21 жумадул аввал 1446
Пайғамбаримизнинг ёшликлари

Ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилганларида оталари Абдуллоҳни кўролмадилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилмасларидан икки ой олдин Абдуллоҳ Шом (Сурия) сафаридан Маккага қайтар экан, Ҳижоз шаҳарларидан Ясрибда касал бўлиб, карвондан айрилиб, ўша жойда 25 ёшида вафот этган эди.

Расули акрамга оталаридан беш туя, бир сурув қўй, Умму Айман исмли бир ҳабаш жория ва туғилган уйлари мерос бўлиб қолди.

Боболари Абдулмутталиб етти кундан кейин неварасига Муҳаммад деб, оналари Омина эса Аҳмад деб исм қўйдилар35.

Уч ёки етти кун оналари Омина эмизган эди. Оналарининг сути етмаганидан бир қанча вақт амакилари Абу Лаҳабнинг озод этган қули Сувайба ҳам эмизди. Сувайба Расули акрамнинг бошқа бир амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуга ҳам сут берганлиги учун ҳазрат Ҳамза Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан биродар бўлдилар.

Сувайбадан сўнгра Пайғамбаримизга боболари Абдулмутталибнинг хизматкори Марваха сут берди. Аммо у Зотга энг кўп сут берган оналари Ҳалима бўлди.

Арабларда бир одат бор эди. Бу одат Шом Умавий салтанатигача давом этиб келган. Макканинг ҳавоси бир оз дим бўлгани учун баъзи ўзига тўқ оилалар янги туғилган чақалоқларини ҳавоси анча тоза бўлган яқин қишлоқларга олиб боришар ва бирор аёлга беришар эди. Бу одат айни пайтда болаларнинг яхши ва гўзал (адабий) арабча ўрганишига, соф араб одатлари бўйича улғайишига ёрдам берарди.

Ҳалима Бани Саъд қабиласидан эди36. Эрининг оти Ҳорис эди. Расули акрам тўрт ёшларигача унинг қўлида қолдилар. У кишининг тўрт сут қардошлари бўлиб, улардан Шаммо болага қарашда онасига катта ёрдам берар эди.

Расули акрам тўрт ёшга қадам қўйганларида сут берувчи оналари Ҳалима у Зоти муборакни Маккага элтиб, оналари Оминага топширди. Ислом тарихчиларининг маълумотига қараганда, Ҳалима Расули акрамда пайдо бўлаётган ғаройиб ҳоллардан чўчиб, оналарига топширишга мажбур бўлган37.

Тўрт ёшларидан олти ёшларигача Пайғамбаримиз оналарининг ёнида бўлдилар, ўз оналарининг чексиз меҳр ва шавқати билан улғайдилар. Олти ёшли ўғлини Омина Ясрибга (Мадинага) олиб борди. У ҳам боласининг отаси Абдуллоҳнинг қабрини зиёрат қилмоқчи, ҳам ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қариндошлари ҳисобланган Бани Нажжор билан ўғлини таништирмоқчи эди.

Омина Мадинада бир ой қолди. Маккага қайтишида Абво қишлоғида йигирма бир ёшида ҳаётдан кўз юмди. Болани Маккага Умму Айман олиб келди ва бобосининг қўлига топширди38.

Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз туғилмасларидан олдин отадан ажралган, олти ёшда эса онадан етим қолган эдилар.

Олти ёшларидан саккиз ёшларигача болага боболари Абдулмутталиб қаради. Саксон ёшдан ошгач, Абдулмутталиб ҳам вафот этиб, етимни Абу Толиб ўз бағрига олди. Абу Толиб Пайғамбаримизнинг туғишган амакилари эди39.

Изоҳлар

35. Қуръони каримда шундай дейилади:

«Эсланг, Исо бинни Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) Пайғамбаридурман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эди» (Саф сураси, 6-оят).

«Муҳаммад» сўзи араб тилида «кўп мадҳ этилган» маъносида бўлиб, ибронийчада кутилган Аҳмад «Параклит»сўзининг таржимаси бўлгани учун арабча Инжилларда «Параклит« ўрнига «Аҳмад» ишлатилгандир.

36. Саъд ўғиллари Ҳавозин қабиласининг бир уруғи эди. Ҳавозин обрўли ва фасоҳатли бир қабила эди. Шу сабабли Расули акрам:«Сизларнинг энг фасоҳатлиларингиз менман, чунки мен Қурайш қабиласига мансубман ва ҳам Саъд ўғиллари орасида ўсдим», деб марҳамат қилганлар (Ибн Саъд. «Табақот», 1-жилд, 71-бет).

37. Ҳалиманинг безовталигига сабаб бўлган «Шаққи садр» ёхуд «Шарҳи садр» (кўкрак очиш) ҳодисаси эди. Қуръони каримда:

«(Эй Муҳаммад), Биз сизнинг қалбингизни (иймон ва Қуръон нури билан) кенг мунаввар қилмадикми?» дейилади (Иншироқ сураси, 1-оят).

«Шарҳи садр» ҳодисасининг бўлганига шубҳа йўқ. Фақат бу воқеанинг бўлиб ўтган вақти ва моҳияти ҳақида уламолар ўртасида ихтилофлар бор.«Шаққи садр» Расули акрам ўн ёшдалигида, йигирма ёшдалигида, Жаброил алайҳиссалом биринчи марта келганида, Меърож асносида бўлиб ўтган, деган фикрлар мавжуд («Асри саодат», 3-жилд, 1526-бет).

38. Расули акрам Умму Аймандан чексиз миннатдор эдилар. Ёшликларида Расули акрамга яхши қарагани учун Умму Айманга:

«Онамдан кейинги онамсан», деганлар. Ҳатто Умму Айманни жорияликдан озод этиб, Зайдга никоҳлаб ҳам берганлар. Машҳур саркарда Усома унинг фарзанди эди.

39. Абдумутталиб бир неча завжаларидан ўнта ўғил кўрган эди. Уларнинг ичида Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ билан Али розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Толиб ота-она бир, туғишган ака-ука эдилар. Абдумутталиб невараси Расули акрамни Абу Толибга топширишига сабаб мана шу яқинлик эди.

 
18:27 / 14.09.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...