Макка даврида еттинчи йилнинг боши эди (616 й. муҳаррам). Маккалик мушриклар мусулмонлар билан ҳар қандай алоқани узишга қарор қилишди. Олти йилдан бери (610-616 й.) мусулмонлик нурини сўндириш учун уринган мушриклар мусулмонларга қарши турли хил ёмонликлар қилган бўлсалар-да, ниятларига етолмаган эдилар. Кунлар эса ўтмоқда, мусулмонлик ривожланмоқда, ҳақ ботилдан устун келмоқда эди. Ҳамза, Умар каби эътиборли зотлар мусулмон бўлишган эди. Абу Толиб жияни Расули акрамни ҳали ҳам ҳимоя қиларди.
Энди бирор натижага эришиш учун Абу Жаҳл бошчилигида тўпланган мушриклар Ҳошим ўғиллари билан савдо-сотиқ, қиз олиб-узатиш каби ҳар қандай «маданий» муносабатларга узил-кесил барҳам беришга келишишди. Бу қарорга Қурайш пешволаридан қирқ киши қўшилди. Ҳатто улар бу қарорга қарши бирор ҳаракат қилмасликка қасам ичдилар. Қарорларини «Аҳднома» шаклида қоғозга ёзиб, муҳрладилар, уни бир матога кўчириб, Каъбанинг ичига осиб қўйдилар54. Аҳдномани Икрима ўғли Мансур ёзган эди.
Ҳар ёқда пароканда бўлиб яшаётган бутун мусулмонлар "Шиъби Абу Толиб» дейилган Абу Толиб маҳалласидаги ҳошимийларга келиб қўшилишди. Расули акрам ҳам Арқамнинг уйидан чиқдилар ва Абу Толибнинг маҳалласига кўчиб ўтдилар. Бу ер ўзлари туғилган маҳалла эди. Аввал бу маҳалла «Шиъби Ҳошим», «Шиъби Абдулмутталиб» деб юритиларди.
Пайғамбаримиз Арқамнинг уйида уч йил − Макка даврининг тўртинчи йилидан еттинчи йилигача яшадилар.
Ҳазрат Пайғамбарнинг амакилари Абу Лаҳаб ҳошимийлардан эди, лекин Ислом душмани бўлгани учун мушрикларга қўшилиб кетди. Бошқа амакилари Абу Толиб эса мусулмон бўлмаса ҳам, мусулмонларга раҳбар бўлди. Ҳатто мушрикларнинг Ислом маҳалласига қўққисдан бостириб келиш эҳтимоли борлигини ўйлаб, кечалари шахсан ўзи қўриқчилик қиларди.
Абу Жаҳл имзоланган қарорномани амалга тадбиқ қилиш учун кеча-кундуз тер тўкиб ҳаракат қиларди. Мусулмонларнинг маҳалласига кириб чиқаётганларни кузатиб борар, асосан, у ерга яширинча озиқ-овқат киритилишига йўл қўймас эди55.
Мусулмонлар Абу Толиб маҳалласида уч йил қамалда қолдилар (616-619 й.). Бу давр мушрикларнинг мусулмонларга қарши кўрсатган ёмонликларининг тўртинчи − маҳрумият даври эди. Уч йил давом этган бу маҳрумият даври мусулмонлар учун жуда оғир палла бўлди. Жўржи Зайдонга кўра: «Бани Ҳошим бу тазйиқ сабабли тоғларга чиқиб кетдилар. Уч йил тоғлар орасида яшашга мажбур бўлдилар. Улар Маккага яширинча киришарди»56.
Бу муҳосара (қамал) давомида мусулмонлар жуда оғир кунларни бошларидан ўтказдилар. Озиқ-овқат олиб кириш амри маҳол эди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар дарахт баргларини еб кун кечирдилар. Болалар очликдан қирила бошлади. Ибн Саъднинг ёзишича: «Болаларнинг дод-фарёди узоқлардан ҳам эшитилиб турарди».
Асҳобнинг Ҳамза, Умар каби жасурларидан бошқа ҳеч ким бозорга чиқиб савдо қилолмасди. Бир йиллик эҳтиёжларини мусулмонлар фақат ҳаж мавсумида − ҳар қандай уруш тақиқланган ойларда йиғиб олишга ҳаракат қилишарди. Расули акрам ҳам «Ислом динини ёйиш» вазифаларини ўша ойлардагина адо қилардилар.
«Маданийати Исломия тарихи» асарининг таржимони Закий Мағомиз мусулмонларнинг иккинчи Ҳабаш ҳижрати бу муҳосара даврининг бошларида қилинганини57 изоҳ тарзида қайд этгандир.
Мусулмонлар учун жуда оғир бўлган бу даврга Ислом тарихчилари «Қотиаи раҳм» номини беришган.
Мушрикларнинг бу муҳосарадан кўзлаган мақсадлари − ҳазрат Пайғамбарни ўзларига таслим эттиргунга қадар мусулмонларни оч қолдириш ва Расули акрамни ўлдиришга қулай фурсат топиш эди. Ҳолбуки, Бани Ҳошим билан бирлашган бутун мусулмонлар Пайғамбарларининг ҳаётини сақлаб қолиш учун жонларини ҳам қурбон қилишга тайёр эдилар.
Бироқ уч йил давом этган бу қамал ва очлик даври мусулмонларни анча қийин аҳволга солиш билан бирга ҳатто кўплаб мушрикларнинг ҳам ғазабини қўзғатди, уларда ачиниш ҳиссини уйғотди. Бу бемаъни қарорни бузиш учун беш ўртоқ (Ҳишом, Зухайр, Мутъим, Абул Бахтарий, Замъа) ўзаро яширинча маслаҳатлашдилар. Қурайш қабиласи аъзолари тўпланиб турган жойга бордилар. Ораларидан Зухайр:
— Эй маккаликлар! Бу қандай бедодликки, биз шундай хуррам яшасак, ширин таомлар есак, чиройли кийинсак-у, у тарафда Бани Ҳошим қийналиб турса?! Очликдан ўлар ҳолга келса!.. Қасам ичиб айтаманки, бу бемаъни ва золим васиқа йиртилмас экан, бу ердан кетмайман! − деди.
Абу Жаҳл ўша заҳотиёқ унга қарши гапирмоқчи бўлди. Бироқ шериклари Зухайрни қўллаб-қувватлашди. Ночор қолган Абу Жаҳл:
— Тушунарли, бу ишни анча олдин пишитиб қўйибсизлар, − дея олди, холос.
Шу тариқа мушрикларнинг иттифоқи ҳам бузилди. Айни пайтда Каъбада осиғлиқ аҳдномаларини гувалар (дарахт қурти ёки чумоли) еб йўқотгани Расули акрам томонларидан билдирилди58. Абу Толиб бу илоҳий ишоратни Қурайшга етказди. Ўша пайтда аҳдномага мухолиф бўлганлар ҳам қуролланиб, Абу Толибнинг маҳалласига югуришиб, мусулмонларни қамалдаги бу маҳалладан чиқарганлар.
Макка даврининг ўнинчи йили бутун мусулмонлар билан бирга Расули акрам ҳам бу уч йиллик даҳшатли қамалдан қутулдилар.
Қамал асносида, Макка даврининг саккизинчи йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Иншиқоқи Қамар» дейилувчи мўъжизалари рўй берди. Ойдин бир кечада Аллоҳнинг иродаси билан Пайғамбаримиз алайҳиссалом воситаларида ой иккига бўлиниб, бир бўлаги Ҳиро тоғининг бир томонида, иккинчи бўлаги иккинчи томонида кўринди. Бироқ мушриклар бунга ҳам ишонишмади. Абу Жаҳл бу мўъжизани «сеҳргарлик» деди...
«(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди»59. Муҳаммад Ҳамди Язир дейдики: «Пайғамбаримизнинг энг порлоқ мўъжизаларидан бўлган «Иншиқоқи Қамар» мўъжизаси, дарҳақиқат, содир бўлди. Бу ҳақда бир неча саҳобалардан ривоятлар бор"60.
«Асри Саодат» асарида ушбу сатрларни ўқиймиз: «Шаққи Қамар» ҳодисасининг бўлиб ўтгани Бухорий, Муслим, Термизий, Ибн Ҳанбал, Ҳаким, Байҳақий, Абу Нуаймлар томонидан очиқ-ойдин ёзилгандир»61.
Абдуллоҳ ибн Масъуд дейдилар: «Биз Пайғамбар билан бирга Минода бўлганимизда ой иккига бўлинди. Ҳазрат Пайғамбар бизга:
— Бу ҳодисага шоҳид бўлингиз, − дедилар».
—Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим»нинг бошқа ривоятларига кўра, ҳазрат Пайғамбар даврларида ой икки парчага айрилган, ойнинг бир парчаси тоғнинг бир томонида, иккинчи парчаси бошқа томонида эди. Расули акрам у ердагиларга: «Шоҳид бўлингиз», деганлар.
«Саҳиҳи Муслим»да шундай ривоят бор: «Макка аҳолиси Пайғамбардан уларга бир оят-мўъжиза кўрсатишни сўрайди. Пайғамбар эса уларга ойни иккига бўлиб кўрсатадилар».
«Жомеъи Термизий»даги ривоят эса қуйидагича: «Маккаликлар Пайғамбардан бир оят айтишини сўрайдилар. Шу пайт ой Маккада икки парчага бўлинади. Шу аснода «(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди» ояти каримаси нозил бўлди».
Термизийнинг «Жомеъ»сида, Ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ида Жубайр ибн Мутъимнинг ривояти шундай берилган: «Мушриклар бу мўъжизани кўргач, «Муҳаммад бизни сеҳрлаб қўйди. Лекин ҳаммани сеҳрлай олмайди», дедилар».
Абу Довуд ва Байҳақийга кўра, мушриклар бундай дейишган: «Муҳаммад бутун дунёни сеҳрлай олмайди-ку, яхшиси бу ҳақда бу ерда бўлмаган кишилардан сўраб кўрамиз». Ўша пайтда Маккага узоқлардан келган сайёҳлар кириб келган. Улар ҳам йўлда келаётганларида маккаликлар кўрган ҳодисани кўрганликларини айтишган.
Хуллас, бу ҳодиса кечқурун Пайғамбар алайҳиссалом Минода турган пайтларида содир бўлган эди.
Машҳур француз фалакшуноси Лаланда ҳам ойнинг ўтмишдаги ҳаракатлари устида иш олиб бориш жараёнида «Иншиқоқи Қамар» мўъжизасининг ҳақиқатан бўлганини эътироф этган62.
Изоҳлар
54. «Мавохиби Ладуния» таржимаси, 1-жилд, 47-бет.
55. Мавлоно Муҳаммад Али. «Пайғамбаримиз», 90-бет.
56. «Маданияти Исломия тарихи», 1-жилд, 31-бет.
57. Шу китоб. 1-жилд, 30-бет. Мутаржим изоҳи.
58. «Пайғамбаримиз», 91-б.; «Тарихи дини Ислом», 3-жилд, 254-б.; «Қиссаси Анбиё», 2-жилд, 100-б.; «Миръотул Ибар», 5-жилд, 44-б.
59.«Маонии Қуръон», 2-жилд, 426-бет.
«(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди» (Қамар сураси, 1-оят).
60. «Қуръон тили», 6-жилд, 4621-бет.
61. 4-жилд, 608, 1607-бетлар.
62. Лаланда масаласини бизга эски Истанбул муфтийларидан марҳум Фаҳми Афанди 1906/1907-ўқув йилида «Илми калом» дарсида тушунтирган эди.