21 жумадул аввал 1446
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий хислатлари

Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлган баъзи умумий сифатларни келтириб ўтишни маъқул кўрдик. Чунки бу сифатлар ҳар қандай ҳолат ва ҳар қандай маконда ҳам тарк қилмайдиган, Аллоҳнинг ўзи зийнат қилиб берган буюк хулқ эди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:

«أدَّبَنِي رَبِّي فأَحْسَنَ تَأدِيبِي»

«Роббим менга одоб берди ва одобимни чиройли қилди», деган эдилар[1].

 

БАҒРИКЕНГЛИКЛАРИ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенгликлари ҳақида сўз кетганда, у зотнинг бу сифатларидан мўмину мусулмонлар қатори мушриклар ҳам баҳраманд бўлган эди. Макка фатҳ қилинганда юртларидан қувган, мол-мулкларини талон-тарож қилган, яқинларини ўлдирган ва кўплаб озор берган Макка мушриклари асирга тушди. Улар пайғамбаримиз ҳақларида «Энди Муҳаммад биздан ўч олади», деб ўйлашарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг устидан ҳукм чиқариб, жазолаш имкониятига эга бўлиб турганда:

«مَا تَرَوْنَ أَنِّى صَانِعٌ بِكُمْ؟»

«Мени сизларни нима қилади, деб ўйлаяпсизлар?» дедилар. Улар: «Яхшилик! Саховатли биродаримизсиз ва саховатли кишининг фарзандисиз», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

« اذْهَبُوا فَأَنْتُمُ الطُّلَقَاءُ »

«Кетаверинглар! Сизлар озодсизлар», дедилар[2].

Бу бағрикенгликни кўрган Макка мушриклари тўда-тўда бўлиб Исломга киришди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматни ҳам бағрикенг қилиб тарбияладилар. Саҳобаларга барча жабҳада бағрикенг бўлиш кераклигини уқтириб:

«رَحِمَ اللهُ رَجُلًا سَمْحًا إِذَا بَاعَ، وَإِذَا اشْتَرَى، وَإِذَا اقْتَضَى».

«Сотганда ҳам, сотиб олганда ҳам, ҳақ талаб қилганда ҳам бағрикенг бўлган кишига Аллоҳ раҳм қилсин!», дедилар[3].

Яҳудий бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўлим тилаганда, Оиша онамиз унга: «Сенга Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлсин!» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«مَهْلا يَا عَائِشَةُ ! عَلَيْكِ بِالرِّفْقِ ، وَإِيَّاكِ وَالْعُنْفَ وَالْفُحْشَ»

«Шошма! Эй Оиша, мулойимликни лозим тут. Қўполлик ва ёмон сўзлардан сақлан», дедилар[4].

Ғазаби тез ва баджаҳл умматларини тарбиялаш ва уларни бағрикенг ҳамда кечиримлилик сифати билан зийнатланишлари учун:

«مَنْ كَظَمَ غَيْظًا وَهُوَ يَسْتَطِيعُ أَنْ يُنَفِّذَهُ دَعَاهُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى رُءُوسِ الْخَلاَئِقِ حَتَّى يُخَيِّرَهُ فِى أَىِّ الْحُورِ شَاءَ ».

«Ким бажаришга қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло қиёмат куни бутун халойиқни олдида чақириб, ҳурлардан хоҳлаганини олишга ихтиёр беради», – дедилар[5].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг улкан бағрикенгликлари Тоифда намоён бўлди. Макка мушриклари даъватни қабул қилмагач, у зот Тоифга отландилар ва аҳолини Исломга даъват қилдилар. Улар даъватни қабул қилишмади. Ёш болаларга тош бериб, у зотга отишни буюришди. Ёш болалар ва баъзи ёши катта аҳмоқлар оламларга раҳмат бўлиб келган пайғамбарни тошлар отиб қонга белашди. Уларни дойибад қилиш ўрнига юзларидаги қонни артиб:

«اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِقَوْمِي فَإِنَّهُمْ لَا يَعْلَمُونَ»

«Аллоҳим! Қавмимни мағфират қилгин, чунки улар билишмайди», – дедилар[6].

Макка мушриклари томонидан мусулмонларга азиятлар кўпайиб, тазйиқ кучайганда, қабилалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз ҳимоясига олишдан бош тортганда ҳам уларни дойибад қилиш ёки бир дуо билан Аллоҳ томонидан бало келиб уларни йўқ қилиш имконияти берилганда ҳам, бағрикенглик қилдилар. Жаброил алайҳиссалом келиб: «Аллоҳ қавмингнинг сенга айтган гапини, сенга нима жавоб қайтарганини эшитди. У Зот улар ҳақида истаган нарсангни буюришинг учун ҳузурингга тоғ фариштасини юборди», деди. Тоғ фариштаси пайғамбаримизга нидо қилиб, салом берди. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Нимани истасанг, шу. Агар уларнинг устига «икки Ахшаб»ни[7] тўнтариб ташлашимни истасанг (шундай қиламан)», деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Аллоҳ уларнинг пуштикамаридан ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган кишиларни чиқаришини умид қиламан», – дедилар»[8].

Мана Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенгликлари қандай бўлган. Ҳеч қачон ўз нафслари учун бировга ғазаб қилмаганлар, ўз нафслари учун бировдан ўч олмаганлар. Мана шу буюк хулқлари боис кўп кофирлар Исломни қабул қилди ва икки дунё саодатига эришди.



[1] Суютийнинг «Жамъул жавомиъ» китобига қаралсин.

[2] «Сунан Байҳақий» китобига қаралсин.

[3] Имом Бухорий ривояти.

[4] «Ал-адаб ал-Муфрад» китобига қаралсин.

[5] Имом Термизий ривояти

[6] «Шуъабул иймон» китобига қаралсин.

[7] Икки Ахшаб – Маккаи Мукаррамадаги икки катта тоғ. Улардан бирининг номи Абу Қубайс бўлиб, Каъбанинг шарқ томонида, иккинчиси – Қуъайқоъ тоғи эса унинг ғарбида жойлашган. Уларнинг баландлиги 420 ва 230 метрни ташкил қилади.

[8] Имом Бухорий ривояти.

00:11 / 27.06.2020
Шамоил
«Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатдан мени кўрибди»
حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ مَهْدِيٍّ، قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ، عَنْ أَبِي الأَحْوَصِ، عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ، عَن...
12:03 / 06.09.2023 Батафсил...
Шамоил
«Биз мерос қолдирмаймиз»
حَدَّثَنَا أَحْمَدُ بْنُ مَنِيعٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا حُسَيْنُ بْنُ مُحَمَّدٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا إِسْرَائِيلُ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ، عَنْ عَمْرِو بْنِ الْحَارِثِ، أَخِي جُوَيْرِيَةَ لَهُ صُحْبَةٌ، قَالَ...
14:44 / 28.08.2023 Батафсил...
Шамоил
«Мени ўзим ҳам умматимга фаратман»
حَدَّثَنَا نَصْرُ بْنُ عَلِيٍّ الْجَهْضَمِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدُ اللهِ بْنُ دَاوُدَ، قَالَ: حَدَّثَنَا سَلَمَةُ بْنُ نُبَيْطٍ، عَنْ نُعَيْمِ بْنِ أَبِي هِنْدَ، عَنْ نُبَيْطِ بْنِ شَرِيطٍ، عَنْ...
15:13 / 23.08.2023 Батафсил...
Шамоил
«Расулуллоҳ соллaллоҳу алайҳи васаллам душанба куни вафот этдилар»
حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ، وعياش العنبرى , وسوار بن عبد الله , وغير واحد , قالوا: أخبرنا يحيي بن سعيد , عن سفيان الثورى , عن موسى بن أبي عائشة , عن عبيد الله , عن ابن عباس وعائشة: أن أبا بكر...
17:31 / 21.08.2023 Батафсил...