Макканинг мусулмонлар тарафидан олиниши билан йигирма йилдан бери давом этиб келган «Ислом - мушрик» даъволашуви ниҳоясига етди.
Ислом динининг асоси тавҳид эътиқоди (Якка Тангри ишончи), тавҳид эътиқодининг энг катта обидаси эса Каъба эди. Каъба ҳазрат Иброҳим Пайғамбар томонларидан Якка Тангри эътиқодининг илк обидаси сифатида қурилганига қарамай, кейинчалик бу обиданинг ичи ва ташқариси инсон қўли билан ясалган 360 дона бут билан тўлдирилган эди.
Каъбани бутлардан тозалаш, шу йўл билан бутпарастликка барҳам бериш ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун илк илоҳий вазифа эди. Инсонларни тавҳид эътиқодига, Буюк Ислом инқилобининг руҳига боғлаш керак эди. Ислом туғилишидан (610 й.) Макка фатҳига қадар (630 й.) орадан йигирма йил ўтган бўлса-да, бу муҳим вазифа рисоладагидек амалга оширилмаган, қурайшийларнинг давомли тарзда қилиб турган Мадинага ҳужумлари бунга йўл қўймаган эди. Чунончи, Ҳудайбия сулҳи билан икки томон ўртасида тинчлик ўрнатилиб, ҳатто мусулмонлар Каъбани зиёрат қила олишди, аммо тавҳид обидаси ўлароқ қурилган Каъба бутпарастликнинг ўчоғи бўлишдан ҳануз қутула олмаган эди.
Бундан ташқари ўзларини Макканинг ҳокими ва Каъбанинг қўриқловчиси деб билган қурайшийлар Ҳудайбия сулҳининг ҳукмларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишди, ҳатто сулҳ шартларига қарши ҳаракатдан ҳам тойишмади.
Макканинг мусулмонлар томонидан қуршаб олинишига ўн йил муддатга имзоланган Ҳудайбия сулҳининг қурайшийлар томонидан қасддан бузилгани сабаб бўлди.
Ҳудайбия сулҳи Қурайшдан бошқа қабилаларга икки томондан бирининг ҳимоясига кира олишлик ҳуқуқини берган эди. Шунга биноан, Ҳузоъа қабиласи мусулмонларнинг, Бани Бакир қабиласи эса қурайшийларнинг ҳимоясига кирган эдилар. Ҳолбуки, ҳузоъаликлар билан Бани Бакир қабиласи аввалдан бир-бирлари билан келишмас, ўрталарида душманлик бор эди. Шу сабабдан ораларида қонли тўқнашувлар ҳам бўлиб турарди.
Ҳузоъаликлар билан ҳошимийлар ўртасида эса мусулмонликдан олдин ҳам бир иттифоқ бор эди. Ислом туғилганидан кейин ҳам ҳузоаъликлар бу дўстликни унутишмаган, ҳар доим Расули акрам тарафдорлари бўлиб келишган эди.
Ҳижратнинг саккизинчи йили, шаъбон ойи эди.
Қурайшнинг ҳимоясига ишонган Бани Бакир қабиласи бошлиқлари Навфалнинг кўрсатмаси билан Расули акрамнинг ҳимояларидаги ҳузоъаликлар устига тўсатдан ҳужум қилдилар. Қурайшийлар Бани Бакир қабиласига қуролли ёрдам кўрсатдилар. Қурайшнинг Икрима, Сафвон ва Суҳайл каби пешволари қиёфаларини ўзгартириб, Бани Бакир қабиласига қўшилиб, бир кеча ҳузоъаликларга қарши жангда иштирок этдилар. Ҳатто бу босқин чоғи ҳузоъаликлардан йигирма уч киши ўлдирилди ҳам.
Кутилмаган бу тажовуздан кейин ҳузоъаликлардан қирқ кишилик бир ҳайъат тез Мадинага йўл олди. Қурайш устидан шикоят қилиб Расули акрамнинг паноҳларига келишди, душмандан ҳимоя қилишларини сўрашди.
Қурайшнинг Бани Бакир билан бирлашиб ҳузоъаликларга қарши жангга чиққани Ҳудайбия сулҳ шартномасини очиқ-ойдин бузиш эди.
Бу пайтлар Пайғамбаримиз Мадина масжидида ўтирган эдилар. Босқинчилик ҳодисасини эшитиб қаттиқ хафа бўлдилар. Ҳузоъаликларга ёрдам беришга ваъда қилибгина қолмадилар, айни пайтда маккаликларга бир элчи орқали қуйидаги уч таклифни ҳам билдирдилар:
1. Ё ўлдирилган ҳузоъаликларнинг оилаларига дият (хун ҳақи) берилади.
2. Ёки Бани Бакир қабиласини ҳимоя қилишдан воз кечилади.
3. Бу икки таклифдан бири қабул қилинмаган тақдирда Ҳудайбия тинчлик сулҳи бузилган ҳисобланади.
Маккалик қурайшийлар биринчи ва иккинчи таклифга бўйин эгишмади. Учинчи таклифни қабул қилишганини бир мумассил орқали билдиришди120. Шу тариқа Ҳудайбия сулҳи расмий равишда кучини йўқотган ҳисобланди.
Бироқ орадан бир мунча муддат ўтгач, Қурайш пешволари хатоларини англадилар. Қилмишларига пушаймон бўлдилар. Сулҳнинг қайтадан тузилишини − янгиланишини истаб бошлиқлари Абу Суфённи Мадинага юбордилар.
Мадинада Абу Суфён ҳеч ишини битиролмади. Ўз қизи − Расули акрамнинг завжалари Умму Ҳабибадан бошлаб навбат билан ҳазрат Пайғамбарга ва саҳобалар Абу Бакр, Усмон, Али, Саъд ибн Убода, Умарга мурожаат қилди. Расули акрамни сулҳни янгилашга кўндириш учун жон-жаҳди билан уриниб кўрди. Ҳатто мақсадига эришиш илинжида Пайғамбаримизнинг қизлари ҳазрат Фотима ва беш ёшли ўғиллари Ҳасандан ҳам ёрдам сўради. Аммо бутун бу хатти-ҳаракатлари фойдасиз кетди. Ниҳоят, ҳазрат Алининг тавсиялари билан Пайғамбар Масжидига келди. Халққа қарата:
— Эй инсонлар! Мен икки томонни ҳам ҳимоямга оламан, Ҳудайбия сулҳини янгилайман. Менинг бу аҳдимни ҳеч ким бузмайди, деб ўйлайман! − деди.
Бироқ ҳеч кимдан тасдиқ жавоби ололмай, туясига миниб маъюс ҳолда Маккага томон йўлга тушди. Маккага келиб, бўлиб ўтган воқеаларни тушунтираркан:
— Муҳаммаддан сулҳ тузишни сўрадим, жавоб ололмадим. Абу Бакрга бош уриб бордим, умидим пуч бўлди. Умар энг катта душман экан. Бошқа асҳобдан ҳам бирор ёрдам кўрмадим. Ҳукмдорларига бу даражада боғлиқ бўлган қавмга шу дамгача дуч келмаганман. Сулҳ масаласини ҳал қила олмадим. Энг охири Алининг сўзига кирдим. Ўзимдан бир сулҳ эълон қилиб қайтиб келавердим! − деди. Абу Суфённинг ахборотини эшитганлар:
— Вей! Сен ҳеч иш қилмабсан-ку! Ўзингча эълон қилган сулҳингнинг қандай қиймати, ҳукми бўлиши мумкин?! Али сенинг устингдан кулгандай бўлибди! Хотиржам бўлайлик, десак, сен бизга сулҳ хабарини олиб келмадинг, урушга тайёргарлик кўрайлик, десак, сен уруш хабарини ҳам олиб келмадинг. Ҳозир жойимизда хотиржам ўтиришни ҳам, жанг тадоригини кўришни ҳам билмаймиз! − дейишди.
Абу Суфён Маккага қайтиб кетгач, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир бомдод намозидан кейин Абу Бакрни ёнларига чақирдилар. У кишининг фикр-раъйларини сўрадилар. У кишини ўнг томонларига ўтирғиздилар. Сўнгра Умарни чақириб маслаҳат қилдилар. У кишини эса чап ёнларига олдилар. Уруш қилишга қарор берилди. Тезда тайёргарлик бошланди. Расули акрам барча иттифоқдош қабилаларга хабар жўнатдилар. Жами аскарларнинг тўпланишини сўрадилар. Чунки Маккага, Қурайшга қарши катта бир юриш бошланаётган эди. Бироқ бу тайёргарликлар яширин тутилди. Макканинг ҳамма йўллари тўсиб қўйилди − бу вазифа Ҳузоъа қабиласига топширилди. Назорат шундай қаттиқ бўлдики, у томондан бу томонга бир тирик жонзот ўтолмас эди.
Аммо асҳобдан Хотиб (Абу Балтаъа ўғли) Маккага бир хат ёзиб, бу яширин тайёргарликдан Қурайшни огоҳ этмоқчи бўлди, лекин ниятига етолмади. Расули акрам унинг хуфёна душманлигидан илоҳий ваҳий орқали хабар топдилар121.
Сўнгра Али, Зубайр ва Миқдоддан (уч кишидан) иборат бир ҳайъат тузиб, мактубнинг йўлини кесиш учун юбордилар. Бу ҳайъат йўлда Маккага кетаётган Сора исмли бир аёлни ушлаб олди. Сочининг орасига яширилган мактуб топиб олинди ва ҳазрат Пайғамбарга олиб келинди. Хотиб бу мактубида қурайшийларга шундай хитоб этган эди: «Эй Қурайш жамоати! Расулуллоҳ сизнинг устингизга катта бир куч билан бормоқда. Тун қоронғуси каби даҳшатли бўлган бу қўшин сел мисол оқади. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Аллоҳнинг Пайғамбари якка ўзи бўлса ҳам, Аллоҳ уни сизнинг устингиздан ғолиб қилади, берган ваъдасини бажаради. Ҳозирдан жонингизни қутқаришга чора ахтаринг, вассалом!»
Бу хат Қурайшнинг қўлига тушиб қолгудек бўлса, душман мусулмонларга қарши тайёр вазиятга келарди. Ҳолбуки, Ҳақ таоло бу муаззам фатҳнинг қон тўкилмай амалга оширилишини тақдир этган эди.
Хотибнинг бу қилмишини кўриб мусулмонлар ҳайратдан ёқа ушлашди. Расули акрам дарҳол уни бир ҳайъат олдида сўроққа тутдилар:
— Эй Хотиб, нега бундай қилдинг?
Хотиб шундай деб жавоб берди:
— Ё Расулуллоҳ! Менга шафқат қилинг. Мен Қурайшга аҳд ила боғланган бир инсонман. Бироқ ҳеч қачон Қурайшнинг маҳрами бўлмадим. Ёнингиздаги муҳожирларнинг Маккада оилаларини, болаларини ҳимоя қиладиган қариндошлари бор. Менинг эса у ерда ҳеч кимим йўқ. Шу йўл билан маккаликларнинг миннатдорлигини қозониб, ақраболаримни ҳимоя қилишни ўйладим. Валлоҳи, менинг Аллоҳга ва Расулига иймоним бор. Динимни ўзгартирганим йўқ.
Шундан сўнг Расули акрам у ерда тўпланиб турганларга:
— Хотиб ўзини тўғри ҳимоя қилди! − дедилар.
Лекин Умар чидаб туролмадилар.
— Ё Расулуллоҳ! Рухсат беринг, бу мунофиқнинг бўйнини узиб ташлай! − деган эдилар, Буюк Пайғамбар:
— Эй Умар! Хотиб Бадр ғазотида иштирок этган. Жаноби Ҳақ Бадр асҳобига: «Нима қилган бўлсаларингиз ҳам, сизларни авф этдим», дея марҳамат қилмаганмиди?! (Яъни сен қаердан биласан, балки Аллоҳ Хотибни авф этгандир. тарж.) − дея Умарни тинчлантирдилар.
Ҳақиқатан, Хотибнинг оиласи Маккада эди. Яқинлари ҳам йўқ эди. Хотиб оиласини ҳимоя этиш учун маккаликларни мамнун қилмоқчи бўлган, шу сабабдан катта хатога йўл қўйган эди. Бироқ юксак руҳли Пайғамбар алайҳиссалом Хотибни авф айладилар122.
Ислом нури сочила бошлаган илк дамлардан бери, Макка даврида бўлсин, Мадина даврида бўлсин, Қурайшнинг мусулмонларга қарши қилмаган ёмонликлари қолмаган эди. Ҳатто Ислом динини ўртадан йўқотиш, Расули акрамни Қурайшга топширишга мадиналикларни мажбур қилиш учун Мадинага уч дафъа босқинчилик ҳаракати уюштиришди. Мана, ниҳоят, ёвузни жазолаш, илдизларини қўпориб ташлаш вақти келган эди.
Шу мақсад билан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саккизинчи ҳижрий йили рамазоннинг ўнинчи куни ўн минг кишилик муаззам бир қўшин билан Мадинадан чиқдилар (м. 630 й. 1 январь).
Аллоҳнинг ёрдамига ишонган ҳолда шонли қўшинларини Макка йўлига бошладилар. Ўша куни ўзлари ҳам рўзадор эдилар. Ҳолбуки, ғазотга (жиҳодга) борилаётган эди. Шунинг учун йўлда Пайғамбаримиз ифтор қилдилар, лашкарга ҳам рўзаларини очдирдилар123.
Макка томон йўл олинаркан, дўст қабилалардан баъзиларининг қўшилиши ҳисобига қўшиннинг сони ўн (икки) мингга етди124.
Икки йил олдин Ҳудайбия санасида Макка яқинига борган Ислом лашкарлари бир минг тўққиз юз адад бўлган бўлса, икки йил кейин бу миқдорнинг ўн (ёки ўн икки) мингтага юксалиши Ҳудайбия сулҳининг мусулмонлар учун қанчалар буюк фойдалар олиб келганини кўрсатар эди125.
Макка йўли устида Расули акрам амакилари Аббосни учратдилар. Ҳазрат Аббос розияллоҳу анҳу анча олдин мусулмон бўлган эдилар. Лекин динларини қурайшийлардан яшириб, ҳозиргача Маккада− мушриклар орасида қолган, энди эса пайти келгани учун Мадинага ҳижрат қилиш мақсадида йўлга чиққан эдилар. Йўлда Ислом лашкарига қўшилдилар. Расули акрам Аббосга:
— Муҳожирларнинг охиргиси сиз бўлдингиз! − дея илтифот кўрсатдилар126.
Йўллар батамом ёпилгани сабабли Ислом қўшинларининг бу ҳаракатидан Қурайш бехабар қолди. Бу орада қўшин Маккага яқин (ўн олти чақирим) масофадаги Марруз-Заҳрон деб аталган водийга етиб келди. Қароргоҳини шу ерга қурди.
Расули акрам ўн икки минг кишилик қўшинга алоҳида-алоҳида гулхан ёқишни буюрдилар. Ҳар бир гуруҳ оловни ўз чодири олдида ёқди ва бу билан Ислом қувватини, борлиқларини катта оловли ҳалқалар билан маккалик қурайшийларга кўрсатдилар.
Ислом қўшинининг яқинлашиб қолганини билган маккаликлар оёғи куйган товуққа ўхшаб типирчилаб қолди. Дарҳол Абу Суфённинг қошида тўпландилар. Вазиятни тўла ўрганиш мақсадида Абу Суфён ёнига Ҳаким билан Будайлни олиб Маккадан чиқди ва Мадина сари йўлга тушди. Арафа кечасида ҳожилар Арофотда ёқадиган гулханларга ўхшаш улкан гулханзорни кўрди. Бироқ йўлда Ислом миршаблари томонидан қўлга олиниб, Расули акрамнинг ҳузурларига келтирилди.
Ҳазрат Умар Абу Суфённи ўлдирадиган пайт ниҳоят келганини айтар, ҳазрат Аббос эса унинг авф этилишини хоҳлар эдилар. Абу Суфённинг қилган бутун ёмонликлари мусулмонларнинг кўз ўнгига келди. Чунки Абу Суфён мусулмонларнинг энг қўрқинчли душмани эди. Мадинага қарши бир неча босқинчиликларга сабабчи бўлган, бутун арабларни оёққа турғизиб, Расули акрамнинг ҳаётларини ҳам тахликага солган эди. Бу ёмонликлари учун у ўлдирилиши керак эди. Бироқ Зоти олий − буюк инсон Расули акрам Абу Суфённи ҳам кечирдилар127.
Чунки Аллоҳнинг элчиси эдилар. Абу Суфённи Пайғамбаримиздан бошқа ҳеч кимса кечира олмас эди.
Ислом қўшини ҳануз Марруз-Заҳрон водийсида бўлиб, ҳаракатга ўтганича йўқ эди. Расули акрам амакилари Аббосга хитобан:
— Абу Суфённи қўшин ўтадиган ерга олиб боринг, мусулмон қўшинининг ҳашаматини − ҳайбатини кўриб қўйсин! − дедилар.
Ҳазрат Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг айтганларини қилдилар. Абу Суфённи Ислом қўшинини бутун салоҳияти билан кўриш мумкин бўлган бир тепаликка олиб чиқдилар.
Иттифоқо, қўшин ҳаракатга тушган эди. Бутун қабилалар алоҳида гуруҳ-гуруҳ ҳолида Абу Суфённинг олдидан ўтарди. Булар такбир айтиб ўтар, «Аллоҳу акбар!» садолари кўкларга юксалар эди. Ҳар бир гуруҳ шундай дабдаба билан ўтиб бораркан, юрагини ҳовучлаган Абу Суфён буларнинг қайси қабилага мансублигини сўрар, Аббос жавоб берарди. Айниқса, жуда жасурона ва катта жўшқинлик билан ўтаётган «Ансор гуруҳи»ни кўриб, Абу Суфён ҳайратга тушди. Бошида Убода ўғли Саъд эди. Энг охирида Расули акрам ҳазратларининг гуруҳлари эди. Ҳар тарафга нур сочаётган ва бошдан-оёқ нур ичидаги бу гуруҳда Пайғамбаримиз Қусво лақабли туялари устида, такбир айтиб ҳайқираётган саҳобаи киромларнинг қуршовида борардилар. Расули акрамнинг байроқлари ҳазрат Зубайрнинг қўлларида эди.
Уҳуд ва Ҳандақ урушларининг бош қўмондони Абу Суфённинг олдидан ансор қўшинлари қўмондони Саъд ўтаркан:
— Эй Абу Суфён! Бугун энг катта жанг кунидир. Бугун Каъба забт этиладиган, Каъбада қон тўкиш ҳалол қилинган бир кундир!− дея Абу Суфёнга таҳдид этди.
Ҳазрат Пайғамбарнинг гуруҳлари ўтиб бораётганида Абу Суфён:
— Ё Расулуллоҳ! Саъднинг нима деганини эшитдингизми? − деб Убода ўғли Саъднинг унга қилган таҳдидини оқизмай-томизмай билдирди. Шунда Хотамул Анбиё жанобимиз:
— Саъд янглиш сўзлабди, Саъд хато қилибди. Йўқ! Бугун лутф ва марҳамат кунидир. Аллоҳнинг Каъба шон-шуҳратини азон садоси ила юксалтирадиган бир кундир. Каъба тавҳид либоси билан бурканадиган бир кундир! − дея марҳамат қилдилар.
Саъднинг асабийлашиб қон тўкиб қўйишидан шубҳаланганлари учун дарҳол Алини юбордилар. Қўлидан қиличини олдирдилар ва Саъднинг ўғли Қайсга берилишини буюрдилар128.
Ислом лашкарининг бу юксак интизом ва қудратини кўрган Абу Суфён:
— Эй Аббос! Ҳақиқатан, биродарингнинг ўғли салтанатини роса кенгайтирибди! − деган эди, ҳазрат Аббос унинг сўзини дарҳол кесиб:
— Жим! Бу салтанат эмас, нубувватдир. Пайғамбарликдир!− дедилар.
Абу Суфён ҳам «Ҳа, ҳа!»деб гапини тўғрилади.
Дарҳақиқат, шундай эди. Расули акрам ҳазратлари давлат бошлиғи эмас, Аллоҳнинг элчиси ҳамда пайғамбарларнинг охиргиси эдилар129.
Бутун Ислом лашкари шу суратда бўғоздан − бу тор сўқмоқдан ўтди. Абу Суфён ҳам ҳазрат Аббоснинг ёнларидан айрилди. Маккага қайтди, Ҳарами Шарифга борди. Ҳамма ҳаяжон ва сабрсизлик билан уни кутиб турган эди.
Абу Суфён Расули акрамдан олган катта салоҳият билан баланд овозда халққа шундай хитоб қилди:
— Эй Қурайш! Муҳаммад шаҳримиз остонасидадир! Устимизга шундай бир қувват билан келмоқдаки, унга қарши туриб бўлмайди. Ким Абу Суфённинг уйига кирса, жони омонда. Каъбада паноҳ топганлар ҳам омонда. Қуролини ташлаб, ўз уйига кириб, эшигини ёпиб олганлар ҳам омон қолади!
У шу сўзлари билан маккаликларга таскин бера бошлади. Расули акрамнинг авф қилишга ваъда берганларини ҳам билдирди130.
Абу Суфёндан бу гапларни эшитган Қурайш жуда қаттиқ талвасага тушиб қолди. Нима қиларини билмади. Бир қисми Абу Суфённинг уйига югурди. Бир қисми Ҳарами Шарифга кирди. Бошқа қисми уйларига кириб бекинди. Тала-тўп ичида қуролини яширибоқ кўчага отилганлар ҳам, силоҳини ташлаб, дуч келган томонга тумтарақай қочганлар ҳам бор эди.
«Сияр» ёзадиган барча тарихчиларнинг Ибн Исҳоқдан келтирган ривоятларига кўра, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Зи Туво деган жойда Ислом қўшинининг Маккага кириш дастурини қўмондонларга ўргатганлар, Маккага қайси томонлардан кирилишини кўрсатганлар.
— Сизларга қарши тажовуз воқеъ бўлмагунча ҳеч кимсага қилич кўтармангиз! Жанг бошлаб юборишдан сақланингиз! − дея танбеҳ берган ҳазрат Пайғамбар Маккага кириш чоғида барча эҳтиёт чораларини унутмаган эдилар. Воқеан, зафар Аллоҳнинг қўлида эди. Лекин тадбирда ҳам қусурга йўл қўймаслик керак эди.
Расули акрам қўшинни тўртга бўлдилар. У Зоти шарифнинг байроқларини тутган Зубайр Макканинг уст тарафидан келиши; Валид ўғли Холид қаноти «Пастки маҳалла» дейилувчи жойдан шаҳарга кириши; бошқа гуруҳлар эса Макканинг шарқ ва ғарб томонларини ишғол этишлари керак эди.
Расули акрам Ислом қўшинига ҳаракат амрини бердилар. Саккиз йил олдин (622 й.) Мадинага кўчаётганларида икки туя, тўрт кишилик бир гуруҳ бўлиб Маккадан чиққан эдилар! Мана, орадан саккиз йил ўтиб (630 й.), нақадар муаззам ва муҳташам бир қўшин билан Маккага кираётган эдилар!
Сарвари олам Зи Туво мавзеидан Маккага киргунга қадар туяларининг устида ана шуларни ўйлар, муборак бошларини туянинг бўйига сажда қилаётгандек қўйиб, мағрур бир фотиҳ каби эмас, ниҳоятда мутавозеъ бир қулдек, Жаноби Ҳақнинг бу буюк лутф ва карамига шукроналар айтиб олға борардилар.
Қўшин қон тўкмай, тинч йўл билан Маккага киришга муваффақ бўлди. Фақатгина Валид ўғли Холид бошқараётган аскарий бирлик мушрикларнинг қаршилигига учради. Қурайшнинг энг золимларидан Сафвон, Суҳайл, Икрима (Абу Жаҳлнинг ўғли) кичик бир тўда тайёрлаб, маҳаллаларини ишғол қилишга монелик қилиш учун Холиднинг суворий тўдасини ўққа тутишди, ҳатто мусулмонлардан икки мужоҳидни шаҳид этишди.
Ҳолбуки, умумий афв эълон қилинган эди. Холид аскарларини тинчлик билан олиб ўтиб бораётган эдилар. Бу тажовузга қарши Холид дарҳол мудофаа қуролини қўлга олдилар. У кишига ҳужум қилганлардан ўн учтасини бир ҳамлада ер тишлатдилар. Қолганларини қочирдилар.
Пайғамбаримиз Макканинг олд томонидан, Холид эса паст тарафидан шаҳарга киришган эди. Холид кирган жой Исломнинг энг ёвуз душманлари яшайдиган маҳалла эди. Ҳатто Бани Бакир билан бирлашиб ҳузоъаликларга ҳужум қилганлар ва бу билан Ҳудайбия сулҳининг бузилишига сабаб бўлганлар ҳам шу маҳалла аҳолисидан эди.
Расули акрам Макканинг қон тўкмай фатҳ этилаётганидан шод эдилар, аммо шаҳарнинг пастки қисмида, Холид гуруҳи томонида қиличларнинг ҳавода ялтираганини кўриб анча хафа бўлдилар. Чунки қон тўкмасликка, уруш қилмасликка буюрган эдилар.
— Эй Холид! Мен сени жанг қилишдан ман этмадимми? − дея сўрадилар.
— Ё Расулуллоҳ! Биринчи бўлиб мушриклар ҳужум қилди!− дедилар Холид ибн Валид. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Бу ҳодиса илоҳий бир қазо экан! − дея сукутга чўмдилар.
Фатҳдан бир кун олдин ҳазрат Пайғамбар алайҳиссалом:
— Аллоҳ Макка фатҳини насиб этса, Бани Кинона юртига борамиз. Бани Кинона бир пайтлар бу ерда Қурайш мушриклари билан куфр сояси остида бирлашган эди! − дея марҳамат қилгандилар131.
Бир кундан кейин Пайғамбаримизнинг байроқлари Бани Кинона юртида тикилди, чодирлари ҳам шу ерга қурилди. Расули акрам чодирларида бироз дам олдилар. Ғусл қилдилар. Янги кийим кийиб, саккиз ракат Зуҳо намози ўқидилар132. Такрор туяларига миниб, қўшин ёнига келдилар.
Ҳижратнинг саккизинчи йили рамазон ойининг йигирманчи (жума) куни эди.
Инсоният тарихида буюк инқилоб рўй бераётган эди. Инсонликнинг шарафини ҳечга туширган бутпарастлик маркази Маккага бу шарафни қайтадан юксалтирган, «Якка Тангри» эътиқодининг мумассили бўлмиш Ислом лашкари ёрқин ва адолатли бир зафар ила кириб келган эди.
Аллоҳнинг энг суюкли қули ва элчиси ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларида мағфар (дубулға), остиларида Қусво лақабли туялари, Фатҳ сурасини ўқиган ҳолда асҳоблари даврасида Каъба масжидига келдилар. Рўпараларида Буюк Каъба бутун азамати билан намоён бўлди. Гулдурос такбир садоларидан яқин-атрофдаги тоғлар титраб кетгандек бўлди.
Расули акрам эҳромсиз ҳолда Ҳарами Шарифга кирдилар133, Каъбани туянинг устида етти марта тавоф этдилар. Қўлларидаги учи эгри таёқ билан Ҳажарул Асвадни истилом (ўпиш ёки қўлни суркаш ила тавоф... - тарж.) қилдилар.
Каъба атрофида мушриклар сиғиниб келган уч юз олтмишта бут ҳали турарди. Ҳолбуки, Каъба тавҳид эътиқодининг (Якка Тангри ишончининг) илк обидаси сифатида қурилган эди.
Бутларнинг энг каттаси инсон шаклида ясалган, «қуёш тангриси» ҳисобланган Ҳубал эди. Қизил ёқутдан қилиниб, Каъба устига қўйилган бу каттакон бутнинг олдида етти дона ўқ турарди. Ўқларга «Ҳа» ва «Йўқ» ёзувлари ёзилган бўлиб, бутга сиғинувчи араблар бирор иш бошлашдан олдин бу ўқлар ёрдамида фол очар эдилар.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги таёқ билан туртиб бутларни шахсан ўзлари йиқита бошладилар. Ҳар бир бут ағдарилиб тушаётганда ушбу оятни ўқирдилар:134 «Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (яъни куфр) ўчиб йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир»135.
Каъбанинг ичкариси ҳам Қурайшнинг бутларига, деворлари эса бут расмларга тўла эди. Расули акрам Каъбанинг эшикбони Талха ўғли Усмондан Каъбанинг калитини сўрадилар. Каъба эшиги очилиб, кўзлари деворлардаги суратларга, Иброҳим ва Исмоил пайғамбарларнинг ҳайкалларига тушди. Имом Бухорийнинг ривоятига кўра, булар бир бут эди. Ҳазрат Пайғамбар уларнинг чиқарилишини буюрдилар.
Ҳазрат Умар дарҳол бу бутларни ташқарига олиб чиқдилар136. Каъба суратлардан ва бутлардан тозалангандан сўнг калити Талха ўғли Усмонга қайтариб берилди.
Расули акрам ёнларида Зайд ўғли Усома, Билол, Талха ўғли Усмонлар билан Каъбага кирдилар. Икки ракат намоз ўқишиб, Байти Шарифни айланиб чиқдилар.
Ҳамма томондан мусулмонларнинг такбир овозлари келар, Аллоҳга ҳамд айтилар эди.
Шу аснода бутун Қурайш Масжиди Ҳарамга йиғилди, ўзлари ҳақида бериладиган ҳукмни сабрсизлик билан кута бошлади. Аллоҳнинг охирги элчиси Каъбанинг эшиги остонасида туриб ушбу машҳур нутқларини айтдилар, бу нутқ ила Расули акрам нафақат маккаликларга, балки бутун инсониятга хитоб қилар эдилар:
—Аллоҳдан бошқа Тангри йўқ. Ёлғиз Аллоҳ бор. Унинг ҳеч қандай шериги ва ёрдамчиси йўқ. Аллоҳ ваъдасининг устидан чиқди. Қулига ёрдам берди. Бутун душманларимизни тарқатиб юборди. Шуни яхши билингларки, барча эски удумлар, барча мол ва қон даъволари бугун шу икки оёғимнинг остидадир (яъни бекор бўлди). Фақат Каъба ҳамда ҳожиларга сув улашиш иши (аввалгидай... - тарж.) қолдирилди. Эй Қурайш жамоати! Аллоҳ сизлардан жоҳилият давридан қолган ғурурни, оталар билан, насл-насаб билан кибрланишни кеткизди. Барча инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдан яратилгандир!137
Ва шу ерда Қуръондан ушбу оятларни ўқидилар: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир...»138.
Расули акрам нутқларида ҳалол ва ҳаромга доир баъзи ҳукмларни ҳам билдирганларидан сўнг:
— Эй Қурайш жамоати! Сизларга ҳозир қандай муомалада бўлишимни ўйлаяпсиз? − дея сўрадилар.
Мушриклар бараварига:
— Яхшилик умид қиламиз. Сен саховатли ва олижаноб қардошимизнинг ўғлисан!− дея жавоб қилишди.
— Бугун сизлар ўтган ишларингизга жавобгар эмассизлар! Қани, энди тарқалинглар! − дея марҳамат қилдилар Расули акрам.
Қурайшийлар ва маккаликлар бу сўзлар билан афвга муяссар бўлдилар.
«Ҳарб пайғамбари» деб ҳисобланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳарбларда ҳам «Раҳмат Пайғамбари» эканликларини кўрсатдилар139. Маккалик муҳожирлар билан қурайшийлар қучоқлашдилар.
Бу «Фатҳ нутқи» билан Расули акрам:
1. Тавҳид (Якка Тангри) эътиқодидан баҳс этдилар. Чунки тавҳид эътиқоди мусулмончиликнинг асосидир.
2. Арабларнинг жоҳилият даври (эски) одатларини, қон ва мол даъволарини бекор қилдилар.
3. Ўзларини ҳаққа, адолатга, мусовотга (тенгликка) чақирган Аллоҳнинг бу охирги элчисига нисбатан узоқ йиллар мобайнида ҳар турли ёмонликларни қилиб келган маккалик мушрикларни Фахри коинот бир йиғилишдаёқ афв этдилар. Бу афвдан фойдалана олиш учун «мусулмон бўлиш» мажбурияти ҳам йўқ эди. Ҳатто Расули акрам мушриклардан муҳожирларнинг молларини ҳам талаб қилмадилар. Ҳолбуки, муҳожирлар Мадинага кўчгандан сўнг моллари маккалик мушриклар томонидан талон-тарож қилинган эди.
4. Ўқиганлари Қуръон (Ҳужурот сураси, 13) ояти билан ижтимоий тенгликни билдирдилар. Инсонлар орасида ҳар ким фақат ва фақат ўз ҳаракати билан юксала олишини тушунтирдилар.
Бу хутбаларидан кейин Расули акрам Масжиди Ҳарамга кирдилар. Зам-зам суви тарқатиш ишини яна аввалгидай Аббосда, Каъба хизматини Талха ўғли Усмонда қолдирдилар140.
Пешин пайти ҳабашлик муаззин ҳазрат Билол Пайғамбаримизнинг амрлари билан Каъбанинг устига чиқдилар. Азони Муҳаммадияни ўқидилар. Бу қандайин муаззам бир инқилоб эдики, айни куннинг сабоҳи Каъбада бир қанча бутларга сиғинилган бўлса, пешин вақти Билолнинг баланд ва тотли овози («Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси орқали) Аллоҳнинг ягоналигини бутун мушрикларга эълон этар, Исломий ўзгаришнинг довруғини бутун Макка уфқларига ёяр эди.
Намоздан кейин Расули акрам Сафо тепалигига чиқдилар. Энг баланд жойга ўтирдилар. Бу ерда қурайшийлардан байъат қабул қилдилар. Бир пайтлар (Мадина даврида Ақаба тепалигида) мадиналиклардан худди шундай байъат олган эдилар. Энди навбат маккаликларга келди.
Маккалик эркаклардан олинган байъат «мусулмонлик ва жиҳод»хусусида эди. Олдин эркаклардан, сўнгра аёллардан байъат қабул қилинди141. Ҳазрат Оишадан келган бир ривоятга кўра, бирорта аёлнинг байъати мусофаҳа (қўл сиқиш) шаклида бўлмади. Булардан баъзиларининг байъати оғзаки, баъзилариники Расули акрам қўлларини ботирган сув идишга қўлларини ботириш билан амалга оширилди142.
Абу Суфённинг хотини ва Муовиянинг волидаси Ҳинд кимлигини билдирмаслик мақсадида юзини ёпиб, байъат учун хотинлар орасига қўшилди ва Расули акрамнинг қаршиларига келганда шундай сўзларни гапирди:
— «Аллоҳга ширк келтирмаймиз!» дея бизнинг қасам ичишимизни истаяпсиз! Биз буни қабул қиламиз. «Ўғрилик қилмайсиз», деб айтяпсиз. Мен ҳар замонда эримнинг ҳамёнидан бир неча дирҳам олиб тураман. Бунга ҳам рухсат йўқми? «Болаларни ўлдирманглар», дедингиз. Биз болаларимизни ёшлигидан ўстириб вояга етказдик. Катта бўлишгач, уларни сизлар ўлдирдингиз!143
Аммо мушриклар ичида шундай қотиллар бор эдики, улар умумий афвдан мустасно тутилиб, қонлари «ҳадар» (мубоҳ − ҳалол) қилинди144.
Булар Ислом тарихида «муҳдаруддимо» деб номланди145.
Қонлари мубоҳ бўлганлардан бир қисми − фатҳ чоғида Маккадан қочганлар ушланган жойларида ўлдирилди. Кўплари яна кечирилди. Ўлдирилганлар бор-йўғи тўрт киши бўлгани ривоят қилингандир146. Бироқ Имом Бухорийга кўра, Макка фатҳидан кейин биттагина одам қатл қилинган, у ҳам бўлса, Ибн Ҳата эди. Ибн Ҳата мусулмон бўлганидан сўнг озод қилган бир қулини ўлдириб, мусулмонликдан чиққан (муртад бўлган), кейин жорияси билан унинг ўртоғини Расули акрамга қарши ҳажвия айтишга ташвиқ қилган эди.
Қонлари ҳадар қилингандан кейин афв бўлганлар орасида Абу Жаҳлнинг ўғли Икрима, Саъд ўғли Абдуллоҳ, Сафвон, Ҳамзанинг қотили Ваҳший, Ҳамзанинг жигарини тишлаган Ҳинд, Расули акрамнинг қизлари Зайнабни яралаган ва охирида ўлимига сабабчи бўлган Ҳаббор, машҳур шоир Зуҳайр ўғли Каъблар бор эди. Инсофсиз душманларга нисбатан Расули акрам кўрсатган бундай юксак шафқат намунаси инсоният тарихида бошқа такрорланмаган!
Ҳабаший Билолнинг азон товушини эшитганлардан Усаййид ўғли Аттоб шундай деб бақирган:
— Кўп шукрки, отам ўлиб муқаддас Каъба томида шу қора одамнинг овозини эшитмади. Тирик бўлсайди, бунга чидай олмасди!147
Лекин сал фурсатдан кейин умумий афв эълон этилганини эшитиб Аттоб ҳаяжон билан олдинга отилиб чиқди ва:
— Мен Усаййиднинг ўғлиман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва сиз Аллоҳнинг элчиси эканлигингизга ишондим. Буни тасдиқлайман!− деб ҳазрат Пайғамбар ҳузурларида мусулмонлигини билдирди. Шунда Расули акрам:
— Жуда яхши! Мен ҳам сени Маккага волий этиб тайинладим! − дея янги мусулмон, ёш қурайшийликка Маккани бошқариш вазифасини топширдилар148.
Макка фатҳининг иккинчи куни эди. Ҳузоъаликлар бир мушрикни ўлдириб қўйишди. Бу ҳодисадан хафа бўлган Расули акрам шундай марҳамат қилдилар:
— Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратаётганида Макка муҳитини ҳам ҳурматга лойиқ қилиб яратди. Маккада қон тўкишни ҳаром қилган Аллоҳдир. Буни инсонлар ҳаром қилганлари йўқ. Аллоҳ то қиёматгача ҳам Маккани муҳтарам қилди. Аллоҳга ва охират кунига ишонган кишига Макка ичида қон тўкиш ҳалол эмас. Бу ерда ҳатто дарахт ҳам кесилмайди. Ҳозир биров сизга: «Расулуллоҳ бу ерда жанг қилди!» деса, «Аллоҳ таоло фақат Пайғамбаргагина рухсат берган, сизларга бермаган», деб айтдингиз. Менга ҳам Роббим фақат бир куннинг бир соати учун изн берди. Кейин яна бугунги ҳурмат кечаги ҳурмат даражасига айланди. Ушбу сўзимни бу ерда бўлганлар бўлмаганларга етказсин! − деб марҳамат қилдилар149. - Ўлдирилган одамнинг диятини (хун ҳақини) бераман. Бундан кейин ҳар қон тўккан одамга валийсининг истагига кўра муносабатда бўлинади. Ё ўлдирилганнинг дияти берилади, ё қотилнинг қони билан ювилади150.
Расули акрам умумий афв эълон қилиш билан маккаликларнинг қалбларини ишғол этдилар, халқни тамоман ўзларига боғлаб олдилар.
Макка фатҳи мусулмонлик ҳеч қачон қиличнинг кучи билан ёйилмаганини кўрсатувчи энг ишонарли ва кучли далил бўлди. Ҳолбуки, агар мажбуран Ислом динини ҳар кимга қабул қилдириш мумкин бўлганида бунинг учун Макка фатҳи муносиб бир фурсат эди. Бироқ бундай йўл тутилмади: фатҳ асносида ҳеч бир одам йўқ эдики, унга мусулмонлик мажбуран қабул қилдирилган бўлсин151.
Расули акрам Маккада ўн беш кун турдилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна Мадинага қайтармиканлар ёки туғилиб ўсганлари Маккада ўрнашиб қолармиканлар?» дея мадиналик ансорлар Пайғамбаримиз ҳақларида андиша ичида эдилар.
Аллоҳнинг элчиси Расули акрам бу ҳолни эшитиб:
— Эй ансор! Мен Аллоҳнинг қули ва Расулиман. Бундай нарсадан Аллоҳдан паноҳ сўрайман. Мамлакатингизга ҳижрат қилдим. Ҳаётим ҳаётингиздир, ўлимим ҳам сизнинг ёнингиздадир! − дея марҳамат қилдилар152. Ансорнинг андишали фикрларини кетказдилар.
Макка фатҳи туфайли йигирма йилдан бери давом этиб келган «Ислом − мушрик» муносабатлари якун топди. Исломнинг мушриклар устидан ғалабаси ҳақнинг ботилдан устун келиши билан тугади.
Изоҳлар
120. «Мавоҳиби Ладуния»ни шарҳ этган Зурқоний.
121. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 321-бет.
122. Абул Балтаъа Амр ўғли Хотиб. Куняси Абдуллоҳ (ёки Абу Муҳаммад). Яманлик қаҳтонийлардан бўлиб, ёшлигида Маккага келган, маккалик бўлган. Исломдан аввал шоирлиги билан ном қозонган Хотиб айни пайтда таниқли суворий ҳам эди. Ҳижратдан олдин мусулмонликни қабул қилган маккаликлар билан бирга Мадинага кўчиб, муҳожирлардан бўлган. Хотиб Бадр асҳобидан эди. Бадрдан ташқари Уҳуд, Ҳандақ каби катта ғазотларда Расули акрам билан бирга қатнашди, Ислом даъвоси йўлида катта хизматлар қилди. Ҳижратнинг еттинчи йилида Расули акрам ўз замонасининг буюк давлатларига ва қўшни ҳукмдорларнинг номига мактублар ёздирдилар. Мактубларни элчилар орқали юбориб, ҳукмдорларни Исломга даъват қилдилар. Бу элчилардан бири Хотиб эди. Расули акрам Хотибни Мисрга жўнатганлар. Бу пайт Мисрни Муқовқис бошқараётган эди. Муқовқис Хотибни яхши кутиб олган, у орқали Расули акрамга қимматли совғалар ҳам жўнатган эди. Ҳазрат Пайғамбарнинг вафотларидан кейин биринчи халифа ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу замонларида Хотиб яна Мисрга юборилди. Муқовқис билан бир сулҳ тузди. Бу сулҳ иккинчи халифа ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу замонларида Мисрнинг Ос ўғли Амр томонидан фатҳ этилишигача давом этди (ҳ. 20/м. 640).
Хотиб асҳобнинг бойларидан бўлган. Тижорат билан шуғулланган. Ўлган пайти катта мол-дунё қолдирган. Учинчи халифа ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу даврларида Мадинада вафот этган (ҳ. 30/м. 650). Жаноза намозини халифа ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу ўқидилар. Хотиб хушбичим, яхшиликни севадиган, тоза қалбли бир зот эди. Расули акрам ҳам унинг яхши ниятли бўлганини тақдирлаб, Макка фатҳи чоғида йўл қўйган хатосини кечирган эдилар. Розияллоҳу анҳу.
123. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 325-бет.
124. Ибн Исҳоқ. «Қиссаси анбиё», 3-жилд, 282-бет.
125. Бадр ғазотида Ислом лашкари уч юз беш, Уҳудда етти юз, Ҳандақ ғазвасида уч минг эди. Ҳудайбия санасида минг тўрт юз ўлароқ ҳисобланган бу қўшиннинг сони Макка фатҳида ўн икки мингга етди.
126. Илк маккалик муҳожир Абу Салама эди. («Макка даври солномаси»нинг ўнинчи моддасига қаранг.)
Ҳазрат Аббос розияллоҳу анҳу − Расули акрамнинг амакилари, маккалик, Қурайш қабиласидан, ҳошимий уруғидан эдилар. Кунялари Абулфазл, оталари Абдулмутталиб эди. Расули акрамдан икки ёки уч ёш катта бўлганлар. Саккиз ёшларида Расули акрам боболари Абдулмутталибнинг тарбиясига киргач, Аббос ҳам Пайғамбаримизнинг болаликдаги ўртоқларидан бўлдилар. Жоҳилият даврида Аббос Қурайшнинг пешволаридан эдилар. Каъбада сиқоя вазифасини бажарар − Маккага келган ҳожиларга сув тадорик этиб тарқатар эдилар. Расул акрам Исломга даъват қилаётган пайтларида Пайғамбаримиз билан мадиналикларнинг учинчи Ақаба учрашувларида Аббоснинг хизматлари катта бўлди. («Макка даври солномаси» бўлимининг тўққизинчи моддасига қаранг.) Бадр ғазотида Аббос маккалик мушриклар томонида қатнашишга мажбур бўлган эдилар. Асир тушдилар. Қутулиш пулини тўлаб, сўнгра мусулмон бўлдилар. Уҳуд ғазотига қўшилмадилар, бироқ Қурайшнинг Мадинага қарши кўраётган тайёргарликларини яширинча Расули акрамга билдирдилар. Макка фатҳидан олдинроқ ҳижрат қилиш мақсадида йўлга чиққан эдилар, йўлда Ислом қўшинига қўшилиб, муҳожирларнинг охиргиси бўлдилар. Бироқ Маккада қолган муддатлари ичида яширинча олиб борган вазифаларидаги муваффақият катта бўлди. Макканинг қон тўкмасдан Ислом қўшини томонидан фатҳ қилинишини осонлаштирган эдилар. Макка фатҳидан кейин эса Ҳунайн ғазотида Расули акрамнинг ёнларида бўлдилар. Буюк ғайратлар кўрсатдилар. Пайғамбаримиз Вадоъ ҳажида марҳамат қилиб «Вадоъ хутба»ларида Аббос розияллоҳу анҳуни ҳам тилга олиб ўтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида жанозаларини тайёрлаш ишларида энг яқин ақраболари орасида ҳазрат Аббос ҳам бор эдилар. Ислом фатҳлари давом этаркан, иккинчи халифа ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу олинган ғаниматлардан Аббосга ҳам ҳисса ажратар, у кишига юборар эдилар. Ҳазрат Аббос халифа Усмон замонларида Мадинада вафот этдилар (ҳ. 32/м. 562). Жаноза намозларини ҳазрат Усмон ўқиб бердилар.
127. Абу Суфён маккалик, Қурайш қабиласидан, Умайя ўғиллари уруғидан эди. Тўртинчи отада Расули акрамнинг Бани Ҳошим уруғи билан бирлашади. Абу Суфённинг отаси Ҳарб, унинг отаси Умайя, унинг отаси Абдушамс, Абдушамснинг отаси эса Абдуманоф. Абдуманофнинг ўғли Абдушамс наслидан умавийлар, бошқа ўғли− Ҳошим уруғидан эса ҳошимийлар тарқалишган. Мусулмонликдан олдин Абу Суфён бошқа маккаликлар каби карвон тижорати билан шуғулланар эди. Бироқ Ислом туғилганидан сўнг Расули акрамга ашаддий душман бўлиб қолди.
Мушриклар Расули акрамни ҳам, мусулмонларни ҳам Маккадан чиқишга мажбур қилганлари етмай, уларни Мадинада ҳам тинч қўймадилар. Чунончи, улар яҳудий қабилаларини ва мунофиқларни зимдан мусулмонларга қарши ташвиқ этишар, Мадина устига бостириб бориш учун тайёргарлик кўришар эди. Бу босқинчилик ҳаракатига лозим бўладиган маблағни ҳозирлаш учун Абу Суфён бошлиқ бир тижорат карвонини Мадина йўли билан Шом томонга юборган эдилар. Катта Бадр жангининг бошланиш сабаби мутлақо нотўғри ўлароқ, Абу Суфённинг бу «карвон масаласига» боғланди.
Қурайшийларнинг бошлиғи Абу Жаҳл (Абу Ҳакам) Бадр жангида ўлдирилгач, Абу Суфён Макка мушрикларининг бошига ўтиб олди, Уҳуд ва Ҳандақ урушларида қурайшийларнинг бош қаҳрамони бўлди. Макканинг фатҳи воқеасида бармоғини тишлаб қолди ва ҳазрат Аббос қаттиқ туриб олгач, Расули акрамнинг ҳузурларида мусулмонликни қабул қилишга мажбур бўлди. Шу зайлда Абу Суфён асҳобнинг орасига кирди. Бироқ «муаллафаи қулуб»дан эди. Яъни қалби Исломга исинтирилмоқчи бўлганлардан эди. Ўлжалар тақсим қилинаётганда Расули акрам давлатга тегишли молиядан энг катта ҳиссани буларга ажратдилар. Макка фатҳидан кейин Абу Суфён Расули акрамнинг Тоиф муҳосараларига ара