20 жумадул аввал 1446
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг касалларни тузатиш билан боғлиқ мўъжизалари

 

Набий соллаллоҳу аллайҳи васалламга касалларни тузатиш, беморларни дардидан фориғ қилиш мўъжизалари ҳам берилган эди. Албатта, бу ишлар Аллоҳнинг изни ва Расулининг қўлида шифо яратиш билан амалга ошган.

Муҳаммад ибн Исҳоқ Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан келтирган ривоятда Саъд ибн Абу Ваққос Уҳуд ғазоти ҳақида шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга камон ўқларини узатиб: «От, эй Саъд», дер эдилар. Ўша куни Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам то синиб кетгунча камондан ўқ отдилар. Ўшанда Қатода ибн Нўъмоннинг кўзи чиқиб, лунжига тушиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни жойига қайтариб қўйиб қўйдилар. Қайтариб қўйилган кўзи икки кўзнинг энг яхшиси эди»[1].

Имом Термизий ва Насоий келтирган ривоятда Усмон ибн Ҳаниф айтади: «Бир кўзи ожиз киши келиб: «Ё Аллоҳнинг расули, кўзимни очишини сўраб мен учун Аллоҳга дуо қилинг», деди. У зот: «Бориб, таҳорат ол, кейин икки ракъат намоз ўқиб, шундай дуо қил дедилар: «Ё Аллоҳ! Мен сендан сўрайман ва сенга раҳмат пайғамбари, пайғамбарим Муҳаммад билан юзланаман (Эй Муҳаммад, мен сизни восита қилиб Роббингизга кўзимни очиши учун юзланмоқдаман). Ё Аллоҳ! Мен ҳақимда у зотнинг шафоатини қабул эт». Усмон ибн Ҳаниф: «У қайтиб келганда кўзи кўрадиган бўлган эди», дейди[2].

Уқайлий келтирган ривоятда Ҳабиб ибн Фудайк[3] отасининг кўзлари қизариб, кўрмайдиган бўлиб қолгани, Расулуллоҳ кўзларига дам солганда жуда яхши кўрадиган бўлгани, ҳатто саксон ёшида игнанинг тешигидан ипни бемалол ўтказишини ривоят қилган.

Абу Нуъайм ва Воқидий Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Омир ибн Молик истисқо[4] касалига чалинди. У Расулуллоҳга одам юборди. У зот ердан бир сиқим тупроқ олиб, туфлаб юборган одамига берганларида таажжубланганча олди. Худди масхара қилингандек бўлди. Омирнинг ҳаёти ўлим ёқасида эди. Олиб келиб унга берди. Сувга аралаштириб ичган эди, Аллоҳ шифо бериб тузалиб кетди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Унайснинг жароҳатига туфлаган эдилар, йирингламади[5].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар кунида Али розияллоҳу анҳунинг оғриётган кўзларига туфлаганларида тузалиб, худди оғримагандек бўлиб қолгани ривоят қилинган[6].

Хайбар кунида Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳунинг зарба еган оёғига дам солганларида тузалгани ривоят қилинган[7].

Хандақ кунида Али ибн Ҳакамнинг синган оёғига дам солганларида шу заҳоти шифо топгани ривоят қилинган[8].

Ибн Ваҳб келтирган ривоятда шундай дейилади: «Хубайб ибн Ясоф Бадр жангида Расулуллоҳ билан бирга эди. У елкасидан зарба еб, жароҳатланди ва натижада бир томони қийшайиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни жойига солиб, дам солганларида, ўрни битиб, тузалиб кетди»[9].

Ибн Абу Шайба келтирган ривоятда Умму Жундуб айтади: «Хусъам қабиласидан бир аёл у зотнинг ҳузурларига гапирмайдиган бўлиб қолган ёш болани олиб келди. Сув келтирилди. Оғизларини чайиб, қўлларини ювгандан кейин сувни аёлга бериб, болага ичиришни ва суртишни буюрдилар. Бола тузалди. Унинг ақли бошқа одамларнинг ақлидан зиёда бўлди»[10].

Имом Аҳмад, Байҳақий ва Ибн Абу Шайба келтирган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Бир аёл ақлдан озган боласини олиб келди. У зот боланинг қорнини силадилар. У бир қайт қилганда ичидан қора кучукчадек нарса чиқди ва шифо топди».

Муҳаммад ибн Ҳотибнинг қўлига ёш болалигида қозон ағдарилиб кетган эди. Ўшанда Расули акрам силаб, дуо қилиб, туфлаганларида шу заҳоти тузалди[11].

Шураҳбил Жуъфийнинг кафтида қилич ва уловнинг юганини ушлашга халақит берадиган без бор эди. Расулуллоҳга шикоят қилди. У зот қўллари билан ушлаб, муолажа қилдилар. Қўлларини олганда бездан асар ҳам йўқ эди[12].

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Бу ривоятни Ибн Исҳоқ Осим ибн Амр ибн Қатодадан мурсал ҳолда ривоят қилган. Ибн Адий ва Байҳақий Осимдан, у бобосидан узилишсиз келтирган. Имом Байҳақий бошқа йўл билан Абу Саъид Худрийдан, у киши Қатодадан ривоят қилган.

[2] Мазкур ривоятни Ибн Можа, Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилган ва бу иккисини саҳиҳ деган.

[3] Имом Баҳақий ва Табароний Фудайк, Ибн Абу Шайба Фурайк деб келтирган.

[4] Қоринда сариқ сувнинг йиғилиши.

[5] Имом Табароний ривоят қилган.

[6] Имом Бухорий Саҳл ибн Саъддан ривоят қилган.

[7] Имом Бухорий ривояти.

[8] Абул Қосим Бағавий ривояти.

[9] Ибн Ваҳбдан ташқари имом Байҳақий ҳам Ибн Исҳоқдан ривоят қилган.

[10] Ибн Абу Шайба марфуъ ҳолатда ривоят қилган.

[11] Имом Насоий, Байҳақий ва Тоялисий ривояти. 

[12] Имом Табароний ва Байҳақий ривояти.

 

 

12:00 / 22.02.2018
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...