22 жумадул аввал 1446
Уқба ибн Амр Жуҳаний

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида шаҳар аҳли у Зотни кўчаларни тўлдириб, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб кутиб олишди. Уқба ибн Амр розияллоҳу анҳу бу пайтда чорвасини ўтлатгани саҳрога чиқиб кетган эди.

Уқба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қандай танишганини ке­йинчалик бундай сўзлайди: «Саҳродаги чўпонлар ўн икки нафар эдик. Ҳар куни у Зот ҳузурларига ичимиздан бир кишини юборардик. У қайтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини бизга етказарди. Ваҳий бўлиб тушган оятларни ўқиб берарди. Бу сўзлар менинг юрак-юрагимга таъсир этар, кўзларим ёшланар эди. Бир куни ўзимдан қаттиқ жаҳлим чиқиб: «Шу мол-дунёни деб Аллоҳ элчисининг суҳбатидан бебаҳра қолсам-а!» дедим-у,  чўпонларга чорвамни ташлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. «Эй Аллоҳнинг элчиси, мен Исломни қабул қилмоқчиман» , дедим. У Зот:«Сен кимсан?» деб сўрадилар. Мен: «Уқба ибн Амр Жуҳанийман»,  дедим. Шундан сўнг у Зотнинг ҳузурларида қолдим. Қаерга борсалар, дои­мо бирга бордим. Хатто «Орқадан эргашувчи» лақабини ҳам олдим. Сафарга чиққанларида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юрардим. Бир куни йўлда кетаётсак, у Зот мендан: «Уқба, чарчадинг­ми? Отимга минасанми?»  деб сўрадилар. Мен «йўқ» дея олмадим. Галма-гал гоҳ яёв, гоҳ отда алмашиб кетавердик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам :«Мен сенга иккита сурани ўргатайми?» дедилар. Мен: «Албатта», дедим. У Зот Фалақ ва Нос сураларини ўқиб: «Ҳар куни уйқудан олдин ва уй­ғонган вақтингда бу икки сурани ўқиш ёдингдан чиқмасин», дедилар. Мен бунга умрим охиригача амал қилишга ҳаракат қилдим». Уқба розияллоҳу анҳу Қуръони каримни чиройли ва ёқимли ўқирди. Унинг тиловатини эшитган киши йиғламасдан иложи йўқ эди. У ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу билан боғлиқ воқеани хотирлаб, бундай дейди:«Бир куни ҳазрат Умар мени чақириб:«Бир тиловат қилиб бер», дедилар. Мен тиловат қиляпман, у Зот эса йиғлайверганидан соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Тиловатдан сўнг ҳазрат Умарга Қуръон оятлари ёзилган қоғоз ўрамини бердим». Бу ўрам тагига «Уқба ибн Амр Жуҳаний» деб ёзилган бўлиб, уни саҳобанинг ўзи ёзган. Бу қўлёзма узоқ вақт Мисрдаги «Уқба ибн Амр» масжидида сақланиб келган. Минг афсус, ҳозиргача етиб келмаган. Манбаларда ёзилишича, Уқба ибн Амр Жуҳаний розияллоҳу анҳу шоир ва тилшунос ҳам бўлган. Аллоҳ тао­лонинг Каломини суювчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини эҳтиётловчи, бировнинг ҳақидан қўрқувчи Уқба розияллоҳу анҳу умрининг охирида аҳли оиласига уч нарсага амал қилишни буюрди: биринчиси, ҳадисни фақатгина аниқ ва ишончли далил билан бўлса, қабул этинг; иккинчиси, бировдан қарздор бўлмасликка ҳаракат қилинг; учинчиси, шеър ёзишга чуқур кетманг, зеро у юрагингизни Қуръондан совутиши мумкин. Уқба ибн Амр Жуҳаний Мисрнинг Муқаттам тоғи яқинига дафн этилган.

Азиз ҲАКИМОВ тайёрлади

19:52 / 23.08.2012
Аввалги мақола
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...