8 жумадис сони 1446
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш

Ҳар бир мўмин-мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиши, у зотга эргашиши вожиб бўлади. Бу иймон тақозоси ва диннинг таркибий қисмидир. У зотни яхши кўришни Аллоҳ таоло вожиб қилган, чунки Пайғамбар алайҳиссалом бизни залолат ва адашувдан қутқариб, Ҳақ нури ва тўғри ҳаёт сари йўлладилар. Умматларига меҳрибон ва раҳмли зоти шарифни севиш, кўп салавот айтиш у зотга нисбатан вафодорлик саналади.

Аллоҳ таоло айтади: «Айт (эй Муҳаммад): «Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, эришган мол-мулкларингиз, касодга учрашидан қўрққан тижоратларингиз ва ёқтирган масканларингиз сизлар учун Аллоҳ ва Расулидан, Унинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилишдан суюклироқ бўлса, (унда) то Аллоҳ Ўз амри(азоби)ни келтиргунига қадар кутиб турингиз! Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят этмагай»[1].

Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш фарз эканлигига, у зот муҳаббат қўйишга лойиқ зот эканликларига далолат қилади.

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларнинг бирингиз учун то ота-онаси, болалари ва барча инсонлардан-да севимлироқ бўлмагунимга қадар (ҳақиқий) мўмин бўлмайсизлар», дедилар. Яъни мўминларнинг иймони комил бўлмайди, деб тушуниш лозим. Ибн Ҳиббон келтирган ривоятда «Банда иймон ҳақиқатига етмайди...» дейилган. Демак, иймон комил бўлиши учун Расулуллоҳга бўлган муҳаббат ҳамманикига қараганда, хусусан, ота-она ва фарзандларникидан ҳам кучли бўлиши лозим. Расулуллоҳга муҳаббат у зотни улуғлашга, эҳтиром қилишга олиб борадиган ихтиёрий муҳаббат саналади.

Билингки, ҳадисда зикр қилинган муҳаббат инсон фитратига боғлиқ бўлган табиий муҳаббат эмас. Ўзини ҳаммадан кўра яхши кўриш, ота-онаси ва бола-чақаларини бошқалардан кўра яхши кўриш инсон табиатида мавжуд туғма хусусият бўлиб, у инсон ихтиёридан ташқаридадир. Расули акрамнинг ўгитларида назарда тутилган муҳаббат ақлий-ихтиёрий муҳаббат бўлиб, инсон табиатига зиддек кўринса ҳам, мулоҳаза юритгандан сўнг ақлга мувофиқ экани маълум бўлади. Бу худди кишининг табиати тортмаса ҳам истеъмол қиладиган аччиқ дорига ўхшайди. Бемор аччиқ дорини ўз ихтиёри билан ичади. Ақл тақозо қилгани учун ичишга ўзида хоҳиш сезади, чунки ақли ўша аччиқ дорида шифо борлигини билдириб турибди. Мусулмон одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг дини, дунёси ва охирати учун фақат ва фақат фойда келтирадиган ишларга буюриб, зарарлисидан қайтарганларини билса, у зотни ўзи учун энг меҳрибон ва энг раҳмли инсон эканликларига шак-шубҳасиз ишонса, ўшанда ақл ундови билан у зотнинг амрини бошқаларникидан устун қўяди. Бу иймоннинг биринчи поғонасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севишда инсон табиати ақлига тобе бўлсагина, комил муҳаббат ҳосил бўлади.

Имом Бухорий ва Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда уч хислат бўлса, иймон ҳаловатини топади: кимга Аллоҳ ва расули барчадан кўра севимлироқ бўлса, бир кишини фақат Аллоҳ учун яхши кўрса, куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса», дедилар.

Имом Бухорий ривоятида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен сизни ўзимдан бошқа ҳаммадан кўпроқ яхши кўраман», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени ўзидан ҳам кўпроқ яхши кўрмагунига қадар ҳеч бирингиз зинҳор мўмин бўлмайди», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Сизга Китобни нозил қилган Зотга қасамки, мен сизни ўзимдан ҳам кўпроқ яхши кўраман», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана энди бўлди, эй Умар», дедилар. Яъни иймонинг тўғри ва комил бўлди.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Кимки барча ҳолатда ўзининг зиммасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига амал қилиш мажбурияти борлигини ҳис этмаса ва ўз эркини ўзининг қўлида деб билса, у зотнинг суннатлари ҳаловатини топа олмайди, чунки у зот: «Мени ўзидан ҳам кўпроқ яхши кўрмагунига қадар ҳеч бирингиз зинҳор мўмин бўлмайди», деганлар.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Тавба сураси, 24-оят.

 

21:31 / 19.03.2018
Аввалги мақола
Ражаб ойининг 2-куни
Кейинги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...