22 жумадул аввал 1446
Мурайсиъ ғазоти

(ҳ. 6 йил)

Маккалик бўлмаган мушрикларга қарши илк ғазот Мурайсиъ ғазоти эди. Бу ғазот Ҳандақ жангидан кейин, Ҳудайбия битимидан олдин бўлиб ўтди. Бу ғазотга «Мурайсиъ ғазоти» номи ҳам, «Бани Мусталиқ жанги» номи ҳам берилган.

Бани Мусталиқ Ҳузоъа қабиласининг бир тармоғи эди. «Мурайсиъ» ҳам Ҳузоъа юртидаги бир қишлоқнинг ёки бир анҳорнинг номи эди.

Бани Мусталиқ қабиласидан бир уруғ Нажд ёнида Мадинадан тўққиз кунлик узоқдаги бир жойда яшарди. Мусулмонлар билан муносабатлари яхши эди. Қабила бошлиғи Абу Зирор ўғли Ҳорис бўлиб, у қурайшийларнинг ташвиқига берилиб кетди. Ҳам ўз аширатидан, ҳам атрофидаги бадавийлардан аскар тўплай бошлади.

Бани Мусталиқ мақтаниб: «Яқинда Мадинага ҳужум қиламиз, Пайғамбарларини ўлдирамиз, қурайшийлар эплай олмаган бу ишни, мана, биз бажарамиз», дея оғиз кўпиртира бошлади.

Уларнинг бу олчоқларча ҳаракатлари ҳақидаги хабар Мадинага ҳам етиб келди. Бу маълумотни Расули акрам текшириб кўрдилар. Унинг тўғри экани маълум бўлгач, дарҳол тайёргарлик кўришга киришилди. Расули акрам Мадинада Ҳориса ўғли Зайдни ўринларига тайинлаб, муҳожирларнинг байроғини Абу Бакрга, ансорнинг байроғини эса Убода ўғли Саъдга бердилар ва минг кишилик қўшин билан йўлга чиқдилар. Қўшинда ўттизтача отлиқ ҳам бор эди. Лекин бу қўшинга шу пайтгача кўрилмаган миқдорда кўп мунофиқ ҳам қўшилиб олди.

Ибн Саъднинг ривоятига кўра, душман мусулмонларнинг бу қарши ҳаракатини эшитиб қўрқиб кетади. Наридан-бери тўпланган бадавийлар пана-панага яширина бошлайдилар; аскар бирданига тарқалиб кетади. Қабила бошлиғи Ҳориснинг ёнида қабиладошларидан бошқа кимса қолмайди. Душман қўшиннинг уясини Мурайсиъ ариғи бўйида мусулмонлар бостирадилар. Уларга Исломга кириш таклиф қилинади. Қабул қилишмагач, жанг бошланади ва икки соат давом этади (ҳ. 6 й. 2-шаъбон/м. 627 й. 17 декабрь)154.

Расули акрам қўшинларини саффи ҳарб бўйича тизган эдилар. Жанг жуда шиддатли бўлди. Бани Мусталиқ мусулмонларнинг ҳужумига дош беролмади; ё асир тушди, ё қочди. Бу урушда душманлардан ўн киши ўлди, мусулмонлар бир шаҳид беришди.

Мурайсиъ ғазотида мусулмонларнинг қўлларига етти юз асир, икки минг туя, беш минг қўй ўлжа тушди. Мадинага қайтилгач, асирларнинг яқини келиб, фидясини (қутулиш пулини) тўлаб, кўпларини қутқариб олишди. Улар орасида қабила бошлиғи Ҳориснинг қизи Жувайрия ҳам бор эди. Эри урушда ўлиб, ўзи асир тушиб қолган эди.

Ҳорис Расули акрамга мурожаат қилди. Қизининг асолатидан (баланд насл-насаб, зодагон оилага мансублик... - тарж.) гапириб, унинг жория бўла олмаслигини айтди. Шарафини ҳимоя қилишликни сўради. Шунда ҳазрат Пайғамбар Жувайриянинг фикрини сўрадилар. Жувайрия Пайғамбарнинг ёнларида қолиш истагини билдиргач, Расули акрамнинг шахсан ўзлари унинг фидясини бердилар. Шундан сўнг Жувайрия ўз хоҳиши билан Расули акрамга турмушга чиқди. Бу ёқда асҳоби киром Жувайрия Пайғамбаримиз билан турмуш қурганини кўриб: «Пайғамбар завжасининг қариндошларини қандай асир қилиб тутиб турамиз?!»дедилар-да, қўлларидаги ҳамма асирларни озод қилиб юбордилар155. Шу муносабат билан ҳазрат Оиша онамиз Жувайрия ҳақларида: «Умримда қавми учун бу қадар хайрли бўлган бир хотинни кўрмадим», деган эдилар.

Кўринадики, ҳазрат Пайғамбарнинг Жувайрияга уйланишлари тамоман сиёсий бир нуқтаи назардан бўлган эди.

Шаъбон ойининг иккинчи куни бошланган Мурайсиъ ғазоти йигирма саккиз кун давом этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойининг бошида Мадинага қайтган эдилар. Таяммум ҳақидаги оят бу ғазот давомида нозил бўлди. Ифк (ифтиро, бўҳтон, туҳмат) воқеаси ҳам шу ғазот пайтида рўй берди. Мунофиқлар ҳазрат Оиша онамиз ҳақларида бўҳтон гап тарқатишди.

Мурайсиъ ғазоти

Таяммум

Расули акрамнинг бир одатлари бор эди: қачон ғазотга чиқсалар, завжаларидан бирини қуръа ташлаш билан танлаб, бирга олиб чиқардилар. Бу сафар ҳам шундай бўлган, ҳазрат Оиша онамизни ёнларига олган эдилар.    

Ғазотдан қайтилаётганда Мадинага яқин бир жойда лашкар бир кеча тунади. У ерда сув йўқ эди. Тонгга яқин қўшин бу ердан кўчиши, сув бўйига етиб олиши керак эди. Энди йўлга тушай дейилганда Оиша онамизнинг бўйинларидаги тақинчоқ йўқолиб қолди. Қанча қидиришмасин, топилмади. Шу сабабдан қўшиннинг ҳаракати кечикди. Бомдод намози вақти кириб қолди. Аммо аскарларнинг таҳорат олишга сувлари йўқ эди. Асҳоб талвасага тушди. Абу Бакр ҳам ёмон аҳволга тушиб, юраклари сиқилди. Бу ҳолга сабабчи бўлганлари учун қизлари Оишага танбеҳ бердилар. Мана шундай нозик бир пайтда «Таяммум» ояти тушди156.

Лашкар таяммум олиб намозларини ўқиди157. Бунақа ҳолатларда таяммумга рухсат берилгани учун ҳаммалари хурсанд бўлдилар.

Намоздан сўнг қўшин йўлга тушганда тақинчоқнинг туя тагида қолгани маълум бўлди.

 

Ифк (туҳмат) ҳодисаси

   

Шу ғазот чоғида яна бир воқеа рўй берди. Ҳазрат Оиша онамиз ҳожат юзасидан ёпиқ маофаларидан (туя, фил ё от устига ўрнатиладиган кажава... - тарж.) тушиб, натижада карвондан ажралиб қолдилар. Қайтиб келганларида маълум бўлдики, бўйинларидаги тақинчоқни яна тушириб қолдирибдилар. Орқаларига қайтдилар. Қидириб топдилар. Бу орада анча вақт ўтган, карвон кетиб қолган эди. Оиша онамиз чўл ўртасида йўқолиб қолишдан кўра, ўша ерда ўтириб кутишни маъқул кўрдилар ва кута бошладилар.

Карвон йўлга тушаётганда ҳамма ҳазрат Оиша онамизни туя устидаги маофа ичида деб ўйлаган эди. Чунки ҳазрат Оиша кичик жуссали аёл бўлганларидан маофаларида бор-йўқликлари ҳам аниқ билинмасди.

Худди шу пайтда Сафвон исмли саҳоба орқадан етиб келди. У қўшиндан қолиб кетганларни тўплаш иши билан вазифалантирилган эди. Ҳазрат Оишани у ерда ёлғиз ўтирган ҳолда кўриб, дарҳол туясидан тушди-да, у кишини ўтирғизди. Оиша онамиз юзларини ёпиб олдилар. Сафвон ҳам бир оғиз сўз демади. Ҳазрат Оиша туя устида, Сафвон туянинг юганини тутган ҳолда йўлга тушдилар ва бир жойда ниҳоят карвонга етиб олдилар.

Қўшин дам олаётган эди. Ҳазрат Оишанинг туя устида орқадан келганлари мунофиқларга катта баҳона бўлди. Турли-туман миш-мишлар тўқилди. Бу ҳодиса тарихга «Ифк қиссаси» номи билан кирди.

Мунофиқлар ҳазрат Оишага бундай бўҳтон қилиш билан Оиша онамизнинг оталари ҳазрат Абу Бакр билан Пайғамбаримизнинг ораларига нифоқ солмоқчи эдилар. Мунофиқларнинг раиси Убай ўғли Абдуллоҳ бу бўҳтонни, деярли, ҳамма томонга ёйди. Таассуфки, бу хабарни энг кеч эшитган ҳазрат Оиша бўлдилар.

Ислом тарихида ҳазрат Хадижадан кейин аёлларнинг энг буюк сиймоси бўлган ҳазрат Оишанинг юксак ахлоқ ва иффат соҳибаси эканликларига шубҳа йўқ эди. Шундай бўлса-да, Расули акрам бу ҳақиқатни ҳаммага маълум қилиш истагида таҳқиқот (ҳақиқатни юзага чиқариш) ўтказдилар. Истишоралар (маслаҳат-машварат; фикр алмашиш. - тарж.) қилдилар. Ниҳоят, илоҳий ваҳий келди158. Буюк Пайғамбаримизнинг завжалари, ҳазрат Абу Бакрнинг қизлари Оиша онамизнинг маъсума эканликлари Қуръон оятлари билан тасдиқланди159.

Бўҳтон уюштирилганларга ҳадди қазф (номусли аёлни зинокорликда туҳмат қилган кишига бериладиган жазо... - тарж.) татбиқ этилди. Расули акрамнинг завжаларига бўлган муҳаббатлари янада ортди.

Бу муносабат ила «Асри Саодат» асарининг муаллифи қуйидагиларни ёзади: «Замонамизнинг христиан тарихчи-ёзувчилари бу ҳодисани роса сақич қилиб чайнашган ва ҳамон чайнашмоқда, бу борада ўша қадимги мунофиқлардан ҳам ўзиб кетишди. Дарвоқеъ, улардан бошқа нимани ҳам кутиб бўларди?!»160

 

Изоҳлар

 

154. Мурайсиъ ғазотининг олтинчи ҳижрат йилида, шаъбон ойида бўлганини «Саҳиҳи Бухорий» ривоят этади.

155. «Тажрид» таржимаси, 7-жилд, 611-бет.

156. Қуръони каримда:

«Агар бемор ёки мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз (яъни юзингиз ва қўлларингизни покиза тупроқ билан силангиз)», дея марҳамат қилинган (Моида сураси, 6-оят).

157. Таяммум тоза тупроқ (ёки тупроқ жинсидан бўлган бирор нарса) билан олинган таҳоратдир. Таҳорат олмоқчи, ғусл қилмоқчи бўлган бир мусулмон сув тополмаган ёхуд сувни ишлатишга иқтидори бўлмаган пайтда таяммум қилади. Таяммум ҳам таҳорат, ҳам ғусл ўрнига ўтади. Шу ҳолда Исломда уч хил таҳорат бор: сув билан қилинадиган таҳорат, ғусл, тупроқ таҳорати. Таяммум ҳижратнинг олтинчи йили машруъ қилинган.

158. «Шак-шубҳасиз бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир. Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир. (Эй мўминлар), сизлар бу бўҳтонни эшитган пайтингизда мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!» десалар бўлмасмиди?! Улар (яъни Оишани бадном қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирса бўлмасмиди?! Энди агар гувоҳ келтира олмасалар, у ҳолда Аллоҳ наздида улар ёлғончидирлар» (Нур сураси, 11- 13-оятлар).

159. Ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳо. Оталари Абу Бакр, оналари Зайнаб (Умму Румман). Расули акрамга пайғамбарлик келмасидан тўрт йил аввал Маккада туғилганлар. Ҳижратнинг эллик саккизинчи санаси (м. 77) Мадинада вафот этганлар. Васиятларига биноан, «Жаннатулбақиъ»да кечки пайт дафн этилдилар. 74 ёшда эдилар. Жаноза намозларини Марвон замонида Мадина волийси бўлган Абу Ҳурайра ўқиб берди. Пайғамбарлик даврининг ўнинчи  йили ҳазрат Оиша 6 ёшларида Расули акрамга фотиҳаландилар. Уч йилдан кейин Мадинага ҳижрат қилдилар. Расули акрам уни жуда севар эдилар. Умрларининг охирида хасталиклари асносида бошқа завжаларининг ризоликлари билан ҳазрат Оишанинг ёнларида қолдилар. Сўнгги нафасларини у зотнинг хоналарида олдилар. «Ҳужраи саодат»дейилувчи қабрлари ҳазрат Оишанинг хоналари бўлди.

Ислом тарихида ҳазрат Оишанинг мавқелари, хусусан, илм жиҳатидан жуда баланддир. Расули акрамдан кўп ҳадис ривоят қилганлар, шаръий ҳукмларнинг тўртдан бири ҳазрат Оишанинг ривоятлари асосида тузилгандир. Ҳазрат Абу Бакр, Умар ва Усмон даврларида ҳазрат Оиша фатволар ҳам берган эдилар («Асри Саодат», 2-жилд, 998-бет).

Ҳазрат Усмон шаҳид бўлганларида Оиша онамиз Мадинада эмасдилар. Ҳаж фарзини адо этиш мақсадида Мадинадан Маккага кетган эдилар. Ҳаждан қайтарканлар, ҳазрат Усмоннинг аччиқ ўлимларини, қотилларнинг Мадинада ҳоким бўлмоқчи эканини, ҳазрат Алининг халифаликлари ҳақидаги хабарларни эшитдилар. Бу ҳодисалардан ниҳоятда таъсирланиб, йўлдан қайтдилар. Маккага келган баъзи кишилар ҳам Мадинада содир бўлган воқеалардан Оишани хабардор қилишган эди. Воқеанинг ҳақиқатлигига яна бир бор қаноат ҳосил қилган ҳазрат Оиша Усмоннинг интиқомларини олиш учун атрофларига ҳаммани тўплай бошладилар.

«Халифа Усмоннинг қони фасодчи бир жамият томонидан ноҳақ равишда ерга тўкилган. Қотиллар ушланиб, дарҳол жазоланиши керак. Халифаликнинг обрўйи, мусулмонликнинг шарафини қутқармоқ лозим (Ибн Асир). Булар қилинмас экан, Алининг халифалигини тасдиқ этмоқ жоиз бўлмайди», дер эдилар ҳазрат Оиша. Маккадаги бундай мухолифлар ёлғиз Оиша, Талха ва Зубайрлардан иборат эмасди. Мухолифлар Али билан урушмоқ учун Басрага томон йўл олишган эди.Бироқ Усмон фожеасини яхши тадқиқ қилиш, қотилларни топиб дарҳол жазоларини бериш Али учун осон иш эмасди. Чунки Алининг бир аскарий қуввати йўқ эди. Усмоннинг энг кўп душманлари Алининг сафидан жой олишган эди. Ҳазрат Али буларни буткул даф қилолмасдилар. Бундан ташқари, ҳазрат Али ишнинг бошига келар-келмас, Усмоннинг волийларини дарҳол ўзгартирдилар. Бу ҳолдан Алини Усмонга душман экан, деган қаноат туғилди ва шу туфайли халифага қарши уюштирилган исён ҳаракати машруъ ҳисоблана бошланди. Ҳазрат Али уруш қилишни хоҳламас эдилар. Ёнларидаги куфалик Қаъқаъни Басрага жўнатдилар. Икки тараф ўртасида уруш чиқишига монеъ бўладиган чорани топишини тавсия этдилар. Қаъқаъ Басрада ҳазрат Оиша, Талха ва Зубайрлар билан учрашди. Ораларида бир келишув ҳосил бўлди. Икки томоннинг ҳам ниятлари холис, тоза, шахсий манфаатлардан узоқ эди. Фақат ораларида фикр фарқлилиги бор эди. Қаъқаъ бу фарқликни ҳам кеткизишга муваффақ бўлди.

Ҳазрат Али Басрага кетдилар. Бу ерда керакли одамлар билан алоҳида-алоҳида кўришдилар. Ўртада ҳеч қандай ихтилоф қолмади, ҳамма ҳузур ичида уйқуга чўмди. Аммо ярим тунда тўсатдан аччиқ бир хабар билан уйғондилар. Икки қўшин бир-бири билан қаттиқ жангга киришган. Жанг тўхташи мумкин бўлмаган тусга кирган эди. Бу урушнинг бошланишига нима сабаб бўлди? Қаъқаъ Басрадан сулҳ хабари билан қайтганини кўрган ҳазрат Али бир нутқ сўзлаб: «Мен эртага Басрага бораман. Усмонга қарши исён кўтарганларнинг ҳеч бири мен билан келмасин!» деган эдилар, Алининг бу қаттиқ огоҳлантиришлари Сабаийя фирқасини саросимага солиб қўйди. Икки томон келишгудек бўлса, йигирма кишилик халифа қўшини билан ўттиз минг кишилик Макка қўшини қўшилар, мусулмонлик қувватланар, Усмоннинг қотиллари ҳам қатл қилинар эди.

Бу фитначилар икки томонни бир-бири билан уриштириш учун тонгга яқин Оиша қўшинига тўсатдан ҳужум қилишди. Кўзини очган қуролига ёпишди, икки қўшин ўртасида уруш бошланиб кетди. Икки қўшин ҳам ўзини қарши тарафнинг ҳужумига учраган деб ҳисоблар эди. Талҳа ва Зубайр:«Али қон тўкмагунча бу ишдан воз кечмайди!» деб халифа ҳақида ёмон хаёлга бордилар. Ҳазрат Али ҳам ғала-ғовур овозларни эшитиб: «Нима бўляпти?» дея сўраганларида Сабаийя фирқасининг жосуси:«Нима бўлганини биз ҳам тушунмай қолдик. Оиша қўшинининг бир гуруҳи ярим кечада бизга ҳужум қилди. Биз ҳам ўзимизни мудофаа этдик. Макка мухолифлари урушга тайёр ҳолда эканларининг гувоҳи бўлдик!» дея жавоб берди.

Бир томондан ҳазрат Али, бошқа томондан ҳазрат Оиша ўз тарафдорларини тинчлантиришга ҳаракат қилар эдилар. Бироқ вақт ўтган, ўқ ёйдан чиққан эди. Уруш Басра олдида, Ҳурайба дейилган жойда бўлди. Икки томон ўн мингдан ортиқ шаҳид берди. Мусулмонлар ҳурматли, буюк зотларини йўқотдилар. Ислом дунёсини бугунгача фасод ўти билан ёқиб қовурган ички урушларнинг бошланғичи мана шу −«Жамал воқеаси» номи билан тарихда қолган «Ҳурайба жанги» бўлди.

Жамал воқеаси бир тарафда тўртинчи халифа ҳазрат Али билан, иккинчи тарафда Пайғамбаримизнинг завжалари ҳазрат Оиша ва Ашараи Мубашшарадан ҳазрат Талха ва ҳазрат Зубайр қўшинлари ўртасида содир бўлди (ҳ. 36/656). Макка мухолифлари орасида собиқ Яман волийси Яъло юз олтинга сотиб олган Асқар отли туяни ҳазрат Оишага совға қилган эди. Ҳазрат Оиша бу туяга минганлари учун воқеага «Жамал (туя) воқеаси» номи берилган, бу воқеада бўлган маккалик мухолифларга эса «Жамал асҳоби» дейилган. Ҳазрат Алининг қўллари баланд келди. Талха ва Зубайр шаҳид бўлишди. Ҳазрат Оиша асирга тушдилар. Урушнинг энг шиддатли нуқтаси ҳазрат Оиша минган туянинг атрофи эди.

Аммо муҳорабада тўкилган мусулмон қонининг бутун масъули Сабаийя фирқаси эди. Бу фирқанинг бошлиғи Сабаъ ўғли Абдуллоҳ асли яманлик бир яҳудий эди. Буларнинг мақсади ҳазрат Оишани ушлаб олиш, Расули акрамнинг завжаларини ҳақорат қилиш эди. Тарафдорлари ҳазрат Оишани катта жасорат ва фидокорлик билан ҳимоя қилишарди. Туяни муҳофаза қилаётганларнинг бири шаҳид бўлиши билан бошқа бири унинг жойини эгалларди. Шу зайл ҳазрат Оишанинг кўз ўнгиларида шаҳид бўлганларнинг сони етмишга етди.

Бироқ ҳазрат Али муҳорабага якун ясашни истадилар. «Туянинг оёқларини кесингиз!» буйруғини бердилар. Айни пайтда Оишанинг ҳаётларини сақлаб қолишни ҳам унутмадилар. Туяга орқадан ҳужум қилинди. Ерга йиқитилди. Ҳазрат Абу Бакрнинг ўғиллари Муҳаммад синглиси Оишанинг ёнига юборилди. Ҳазрат Оишанинг туя устидаги маҳофаси ўликлар орасидан чиқарилди. Бир чодирга кўтариб қўйилди. Ҳазрат Али Оишани зиёрат қилдилар. Ҳурматларини жойига қўйдилар. Кўнгилларини олдилар. Акалари Муҳаммад билан Мадинага жўнатдилар.

160. 1-жилд, 399-бет.

 
14:18 / 10.11.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...