Исро ва Меърож воқеасида таъсирли, чуқур маъноли, тарихда ўчмас из қолдирадиган ҳодисалар рўй берди. Шулардан бири Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг руҳоний оламда барча набий ва расуллар билан намоз ўқишларидир. Бу эса анбиёларнинг вазифалари битта бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг имоми ва охиргиси эканига далолат қилади. Шунингдек, у зот Масжидул Ақсода фаришталар билан бирга намоз ўқиганлар.
Исро ва Меърож воқеаси руҳ ёки жасад билан бўлгани тўғрисида ихтилоф бор. Бу масалада уч хил қараш мавжуд. Улардан айримларининг далиллари заиф бўлса-да, келтириб ўтишни лозим топдик. Биринчи гуруҳ пайғамбарларнинг тушлари ҳақ ва ваҳий эканини тан олган ҳолда Исро воқеаси руҳ билан бўлганини айтиб, уни уйқудаги тушдан иборат дейди. Саҳобалардан Муовия розияллоҳу анҳу ҳам ана шу фикрни ёқлаган. Улар Аллоҳ таолонинг «Биз сенга кўрсатган рўёни фақат инсонлар учун имтиҳон қилдик»[1] деган сўзини далил қилиб келтириб, оятда «рўё» сўзи ишлатилган, дейишади.
Уларга жавоб шуки, оятда воқеани тасдиқлаш имтиҳон деб аталмоқда. Қурайшликлар эса уни инкор этишди. Кўр-кўрона иймон келтирганлар эса диндан қайтишди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Аллоҳ тавфиқ берганларгина тасдиқладилар. Агар воқеа уйғоқлик пайтида бўлмаганда, уни синов ва имтиҳон дейишнинг маъноси қолмас эди. Ояти каримадаги рўёдан мурод айнан кўз билан кўришдир. Негаки, «исро», яъни сайр қилдириш сўзи уйқудаги ҳолатга нисбатан қўлланмайди. Устига-устак, уйқудаги тушда имтиҳон бўлмайди ва уни ҳеч ким ёлғонга чиқармайди, чунки ҳар қандай тушда борлиқдаги мавжудотларни бир лаҳзада кўриш мумкин. Улар яна Оиша розияллоҳу анҳодан келтирилган мана бу ривоятни далил қилиб келтирадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таналарини йўқотмадим». Бу ривоят ҳужжат бўлишга яроқли эмас, чунки у зот Оиша онамиз билан Мадинага келгандан кейингина бирга яшай бошлаганлар. Исро воқеаси эса пайғамбарликдан кейин Макка даврида бўлган.
Шунингдек, улар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Мен Ҳатийм ёки Ҳижрда ухлаётган эдим» деган сўзларини ва Анас розияллоҳу анҳунинг «У зот Масжидул Ҳаромда ухлаётган эдилар» деган ривоятини далил қилишади. Бунга жавоб шуки, мазкур ривоятлар у зотнинг аввал уйқуда бўлганликларига далолат қилади, воқеанинг уйғоқ ҳолатда рўй берганига зид келмайди. Демак, у зот бошда бир оз уйқуга кетиб, сўнг уйғонганлар.
Бошқа бир тоифа: «Исро воқеаси Байтул мақдисга уйғоқликда тана билан, осмонга кўтарилиш – меърож эса уйқуда руҳ билан бўлган», дейди. Бунга далил сифатида Аллоҳ таолонинг «Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган зот покдир. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир»[2] деган сўзини келтирадилар. Уларнинг фикрига кўра, бу оятда Исро воқеасининг фақат жасад билан бўлганига очиқ-ойдин ҳужжат бор.
Учинчи гуруҳ аксар фақиҳлар, муҳаддислар, мутакаллимлар ва муфассирларнинг қавллари бўлиб, иншааллоҳ, ана шу тўғри ва ҳақдир[3]. Яъни Исро ва Меърож тана ва руҳ билан уйғоқлик пайтида бўлган, чунки оятнинг ўзи ҳам, саҳиҳ хабарлар ҳам шуни тасдиқлайди. Агар уйқу пайтида бўлганида оятда «ўз бандасини» деган сўз ўрнига «бандасининг руҳини» дейилган бўларди. Нажм сурасидаги оятда «Дарҳақиқат, Роббининг улкан мўъжизаларидан кўрди»[4] дейилган. Агар уйқу пайтида бўлганда унинг мўъжизалиги қолмас, кофирлар инкор қилмас, ёлғонга чиқармас, иймони заиф мусулмонлар диндан қайтиб, йўлдан озмас эдилар. Чунки бундай ҳодисаларнинг тушда рўй бериши ажабланарли ва ғайриоддий иш эмас.
У зотнинг Байтул мақдисда пайғамбарлар билан намоз ўқиганлари, Жаброил алайҳиссалом Буроқни келтирганлари, осмонга кўтарилиб, уни очишни сўраганлари, «Сен билан бирга ким бор?» дейилиши ва ҳадисда зикр қилинган бошқа тафсилотлар уйғоқ ҳолатда тана билан бўлгани учун иймони заифлар бу воқеани инкор этиб: «Бўлиши мумкин эмас», деган гумонга боришди. Шунингдек, осмонда пайғамбарлар билан учрашиб, турган мақомларининг аниқ баён қилиниши, у зотни қарши олишлари, намознинг фарз бўлиш қиссаси ва енгиллатиш борасида Мусо алайҳиссалом билан қайта-қайта учрашиб ўзаро мулоқот қилишлари, Сидратул мунтаҳогача етиб келишлари, жаннатга киришлари, у ерда ўзлари зикр қилган нарсаларни кўришлари – буларнинг барчаси Исро ва меърож тана ва руҳ билан бўлганига аниқ далолат қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «У уйқудаги туш эмас, балки Расулуллоҳнинг кўзлари билан кўрганларидир»[5], деган фикрни билдиради.
Имом Байҳақий ва Ибн Мардувайҳ Шаддод ибн Авсдан ривоят қиладилар: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ё Аллоҳнинг расули, сизни кечаси излаб бориб жойингиздан тополмадим?» деди. У зот: «Жаброил мени Масжидул Ақсога олиб кетган эди», дедилар». Бу ривоят ҳам Исро воқеасининг уйғоқликда бўлганига шубҳа қолдирмайдиган ҳужжатлардан биридир. Ибн Мардувайҳ Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Исро кечасида Масжиднинг[6] олд тарафида намоз ўқидим. Кейин катта қоятош[7] олдига борсам, бир фаришта турган экан. Унда учта идиш бор эди»[8].
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мен Ҳижрда эдим. Қурайш мендан тундаги сафарим ҳақида сўрар эди. Ёдимда қолмаган нарсаларни сўрашарди[9]. Мен эса шунчалик ғамга тушиб қолгандимки, ҳеч қачон бу каби ташвиш чекмаган эдим. Аллоҳ таоло Байтул мақдисни менга кўтарди. Мен унга қараб турар эдим. Мендан у ҳақда нимани сўраган бўлишса, ҳаммасини айтиб бердим».
Меърож воқеаси Пайғамбаримизнинг юксак фалакка, Сидратул мунтаҳога, Аллоҳ таолога яқин мақомга кўтарилишларига қарамай, жуда қисқа вақт ичида юз берган. Исро воқеасининг далили Қуръонда келгани қатъий ва шубҳасиздир. Шунинг учун кимда-ким уни инкор этса,
кофир бўлади. Меърож воқеасининг далили зонний[10] бўлиб, тан олмаган киши фосиқ деб ҳукм қилинади. Лекин унутмаслик керакки, Меърож воқеасини Исродан ажратиш мумкин эмас, чунки бу иккиси бир-бирига чамбарчас боғлиқ бир ҳодисадир.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[3] Саҳобалардан Умар ибн Хаттоб, Ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас ибн Молик, Ҳузайфа ибн Ямон, Абу Ҳурайра, Молик ибн Соъсоъа, Абу Ҳабба Бадрий, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум, тобеъинлардан Заҳҳок, Саъид ибн Жубайр, Қатода, Саъид ибн Мусаййиб, Ибн Шиҳоб, Ибн Зайд, Ҳасан Басрий, Иброҳим Нахаъий, Масруқ ибн Аждаъ, Мужоҳид, Икрима, Ибн Журайж раҳматуллоҳи алайҳим каби улуғларнинг сўзларидир. Бу қарашдаги кейинги табақа уламолариниинг номларини келтириб ўтирмадик. Чунки уларни санасак, кўпайиб кетади.
[4] 18-оят.
[5] Имом Бухорий ривояти.
[6] Масжидул Ақсони назарда тутганлар.
[7] Масжидул Ақсо ҳудудининг баланд жойида катта қоятош бор. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унинг устидан осмону фалакка кўтарилганлар. Абдул Малик ибн Марвон гумбазини ўша йирик қоятош устига тўғрилаб, катта масжид қурдирган. У «Қуббатус-сохра» номи билан машҳур. Унинг гумбази катта ҳажмда бўлиб, тилла рангда. Кўпчилик уни Масжидул Ақсо билан адаштиради. Масжидул Ақсонинг гумбази кумуш рангда бўлиб, ҳажми кичикдир.
[8] Имом Бухорий ривояти. Улар сут, шароб ва асал бўлган. Бошқа ривоятда тўртта дейилган. Мазкур учтага қўшимча қилиб сув ҳам зикр қилинган. У зот сутни танлаганларида, Жаброил алайҳиссалом: «Фитратни танладинг», деганлар. Сут тоза, мазали ва ҳазми осон бўлгани учун Ислом ва тўғри йўлда собитлик аломати бўлган.
[9] Чунки у зот ўшанда фаришталар, анбиёлар ва тасаввурга сиғдириш қийин бўлган ўзларига аён бошқа ажойиботлар билан машғул бўлганлар.
[10] Яъни жазм ила қатъий бўлмаган далил билан талаб қилинган нарса