
Пайғамбаримиз туғилишларидан 50-55 кун олдин
(Муҳаррам ойида. Бу воқеа милодий 571 йил, февраль ойининг охири ёки мартнинг бошига тўғри келади, яъни қиш фасли тугаб, баҳор фасли бошланган пайтга).[1]
Насронийлик Рим империясида расмий дин сифатида қабул қилинганидан кейин, ..... Ҳабашистон (Эфиопия)гача ёйилди. Яҳудийлик эса Яманга химярийлар даврида кирган эди. Химярий давлати йиқилганидан сўнг Яман мамлакати ҳабаш истилосига учради.
Шунда Ҳабашистон подшоси Яманга Абраҳа деган шахсни ҳарбий қўмондон этиб тайинлади. Абраҳа исми Иброҳимнинг ҳабашча кўринишидир. Асл исми Саббоҳ, миллати ҳабаш бўлган. Бурни ва лаблари тиртиқ бўлгани учун унга Ашрам лақаби берилган. У ўта мутаассиб насроний бўлиб, Яманда ҳукмронлик қилиб турган вақтида Санъо шаҳрида мисли кўрилмаган ҳашаматли каниса (черков) қурдиради ва Арабистон ярим оролига насронийликни ёйиш мақсадида Каъба зиёратига бораётган арабларни Санъога буришга ҳаракат қилади. Аммо одамлар, барибир, Маккага қараб кетавергач, Каъбани бузишга қарор қилади.
Бу вақтда ҳазрати Омина Пайғамбаримизга ҳомиладор эди. Ҳомиласи оддий эмасди, хайр-барака ҳомиласи эди. Аллоҳ таоло ўша ҳомиланинг баракасидан ҳам Каъбани бузиб ташлаш ниятида Маккага бостириб келган Абраҳа бошлиқ фил эгаларини ҳалок этган. Бу воқеага ҳамма гувоҳ бўлган.
Абраҳа пухта режа асосида ўзидан олдингилар қилолмаган ишга қўл урган эди. Унинг асосий мақсади урушиш эмас, балки Маккани босиб олиб, Яман билан Шом ўртасини боғлаб, насроний оламини кенгайтириш эди! Ўша вақтда Макка раҳбарларидан бири Абдулмутталибга жўнатган элчиси орқали: «Мен сизлар билан урушишга эмас, балки Каъбани йиқитишга келдим», дея асл мақсадини билдирган.[2]