24 жумадул аввал 1446
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайбий ишлардан хабар беришлари

Ўтмишда ва келажакдаги ғайбни фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Лекин Аллоҳ таоло пайғамбарларини ғайбий ишлардан хабардор қилгани боис рўй бермаган ишлар ҳақида олдиндан хабар берганларида худди айтганларидек бўлиб чиқади. Булар уларнинг мўъжизалари қаторига киради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда бўладиган воқеалар ҳақида башоратлар берганлар. Улардан айримларининг юзага чиқиши кутилмоқда. Аллоҳ таоло айтади: «У ғайбни билувчидир ва ҳеч кимни Ўз ғайбидан хабардор қилмас. Ўзи рози бўлган Расул бундан мустаснодир. Албатта, Аллоҳ унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатиб юрувчи қўйиб қўяр»[1].

Бу ҳақда жуда кўп ривоятлар ва ҳадислар бор. Улар бамисоли тубсиз денгиз бўлиб, қаъригача етиб бўлмайди. Шулардан баъзиларини келтириб ўтамиз.

Имом Абу Довуд келтирган ривоятда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб бизга хитоб қилдилар. Ўшанда то қиёматгача бўладиган бирор нарсани қолдирмасдан айтиб ўтдилар. Ёдлаган ёдлаб қолди, унутган унутди. Лекин асҳобларим билишади. Айтганларидан нима юз берса, таниш одамни узоқ вақт кўрмаганда қиёфаси ёддан кўтарилиб, учрашганда яна эсга тушгандек бўларди. Шерикларим унутишдими ёки ўзларини унутганга солишдими, билмайман. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё охиригача келадиган эргашувчиси уч юз ёки ундан кўп бўладиган ҳар бир фитнабошини қолдирмасдан ўзининг исмини, отасининг исмини ва қабиласининг номигача айтдилар».

Имом Аҳмад, Табароний саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни тарк этганларида қуш осмонда икки қанотини силкитиб учишигача ҳамма илмдан хабардор қилган эдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига айтиб кетган нарсалар амалга ошди. Макканинг фатҳ қилиниши[2], Байтул мақдиснинг фатҳи[3], Яман, Шом ва Ироқнинг фатҳ қилиниши[4], омонлик ҳукм суриши, ҳатто аёл киши Ҳийрадан[5] Маккагача хавф-хатарсиз сафар қила олиши[6], Мадинанинг хароб қилиниши ва унда ҳеч ким қолмаслиги[7], Хайбарнинг Али розияллоҳу анҳунинг қўлида фатҳ қилиниши[8], умматларига мол-дунё эшиклари очилиб, унинг зебу зийнатлари берилиши[9], улар Кисро ва Қайсарнинг хазиналарини бўлиб олишлари[10], улар ўртасида турли фитналар, ихтилофлар ва ҳавои нафсга эргашишнинг юз бериши[11], умматнинг етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ва улардан биттаси нажот топувчи бўлиши[12], турли-туман тўшаклари бўлиши[13], охир замонда илмнинг кўтарилиши[14], фитна ва қатлнинг кўпайиши, вақт қисқариб, ундан барака кўтарилиши[15], Маҳдийнинг чиқиши[16] кабилар ва бошқаларни бунга мисол қилиш мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ғарб аҳли то қиёматгача ҳақ устида зоҳир бўлади»[17].  Ушбу ҳадиснинг шарҳи хусусида турли фикрлар айтилган. Али ибн Мадиний ва бошқалар «Ҳадисдан мурод араблар,  чунки улар «ғарб» деб аталган сув идишидан фойдаланишган», дейдилар. Бошқалар «Ғарбдан мақсад Шом давлатларидир, чунки Шом Ҳижозга нисбатан ғарбда жойлашган» дейдилар.

Имом Аҳмад ва Табароний Абу Умома розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Умматимдан бир тоифа душманлар устидан ғолиб бўлиб, Аллоҳнинг амри келгунча ҳақ устида туради». «Улар қаерда бўлишади?» деб сўрашди. У зот: «Байтул мақдисда», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Усмон мусҳаф ўқиётганда қатл қилинади»[18]. Айтганларидек ҳазрати Усмон зулм ва ноҳақлик билан фитначилар томонидан шаҳид қилинди.

У зот: «Модомики Умар тирик экан, фитналар зоҳир бўлмайди»[19], деган эдилар. Ҳазрати Умар фитна эшигини ёпиб турувчи бўлди. У кишининг вафотидан кейин фитна кўпайиб авж олди.

У зот Аммор ибн Ёсирга: «Сени ҳаддан ошган жамоа қатл қилади»[20], деганлар. У киши Сиффин жангида Муовия розияллоҳу анҳунинг издошлари томонидан ўлдирилди.

У зот Қузмон ҳақида: «У Хайбарда мусулмонлар билан бирга ўзини кўрсатди. У албатта дўзах аҳлидандир»[21], дедилар. У ўз жонига ўзи қасд қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд жангида шаҳид бўлган Ҳанзала ибн Абу Омир Ансорий тўғрисида: «Уни фаришталар ғусл қилдирганини кўрдим. Хотинидан сўранглар»[22], деганлар. Сўрашганда хотини: «Унга жанобат етган эди. Расулуллоҳга итоат этишга шошилганидан ювинмасдан чиқиб кетган эди», деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Халифалик Қурайшда бўлади»[23], деганлар. Ҳақиқатан ҳам, тўрт улуғ халифа – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум Қурайш қабиласига мансуб эдилар.

Имом Муслим ва бошқалар келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сақиф (қабиласи)дан каззоб-ёлғончи ва ҳалок қилувчи чиқади», дедилар. Салафи солиҳлар Мухтор ибн Абу Убайдни каззоб, Ҳажжож ибн Юсуфни ҳалок қилувчи деб билдилар. Имом Нававий: «Иккиси шу номлар билан аталганига уламолар иттифоқ қилганлар», деган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Ҳажжож томонидан қатл этилганлар сони бир юз йигирма мингга етган экан. Мухтор ибн Абу Убайд эса: «Жаброил менга ваҳий туширди», деб даъво қилган[24].

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусайламани Аллоҳ ҳалок қилади», деган эдилар. Абу Бакр Сиддиқнинг халифалиги даврида диндан қайтганлар билан бўлган жангда уни Ваҳший ибн Ҳарб қатл қилди.

Пайғамбаримиз қизлари Фотимаи Заҳрога аҳлларидан ўзларига биринчи бўлиб йўлиқишини айтдилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Фотима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин олти ой яшади»[25].

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин халифалик ўттиз йил бўлишини, кейин эса подшоҳликлар бўлишини хабар берган эдилар[26]. Ҳақиқатан ҳам, Ҳасан ибн Алининг тахминан олти ой халифалик муддатини қўшганда тўрт рошид халифаларнинг халифалик даврлари ўттиз йил бўлди. Абу Бакр Сиддиқнинг халифалик даври 2 йил 3 ой 20 кун, ҳазрати Умарники 10 йил 6 ой 4 кун, ҳазрати Усмонники 10 йил 11 ой 18 кун, ҳазрати Алиники 4 йил 10 ёки 9 ой, Ҳасан розияллоҳу анҳуники 6 ой. Шу билан айтилган муддат тўлиқ бўлади.

Пайғамбар алайҳиссалом: «Халифалик Мадинада, подшоҳлик Шомда бўлади»[27], деганлар.

У зотнинг Увайс ибн Омир Қараний раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида: «У онасига меҳрибон, Аллоҳга қасам ичиб сўраса, Аллоҳ сўраганини берадиган киши. Ким унга учраб қолса, ўзи учун ундан истиғфор айтишини сўрасин»[28], деганлар. Ҳазрати Умар ва Али розияллоҳу анҳумо Арафотда у киши билан учрашганлар.

«Шамоилу мустафо» китобидан 



[1] Жин сураси, 26–27-оятлар 

[2] Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.

[3] Имом Бухорий Авф ибн Моликдан ривоят қилган.

[4] Имом Бухорий ва Муслим Суфён ибн Абу Зуҳайрдан ривоят қилган.

[5] Куфа яқинидаги шаҳар. Иккинчиси Найсабурда.

[6] Имом Бухорий Адий ибн Ҳотимдан ривоят қилган.

[7] Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

[8] Имом Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъддан ривоят қилишган.

[9] Имом Бухорий ва Муслим турли йўллар билан ривоят қилишган.

[10] Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра ва бошқалардан ривоят қилишган.

[11] Имом Бухорий ва Муслим турли йўллар билан ривоят қилишган.

[12] Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган.

[13] Имом Бухорий ва Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан, Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[14] Имом Бухорий, Муслим, Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа ривояти.

[15] Имом Термизий ривояти.

[16] Имом Абу Довуд ривояти.

[17] Имом Муслим Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилган.

[18] Имом Термизий Ибн Умардан ривоят қилган.

[19] Имом Байҳақий Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[20] Имом Муслим ривояти.

[21] Имом Бухорий ва Муслим ривояти. Қузмон мунфиқлардан бири бўлиб, ўзининг ғайрат-шижоатини Аллоҳ розилиги учун эмас, ғаразли мақсадда намойиш этган эди.

[22] Ибн Исҳоқ Осим ибн Умар ибн Қатодадан ривоят қилган.

[23] Имом Аҳмад ва Термизий ривояти.

[24] Имом Байҳақий Рифоа ибн Шаддоддан ривоят қилган.

[25] Имом Бухорий ривояти.

[26] Имом Аҳмад, Термизий, Абу Яъло ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

[27] Имом Бухорий «Тарих» китобида ва имом Ҳоким ривоят қилишган. 

[28] Имом Ҳоким «Мустадрак»да Али розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилган.

 

13:26 / 27.02.2018
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...