8 жумадис сони 1446
Келажак хабарлари (II)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳотиб ибн Абу Балтаъанинг Қурайшга ёзган махфий мактубидан хабар беришлари ҳам мўъжиза бўлган. Суҳайлий раҳматуллоҳи алайҳнинг келтиришича, мактубда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизлар томон Маккани фатҳ қилиш учун селдек тез юрадиган, тун каби баҳайбат қўшин билан йўлга отландилар. Аллоҳга қасамки, агар ёлғиз ўзлари борса ҳам, Аллоҳ у зотни устингиздан ғолиб қилади, чунки Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди», деб ёзилган экан.

Умайр ибн Ваҳб билан Сафвон ибн Умайя Пайғамбар алайҳиссаломни қатл қилиш тўғрисида ҳеч кимга билдирмасдан ёлғиз иккиси гаплашиб, ишни уддаласа, мукофотни ҳам келишиб олишган эди. Лекин иккисининг ҳам орзуси пучга чиқиб, режаси барбод бўлди. Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотни ўлдириш мақсадида келди. У зот Умайрга нима ниятда келгани ва Сафвон билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни айтиб бердилар. Умайр Исломни қабул қилди[1]. Ҳунайн жангидан кейин Сафвон ҳам иймон келтирди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга хотини Умму Фазлга ташлаб келган мол-мулк ҳақида хабар бердилар. Ҳолбуки, Аббос розияллоҳу анҳу бу ишини ҳеч кимга билдирмаган ва айтмаган эди. Амакиларининг ўзи: «Бу сирни мен билан хотинимдан бошқа ҳеч ким билмас эди»[2], дейди. У киши шундан кейин Исломга кирганини эълон қилдилар[3].

 

Пайғамбаримиз Қурайш кофирларининг Бадр жангида ҳалок бўладиган жойларини: «Бу фалончининг ҳалок бўладиган жойи, бу фалончиники», деб айтиб чиқдилар[4]. Худди айтганларидек бўлди.

 

Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳақида: «Албатта, менинг бу ўғлим саййид. У сабабли Аллоҳ икки катта жамоани ислоҳ қилади», дедилар. Ҳасан ва Муовия розияллоҳу анҳумонинг ҳар бири қирқ мингдан аскарга эга бўлган икки катта жамоаси Ҳасан розияллоҳу анҳунинг: «Мусулмонлар иттифоқи ва қонларини тўкмаслик учун мен ўз ҳаққимни Муовияга топширдим...», дейишлари билан ислоҳ бўлди.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосга касал бўлиб ётганида: «Эҳтимол, сен туфайли кўп қавмлар фойда кўриб, бошқалари зарар кўриши учун ўлиминг кечикса», дедилар. Шундан кейин Саъд розияллоҳу анҳу эллик йил умр кечирди. У кишининг қўлида Ироқ фатҳ қилинди. Кўп инсонларнинг ҳидоят топишига сабаб бўлди. Аллоҳга ва Расулига бўйсунмайдиган қавмлар зарар кўришди.

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъта жангида учта қўшин қўмондони – Зайд ибн Ҳориса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ва Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумнинг шаҳид бўлганини хабар бердилар. Ўшанда орадаги масофа бир ойлик ёки ундан кўпроқ йўл бўлган. Ҳозирги кунда Иордания давлатиниг жанубий ғарбига тўғри келади.

 Пайғамбар алайҳиссалом Ҳабашистон подшоси Нажошийнинг вафот этганини ўша куннинг ўзида хабар берганлар[5]. Асҳоблари билан бирга ғоибга жаноза ўқиганлар. Унинг жасади у зот ҳузурларига мўъжизавий тарзда ҳозир қилинган.

 У зот Кисронинг[6] элчиси сифатида ташриф буюрган Ферузга келган кун Кисро вафот этганини хабар бердилар. Феруз воқеага аниқлик киритгач, Исломни қабул қилди[7].

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга Мадинадан Робазага чиқарилишини хабар берган эдилар. Бу воқеа Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалиги даврида юз берди. У зот Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳақида: «Ёлғиз яшайди, ёлғиз ўлади»[8], деганлар. Умрларининг охирида Мадина ташқарисидаги Робаза номли қишлоқда хотини билан бирга ёлғиз ҳаёт кечирди. Жанозасини Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бошчилигидаги бир гуруҳ мусулмонлар ўқиган.

 Имом Муслим келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг менга энг тез йўлиқадиганларингиз қўли узунларингиз», дедилар. Биз кимнинг қўли узун экан, деб қўлларимизни ўлчабмиз. Зайнаб бинт Жаҳш қўли узунимиз эди[9], чунки у ўзининг қўл меҳнатидан садақа қилар эди».

 Ибн Адий ва Байҳақий келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Суҳон тўғрисида: «Унинг бир аъзоси жаннатга ўзидан илгарилаб кетади»[10], деганлар. Бир жангда у кишининг қўллари кесилган экан.

 

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Ибн Исҳоқ, Байҳақий ва Табароний ривоят қилишган.

[2] Бу Аллоҳ таолонинг у зотга билдиришидан ўзга нарса эмас.

[3] Имом Аҳмад Ибн Аббосдан, Байҳақий Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ривоят қилган. Имом Ҳоким ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

[4] Имом Муслим ривояти.

[5] Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[6] Форс ҳукмдорларига бериладиган ном.

[7] Имом Байҳақий ривояти.

[8] Имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Ибн Абу Усома ва Байҳақий ривоят қилган.

[9] Расулуллоҳ маънавий маънодаги қўли узунликни назарда тутганлар. У зотдан кейин биринчи бўлиб аёллари ичида Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳо онамиз вафот этганлар. 

[10] Иснодида Ҳузайл ибн Билол бўлгани учун имом Байҳақий заиф деганлар.

 

 

 

18:54 / 01.03.2018
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...