23 жумадул аввал 1446
Тўртинчи йил: даъватнинг очиқ тус олиши
 

Макка даврининг тўртинчи йили эди. Расули акрамга:

«Бас, ўзингизга буюрилган ишни (яъни ҳақ динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!»23илоҳий амри келди. Шундан эътиборан у киши маккаликларни очиқчасига мусулмонликка даъват эта бошладилар. Энди намозларида ҳам Қуръони каримни овоз чиқариб ўқирдилар. Ҳарами Шарифга бора-боргунча тушган оятларни қурайшийларга билдирардилар: «...Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай Зотки, самовот ва ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир!»

Ҳа, у Зот шу тариқа одамларни Исломга − нажотга чақирар эдилар24. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларини тарк этиб, саҳобалардан Арқамнинг уйларига кўчиб ўтдилар. Бу уй Сафо билан Марва ўртасида, Каъбанинг ғарб томонида, Байти Шариф билан бир чегарада жойлашган бўлиб, одамлар гавжум жойда эди. Бир неча киши шу уйда Исломга киргани учун бу жой Исломнинг илк бешиги ҳисобланади. Айни чоқда бу муборак уй «Дорул Ислом» номини ҳам олди.

Вақтики, «Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!»25ояти нозил бўлгач, Расули акрам Сафо тепалигига чиқиб, энг баланд жойдан туриб:

—Эй Абдулмутталиб ўғиллари! Эй Фихр ўғиллари! Эй Абдуманноф ўғиллари! Эй Зуҳра ўғиллари! - дея бутун қариндош-уруғларини атрофларига тўпладилар ва уларга хитоб этдилар:

- Эй Қурайш жамоати! Мен сизларга шу тоғнинг этагида ёхуд шу водийда душман отлиқлари бор, ҳозироқ сизга ҳужум қилишади, молларингизни талон-тарож қилиб кетади, десам, менга ишонасизларми?

Ҳаммалари бир овоздан:

—Ҳа, ишонамиз, чунки ҳозиргача сен ҳамиша тўғри гапириб келгансан. Сенинг ёлғон гапирганингни эшитганимиз йўқ! − дедилар.

— Ундай бўлса, эшитинглар, − деб давом этдилар Расули акрам, − мен сизларни олдимизда шиддатли бир азоб куни борлигидан, у куни Аллоҳга иймон келтирмаганларни даҳшатли азоб кутишидан огоҳ этяпман. Сизларни ўша азобдан қутқариш учун юборилдим. Қурайш жамоати! Билингларки, сизлар учун менинг ҳозирги ҳолим душманни кўрган ва оиласига зарар етказишидан қўрқиб дарҳол хабар беришга (огоҳлантиришга) шошилган одамнинг ҳоли кабидир. Эй Қурайш жамоати! Сизлар уйқуга чўмган каби ўласизлар! Уйқудан уйғонгандек тириласизлар. Қабрдан туриб, Аллоҳ ҳузурига боргач, муҳаққақ, дунёда қилган барча амалларингизнинг ҳисобини берасизлар! Яхши ишларингизнинг мукофотини ҳам, ёмон ишларингизнинг жазосини ҳам кўрасизлар! У мукофот абадий жаннатдир, мужозот эса абадий жаҳаннамдир!26

Расули акрамнинг бу муборак хитоблари ҳамма яқинлари томонидан эътирозсиз кутиб олинди. Фақатгина амакилари Абу Лаҳаб жаҳл билан ўрнидан туриб:

— Вей қуриб кетгур! Бизни бу ерга шунинг учун чақирганмидинг ҳали?! − дея бақириб Расули акрамнинг кўнгилларига озор берди ва алалоқибат Таббат сурасининг нозил бўлишига сабабчи бўлди27.

Қурайшийлар ҳам Сафо тепалигидан тарқалиб кетдилар. Ўша пайтларда нозил бўлган оятлар, асосан, Қиёмат кунининг даҳшатидан хабар берадиган оятлар эди28.

Ҳа, бу аснода ҳам мушриклар, ҳам бутпарастларга қарши нозил бўлган Қуръон ояти қурайшийларнинг тоқатини тоқ қилган эди. Бу оятда: «(Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар у (жаҳаннамга) тушгувчидирсизлар», дея марҳамат қилинган эди29.

Қурайшийлар ғазабга тўлиб мусулмонларга қарши қўзғала бошладилар. Мушриклар ёмонлигининг иккинчи − ҳаракат саҳифаси шу тариқа очилган эди. Бироқ, барибир, бу тазйиқ-тўсқинликлар Ислом динининг ёйилишига монеълик қилолмаётган эди. Аксинча, деярли ҳар куни бир қурайший Исломга кирарди. Мусулмон бўлганларнинг кўпчилиги дунё молига аҳамият бермаганлардан эди. Шу билан бирга уларнинг орасида қалби пок, инсофли ва виждонли тужжорлар ҳам бор эди.

Қурайшнинг катталари ҳам муҳофазакор, ҳам ҳаддан ташқари моддапараст ва ахлоқсиз эдилар. Ҳар бир қабила бошлиғининг бутга сиғинишидаги эътиқодлари орқасида ўз манфаатлари ҳам ётарди. Мусулмонликнинг кўпчилик томонидан тан олиниши ва ёйилиши бу қабила бошлиқларининг манфаатларига зиён етказарди. Улар бу тахликани сездилар, Ислом динининг оламшумул аҳамиятини тушундилар. Бинобарин, унинг тараққийсига тўсқинлик қилиш учун турли чора-тадбирларни ўйлаб кўрдилар. Олдин Расули акрамнинг амакилари ва ҳомийлари, айни пайтда ҳошимийларнинг бошлиғи бўлган Абу Толибга бир неча бор мурожаат қилдилар. Бу мурожаатчи гуруҳнинг сони ўнга бориб қолган бўлиб, улар орасида умавийларнинг танилган бош қўмондонларидан Абу Суфён ҳам бор эди30. Улар ҳазрат Пайғамбардан шикоят қилдилар. Расули акрам ҳақларида даъвосидан воз кечсин, деб Абу Толибдан талаб қилдилар.

— Биродарингнинг ўғли бизнинг динимизни, худоларимизни камситяпти. Ота-боболаримизни йўлдан адашганга чиқаряпти. Биз ҳам жоҳил ва аҳмоқларча яшаётган эмишмиз. Ё уни бу йўлдан қайтарасан ёхуд уни ҳимоя қилмайсан. Биз у билан ўзимиз гаплашиб оламиз! − дедилар.

Абу Толиб келганларнинг гапларини эътироз билдирмай, индамай эшитди. Бироқ қурайшийлар ҳазрат Пайғамбарнинг аввалгидай «вазифалари»ни давом эттираётганларини кўриб чидай олишмади. Жаҳл устида яна Абу Толибга мурожаат қилишди:

— Биродарингнинг ўғлини бу ишидан воз кечдирмасанг, сенга ҳам, унга ҳам ёмон бўлади. Энди сабр қилиб туролмаймиз. Нима бўлса - бўлсин! Икки томондан биттаси ҳалок бўлсин-да, иккинчиси қутилсин!31

Бу таҳдид Абу Толибни анча ўйлантириб қўйди. Жиянини ҳимоя қилиш билан бирга уни қурайшийларга қарши қўйишни ҳам хоҳламасди. Вазиятни Расули акрамга жуда назокат билан тушунтирди. Қурайшийларнинг ҳошимийларга нисбатан анча кучли мавқега эга эканларини айтди.

— Ўғлим, − деди Абу Толиб, − менга бу қадар оғир юкни юклама. Чунки менга ҳам қийин.

Пайғамбаримизнинг кайфиятлари жуда ҳам тушиб кетган эди. Чунки бундан кейин у кишини ўз амакилари ҳам ҳимоя қилолмасди. Бу томонда эса ҳали мусулмонлар жуда оз ва заиф эди. Улар бойлик ва кучларига ишонган қурайшга қарши турадиган аҳволда эмасдилар.

Расули акрамнинг Аллоҳдан бошқа ёрдамчилари йўқ эди. Фақат бақувват иймонларига суянган ҳолда амакиларига шундай дедилар:

— Эй амаки! Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, бу одамлар қуёшни ўнг қўлимга, ойни чап қўлимга қўйишса ҳамки, мен бу йўлимдан қайтмайман!32

Муборак кўзларига ёш тўлдирган ҳолда амакиларининг ёнидан чиқиб кетдилар.

Ўшанда Абу Толиб Ислом динига кирмаган эди. Бироқ у ҳазрат Пайғамбарни ўз фарзанди каби севар ва ҳимоя қилар эди. У жиянининг хафа бўлган ҳолда чиқиб кетганига чидаб туролмади. Бундан ташқари Расули акрамнинг дадил ва кескин жавоблари уни анча довдиратиб қўйди. Ўша заҳотиёқ жиянининг орқасидан шундай деб бақирди:

— Эй биродаримнинг ўғли, кел! Хоҳлаганингча иш тут! Қасам ичиб айтаманки, сени ҳеч кимга таслим бўлиб қолишингга йўл қўймайман!33

Қурайшийлардан кейин Абу Толиб ҳошимий ўғиллари ва Мутталиб ўғилларини чақиртирди. Аҳволни уларга ҳам тушунтирди. Расули акрамнинг жавобларини ҳам айтиб берди. Оила шарафи ҳаққи-ҳурмати ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломни қурайшийларнинг ёмонлигидан қўриқлаш кераклигини айтди. Абу Толибнинг бу таклифини Абу Лаҳабдан бошқа ҳамма қабул қилди. Абу Лаҳаб Расули акрамга қарши мухолиф эканини очиқ-ойдин билдириб, душманлар сафига ўтиб олди.

Ҳазрат Пайғамбар билан Абу Толиб ўртасидаги суҳбатлар Қурайшнинг кўз ўнгида бўлиб ўтган эди. Қурайшийлар Абу Толибга қилган бутун мурожаатларининг фойдасизлигини билишгач, тўғридан-тўғри Расули акрамга мурожаат қилишни маъқул кўришди:

—Эй Муҳаммад, сенинг насл-насабинг пок, мавқе-мартабанг ҳам анча баланд. Шу чоққача араблар орасида ҳеч ким қилмаган ишларни қиляпсан, ҳеч ким айтмаган гапларни айтяпсан. Ўртамизга нифоқ солдинг. Айтгин-чи, нима мақсадда бундай қиляпсан? Агар мақсадинг бой бўлиш бўлса, сенга хоҳлаганингча мол-давлат берайлик; бу атрофда сендан бойроқ киши топилмасин. Бошлиқ бўлиш орзуида бўлсанг, сени ўзимизга бошлиқ қилиб сайлайлик; Макканинг ҳокими бўл. Мабодо асил бир аёлга уйланиш ниятида бўлсанг, сенга қурайшнинг энг гўзал аёлларидан хоҳлаганингни олиб берайлик. Агар жин ва шайтонга чалинган бўлсанг, сени табибларга кўрсатайлик, токи бу дарддан фориғ бўласан. Аммо энг асосийси −сен бу даъвоингдан воз кечишинг керак!

Ҳа, улар Расули акрамга бу каби бир неча таклифларни қўйдилар. Пайғамбаримиз эса уларга шундай жавоб қилдилар:

— Мен сиздан бирор нарса тамаъ қилмайман: на молу дунё, на салтанат ва на раҳбарлик. Бирдан-бир истагим – бутларга сиғинишдан воз кечиб, фақат Аллоҳга ибодат қилинглар!

Буни эшитган Абу Жаҳл ғазаб билан:

— Бундан бошқа яна нималарни хоҳлайсан? - деди.

Пайғамбаримиз Абу Жаҳлнинг бу аччиқ истеҳзосидан сўнг:

— Агар осмондаги шу қуёшни олиб берсалар ҳамки, бу даъвоимдан асло воз кечмайман! − дедилар. Қурайшийлар:

— Бизнинг уч юз олтмишта бутимиз турганда сенинг Ягона Аллоҳинг Маккани қандай қилиб бошқара оларди? − деб кетиб қолдилар.

«Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳур муҳитда туғилган, энг кўзга кўринган оила ичида вояга етган эдилар. Мол-дунёлари етарли, ўзлари мансуб бўлган Бани Ҳошим қабиласининг Маккадаги диний ва сиёсий вазияти жуда яхши эди. Мавқеларини кўтариш учун мол-дунё, обрў ва диний устунликка эҳтиёжлари йўқ эди»34.

Мушриклар бундан кейин Абу Толибга ҳам, Расули акрамга ҳам мурожаат қилишнинг фойдаси йўқлигини тушуниб етишди35. Энди улар Ислом динига кираётганларни тўхтатишга, мусулмонликнинг ривожланишига қаттиқ тўсқинлик қилишга киришишди. Шу тариқа мусулмонларга қарши қилинаётган ёмонликларнинг учинчи палласи − исканжа даври бошланди. Даҳшатли кўринишдаги бу қийноқ-исканжалар жаҳон тарихида камдан-кам кўрилган. Бироқ бу қийноқ-азоблар мусулмонларнинг қалбидаги Аллоҳ севгисини ва динга бўлган муҳаббатларини сўндиролмаган, аксинча, орттирган.

Макка мушриклари дастлабки пайтларда қабиласи ва оиласи кучли, кўп сонли бўлганларга индай олишмасди. Фақат Ҳаббоб, Билол, Аммор, Ёсир, Сумайя каби ҳеч кими йўқ қул ва жорияларни мисли кўрилмаган зулм исканжага олишди. Масалан, Ҳаббоб ёниб турган кўмирлар устига ётқизилиб, то кўмирлар ёниб кулга айлангунча мажбурлаб ушлаб турилди. Ҳаббобнинг сирти куйиб, даҳшатли тус олди. Ҳаббоб бир темирчи эди. Қурайшийлар ундан қарз эдилар. Унга «Олдин Муҳаммадни инкор эт, кейин қарзингни оласан!» дейишарди. «Уни асло инкор қилмайман, Қиёматда у билан бирга бўламан!»  дея жавоб берарди Ҳаббоб36.

Билол эса Халаф ўғли Умайянинг ҳабаш қули эди. Умайя Билолни ҳар куни пешинда иссиқ қуёш остига − қизиган қумлар устига ётқизар, кўкрагига оғир бир тош ҳам бостириб қўяр эди. Мусулмонликдан қайтариш учун ўлим билан қўрқитарди. Бир куни у Билолнинг қўлларини маҳкам боғлаб, бўйнига ҳам арқон солиб, учини кўча болаларининг қўлига тутқазган ва Макка кўчаларидан юргизган эди. Бу қийноқлар исканжаси остидаги Билол Ҳабаший: «Аҳад, Аҳад!» (яъни «Аллоҳ бир, Аллоҳ бир!») дерди, холос.

Суҳайб Абдуллоҳ ибн Жудъанинг озод қилинган қули эди. Қурайшийлар Суҳайбни ҳам ҳушидан кетгунча урдилар.

Амморнинг отаси Ёсир бир оёғи бир туяга, иккинчиси бошқа туяга боғланиб, туялар икки томонга ҳайдалиб, ваҳшийларча парча-парча қилиб ташланди37.

Амморнинг онаси Сумайянинг ўлими ҳам жуда фожеона бўлди. Сумайя эрига нисбатан қўлланилган ваҳшиёна муомалага чидаб туролмай, Абу Жаҳлга қарши шиддат ва дадиллик билан гапирган эди, Абу Жаҳл Сумайянинг маҳрам жойига ўқ отиб, бечора аёлни найза зарбаси билан ўлдирди.

Аммор кўз ўнгида содир бўлаётган бу қийноқларни кўриб мушриклар таклиф қилаётган куфр сўзларни айтишга мажбур бўлди. У қурайшийларнинг қўлидан қутулгач, йиғлаб Расули акрамнинг олдиларига келди ва бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Ўшанда ҳазрат Пайғамбар:

— Агар мушриклар сенга яна шундай азият беришса, яна шундай йўл тутгин, − дея марҳамат қилганлар ва Амморга рухсат бериб юборганлар38.

Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу етти қул ва жорияни эгаларидан сотиб олиб, уларни бу даҳшатли азоблардан қутқариб қолган ва озод қилган эдилар. Билол Ҳабаший, Омир каби эркаклар, Лабина, Зунайра, Нахдия каби аёллар ҳам бу озод қилинганлар орасида эдилар 39.

Қурайшийлар бу зулм-зўравонликларини бошқа оилаларга нисбатан ҳам қўллай бошлашди. Ҳамма мусулмонлар мушрикларнинг бу ёмонликларини кўриб турарди. Юксак мартабали оилаларга ўз яқинлари азият берарди. Ҳазрат Усмон амакилари томонидан урилган, Абу Зарр, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос каби зотлар ҳам турли азобларга гирифтор бўлган эдилар.

Макка мушриклари дастлаб Расули акрамга қарши очиқ курашолмади, ҳошимийлардан ҳадиксираб туришди. Абу Толибнинг ҳимоясида бўлганлари учун у кишига қўл теккизолмас эдилар. Бироқ Расули акрамни бириси «мажнун», бири «сеҳргар», бири «фолчи», бири «шоир», бири «ёлғончи» деб масхара қиларди. Кейинчалик ақлли, кўзга кўринган одамларнинг ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларига тўпланаётганини кўргач, у Зотга турли йўллар билан озор етказишга ўтишди. Йўлларига тикан ташлашар, устларига мурдор нарсаларни отишар, эшикларига қон суркаб кетишар эди. Уйлари олдига Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил ҳар хил ифлосликларни тўкиб кетган эди. Абу Жаҳл ҳам турли мурдор нарсаларни у инсонга қаратиб отарди. Бир куни Расули акрам Ҳарами Шарифда намоз ўқиётганларида у ерга бостириб кирган Уқбатубну Аби Муайят у кишини бўғиб ўлдирмоқчи бўлган, бироқ Абу Бакр Сиддиқ етиб келиб, ҳазрат Пайғамбарни қутқариб қолганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мушрикларнинг Пайғамбаримиз ҳақларида айтган бўҳтон гапларини рад этади40.

Изоҳлар

23. «Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни ҳақ динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!» (Ҳижр сураси, 94-оят.)

24. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Эй инсонлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг элчисиман. У шундай Зотки, самовот ва Ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига − Аллоҳга ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий Пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз−шояд ҳидоят топурсиз» (Аъроф сураси, 158-оят).

25. «Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!» (Шуаро сураси, 214-оят.)

26. «Тажрид» таржимаси, 9-жилд, 283−288-бетлар.

27. «Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай − ҳалок бўлгай! (Аниқки), у қуриди − ҳалок бўлди!» (Масад сураси, 1-оят.)

Ўзига қарши бундай бир суранинг нозил бўлишидан, завжаси Уммул Жамилнинг «Ҳаммалатал хатоб» дея ёд этилишидан Абу Лаҳабнинг ғоят юраги эзилди. Икки ўғли (Утба билан Утайба) Расули акрамнинг куёвлари эди. Улар оталарининг таъсири остида қолдилар. Иккиси ҳам завжаларини ташладилар. Ҳатто Утайба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ҳаракат қилишгача борди.

28.«Парвардигорингизнинг азоби, шак-шубҳасиз, воқеъ бўлгувчидир! Унинг учун бирон дафъ қилгувчи −тўсиқ йўқдир. У кунда осмон титраб-чайқалур. Ва тоғлар ҳам (ўрнашган жойларидан жилиб) йўлга тушур! Ана ўша Кунда (пайғамбарларни) ёлғончи қилгувчи, ўзлари шўнғиган нотўғри йўлларида адашиб юргувчи кимсаларга ҳалокат бўлур! У Кунда улар жаҳаннам ўтига ҳайдалурлар! (Ва уларга дейилур:) «Сизлар ёлғон деб юрган дўзах мана шудир!» (Тур сураси, 7−14-оятлар.)

29.«Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар у (жаҳаннамга) тушгувчидирсизлар» (Анбиё сураси, 98-оят).

30. Бу ҳайъат қуйидагилардан ташкил топган эди: Бани Абдуманофдан Утба билан Шайба; Бани Умайядан Абу Суфён; Бани Махзумдан Абу Жаҳл, Амр ибн Ҳишом, Абу Ҳакам, Валид ибн Муғийра; Бани Сахмадан Амр ибн Оснинг отаси Ос ибн Воил, Мунаббих, Бани Асаддан Абу Бахтарий, Асвад ва ҳакозо.

31. Ибн Асир.

32. Қуёш билан ой Қурайшнинг маъбудаларидан эди.

33. Ибн Ҳишом.«Абул Фидо».

34. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 140-бет.

35. Мушриклар Абу Толибга мурожаат қилиш давомида жуда ғалати бир таклифни ҳам ўртага қўйишган, агар ҳазрат Муҳаммадни уларга топширса, Абу Толибга Бани Махзумдан бир хушбичим йигитчани −Валид ўғли Амморани айирбошлашларини айтишган эди (Ибн Ҳишом, Ибн Асир).

36. Ибн Саъднинг «Табақот»и.

37. Мавлоно Муҳаммад Али. «Пайғамбаримиз», 74-бет.

38. «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни диндан чиқиб кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир» (Наҳл сураси, 106-оят).

Муфассирлар ушбу оятни Аммор ҳақида нозил бўлган, дейишади.

39. Умар Ризо Дўғрул. «Динлар тарихи», 101-бет.

06:28 / 20.09.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...