23 жумадул аввал 1446
Саҳобаи киромларни улуғлаш

 Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғласа, албатта, саҳобаларни ҳам улуғлаши керак, чунки айнан саҳобалар Расулуллоҳни қўллаб-қувватлаб, у зотга ёрдам бериб, Аллоҳнинг динини олий қилиш учун жонлари ва молларини фидо қилдилар. Шунинг ўзи уларни эҳтиром қилиш, ҳақларини билиш, мақташ, уларга эргашиш, ҳақларига истиғфор айтишни тақозо этади. Бир-бирлари билан ўзаро бўлиб ўтган ихтилофларга берилмаслик одобдандир. Чунки улар вазиятга қараб ижтиҳод қилганлар. Тўғри топганларига икки ажр, хато қилганларига бир ажр бор. Уларни душман билганларни ёмон кўриш, маломат қилганларнинг таъналарига қулоқ тутмаслик, улардан нақл қилинган айрим хабарларни яхшиликка йўйиш, ҳеч бирларини ёмонлаб тилга олмаслик, балки уларнинг фазилатлари, чиройли ахлоқларини эслаб, қолганига сукут қилиш муҳим эътиқодий масаладир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асҳобларим тилга олинганда (улар ҳақида ёмон сўз айтишдан) тийилингиз»[1], деганлар.

Аллоҳ таоло саҳобалар ҳақида Фатҳ сурасининг 29-оятида: «Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмлидир...», деган. Яна шу суранинг 18-оятида эса: «Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминлардан дарахт остида сенга байъат қилаётганларидан рози бўлди. У Зот уларнинг қалбларидагини билди, уларга сокинликни туширди ва яқин фатҳ ила мукофотлади», дея марҳамат қилган.

Ҳашр сурасининг 10-оятида улар ҳақида бундай деган: «Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга қалбимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар».

Тавба сурасининг 100-оятида: «Аввалги пешқадам муҳожирлар ва ансорлар ва уларга яхшилик билан эргашганлардан Аллоҳ рози бўлди ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. У зот уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир», деган. Аҳзоб сурасининг 23-оятида: «Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳдига содиқ кишилар бор», деган.

Суннати набавияда ҳам саҳобаи киромларни мақтаб айтилган сўзлар жуда кўп. Шулардан айримларини келтириб ўтамиз.

Имом Термизий Ҳузайфа ибн Ямондан келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашингиз», дедилар. У зотнинг бу сўзлари икки буюк саҳобийга итоат этишга амр бўлиши билан бирга икковларини мақташ, ўрнак қилиб кўрсатиш, ҳар томонлама етукликларини билдиришни ҳам ўз ичига олган.

Абд ибн Ҳумайд Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асҳобларим юлдузларга ўхшайдилар. Уларнинг қайси бирига эргашсангиз ҳам, ҳидоят топасизлар», деганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асҳобларим бамисоли таомдаги туз кабидирлар. Таом тузи билангина (ейишга) яроқли бўлади»[2], деганлар.

Имом Аҳмад ва Термизий келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асҳобларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, Аллоҳдан қўрқинглар! Мендан кейин уларни (таъна тошини отиш учун) нишон қилиб олмангиз. Ким менга муҳаббати туфайли уларни яхши кўрса, мен ҳам уни яхши кўраман. Ким мени ёмон кўргани учун уларни ёмон кўрса, мен уни ёмон кўраман. Ким уларга озор берса, менга озор берибди. Ким менга озор берса, Аллоҳга озор берибди. Ким Аллоҳга озор берса, У Зот ундай кимсани тезда (азоб билан) тутади», деганлар.

Имом Муслим ва бошқалар келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асҳобларимни ҳақорат қилманглар. Сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тиллони инфоқ-эҳсон қилса ҳам, улардан бирининг бир ҳовуч ва ундан озроқ қилган садақасига тенг келмайди», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким асҳобларимни сўкса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлсин. Аллоҳ ундай кимсадан тавбани ҳам, фидяни ҳам қабул қилмайди»[3], дедилар.

Имом Дайламий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло асҳобларимни набий ва расуллардан бошқа барчадан афзал қилди. Улардан Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алини мен учун танлади. Уларни асҳобларимнинг энг яхшилари қилди», дедилар.

Имом Табароний Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Умарни яхши кўрса, мени яхши кўрибди. Ким Умарни ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди», деганлар.

Имом Молик: «Ким саҳобаларни ёмон кўрса ва уларни сўкса, ундай кимсага мусулмонлар ўлжасидан улуш йўқдир», деганлар. Яъни мусулмонлар жамоасидан эмас деб ҳукм қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: «Кимда икки хислат бўлса, нажот топади. Улар – садоқат ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларига муҳаббат», деган эканлар.

Айюб Сахтиёний айтади: «Ким Абу Бакрни яхши кўрса, динни қоим қилибди. Ким Умарни яхши кўрса, йўлни равшан қилибди. Ким Усмонни яхши кўрса, Аллоҳнинг нури билан беҳожат бўлибди. Ким Алини яхши кўрса, мустаҳкам тутқични тутибди. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ҳақида чиройли мақтовлар айтса, мунофиқликдан халос бўлибди. Ким улардан бирини камситса, суннатга ва салафи солиҳларга хилоф қилган бидъатчи бўлади. Бундай кимсанинг амали то уларни яхши кўрмагунча ва қалби саломат бўлмагунча осмонга кўтарилмаслигидан қўрқаман».

Имом Табароний Холиб ибн Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй инсонлар! Албатта, мен Абу Бакрдан розиман. У тўғрисида шуни билинглар. Эй инсонлар! Албатта, мен Умардан, Алидан, Усмондан, Талҳадан, Зубайрдан, Саъддан, Саъиддан, Абдурроҳман ибн Авфдан розиман. Улар ҳақида шуни билингиз. Эй инсонлар! Аллоҳ Бадр ва Ҳудайбия аҳлини мағфират қилгани аниқ. Асҳобларим, қайноталарим, куёвларим ҳақларида менинг риоямни қилинглар. Улардан бирортаси сизлардан зулмингиз туфайли ҳаққини талаб қилмасин, чунки эрта қиёматда зулм эвазсиз кечилмайди», дедилар.

Бир киши Муафо ибн Имронга: «Умар ибн Абдулазизнинг мақоми қаерда-ю, Муовияники қаерда?» деди. Муафонинг жаҳли чиқиб кетиб: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларига ҳеч кимни қиёслаб бўлмайди. Муовия розияллоҳу анҳу у зотнинг саҳобаси ва аёлининг акаси, Аллоҳнинг ваҳийига омонатдор котиблари-ку», деди. Муовия розияллоҳу анҳунинг синглиси Умму Ҳабиба Ромла бинт Абу Суфён Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёлларидан бўлиб, мўминларнинг оналаридан ҳисобланади.

Абу Нуъайм ва Дайламий Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асҳобларим ва қудаларим ҳақларида менинг риоямни қилинглар, чунки ким уларнинг ҳақларида менинг риоямни қилса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда асрайди. Ким уларнинг ҳақларида менинг риоямни қилмаса, Аллоҳ ундан юз ўгиради. Аллоҳ кимдан юз ўгирса, уни тезда азоб билан тутади», дедилар.

Имом Муслим ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва сааллам Бақиъ (Мадина аҳли) қабристонини зиёрат қилиб, улар (вафот этган саҳобалар) ҳақларига видолашувчидек[4] дуо қилар ва истиғфор айтар эдилар».

Ҳалабий раҳматуллоҳи алайҳнинг келтиришича, Каъбул Аҳбор айтади: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир саҳобаси йўқки, қиёмат кунида шафоат қилиш ҳуқуқи берилмаса». Каъб раҳматуллоҳи алайҳ Муғийра ибн Навфалдан қиёмат куни шафоат қилишини сўради.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Расулуллоҳнинг асҳобларини улуғламаган ва амрларини эъзозламаган киши у зотга иймон келтирган бўлмайди», деганлар.

«Шамоилу мустафо» китобидан

 


[1] Имом Табароний ва Ибн Усома Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган.

[2] Имом Баззор ва Абу Яъло ривоят қилган.

 [3] Абу Яъло Жобир розияллоҳу анҳудан, Дайламий Авим ибн Соидадан ривоят қилган.

 [4] Одатда ўз аҳли билан видолашаётган одам ҳеч бир муҳим нарсани қолдирмай айтиб, васият қилиб кетади. У зот Бақиъ қабристонида ётган мўминлар ҳақларига ана шундай берилиб, дуо қилар эдилар.

 

 

18:45 / 04.04.2018
Аввалги мақола
Ражаб ойининг 17-куни
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...