5 рабиъус сони 1446
БИРИНЧИ КИТОБ: Макка даври. Муқаддима

Бугун ер юзида миллиардлаб инсон яшамоқда. Бу инсонлар бир-бирига ўхшамайди. Ранглари бошқа, тиллари бошқа, тузилишлари бошқа-бошқадир1. Уларнинг тушунчалари, туйғулари ва ишончлари ҳам бир хил эмас. Дунёнинг турли жойларига тарқалган бу инсонларнинг турмуши, маданияти ҳам айри-айричадир.

Бугунги инсонлар кечаги инсонларнинг болаларидирлар. Бугунги инсонларни тўла англаб етишимиз учун кечаги инсонларни ўрганишга мажбурмиз. Кечани, яъни ўтмишни бизга ўргатадиган фанга «тарих» дейилади.

Ислом дунёсида тарих мусулмон олимлари томонидан дастлаб «Сияр» ва «Мағозий» шаклида бошланди ва кейинчалик «Футуҳот тарихи», «Табақот», «Умумий тарих» каби номлар остида бир неча тарих китоблари ёзиб қолдирилди. Сарвари олам Муҳаммад пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўргатувчи тарих турига эса «Сийрати Набавийя» ёки «Сияри Набий» деб ном берилди.

Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илоҳий пайғамбарларнинг энг сўнггисидирлар. Шу сабабдан ҳам у киши Қуръони каримда «Хотам-ул Анбиё»(Набийларнинг охиргиси) дея зикр этиладилар2.

Расули акрамнинг ҳаётлари шарқда − Ислом дунёсида ҳам, ғарбда − христиан оламида ҳам кўплаб тарихчилар томонидан жуда муҳим ва аҳамиятли бир мавзу сифатида ўрганилди, бу борада катта тадқиқотлар олиб борилди. Пайғамбаримиз ҳақларида бир неча китоблар ёзилди, ҳаётлари илм одамлари ўртасидаги турли баҳс-тортишувларга боис бўлди. Ҳадис олимлари (муҳаддислар) у Зотнинг бутун ҳаётларини илмий бир йўл билан − «Ҳадис усули» илми билан тушунтириб беришга ҳаракат қилдилар.

Инглиз олими Жон Девенпорт бир китобида шундай деб ёзган: «Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар ичида тарихий ҳаёти ҳазрат Муҳаммаднинг тарихидек энг кўп ва ҳамма нуқталаригача батафсил ўрганилган шахс йўқдир»3.

Расули акрам ҳақларида сўраган кишиларга завжалари ҳазрат Оиша: «Пайғамбаримизнинг ахлоқлари Қуръон эди», деб жавоб берган эдилар. Ҳақиқатан ҳам Қуръоннинг ҳамма амрлари Пайғамбаримизнинг суратлари ва сийратларида ўз ифодасини топган.

Қуръони карим инсонларнинг инкишофини тайёрлаган энг юксак «Ахлоқ мажалласи» бўлганидек, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётлари ҳам бу юксак ахлоқнинг амалдаги кўриниши эди. Мусулмончилик инсоннинг ахлоқини, амалини (ишини) ва унинг қалбини ислоҳ этган, бу қалбга ҳузур берган ахлоқ тамалидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Мен фақатгина гўзал ахлоқни охиригача етказиш (мукаммаллаштириш) учун юборилганман»4, деганлар.

Қуръони мубинда Расули акрам ҳақларида: «Эй Муҳаммад, дарҳақиқат, Биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳматига − жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик», дея марҳамат қилинган5.

Мусулмонликнинг асос манбаларидан бири муқаддас Қуръони карим бўлса, иккинчиси Пайғамбаримизнинг «ҳадис»деб аталувчи сўзлари ва амалларидир.

Ислом динининг асосий қонуни бўлган Қуръонни тушунишимиз учун Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини, сийратларини ўрганишимиз шартдир. Расули акрамнинг ҳаётларини билмасдан туриб, исломий илмлардан бирортасини (на тафсир, на ҳадис, на фиқҳ, на ахлоқни) рисоладагидек тушуниб, моҳиятига етиб бўлмайди.

Изоҳлар

1. «Унинг оятларидан (яна бири) - У Зот осмонлар ва ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хил қилиб қўйганидир. Албатта, бунда барча оламлар учун оят-ибратлар бордир» (Рум сураси, 22-оят).

2. «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг Пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб сураси, 40-оят).

3. «Ҳазрат Муҳаммад ва Қуръони карим», 14-бет.

4. (ҳадиси шариф).

5. «Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати − жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик» (Анбиё сураси, 107-оят).

 

07:03 / 27.06.2020
Кейинги мақола
Бағишлов
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...
Мақолалар
Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 15...
03:13 / 20.10.2022 Батафсил...
Мақолалар
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хурмо ейишлари
 حَدَّثَنَا هَارُونُ بْنُ إِسْحَاقَ الْهَمْدَانِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدَةُ بْنُ سُلَيْمَانَ، عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنِ ابْنٍ لِكَعْبِ بْنِ مَالِكٍ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ...
00:59 / 27.06.2020 Батафсил...