Абдуллоҳ; Абдулмутталиб; Ҳошим; Абдуманоф; Қусай.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари аниқ ва пок эканини билиб туриб ҳам, баъзи ғаразгўй кимсалар: «Абдулмутталибнинг маъноси «Мутталибнинг қули» дегани, демак, Муҳаммаднинг бобоси ҳур-озод бўлмаган, қул бўлган», деган даъвони қилишган. Аслини олганда ундоқ эмас! Абдулмутталибнинг отаси Ҳошим Ясриб (Мадина)нинг Хазраж қабиласидан бўлган Салмо Амр қизига уйланиб, ундан бир ўғил кўради. Бошида оқ сочи бўлгани учун, онаси унга Шайба деб исм қўяди ва у Ясрибда онасининг қўлида катта бўлади. Отаси вафот этгач, Мутталиб исмли амакиси уни Ясрибдан Маккага олиб келади. Одамлар: «Бу Мутталибнинг қули» дейишганида, Мутталиб: «Ҳой, шўрингиз қурсин! Бу бола укам Ҳошимнинг ўғли-ку», дейди ва уни тарбиясига олиб, кўп марҳаматлар кўрсатади.
(Дарвоқе, Имом Шофиъийнинг насаби ҳам мана шу Мутталибга бориб тақалади).
Шайба доимо ғамхўр амакиси Мутталиб билан бирга юргани учун, қолаверса, амакиси берган тарбиясини тақдирлаш маъносида ва қилган яхшиликларини унутмаслик мақсадида ҳам Шайба ўзига «Абдулмутталиб» (яъни Мутталибнинг ғуломи, хизматкори) лақабини олади. Бу ҳақиқатни барча араблар яхши билганлар. Абдулмутталибнинг ҳур-озод инсон экани ҳамда Қусайдек Қурайш раҳбарининг эвараси бўлгани учун ҳам араблар Абдулмутталибнинг сиқоя ва рифода мансабларини тан олишган! Бундан ташқари араблар уни «Қурайш саййиди», «Қурайш улуғи» ва ҳатто «Осмондаги қушларни тўйдирувчи» деб ҳам аташган.[1]
[1] «Раҳматун лил оламийн», 1-китоб.