / 27.06.2020
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...