Расулуллоҳ алайҳиссалом Аллоҳдан кўп қўрқиб, кўп ибодат қилар ва У Зот тоатидан чиқмасликни ўзларига лозим тутар эдилар. Дарҳақиқат, бундай мақомда туриш Роббининг азамати ва улуғлигини ҳис этиб, яхши таниш ва ҳар доим зикрида бардавом бўлиш орқали амалга ошади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Роббинг ҳамди ила тасбеҳ айт ва сажда қилувчилардан бўл. Ва сенга аниқ нарса (ўлим) келгунича Роббингга ибодат қил»[1]. «Фориғ бўлсанг, (ибодатга) урин. Ва фақат Роббингга рағбат қил»[2]. Яъни эй Расул, рисолатни одамларга етказгач, дуо ва ибодатда сусткашликка йўл қўйма. Бу иккиси йўлида жидду жаҳд кўрсат. Тазарру ва илтижо билан Унинг Ўзигагина юзлан. Рағбатингни Роббингдан бошқага йўналтирма. У қодир ва ижобат этувчи Зотдир.
Имом Бухорий Саъид ибн Мусаййибдан ривоят қилади: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ «Агар менинг билганларимни билганларингизда оз кулиб, кўп йиғлардингиз», дердилар», деб айтарди». Имом Термизий Абу Зарр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда шундай қўшимча қилинган: «Мен сизлар кўрмаган нарсани кўраман, сизлар эшитмаган нарсани эшитаман. Осмон мунгли овоз чиқаради[3]. Овоз чиқариши ҳам керак. Унда тўрт энли жой йўқки, бир фаришта пешонасини қўйиб Аллоҳга сажда қилиб турмаган бўлса. Аллоҳга қасамки, агар мен билган нарсани билганингизда, оз кулиб, кўп йиғлаган, тўшакларда аёллар билан роҳатланмай, Аллоҳга ёлвориб, кўчаларга чиқиб кетган бўлар эдингиз»[4].
Икки шайх ва бошқалар Муғийра ибн Шуъбадан ривоят қилади: «Расулуллоҳ намоз ўқиганларида оёқлари шишиб кетди». Яъни кечаси намоз ўқиб, қиёмда узоқ турганларидан оёқлари шишиб кетди. Шунда Аллоҳ таоло у зот ва эргашганларга енгиллик бериб мана шу оятни нозил қилди: «Албатта, Роббинг кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) билади»[5].
Икки шайх келтирган бошқа ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқлари шишиб кетгунча намоз ўқир эдилар. У зотга: «Ўзингизни бунча қийнамасангиз? Ахир сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингиз кечирилган-ку» дейилди. У зот: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар».
Икки шайх келтирган яна бир ривоятда Оиша розияллоҳу анҳонинг «Расулуллоҳнинг амаллари давомий эди. У зот қилган амалларга қайси бирингизнинг тоқати етади?» дегани келтирилган.
Икки шайх келтирган бошқа бир ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «У зот рўза тутганларида, энди тутишни тўхтатмасалар керак, деб ўйлар эдик. Рўза тутмай юрсалар, энди тутмайдилар, деб ўйлар эдик». Ибн Аббос, Умму Салама онамиз[6] ва Анас розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: «У зотни тунда намоз ўқиган ҳолатда кўришни хоҳласанг, намоз ўқиган ҳолатда кўрар эдинг. Ухламаган ҳолатда кўришни хоҳласанг, ухлаган ҳолатда кўрар эдинг». Яъни у зот намоз ўқир, ухлар, рўза тутар ва рўза тутмай ҳам юрар эдилар. Буларнинг барчасида мўътадиллик ва ўртачаликни одат қилган эдилар.
Имом Муслим келтирган ривоятда Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Бир кеча Расулуллоҳ билан бирга эдим. Мисвок ишлатиб бўлиб, таҳорат олдилар. Кейин намоз ўқишни бошладилар. Мен ҳам у зот билан намозга киришдим. Бақара сурасидан бошлаб, раҳмат оятига келганларида, тўхтаб, Аллоҳнинг раҳматини сўрар, азоб оятига келганларида, тўхтаб паноҳ тилар эдилар. Кейин рукуга бориб, қиёмда турган миқдорча турар ва «Субҳана зил жабарут вал малакут вал кибрияи вал азамати»[7], дер эдилар. Кейин сажда қилдилар. Саждалари ҳам шунга ўхшаш бўлди. Кейин Оли Имронни ўқидилар. Кейин ҳар бир ракъатда битта-битта сура ўқиб, яна худди аввалгидек қилар эдилар». Яъни руку ва саждаларнинг узунлигини, тасбеҳ ва бошқа амалларни ҳам худди юқоридаги тартибда бажарар эдилар. Имом Муслимнинг бошқа ривоятида худди шунга ўхшаш ривоят Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан келтирилади. Бу ривоятда мана бундай қўшимчаси ҳам бор: «Қиёмдагига ўхшаш сажда қилдилар. Икки сажда орасида ҳам шунча ўтирдилар». Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтади: «Бақара, Оли Имрон, Нисо ва Моидани ўқидилар»[8].
Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ Қуръондан бир оятни кечаси билан ўқиб, бедор бўлар эдилар». Яъни кечаси намоз ўқиганларида «Агар уларни азобласанг, албатта улар Ўзингнинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен азиз ва ҳаким Зотсан»[9] оятини тиловат қилдилар. У зот Аллоҳнинг иродасига таслим бўлган ҳолда «уммати ижобат»нинг[10] азобга дучор бўлмаслигини, мағфират ва раҳматга сазовор бўлишини хоҳлаб шундай қилар эдилар.
Абу Довуд, Термизий, Насоий Абдуллоҳ ибн Шиххир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳнинг ҳузурларига борсам, намоз ўқиётган эканлар. Ичларидан қозон(даги сувнинг) қайнаганига ўхшаш овоз чиқар эди»[11].
Ибн Абу Ҳола розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ ғамгин[12] ва ўйчан[13] эдилар. У зотда истироҳат йўқ эди»[14].
Имом Муслим ва бошқалар келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен бир кунда Аллоҳга юз марта истиғфор айтаман», деганлар. Имом Бухорий ва Термизий келтирган ривоятда: «Етмиш марта истиғфор айтаман», дейилган.
Али розияллоҳу анҳудан нақл қилинган хабарда: «Маърифат[15] сармоям, ақл динимнинг асли, муҳаббат асосим[16], шавқ уловим[17], Аллоҳнинг зикри йўлдошим, ишонч[18] хазинам, маҳзунлик ҳамроҳим[19], илм қуролим[20], сабр ридойим[21], розилик ўлжам[22], ожизлик фахрим[23], зуҳд касбим[24], яқийн – қувватим[25], ростгўйлик – шафоатчим[26], тоат – менинг кифоям[27], жидду жаҳд қилиш хулқим[28], кўзим қувончи намоздадир»[29], дейилган.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[3] Фаришталарнинг кўплигидан зўрға кўтарди. Уларнинг кўплиги уни машаққатга солди.
[4] Ушбу ҳадис Аллоҳдан қўрқиш маъносини ифодалайди. Бу қўрқув нажот топамизми ёки йўқми, деган маънодаги хавотирдир.
[5] Муззаммил сураси, 20-оят.
[6] Язиднинг ҳукмронлиги даврида мўминларнинг оналаридан энг охири вафот этганлари.
[7] Ғолиблик-қудрат, мулк, буюклик ва улуғлик эгаси бўлган Зот айбу нуқсонлардан покдир.
[8] Мазкур сураларни бир ракъатда ўқиганлар. Бошқа қавлга кўра, тўрт ракъатда бир ёки икки салом билан ўқиганлар.
[9] Моида сураси, 118-оят.
[10] Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари иккига бўлинади. У зотнинг даъватлари қаратилган, ҳали Исломга кирмаган бутун ер юзи аҳолиси «уммати даъват» дейилади. У зотнинг динларини қабул қилиб, мусулмонлик бахтига мушарраф бўлганлар «уммати ижобат» дейилади.
[11] Димоғдан овоз чиқариб, ачиниш, эзилишдан дарак берувчи йиғи товуши шундай ифодаланган.
[12] У зотдаги ғамгинлик охиратдаги даҳшатларни билганликлари учун эди. Маҳзунлик, хафаликдан паноҳ сўрашлари бу дунёнинг ишларига тааллуқлидир. Чунки бу дунё ғам чекишга ҳам, хурсанд бўлишга ҳам арзимайди. Аллоҳ таоло айтади: «Токи кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун. Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ кимсаларнинг ҳеч бирини суймас» (Ҳадид, 23).
[13] Доимо тафаккурда эдилар.
[14] Пайғамбарлик вазифасини, ибодатни адо қилдилар. Ором олмадилар.
[15] Аллоҳ таолони таниш.
[16] Қалбимнинг асоси.
[17] Манзилга улови бор одам тез етгани каби шавқ ва иштиёқ эгаси ҳам мақсадга тез етади.
[18] Аллоҳга ишониш, суяниш битмас-туганмас хазинадир.
[19] У зотнинг маҳзунликлари дунё учун эмас, балки охиратдаги ҳолатларни билганликларидан қалбларида ўрнашган маҳзунликдир.
[20] Нафс, шайтон ва душман ҳийла-найрангларига қарши курашишда энг кучли қурол илмдир.
[21] Ридо – кийим устидан ташлаб олинадиган либос. Кийим инсон учун зийнатдир. Унинг фахрланадиган нарсасидир. Сабр ҳам шунга қиёсланмоқда. Бу иборадан «сабр менга хос хусусият» деган маънони ҳам тушуниш мумкин.
[22] Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш савоб олиш учун қулай имкониятдир.
[23] Қуллик, заифлик, ожизликни тан олиш, чексиз қудрат ва қувват эгаси бўлган Аллоҳга муҳтожликни изҳор этиш фахрдир. Бошқаси эмас.
[24] Дунёга мойилликлари йўқлигини шундай ифодалаганлар.
[25] Шак-шубҳасиз, иймон қалбимнинг, руҳимнинг қувватидир.
[26] Нажот берувчи, қутқарувчи.
[27] Роббимни рози қилиш учун Унга итоат қилишим мен учун етарлидир.
[28] Одатим, туғма хислатим.
[29] Али розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолда ривоят қилинган. Эҳтимол, у киши Расулуллоҳдан турли ҳолатларда бевосита эшитган маъноларни тўплаб айтган бўлишлари мумкин.