Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам, бошқа пайғамбарларни ҳам шайтон ва унинг васвасасидан асраган. Пайғамбарликнинг аввалида ҳам, рисолатни етказиш асносида ҳам шайтон уларни чалғита олмаган. Аллоҳнинг буйруғида шубҳага солишга ҳам қодир бўлмаган. Албатта, бу мўъжиза ва ҳақ пайғамбарликнинг аниқ далилидир. Мўъжиза – бу Аллоҳ таолонинг «Пайғамбарлик даъвосини қилаётган бандам рост айтмоқда» деган сўзининг одамлар кўз ўнгида гавдаланишидир. Шундай бўлгач, қандай қилиб шайтон унга йўл топсин! Пайғамбарлар Аллоҳдан ваҳий олиб тушган элчи фаришта ҳақида шубҳага боришмайди. Бу улар учун қатъий ҳақиқат бўлиб, Аллоҳ таоло билдирган аниқ илм ва ёрқин далилга суянади.
Агар савол берувчи «Аллоҳ таолонинг «Биз сендан илгари юборган ҳар бир элчи ва пайғамбар қачон (ўзига нозил қилинган оятларни) қироат қилса, шайтон унинг қироатига (бошқа нарсаларни) ташлаган. Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани бекор қилади, сўнгра Аллоҳ ўз оятларини мустаҳкам қилади. Аллоҳ билувчи ва ҳаким Зотдир»[1] деган оятининг маъноси нима?» деб сўраса, бунга жавоб қуйидагича бўлади: оятдаги «Қачон (ўзига нозил қилинган оятларни) қироат қилса, шайтон унинг қироатига (бошқа нарсаларни) ташлаган» дегани турли ўй-хаёллар, дунё ишларига боғлиқ фикрлар билан чалғитиб, хато қилдириш, адаштириш ва ўқиётганини унуттириш ёки тингловчиларни нотўғри тушунишга, маънони бузиб таъвил қилишга ундашдир. Аллоҳ таоло ана шундай васвасаларни кетказади. Чигаллик, хато ва мавҳумликларни йўқотади. Оятларини очиқ-равшан ҳолатда собит ва мустаҳкам қилади.
Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мана шу оятда шайтон дин ва дунё ишларида пайғамбарлар устидан ҳукмини ўтказа олмаслигига далил бор», деганлар.
Аллоҳ таоло Сод сурасининг 41-оятида Айюб алайҳиссалом тилидан: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деган сўзига келсак, Абу Муҳаммад Маккий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Бирор киши бу оятни шайтон Айюб алайҳиссаломни касал қилган, баданига зарар етказган деб таъвил қилиши жоиз эмас. Албатта, бу ишлар синов учун Аллоҳнинг амри ва вужудга келтириши билан бўлган».
Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда: «Инсонларнинг энг қаттиқ синовга учрайдиганлари пайғамбарлардир», дейилган.
«Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», дея тутишни шайтонга нисбат берилишида мажозий маъно бор. Бунда Роббул оламийнни улуғлашда одобга риоя қилинган. Ёмонликни Аллоҳга нисбат бермаслик одобдандир. Иброҳим алайҳиссалом: «Қачон бемор бўлсам, У менга шифо беради»[2], дея яхшиликни Аллоҳ таолога нисбат берганлар. Айюб алайҳиссалом ҳам одоб сақлади, «Мени бемор қилди», демади. Аслида у зотнинг машаққат ва азоб тортишига шайтон сабаб бўлди, чунки аҳлларини йўлдан оздирмоқчи, фитнага солмоқчи бўлгани у зотни ташвишлантирган эди.
Айримларда савол туғилади: «Аллоҳ таолонинг Юшаъ алайҳиссалом тилидан ҳикоя қилиб: «(Буни сизга) айтишни фақат шайтон унуттирди»[3], деган сўзининг маъноси нима? Шунингдек, Юсуф алайҳиссаломнинг тилидан айтилган: «Ва у ўзи икковидан нажот топувчи деб билган шахсга: «Хожанг ҳузурида мени эсга ол», деди. Шайтон унга хожасига айтишни унуттирди. Бас, у зиндонда бир неча йил қолди»[4] деган оятни қандай тушуниш керак?»
Бу оятларда шайтон уларнинг хаёлига турли фикрларни келтириб чалғитгани, ёрдамни Аллоҳдан ўзгадан кутишга, Ўзидан бошқага суянишга ундагани баён қилинмоқда. Бошга мушкул тушганда, қийинчилик пайтларида одамлардан кўмак сўраш яхши. Лекин пайғамбарлардек комил инсонларга бу иш муносиб эмас экан.
Яна «Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу водийда шубҳасиз, шайтон бор» деганлари, Мусо алайҳиссалом қибтий бир кишини бир мушт тушириб, ўлдириб қўйганда: «Бу шайтоннинг ишидир»[5], деганларини қандай тушиниш мумкин?» деб сўрасалар, мана бундай жавоб берилади:
«Булар арабларнинг гапириш услубига хос баён ҳисобланади, чунки улар ҳар бир хунук нарсани шайтоннинг иши деб сифатлашга одатланган. Аллоҳ таоло заққум дарахтини ёмонлаб: «Унинг бутоқлари худди шайтоннинг бошларига ўхшайди»[6], дейди. Яъни унинг шакли ўта хунук эканлиги ана шундай тасвирланган. Бу хаёлий ўхшатиш бўлиб, жуда ҳам чиройли қиёфани мукаррам фаришта деб тасвирлашга ўхшайди. Юсуф сурасининг 31-оятида: «Бу башар эмас! Бу мукаррам фариштанинг ўзгинаси-ку!» дейилган».
Имом Бухорий ва Муслим ривоятида келган намоз ўқиётган кишининг олдидан ўтмоқчи бўлган одамни қайтариш, қайтмаса, уришиш кераклиги, у шайтондир дейилган маънодаги ҳадисни ҳам айтиб ўтганимиздек тушуниш керак, чунки ҳадисда намоз ўқувчининг олдидан кесиб ўтувчининг ишини ёмонлаб, шайтоннинг қилиғига ўхшатилган. Негаки шайтон ҳам хаёлни бўлиб, хушуъни кетказишга ҳаракат қилади.
Хулоса шуки, шайтоннинг ёмонлик ва зарар етказишга қаратилган васвасаси иймон аҳлига таъсир қилмайди, чунки Аллоҳ таоло: «Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай ҳукмронлик йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)»[7]. Умуман олганда, шайтоннинг таъсири заифдир. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 76-оятида: «Албатта, шайтоннинг ҳийласи заифдир», деган.
Анбиё ва расулларга шайтон мутлақо таъсир қила олмаган, чунки Аллоҳ таоло у зотларни Ўз ҳимоясида асраган. Юшаъ алайҳиссалом қиссасида у зот ҳали пайғамбар бўлмаган эдилар. Мусо алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин пайғамбар бўлганлар. Юсуф алайҳиссаломнинг зиндондаги қиссаси пайғамбарликдан олдин бўлган. Мусо алайҳиссалом билан қибтий ўртасида юз берган ҳодиса ҳам пайғамбарликдан олдин бўлиб ўтган.
«Шамоилу мустафо» китобидан