23 жумадул аввал 1446
Қуръони Карим

Қуръони Карим – нурли ваҳий саҳифасидир. У нозил бўлганидан то қиёматга қадар ўзгаришга учрамайди. У улкан борлиқ китобидир. У дунё ва охират ҳаётининг калити бўлиб, заволга юз тутмайди. У аниқ зафар, абадий саодат йўлидир. У иймон келтирганлар, ҳукмларига амал қилганлар, кўрсатмалари соясида турганларга чинакам боқийликдир.

Аллоҳ таолонинг азалий каломи, Унинг ҳикматли шариати экани Қуръони Каримнинг мўъжизавийлигига қатъий далилдир. Унинг мўъжизавийлиги бир неча жиҳатдан бўлиб, уларни умумий тўрт қисмга ажратиш мумкин. Тўрталасига ҳам ушбу оятларда ишора қилинган: «Ҳаа. Мийм. Бу Раҳмон ва Раҳим томонидан нозил қилингандир. Биладиган қавмлар учун оятлари муфассал баён қилинган китобдир» (Фуссилат, 1–3-оятлар), «Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ҳикматли ва мақталган Зотнинг нозил қилганидир» (Фуссилат, 42-оят).

Биринчи жиҳат ҳарфлар, сўзлар, оятлар, суралар, қиссалар ва ҳикоялардан ташкил топган ибораларнинг маъноларига мос равишда тизилганидир. Унинг фасоҳати ва балоғати, беназир услуби, ақл бовар қилмас ишоралари арабларни мот қилди. Улар сўзамоллик майдонининг моҳир чавандозлари бўлиб, бошқа халқларга берилмаган балоғат ва ҳикмат билан хосланган эдилар. Шунга қарамасдан, Қуръон билан баҳс-мунозара юритишга ва рақобатлашишга бардош бера олишмади. Муайян мавзуда ёки услубда энг қисқа сурага ўхшаш сура ҳам келтира олишмади.

Ҳақиқатан, Қуръони Каримнинг оятлари мукаммал ва бенуқсон назмга эга. Унинг на лафзида ва на маъносида камчилик бор. Сўзлари дона-дона ва батафсил баён қилинган. Яъни зарур эътиқодий масалалар, ҳукмлар, кўрсатмалар, хабарлар, ваъз-насиҳатлар, ваъдалар ва огоҳлантиришлар ақл бовар қилмас услубда келтирилган.

Балоғати лол қолдирувчи, қисқача баёни осон, роҳатбахш, чиройли ва ёқимли. Муфассал ифодаси дур каби жилвали. Қисқа иборалари кенг маъноларни қамраб олади. Оз лафзлари ўзида кўпдан-кўп фойдаларни жамлаб, дақиқ ғоя ва мақсадларга қаратилган.

Қуръони Карим араблар ва бошқалардан шунга ўхшаш бир китоб ёки унинг сураларига ўхшаш ўнта сура ёхуд лоақал бир сура келтиришларини талаб қилди: «Агар инсу жин тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларига ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар», деб айт»[1].

Бу оят Қуръондек бутун бошли бир китоб келтириш талабини ўз ичига олган. Шундан кейин қуйидаги оятда ўнта сура келтириш талаби қўйилди: «Ёки «Ўзи тўқиб олди», дейдиларми? Сен: «Агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, шунга ўхшаш тўқилган ўнта сура келтиринглар-чи», дегин. Агар жавоб бера олмасалар, билингларки, у фақатгина Аллоҳнинг илми ила нозил қилингандир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?!»[2]

Тўқиб чиқарилган нарсага зеб бериш, уни безатиш ва ялтироқ қилиш қийин эмас. Шундай бўлса-да, бунга ҳам йўл топа олишмади. Зеро, буюк маънолар қаршисида сўз топиб, ифода этишнинг ўзи мушкул иш. Бу ҳам уларнинг баҳслашишдан ожиз эканлигининг бир сабаби эди, чунки Қуръон пурмаъно, серҳикмат ва сермазмун бўлиши баробарида бенуқсон, ажойиб ва энг олий даражадаги баёнга эгалиги билан ҳаммани таслим қилди.

Улар Қуръонга ўхшаш китоб келтиришдан ёки унинг сураларига ўхшаш ўнта сура тўқиб чиқаришдан ожиз бўлишгач, Аллоҳ таоло бу иш қўлларидан келмаслигини кўрсатиш учун Каломининг икки ўрнида ақалли битта сура келтиришга чорлаган. Биринчиси «Ёки «Ўзи тўқиб олган», дейдиларми? Сен: «Агар ростгўй бўлсангизлар, унга ўхшаш бир сура келтиринглар ва (бу ишга) Аллоҳдан бошқа, кучингиз етганича кимни хоҳлангиз, чақиринглар», деб айт»[3] деган сўзидир.

Иккинчиси эса «Ва Биз бандамизга туширган нарса ҳақида шубҳада бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринглар ва ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар. Агар қила олмасангизлар (ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам), ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар»[4] деган сўзидир.

Баҳслаша олмай умидларини узишгач, ноумид бечораларнинг сўзини айтишдан нарига ўтишмади. Валид ибн Муғийра Муддассир сурасининг 24–25-оятларида келганидек: «Бу асар қолган сеҳрдан бошқа нарса эмас. Бу башар сўзидан бошқа ҳеч нарса эмас», деди. Бошқалари: «Агар бир оят-мўъжизани кўрсалар, юз ўгирадилар ва: «Бу ўткинчи сеҳр», дейдилар»[5], холос.

«Куфр келтирганлар: «Бу (Қуръон) уйдирмадан бошқа нарса эмас, уни ўзи тўқиб чиқди ва бунда унга бошқа қавм ёрдам берди», дедилар. Шубҳасиз, улар зулм ва ёлғон гувоҳлик келтирдилар. Улар: «Бу аввалгиларнинг афсонасидир. Уларни ёздириб олган. Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қилинур», дедилар»[6].

Айримларидан фикр, ақл ва қалб уйғоқлигидан дарак берувчи сўзлар ҳам чиқди. Валид ибн Муғийра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Албатта, Аллоҳ адолатга ва эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга буюради. Фаҳш ва мункардан ҳамда зулмкорликдан қайтаради»[7] деган оятни эшитганда «Аллоҳга қасамки, ҳақиқатан унда ҳаловат бор. Албатта, унда кўркамлик ва гўзаллик бор. Унинг ости унумдор (баракали), усти эса серҳосил. У инсон сўзи эмас», деган эди.

Ҳофиз Абу Убайд Қосим ибн Салломнинг ривоят қилишича, бир аъробий бир кишидан «Бас, сенга амр қилинган нарсани юзага чиқар ва мушриклардан юз ўгир»[8] деган мазмундаги оятни эшитди-ю, бирданига саждага кетди. Сўнгра: «Унинг фасоҳати учун саждага бош қўйдим», деди. Бошқа бир аъробий эса бир кишининг «Ундан умидни узган чоғларида, четга чиқиб, хуфёна маслаҳат қилдилар»[9] деган мазмундаги оятни ўқиётганини эшитиб: «Гувоҳлик бераманки, бу сўзларга инсон зотининг қудрати етмайди»[10], деди.

 

Ҳикоя қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу масжидда ухлаётганида кимдир тепасида туриб, шаҳодат калимасини қайтарар эди. Ҳазрати Умар уйғониб, ундан сабабини сўради. У ўзини таништириб, Рум аъёнларидан эканини, араб ва бошқа тилларни яхши билишини, асирга тушган бир мусулмондан Аллоҳнинг каломидан бир оятни ўқиётганини эшитиб қолиб, тафаккур қилиб ўйлаб кўрса, битта шу оятнинг ўзида Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марямга нозил қилган дунё ва охиратга тегишли барча ҳолатлар жо қилинганини айтиб беради. Ўша оят «Ким Аллоҳга ва Унинг расулига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, ўшалар ютуққа эришувчилардир»[11] деган оят эди.

Асмаъий бир жориянинг гапини эшитиб: «Қуриб кетгур, тилинг жуда бурро экан-ку сенинг», деди. У бўлса: «Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. (Унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, хафа бўлма, Биз албатта уни сенга қайтарамиз ва пайғамбарлардан қиламиз», деб илҳом қилдик»[12] деган оят олдида менинг шу гапим ҳам фасоҳат бўлибдими?» деди. Биргина оятда «эмизавер», «ташла» деган иккита буйруқ, «қўрқма», «хафа бўлма» деган иккита қайтариқ, «илҳом қилдик», «қўрққан чоғингда» деган иккита хабар, «қайтарамиз», «пайғамбарлардан қиламиз» деган иккита хушхабар жамланган. Бундай юксак фасоҳат, етук балоғат ва мўъжизавийлик фақат Қуръон оятларида бўлиши мумкин, холос.

Қуръони Каримнинг балоғатига мисол тариқасида баъзи оятларни келтирамиз:

«Сизларга қасос олишда ҳаёт бор, эй ақл эгалари! Шоядки, тақводор бўлсангиз»[13].

«Агар улар(мушрик-кофир)нинг даҳшатга тушиб, қочиб қутилишга жой йўқ ва яқин макондан тутиб кетилганларини кўрсанг эди?»[14]

«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди содиқ дўстдек бўлур»[15].

Нуҳ алайҳиссалом даврида бутун ер юзини босган тўфон битта оятда ифода этилган. Ҳуд сурасининг 44-оятида шундай марҳамат қилинади: «Эй ер, сувингни ют. Эй осмон, ўзинги тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий(тоғи)га жойлашди. Ҳамда «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди».

Қуръони Карим қиссалари қайта-қайта такрорланса-да, ҳар сафар янги қиёфа, ўзгача гўзаллик ва жозибадорлик касб этади. Ундан зерикиш, малолланиш пайдо бўлмайди. Кишининг ўқиган сари ўқигиси келаверади.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 



[1] Исро сураси, 88-оят.

[2] Ҳуд сураси, 13–14-оятлар.

[3] Юнус сураси, 38-оят.

 [4] Бақара сураси, 23–24-оятлар.

 [5] Қамар сураси, 2-оят.

 [6] Фурқон сураси, 4–5-оятлар.

 [7] Наҳл сураси, 90-оят.

 [8] Ҳижр сураси, 94-оят.

 [9] Юсуф сураси, 80-оят.

 [10] Бу сўзлар Яратгандан бошқаники эмас.

 [11] Нур сураси, 52-оят.

 [12] Қасас сурсаи, 7-оят.

 [13] Бақара сураси, 179-оят.

 [14] Сабаъ сураси, 51-оят.

 [15] Фуссилат сураси, 34-оят.

 

23:02 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...