Бундан ўн тўрт аср муқаддам бутун инсонларга ҳақиқат йўлини, икки дунё саодатига эришиш воситаларини кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, бир томондан, пайғамбарлар тарихида энг фазилатли жойни эгаллаганлар, иккинчи томондан, инсоният ва маданият тарихида энг юксак мавқега эга бўлган Пайғамбардирлар.
«Сияр» сўзи «сийрат» сўзининг кўплигидир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари (Сияри Набий) Сарвари оламнинг қамарий йил ҳисоби бўйича олтмиш уч йиллик тарихларидир (571-632 й.)39. Бу тарих Пайғамбаримизнинг ижтимоий, сиёсий, ҳарбий, диний ва ахлоқий фаолиятларини қамраб олади. Шу билан бирга, Ислом тарихининг бир бўлими ҳисобланади.
Лекин Мағозий илми фақатгина Пайғамбаримизнинг ғазовот юришларидан баҳс юритади. Мағозий (ғазотлар) Сияри Набийнинг бир бўлагидир.
Сийрати Муҳаммадия ва Мағозий Ислом тарихининг бир шўъбаси бўлиши билан бирга ҳадис илмининг ҳам бир қисмидир. Сияри Набий ва Мағозий (Пайғамбаримизнинг ҳадислари каби) маълум вақтгача оғиздан-оғизга айтилиб келинди. Кейинчалик тўпланди. Сияри Набийни биринчи марта Ибн Шиҳобий Зухрий (вафоти 122 ҳ./739 м.) ёзди. Мусо ибн Уқба (141/758 й.), Ибн Исҳоқ (151/768 й.) бу ишнинг давомчилари бўлишди.
Воқидийнинг (207/822 й.) «Ал-Мағозий» асари билан Ибн Ҳишомнинг (218/833 й.) «Сийрати Ибн Ҳишом» китоблари босилиб чиққан. Лекин Имом Шофеъий билан Аҳмад ибн Ҳанбал: «Воқидийнинг китоблари ёлғон, у ёлғончидир», деганлар.
«Асри Саодат» асарининг муаллифи Мавлоно Шиблийга кўра, Сийрат фани ҳадис фанидан ажралиб чиққан. Сийратдаги ривоятлар «Сиҳоҳи Ситта» деб номланувчи олти ҳадис китобидаги ҳадислар каби атрофлича муҳокама ва тадқиқ этилмаган. Сияр китоблари ҳадис китобларичалик мўътабар ҳисобланмайди. Таниқли муҳаддислардан бири Ҳофиз Зайниддин Ироқий (805/1402 й.)«Сийрати Набавийя» китобига ёзилган муқаддимасида шундай дейди: «Сияр китоблари саҳиҳ ва ғайрисаҳиҳ ривоятларни ўз ичига олган китоблардир. Илм истаганлар буни билишлари керак».
Профессор Исмоил Ҳаққи Измирли: «Сияр китобларида сақийм (иллатли), заиф, мурсал (ровийларининг биттаси тушиб қолган), мунқатиъ (асосдан узилган) хабарлар бор. Бироқ мавзу (Пайғамбаримизга тааллуқли бўлмаган) ёлғон хабарлар йўқ»40, дейди.
Сияр ва Мағозийдан кейин Ислом оламида «Фатҳлар тарихи», «Табақот» («Тарожими Аҳвол») китоблари ёзилди. Ҳижратнинг III асри ўрталаригача (милоднинг IX асри) мусулмонларнинг тарих асарлари Сияр ва Мағозий, Футуҳот ва Табақот китобларидан иборат эди. Бу асрдан сўнгра Умумий тарих китоблари ҳам ёзила бошланди. Мусулмон олимлари Ислом тарихи ва Умумий тарихга оид кўплаб қийматли асарлар ёзиб қолдиришди. Исмоил Ҳаққи Измирли Ислом тарихчиларини иккига ажратади. Биринчиси − муҳаддислар ва фиқҳчилар, иккинчиси − наҳвчилар ва адиб (тарихчи)лар. Биринчи синф вакилларидан «Нақди Рижол» илми билан шуғулланганларнинг ёзган тарихлари анча ишончли ва эътиборга моликдир. Масалан, Заҳабий ва Ибн Касирнинг тарих китоблари Ибн Асир ва Абдулфидо тарихларидан, Ибн Жавзий тарихи эса Масъудийнинг тарихидан устун қўйилади.
Ислом оламидаги тарих китоблари фақатгина араб тилида эмас, балки турк ва форс тилларида ҳам ёзилган. Икки асрдан буён Оврупа тарихчилари ҳам Ислом тарихига, хусусан, Пайғамбаримизнинг ҳаётларига доир бир неча китоблар ёзишди. Бу асарлар ҳақида ҳиндистонлик Мавлоно Шиблий Нуъмоний (1332/1914) шундай дейди:«Оврупалик муаррихларнинг бир қисми араб тилини билмаганлари учун асл манбаларни топишолмаган, бошқаларнинг ёзган асарларидан, таржима китобларидан фойдаланишган. Уларнинг бу ишлари бир қанча камчиликлар ва шубҳали маълумотлар, хусусан, шахсий хато фикрлардан иборат бўлиб қолган. Бир қисми эса ўз билимларига ишониб хурофотлар ўйлаб чиқаришдан, ҳақиқатдан юз ўгириш, ҳаттоки Расули акрамга бўҳтон қилишдан ҳам тойишмаган. Оврупа тарихчиларининг бундай камчиликларга йўл қўйишларининг маълум сабаблари бор, албатта. Улар Расули акрамнинг ҳаётлари ҳақидаги мўътабар ривоятларга бой манба бўлмиш ҳадис китобларидан ҳеч ҳам хабарлари йўқ. Ҳадис ва ривоятларни ўрганиш ва таҳлил қилиш жиҳатидан буларнинг даражаси ва мезонлари билан мусулмонларники орасида ер билан осмончалик фарқ бор. Оврупаликлар ривоятларнинг ким томонидан ривоят қилинганига аҳамият беришмайди. Улар учун энг муҳими − ровий нақл қилган воқеанинг ўз фикрига қанчалик мос келишидир. Ислом муаррихлари, алқисса, муҳаддислар ривоятнинг шакл-шамоилига эмас, балки ровийнинг кимлигига кўпроқ эътибор беришади»41.
Истанбул дорулфунининг фалсафа муаллими Шаҳбандарзода Аҳмад Ҳилмий шундай дейди: «Ислом минкирлари икки синфга ажралади: биринчиси − мавжуд динлардан бирига мансуб шахслар; иккинчи синф эса − динларни инсонлар учун зарарли, деб билувчи мутаассиб ақлпарастлар (рационалистлар) ва моддиюнчилар, танқид арбоблари ва мўътадил файласуфлардир. Биринчи синф вакиллари Исломни қабул қилмасликка мажбурдирлар. Бундайлар ҳаққоний асар ёзишолмайди. Буларнинг Ислом дини ҳақида ёзишдан мақсадлари − қандай бўлмасин, Исломга зарба бериш ва уни йўқотишдир. Буни улар мансуб бўлган диннинг қоидаларидан ҳам билса бўлади. Дейлик, бир насоро тарихчиси Исломга доир бирор асар ёзаётганида тадқиқотдан кейин бериши керак бўлган ҳукмни бошдаёқ бериб қўяди. Христианлик яҳудий динини ўзидан олдин келган ҳақ дин деб тан олади, лекин христианлик келгач, у дин ҳукмини йўқотган, дейди. Христиан ишончига кўра, Исо дини энг сўнгги ва умумий дин бўлиб, ҳазрат Исо бутун инсониятни қутқариш учун келган, одам шаклига кирган тангридир, Аллоҳнинг ўғлидир (наъузу биллаҳи мин залик). Ундан кейин бошқа ҳақ диннинг келиши мумкин эмас. Бундай эътиқоддаги бир инсоннинг мусулмонлик ҳақида холисона фикр юритмаслиги табиий ҳолдир.
Яҳудийларга кўра, христианлик диндан чиқиш билан тенгдир. Инсофлироқлари мусулмонликни фақат арабларга хос деб билишади. Демак, эътиқод нуқтаи назаридан бир яҳудий ҳам Исломга тўғри ва холис баҳо беролмайди.
Иккинчи синф − мутаассиб инкорчилар, умуман, ҳамма динларнинг ашаддий душманидир. Уларнинг фикрича, ҳар қандай дин тараққиётга тўсиқдир. Дин ақлга, фанга зиддир. У инсоннинг болалик даврларининг совғасидир.
Бу даъволарда ҳақиқат борми? Йўқ, асло. Улар шуни яхши билиб олишлари керакки, фан ва диннинг мавзулари бошқа-бошқадир. Ҳақиқий фанчилар фанни дин чегарасига тиқиштирмайди»42.
Профессор М. Шамсиддин (Гуналтой) «Ислом тарихи» китобига ёзган сўзбошисида ушбу фикрларни қайд этиб ўтади: «Ислом тарихи оламшумул аҳамиятга эга бўлганидан ҳам ғарбда, ҳам шарқда бу мавзуга оид беҳисоб асарлар ёзилган. Бироқ ёзилган асарларнинг шарқда бир нечтаси усулдан маҳрум бўлса, ғарбда таълиф этилган асарларнинг аксариси ғараз кирлари билан тўла, оқсоқ асарлардир. Шарқда ёзилган тарихий асарлар усулдан холи бўлишига қарамай, жуда қийматли маълумот ва васиқалар хазинасидир. Ислом тарихига оид ғарбда қаламга олинган асарларнинг жуда кўпчилигида христианча ғайрат ва таассубнинг ошкор изларини кўрмаслик мумкин эмас. Афсуски, мусташриқлардан (мусулмон бўлмаган ғарблик шарқшунослар) энг бетарафларининг асарлари ҳам ғаразкорлик кирларидан холи эмас. Улар тирноқ тагидан кир қидириб, Исломнинг буюк ва мўътабар зотларини камситишга, хусусан, Расули акрамнинг ҳаёт тарихларини бузиб кўрсатишга, Исломдаги таниқли халифалар, буюк саркардаларнинг фаолиятини ўта даражада сохталаштиришга уринишган»43.
Умар Ризо Дўғрул бу борада қуйидаги муҳим фикрни билдиради: «Мусташриқлар, асосан, ғарбнинг Ислом оламига қарши ғаразона «юришлари» бошланган йилларда майдонга чиқишди. Улар ғарб оламидан Ислом оламига кирган истило лашкарларига ҳомийлик қилган миссионерларнинг фаолиятини янада жонлантириш мақсадида турли хил асарлар ёзишди. Бу асарлар бўҳтонларга тўла эди. Улар нафақат моддий, балки маънавий томондан ҳам ғарбнинг устун эканини кўрсатмоқчи бўлишган. Шунинг учун ҳам исломият ва ҳазрат Муҳаммад ҳақларида турли-туман туҳматлар уюштириб, ўз зарарли фаолиятларининг вакили бўлган миссионерларни Ислом мамлакатларига усталик билан киритишган. Исломиятга ва Пайғамбаримизга қарши уйдирилган ифтироларнинг асл сабаби ҳам ана шу истило ва тажовуз тушунчаси билан боғлиқ.
Бу ёвуз зеҳният (тушунча) Исломни таг-томири билан қўпориб ташлашга ҳаракат қилган, лекин шукрлар бўлсинки, бунга эришолмаган. Ғарбнинг истило ва тажовуз даври тарихга айлана бошлагандан кейин эса аҳволнинг ўзгаргани кўзга ташланмоқда»44.
Оврупа ёзувчилари орасида бетараф туриб қалам тебратганлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, бундай муаллифлар бармоқ билан санарли. Ачинарлиси шундаки, кейинги пайтларда мамлакатимизда (Туркияда - тарж.) янги етишган маслакдошлар орасида Оврупа тарихчиларининг ғаразга тўла фикрларини тўғри деб билиб, уларни ёқлайдиганлар ҳам учраб турибди. Улар шарқнинг асл манбалари билан тўла танишиб чиқмасдан, ғарбликларнинг ёлғонлар билан тўла асарларига маҳлиё бўлиб, тарихий ҳақиқатлардан анча узоқлашиб қолганлар. Афсуслар бўлсинким, бу даҳшатли хатолар мактаб дарсликларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Ушбу китобимиз орқали муҳим бир бўшлиқни тўлдиришга даъвогарлик қилмаймиз. Бу китоб ярим асрлик иш тажрибамиз салоҳиятига суянган ҳолда, ушбу мавзуда эълон қилинган китобларни ўқиб, улардаги тарихий қусурларга ишора этиш мақсадида майдонга келди. Муваффақият эса Аллоҳдандир.
Изоҳлар
39. Ой санаси 354 кун, қуёш санаси 365 кунга яқин.40. «Сияри Жалилаи Набавийя», 38-бет.
41. «Асри саодат», 1-жилд, 115-бет.
42. Аҳмад Ҳилмий. «Тарихи Ислом», 1-жилд, 97-бет.
43. М. Шамсиддин. «Ислом тарихи», 1-жилд, 8-бет.
44. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 29-бет.